БУЮК МУФАССИР ШАЙХ АЛОУДДИН МАНСУР

АЛОУДДИН МАНСУР – Илоҳий Китоб маъноларининг замонавий туркий тиллардаги биринчи таржимони.

“Ўшлик уламолар” рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида нафақат ўзбек халқи, балки бутун Марказий Осиё мусулмонларининг, дунё ўзбекларининг фахри, атоқли уламо, муфассир, муҳаддис ва мўътабар Ҳанафий мазҳабимизнинг забардаст олимларидан бири Шайх Алоуддин Мансур раҳимаҳуллоҳнинг ибратли ҳаёт йўллари билан танишамиз.

ШАЙХ АЛОУДДИН МАНСУР

Шайх Алоуддин Мансур – Қуръони Карим маъноларининг замонавий ўзбек тилига илк бор таржима қилган муфассир сифатида танилган фазилатли аллома. Бундан ташқари шайх ҳазратлари Қуръони Карим маъноларини тарихда илк бор қирғиз, туркман, қозоқ, уйғур ва қорақалпоқ тилларига ҳам таржима қилган.

Алоуддин Мансур 1952-йилнинг 20-январ санасида Қирғизистон Республикаси Ўш вилояти Қорасув шаҳрининг Султонобод маҳалласида косиб ва савдогар Ҳолмансур Рустамбой ўғли хонадонида таваллуд топган.

Бўлажак олим 1959-1969 йилларда Қорасувдаги Ф.Энгельс номли ўрта мактабда таълим олган. 7-8 ёшларидан Ислом асосларини ўрганишни бошлаган Алоуддин Мансур Марғилон шаҳрида ўша даврнинг кўзга кўринган уламоларидан бўлган Ҳакимжон қори дада хужраларида илм олиб, асосий устози ўша зот ҳисобланади.

Алоуддин Мансур Қуръон ва ҳадис илми билан бир қаторда тафсир, фиқҳ, тарих, фасоҳа ва балоғани, сарфу наҳвни (араб тили грамматикаси) ҳамда Ислом ва ўзбек адабиётининг билимдони сифатида маълум.

Қуръони Карим маъноларининг илк туркий (эски ўзбек тилидаги) таржимаси 1956 йили Саудия Арабистонидаги ватандошимиз Саййид Маҳмуд ибн Саййид Назир Тарозий (Олтинхон тўра) томонидан таржима қилиниб, дунёда ҳам, бизнинг ўлкада ҳам кенг тарқалган. Илоҳий Китоб маъноларининг замонавий ўзбек тилидаги биринчи таржимаси эса 1991-йили (ҳижрий 1412) Алоуддин Мансур томонидан амалга оширилди. Бу таржима бутун дунё ўзбекзабон аҳолиси маънавий-маърифий ҳаётида катта воқеа бўлди. Таржима аввал «Шарқ юлдузи» журналининг 1992-1993 йилги сонларида, кейинчалик «Чўлпон» ва Ғафур Ғулом нашриётларида миллионлаб нусхада босилиб чиқди.

Қуръони Карим маъноларининг айнан Алоуддин Мансур томонидан амалга оширилган таржимаси дунё юзини кўришида ўша йилларда фаол бўлган Ёзувчилар уюшмаси, ижодий интеллигенциянинг ҳиссаси катта бўлгани ҳам қайд этилади.

Қирғизистонлик уламо Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлар диний назорати идораси доиралари билан бирга, адабий давраларнинг ҳам фаол аъзоси бўлгани маълум. Алоуддин Мансурнинг Ҳанафий мазҳабининг энг йирик манбаларидан «Бадоъиус саноиъ фий тартибиш шароиъ», Ғаззолийнинг “Иҳёул-улумид дин“ ва Шубровийнинг “Унвонул-баён“ асарларини ҳам ўзбекчага таржима қилган.

