ДАВРОН ҲОТАМ БИЛАН СУҲБАТ

Даврон Ҳотам (Давронбек Насибхонов) шоир ва журналист. У 1981 йили 26 октябрда Жалолобод вилояти, Олабуқа туманига қарашли Сафед Булон қишлоғида туғилган.1999 йили қишлоқдаги ўрта мактабни тугатиб, Ўш давлат университетининг Ўзбек тили ва адабиёти факультетига ўқишга кирган. 2004 йили олий таълимни тамомлаб, 2010 йилга қадар ушбу факультетда “Замонавий ўзбек адабиёти” кафедрасида ўқитувчи бўлиб ишлаган.Бу давр ичида унинг “Хиргойи” (2002 йил) ва “Кўнгилга йўл” (2009 йили) номли икки шеърий тўпламлари нашр қилинган. У “Демос тайм”, “Фарғона”, “ДДД”, “Биз” каби маҳаллий газеталарда муҳбир ва бош муҳаррир сифатида ишлаган.2012 йилдан “Интимоқ” телерадиокомпаниясининг бўлим муҳаррири сифатида фаолият олиб борди.2018 йилдан турли халқаро ахборот агентликларида ишлаб келяпти. Шеърий машқлари Марказий Осиё давлатларидаги бир қатор газета-журналларида чоп этилган.

Ассалому алейкум азиз ва муҳтарам Алишер Навоий институти сайти мухлислари . Бугун адабиёт хиёбони рукнимизнинг навбатдаги мехмони истеъдодли шоир Даврон Ҳотам.

— Давронбек ,хуш келибсиз!

–  Шеър нима, у қандай бўлиши керак,деган саволларга қандай жавоб берасиз?

– Шеърни дуо дейдиганлар бор. Шеър бу дуо . Дуо эса ибодат, яъни ўша кўнгил билан юракни ичи билан арзи хол қилиш, муножаат қилиш ёки ниманидир тилаш шу жихатдан дуо десак бўлади. Шеър бу инсоннинг рухиятидаги кечаёткан талотўпларни ,кўпроқ ўша ғам қайғуларни ичкарига сиғмагандан кейинги сўз шакли.  Кўпинча шоирлар хурсанд бўлган пайтда шеър ёзмайди, мени билишимча масалан мен ҳурсанд бўлган пайтимда шеър ёзмаганман. Ўзи хурсандчилик они жуда кам бўлади. Ўзизи бахтли хис қиладиган хурсанд бўладиган он кам ва бу онни шеър ёзишга бағишлаш мени фикримча нотўғри . Энди ғамлар, нимадандир норози бўлиш холатлари инсонда кўп учрайди ва уни нимадандир чиқариб олиш керак,  шоир анашу холатни, шундай рухий холатини сўз билан тасвирга туширади деса ҳам бўлади. Шеър ана шундай ичкаридаги туйғулардан қутилишни бир йўли деб айтиш мумкун, лекин бу барибир қисман таъриф бўлиб қолади . Буни таърифи жуда кенг бўлиши мумкун.

– Шеър кўп , шоир кўп, лекин сизнинг ёзишингизга сабаб.

– Айнан манашу нарса кам ёзишимга ҳам сабаб,хозирги пайтда. Чунки, нима деса бўлади, масалан агар ичкаридан шу туйғу келиб сизни қийнаса ва уни қутилишни бошқа йўлини тополмаса ,шеър ёзилади. Лекин уни мана шу шеър қилиб ёздим деб бировга кўрсатиш шунинг учун илм керак бўлади-да таққослашни бошлайсиз. Ўзи нимадир янги нарса айтдимми ёки тўғри ифодалай олдимми, ўзимнинг кўнглим тўлдими деб қарай бошлайсизда ,чунки боя айтканимдек кам ёзишимни сабаби қанчадан қанча шеър бор қанчадан қанча шоир борда ва сиз айтаёткан нарса аллақачон жуда ҳам чиройли ифода билан бериб қўйишган ўша пайтда айтасизки мен шеър ёзмасам адабиёт ёки шеърият нима йўқотади ҳеч нарса йўқотмайди. Уни айтиб бўлишган жуда ҳам зўр қилиб айтиб бўлишган деб ўйлайсиз ,лекин кўпроқ ёзган пайтларим ёшлик пайтларим ўша эхтиёжни хис қилганим учун у хох севги бўлсин у айтайлик хасрат ё бўлмаса қайсидир ўзини ёшликдаги тўғри деб билган фалсафона фикрлар қайсидир одамларни жамиятдаги бўлаётган холатларга қаршилик кўлингдан ҳеч нарса келмагандан кейин шеър қилиб ёзасан ва уни кўнглинга бошқа ҳеч нарса келмагандан кейин ёзасанда . Кейин бориб бориб инсон туйғуни жилолмаёлгандан кейин уни қаердандир чиқариб юбориш керак шеър билан чиқаришга харакат қилади

– Шоирни, ижодкорни ҳаётдаги ўрнида  моддият билан қанчалар боғлиқ ва боғлиқ бўлиши керак ?

– Нимани назарда тутяпсиз, бу саволни берганда нимани ўйладингиз?

– Ҳа, мен масалан кимдир шеър ёзади, соддароқ айтканда қўшиқ қилиниши бўлса сотадида сизда ёзишда шу нарса ҳаёлингиздан ўтганми  ?

– Ҳа, демак  ўша бахс  бўларди. Шеърни сотиб бўлмайди бу кўнгил мулки , уни сотиш керакмас деган тортишувлар бўларди . Мен қайсидир пайтда ижтимоий тармоқда ,фейсбукда неччи йилдир олдин ҳам кўргандим. Ёзганди шу ҳақда. Йўқ нега бўлмайди сотса бўлади албатта, масалан рассомларнинг асарлари  сотилади . Жуда катта пулларга сотилади ва бу оддий холатдек қабул қилинади. Энди шеърни сотилишини қаршилик қилиш бу менимча тўғри эмас . Шеър хох буюртмага ёзсин хох у ўзи ёзиб қўйгандан кейин унга бир харидор чиқсин мен шу шеърингизни сотиб олиб куйламоқчиман деб . Шоир ёзяткан пайтда ўзини биринчи вазифасини бажариб бўлди, ўша мен айтгандек рухиятидан келиб чиқиб айтмоқчи бўлаёткан қайсидир фикрини одамларга етказмоқчи бўлаёткан ёки масалан ўша дуо дедик дуосини қилди. Энди бунга бир эхтиёт бўлаётган кейинги давр бошланяптики харидор чиқди шуни сотиб олай у ҳеч қандай муаммо йўқ . Мен бир пайтлар шеър сотганман, бизники махаллий бозорда бўлган. Жуда катта сумма бўлмаган, лекин Ўшлик қўшиқчиларга шеър сотганман, жуда кўп эмас, адашмасам 20 -30 тача қўшиқ бор. Мен шеърларимни сотдим, менда айнан ўша пайтларда пулга  эхтиёт бўлган. Нима учун мен энди сотмаслигим керак,қўлимдан шу хунар келади ва мен буни қилдим ,рози бўлиб мени пулимни беришди. Лекин ўша шеърларни биронта китобимга киргизмаганман.

— Ўтаётган умрингиз қийматини қандай изохлайсиз?