Қорасув шаҳридаги 1994-йилда қурилган “Имом Бухорий“ жомеъ масжиди халқ орасида «Алоуддин Мансур масжиди» номи билан танилган. Мазкур жомеъда ўтказилган илм мажлисларида олим томонидан даставвал “Саҳиҳи Бухорий“ ҳадислар тўплами тўла шарҳ этилган, сўнгра 15 йил мобайнида «Қуръони Карим» тафсири маҳаллий аҳолига етказилган.

1998-йилда шайх Алоуддин Мансурнинг “Имоми Аъзам – буюк имомимиз“ китоби дунё юзини кўрган, кейинчалик бу китоб қирғиз ва рус тилларига таржима қилинган.

Алоуддин Мансур 2000-йили Қорасув шаҳрида «Қуръонни ўрганиш илмий маркази“ни ташкил қилган.

“Қуръони Карим“ маъноларининг Алоуддин Мансур томонидан амалга оширилган варианти 1999-йилдан бошлаб олимнинг ташаббуси билан тарихда илк бор қирғиз тилига, кейин туркман, қозоқ, уйғур, қорақалпоқ ва рус тилларига таржима қилиниб, чоп этилган.

2000 йил май ойида Алоуддин Мансурга Қирғизистонда “Фахрий профессор“ унвони берилган.

ОЛЛОҲНИНГ УЛУҒ ИНОЯТИ

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўрталарига келиб атеизмга асосланган Совет давлатида бошланган ижтимоий-маънавий ўзгаришлар диний соҳада ҳам янгиланишларга, бир қадар ён беришларга имкон яратди. Бу эса Алоуддин Мансурнинг ўша йиллардаги энг катта орзуси – Қуръони Карим маъноларини ўзбек тилига таржима қилишига йўл очди. Қизиғи шундаки, айни ўша пайтларда эркинлик шабадалари таъсирида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ҳам ташаббус кўрсатиб, уч нафар энг билимдон уламога Қуръони Карим маъноларини ўзбек тилига ўгиришга уриниб кўришга қарор қилганди. Бунинг учун идора Илоҳий Китобдан кичикроқ бир парчани таржима қилиб, муҳокамага солиш ва агар мақбул деб топилса, тўлиқ ўгириш лозим, дея қарорга келганди.

Алоуддин Мансурнинг машқ сифатидаги таржимаси Мусулмонлар идораси тайин этган уч мутаржимнинг ишлари қаторига кирмагани боис, қўшимча равишда кўриб чиқишга тавсия этилади. Аллохнинг иноятини қарангки, айнан Алоуддин Мансурнинг таржимаси бу ички танловда ғолиб деб топилади.

Мусулмонлар идорасининг ўша вақтдаги раиси, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бошқа мутаржимларга, гап Оллоҳнинг Сўзи бўлган Қуръон маъноларини халқимизга энг тўғри ва мақбул тарзда етказиш устида кетяпти, шунинг учун бу масалада ҳеч ким нафсониятга берилишга хақли эмас, деб уқтирди. Шундай қилиб, тафсирни Алоуддин Мансур давом эттирадиган бўлди.

Айни ўша пайтда Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг олимлари ҳам Қуръони Карим таржимасига бел боғлаб, унинг бир қисми таржимасини тайёрлаган эдилар. Бу жойда ҳам яна бир бор кўрик ўтказилиб, Алоуддин Мансур қаламига мансуб вариант маъқул топилди ва мутаржимга ишни давом эттиришга изн берилди. Ёзувчилар ва араб тили билимдонлари ҳамда тилшунос олимлардан иборат гуруҳ тузилиб, таржиманинг битган қисмлари пешма-пеш кўриб чиқиб, таҳрир этиб бориладиган бўлди.