–Мен Ўш давлат университетининг ўзбек тили ва журналистика факультетида ўқидим. Университетни битириб газета ишга кирдим.2000 чи йилдан газетага кирган бўлсам мана 23 йилдан бери журналистика билан шуғулланаман . Университетни тугатгандан кейин факультетга ўқитувчи бўлиб ишда қолдим ва ҳозирги замон ўзбек адабиётидан маърузалар ўқидим . Шу билан бирга газетада ҳам фаолиятимни давом эттирдим .  Биринчи китобим талабалик пайтимда  2000 чи йили чоп этилди, кейингиси 2009 йилда чиқди . Лекин шу вақтга ичида мен ўзимни шоирман деб айтолмадим. Ҳозиргача мен Даврон Хотам шоирман деб биров билан танишмайман. Шоирманми ёки йўқми деган саволга ўзим хали жавоб бермадим. Энди бу ҳам бир ичкарига кирганингиз сари ичкарилайдиган нарса. Биринчи томондан шеърни ёздингми, ёзяпсанми, демак шоирсан. Иккинчи томондан қанақа шоир ёзяпсан ,шоир дейишга арзийдиган шеър ёзяпсанми йўқми,деган кейинги ичкарроққа кирадиган фалсафий савол ҳам бор .Мен ўзимни ўқитувчиман деб айта олар здим.Ўқитувчиликда ёмон ишламадим ,талабаларга ёмон дарс бермадим, юзим  ёруғ афсуски, бу факультет 2010 – йилдан кейин ёпилиб кетди . Шу билан мактабда озгина ишладим. Ўзимизнинг қишлоқдаги мактабда ишладим. Ўқитувчилик шу билан ҳозирча тугади. Журналистман деб ҳам айтолмиман табиий бугунги кунда болачақамни журналистик фаолиятимни орқасидан ўша сабабдан топяпман тирикчилигим ўшани орқасидан бўляпти ва журналистман фаолият жиҳатидан . Айтадиган бўлсак энг муҳими мен мақтана олмайман ўзим ҳақимда.  Шунча йил  виждоним қийналадиган иш қилмадим. Қайси соҳада ишласам ҳам . Шеър ёзяпман. Китоб чиқардим . Ўқитувчи бўлдим . Журналист бўлдим . Яъни ҳаёт биласиз синовлари билан келади. Ҳар хил шаклда синов беради, оч қоласиз тўқ қоласиз . Баъзида ўша журналистлик соҳаси катта бир имкониятлар бериши мумкун, сизга агар шунақа қилсанг манақа бўласан деб,йўқ яъни шукурки шу пайтгача бир оғизни кўпиртириб мақтанадиган иш қилдим, қилмадим. Лекин виждоним олдида ҳам, бошқалар олдида ҳам юзим ёруғ. Фарзандларим қўрқмасдан палончини ўғлиман деб бемалол айтаолади . Ва мен ҳеч бир ерда шу мавзуни очиб қолишмаса эди, шу мавзуда гап бўлмаса эди деб қўрқмайман. Худога шукур ишимни ҳозиргача бўлган ютуғи шу деб биламан. Халол йўл билан ишлайман . Хеч ўрганишдан тўхтамаганман одамман .  Катта бўлсин, кичкина бўлсин эшитишни биламан, эшитаман, ўрганаман ва ҳар куни интернетда янги нарсалар эштаман, янги нарсалар ўрганаман кичик бўлса ҳам ниманидир ўрганаман. Хали хеч қаерга етиб борганим йўқ, йўлдамиз,йўлда кетяпмиз…

— Умуман ҳаётимиз ақл ва хиссиёт ўртасидага кўприкда . Сиз қайси бирига таяниб хато қилдингиз .

— Энди ҳаёт ақл ва хиссиёт ўртасида деб айтдингз. Мени қилаёткан ишимда масалан журналистика билан шоирлик айни иккита томондан. Шоирлик  хиссиёт тамондан ,журналист эса ақл тамондан . Журналист хеч қачон хиссиётга берилмаслиги  керак. Йиғлаганга қўшилиб йиғлолмисиз сиз соввуқон  бўлишингиз керак реал холатларга фактларга суянишиз керак. Лекин агар сиз бундай яшасангиз шоир бўлолмисиз .  Шоир бу хислар билан яшайдиган, у математика билан хисоб китоб билан ,фактлар билан шеър ёзолмайди. Манашу ерда мен қийналган жойим бор . Кўпинча мен ҳозир шеър ёзолмаяпман. Лекин аслида фитратан ичимда хиссиётли одамман. Энди,нима хато қилдингиз дедингиз.  Жавоб беролмиман. Сизга айтадиган бўлсам нимадир қилдимки шу хато бўлди деб айтолмиман.Лекин  хисларим мени хеч қачон алдамаган.

– Энди Давронбек шеърлариздан намуналар ўқиб беринг.

 

ЭСКИ ДАРДДАН ЯНГИ МАШҚ

Куттиришни яхши кўрасан,

Куйдиришни яхши кўрасан.

Хижронлардан туйиб соғинчни,

Юттиришни яхши кўрасан.

Бир борсану, бирда йўқсан сен,

Мендан фарқли ишққа тўқсан сен.

Ярадор бир аскарман, асли

Кўксимдаги эски ўқсан сен.

****

Бегонамиз

Бегонамиз, биз энди гулим.

Бегонадан бегонароқмиз.

Сен томонга тушмагай йўлим.

Тўғри топдинг, девонароқмиз.

Не учун бу айрилиқ ҳижрон,

Қайда хато, нега йироқмиз.

Муҳаббатнинг ўзи ҳам ҳайрон,

Нега бугун икки қирғоқмиз.

 

Ишқ шаробин тўкиб юбордик,

Шундан бери ишқдан йироқмиз.

Ичмасакда ҳавосин олдик,

Оз бўлсада мастонароқмиз.

Унмаган гул бўлди розимиз,

Узр энди, ландовурроқмиз.

Малика ҳам бўлмайди шоҳсиз,

Янги кунга эски чироқмиз.

Гар учрашсак бир кун қайдадур,

Не қиламиз, гиначироқмиз

Қизаришиб оламиз, бирқур

Сўнг айтармиз –

бегонамиз…

бегонароқмиз…

 

***

Пичирлаб-пичирлаб қўяман.

Индаманг.

Сўзларни лабимда сўяман,

Қонидан сиз хино қўясиз.

 

Кўзларим ёшлари сохтадир,

Йиғламанг.

Бошимни урганим пахтадир.

Ҳар ҳолда сиз бахтли бўласиз.

 

Юракни ғижимлаб ташладим,

Ташламанг.

Ахир мен ишқ билан яшадим.

Ахир сиз юраксиз ўласиз!

****

Видолашув

Гўзал эди бизнинг онимиз,

Гўзал бўлсин видолашув ҳам.

Сирқирасин, оғриб жонимиз

Лек, тантана қилолмасин ғам.

 

Ҳайратларда қолсин муҳаббат,

Ожизликдан ҳўнграсин ҳажр.

Сўнгги тилак – кўнгилга тоқат

Тақдир учун Тангридан ажр.

 

…Яна озроқ қилайлик сайр,

Бир умрлик хотира учун.

Юракларга ёзайлик – САБР

Бир томчи ёш хотима учун.

 

***

Видодан аввал,

Севаман, деб айт.

Майли, дегин –

Севардим бир пайт.

Фақат жим кетмагин.

Бир ширин сўз айт,

Табассум айлагин

ҳеч бўлмаганда.

Кўзингдан ёш тўккин,

Фақат

Жим кетмагин.

Кўзларингда ўйнасин ҳасрат

Ё

Розиман бўлса ҳам нафрат.

Чимилдиққа жилмайиб боргин.

Фақат жим кетмагин…

Мени аягин

Тушда кўриб бўлмас

Ж и м л и к н и…

 

 

Овуниш машқи

Алдадим, мен сени ўзимни,

Сен ҳам мендек ишона қолдинг.

Безантирдим ғамга сўзимни

Сен кўзингга дарров ёш олдинг.

 

Ишондингми шунчалар осон,

Мени шунча ожиз билибсан.

Айтганман-ку – муҳаббат меҳмон…

Сен эса ачиниб юрибсан.

 

Бир менми, ёридан айрилган,

Не бўпти, шунга ҳам шунчами?!

…Бир пайтлар оёғим қайрилган

Йиғлаган эмасман, йиғлаган.

Алдадим, мен сени, ўзимни.

 

ШОИРНИНГ ХУНИ

Мен ўлсам, маъюслик бева қолади.

Мағрур феъл қийналар, инисиз.

Хушторим тўлин ой – қари қиз,

Алахсиб чиқади тинимсиз.

Мен ўлсам, энг суюк қайсар тулпорим,

Балки бўғизланар худойи куни.

Сен эса йиғлама, шод бўл дилдорим,

Анча арзон эмиш, шоирнинг хуни.

***

Тушларимга кириб чиқасан.

Рости ширин бўлар бу тушлар.

Мийиғимда кулиб юраман

Ҳаёлларим чўқилар қушлар.

Тош отаман қушлар учади.

Сен сувга ҳам айтилмас тушим…

Армон қуши бола очади

Зумда мижиб қочади қизим.

****

Эҳтиёж

Тобора ичкари тортади ҳаёт.

Тобора чигалдир ришталар.

Авжидан ажралиб боради баёт,

Тобора ичингни ит талар.

Мункиллар қариган орзулар.

Сотқиндир ҳар ўтган онларинг.

Кўлмакда ярми йўқ ой сузар,

Тобора кечикар тонгларинг.

***

Эзар мени елкамдаги қарз,

Босқонидан юрагимда дарз.

Ҳаёт берган энг мушкул бир дарс –

Қарз юкининг азоби…

 

Кўзларимни кулдирмаган ҳам,

Пичоқ сайиб ўлдирмаган ҳам.

Уйқуларим ўғирлаган ғам –

Қарз юкининг азоби…

 

Ишонч учун тўланмаган ҳақ,

Илож учун тўланмаган ҳақ.

Ёвдан тортиб олинмаган ҳақ –

Қарз юкининг азоби…

***

Армон – қадрдон дўстимнинг

Етим боласи

Орзу – қариб улгурмаган

Танноз ойимча.

Кўнгул – Мендан бошқа сиғмаган кулба!

Танноз хотин эса

Яна туғар –

Кулбамга қасддан

Етим болалар.

 

–Давронбек, мазмунли суҳбат учун раҳмат !

– Саломат бўлинг ака, ўйлайманки кимдир эшитса озгина бўлса ҳам фикр уйғотган бўлса ,мақул бўлган бўлса хурсандман. Сизнинг ишларингизга ҳам омад.