Алоуддин Мансурнинг таржимаси хақида «Шарқ юлдузи» таҳририяти ходимлари хабар топиб, уни бош муҳаррир Ўткир Ҳошимовга етказадилар. Ўткир Ҳошимов ўша пайтда барча масъулиятни зиммасига ололмасди, шунинг учун Қуръон тафсирини журналда нашр этиш учун журнал муассиси бўлган Ёзувчилар уюшмасининг раҳбариятига мурожаат қилади. Таҳририятни ҳар тамонлама мухофаза қилиш учун Қуръон илмини, араб тилини, дин тарихини яхши биладиган махсус таҳрир ҳайъати тузилади. Унга Абдулазиз Мансур, Алибек Рустамий, Неъматилла Иброҳимовлар киритилади. Хайриддин Султонов, Анвар Турсун, Омон Мухтор, Аъзам Ўктамлар эса нашрга тайёрловчи махсус муҳаррирлар сифатида тасдиқланади.

Шу тариқа Қуръони Карим маънолари таржимаси қарийб икки йил мобайнида – 1990-91 йилларда тайёрланиб, «Шарқ Юлдузи» журналининг 1992-93 йилги сонларида тўлиқ босилиб чиқади. Сўнг «Юлдузча» нашриёти уни илк бор китоб ҳолида чоп этди. Ундан кейин бу Илоҳий дурдона Ўзбекистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам чиройли полиграфик ижрода такрор-такрор нашр этилди.

Бу воқеа бутун минтақага катта овоза бўлгач, туркманистонлик уламолар бу таржима билан танишиб чиқадилар ва уни туркий тилларда амалга оширилган энг мукаммал таржима сифатида эътироф этадилар. Бу тафсирни Қуръони Карим маъноларининг туркман тилига таржимаси учун асос сифатида танлаб, ўзбек тилидан туркманчага ўгирдилар ва у 10 минг нусхада чоп этилди. Сўнгроқ Алоуддин Мансур таржимаси орқали Қуръон маънолари қозоқ ва уйғур тилларига ҳам ўгирилдики, булар шайх ҳазратларининг меҳнати нақадар улкан самара берганига далилдир.

1999-2000 йилларга келиб, Алоуддин Мансурнинг ўзи Қуръони Карим маъноларини қирғиз тилига ўгиришга киришди ва тайёр таржима Бишкек ва Теҳрон нашриётлари томонидан 15 минг нусхада босиб чиқарилди. Бироқ табиатан ижодкор бўлган Алоуддин Мансур бу билан тўхтаб қолмай, 2000-йилда Қуръони Карим маънолари ўзбекча таржимасининг янги нашрини тайёрлади. Бу мавжуд таржиманинг қайта чоп этилиши бўлмай, янги нашрга аввалги таржима асносида йўл қўйилган имловий хатолар ва баъзи услубий ғализликларни бартараф этиш билан бирга, 10 мингдан ортиқ жузъий ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Буларнинг ҳар бири, ушбу Илоҳий китоб маъноларининг ўқувчилар онги ва шуурига имкони борича енгил, равон етиб бориши йўлидаги интилиш самарасидир.

Таржима таъсирчанлигининг яна бир омили – Алоуддин Мансурнинг бадиий ижодга ошнолиги, сўз санъатининг билимдон вакили эканлигида. «Қуръони Карим маънолари таржимаси» дея камтарона равишда тақдим этилган ва Каломуллоҳнинг лисоний – бадиий фазилатларини юзага чиқариш муддаоси ўртага қўйилмаган бўлса-да, Илоҳий Калом маъноларини ўқувчига равон, тушунарли ҳолда етказилишида мутаржимнинг ҳар бир сўз юкини, унинг хоссалари ва талқин имкониятларини нозик ҳис этиши, албатта, жуда қўл келган.

Алоуддин Мансур ўзи туғилиб ўсган Қорасув шаҳрида Қирғизистон Жўғўрқу Кенеши депутати, милиция генерал-майори Алишер Собиров ташаббуси ва молиявий кўмагида очилган Қуръонни ўрганиш илмий марказига раҳбарлик қилиб, Каломуллоҳнинг қирғиз, қозоқ, уйғур, қорақалпоқ ва туркман тилларига таржималарининг юзага келишида ташаббускори бўлди. Бундан ташқари, талай йиллар давомида “ЎшТВ” телеканали орқали туркум чиқишлар қилиб, элга амри маъруф ва нахй-мункар қилди.

Алоуддин Мансур 2001 йилдан бошлаб, Қуръони Карим маъноларини ўзбек ўқувчисига янада теранроқ англатишни ният қилиб, «Қуръони азим тафсири» деган муаззам ишни тайёрлаш устида меҳнат қилишни бошлаган. Қуръон маънолари таржимаси борасидаги ўттиз йилдан мўлроқ вақт давомида орттирган тажрибаси асосида тайёрланган, 25 жилдга мўлжалланган бу асарнинг ҳозирга қадар йигирма бир жилди нашр этилди.

Хўш, «Қуръони азим тафсири» Ислом оламидаги аввалги тафсирлар, жумладан, умумтуркий, қисман ўзбек тилида тайёрланган бошқа тафсирлардан нимаси билан фарқ қилади?

Албатта, Қуръон маънолари таржимасига қараганда Қуръон тафсири мушкулроқ иш. Боиси, маънолар таржимаси деганда, Китоб маъносини бошқа тилдаги сўзлар билан жумлама-жумла ифода этиш мумкин. Тафсирда эса ҳар бир Оятни талқин қилиш ва изоҳлаш асносида янглишиш ёки асосий маъно ўрнига иккинчи маънони тақдим этиш каби ғализликларга дуч келиш эхтимоли кўп. Шунинг учун ҳам Алоуддин Мансурнинг ўзи таъкидлагандай, то қиёматгача Каломуллоҳнинг сиррини тўлиқ баён қилиш мумкин эмас.

Иккинчидан, Қуръони Каримнинг турли даврларда турли тилларда битилган тафсирлари бениҳоя кўп, янги муфассир эса улардаги талқин ва тадаббурлар ичидан энг мукаммалини танлаб олиши шарт. Ана шундагина янги тафсир илмий иш сифатида ўзини оқлайди. Шайх Алоуддин Мансур Қуръони Карим маъноларининг ўзбекча илк таржимасини тайёрлашга қўл урган ўша 1990-йилда қандай улкан юкни гарданига олган бўлса, Қуръони Азимни тафсир қилишга киришган чоғидаги ҳиммати ва шижоати ундан ҳам юксакроқ, масъулияти ҳам ортиқроқ бўлди. Шунинг учун ҳам бу иш олдидан Оллоҳга таваккул қилиб, Қуръони Каримнинг Тоҳа сурасидаги «Парвардигорим, Ўзинг қалбимни кенг қилгин; Ишимни осон қилгин; Тилимдан тугунни ечиб юборгин – сўзимни англасинлар» , деган Оятларини тилак сифатида келтиради.

(Иқтибос адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддиновнинг «Она юртим – Қирғизистон, Ўш…” китобидан олинди).

Оллоҳ таоло марҳум устозни Ўз раҳматига буркаб, Мовароуннаҳр халқларига ўз Роббиларининг каломини тушунишлари йўлида қилган хизматларининг ажр-савобини зиёда қилиб берсин!

Иннаа лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!

Ислом оламида таниқли уламо Шайх Алоуддин Мансур ҳазратлари 2020-йилнинг 13-октябрида Тошкент шаҳрида 68 ёшида вафот этди. Жанозасини фарзанди Зиёвуддинхон ўқиди. Буюк муфассир Тошкентдаги шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Алихонтўра Соғуний каби буюк алломаларимиз оромгоҳига айланган «Шайх Зайниддин бобо» (“Кўкча”) қабристонига дафн қилинди.

 

 

Одилжон Дадажонов 

 

Яндекс.Метрика