БОТИНИЙ МАЪНОЛАР ЖОЗИБАСИ …♫

Авлиёхон Эшон 1957 йил 15 сентябрида Лайлак туманидаги Андархам қишлоғида таваллуд топган. 1978 йилда Ленинобод давлат педагогика институтининг тарих-филология факультети ўзбек тили ва адабиёти бўлимини битирган.

1991 йили Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида «Шоирнинг илк китоби» рукни остида «Тунги тиловатлар» номли китоби нашр этилган. Ҳозирга қадар шоирнинг «Қайғу гули», «Кўзгу ичида», «Ботиний ёруғлик», «Маҳжуб», «Ак куштар» (қирғиз тилида) сингари ўндан ортиқ шеърий ва насрий китоблари чоп қилинган. Қирғиз адиблари Тугалбой Сидиқбеков, Аман Саспаев, Мурза Гапаров, Бейшенбай Усубалиев, Султан Раев, Абдикерим Муратов, Абдиламит Матисаков, Тўпчигул Шайдуллаева, Нууман Саади, Атакул Жакипов, Абдилаат Доуров, Мезгил Исатов сингари йигирмага яқин қирғиз адибларининг қисса, ҳикоя ва шеърларини таржима қилган. Замонавий Эрон шоирлари ва Марис Чаклайс (Латвия) шеърларини ўзбек тилига ўгирган. Болалар учун «Улоқчалар қўшиғи» ва «Қуёнбола туш кўрди» номли китоблари босмадан чиққан. Бир неча адабий мукофотлар лауреати. Қирғизистон ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмалари аъзоси.

–Ассалому алайкум, домла! Сизни таниқли шоир сифатида яхши биламиз. Айниқса, кейинги йилларда ижодингиздан намуналар қардош республикалар, хусусан, қўшни Ўзбекистон матбуотида тез- тез нашр этиляпти. Адабий алоқа ва ҳамкорликларни йўлга қўйишда муносиб хизматингиз бор.

 

– Ва алайкум ассалом, соғ бўлинг. Дарҳақиқат, кейинги йилларда адабий алоқа ва ҳамкорликларимиз мустаҳкамланиб бормоқда. Бу борада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва «Ўзбекистон -Қирғизистон» дўстлик жамиятининг фаолиятини алоҳида айтиб ўтиш лозим. Хусусан, дўстлик жамиятининг саъй-ҳаракати туфайли қирғизистонлик ўзбек шоир ва ёзувчилари Ўзбекистонда ўтказилаётган адабий тадбирлар, семинар ва кечаларда фаол иштирок этишмоқда.

Газета ва журналларда ижодимиздан намуналар бериб борилмоқда. Жумладан, барчамиз учун қадрли бўлган «Шарқ юлдузи» ва «Ёшлик» журналлари, шунингдек, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Китоб дунёси» газеталари қирғизистонлик адиблар учун алоҳида ўрин ажратиб келмоқда. Айнан шу матбуот нашрларида қирғиз ёзувчи ва шоирларининг асарлари таржималари ҳам мунтазам бериб борилмоқда.

Илк китобим 1991 йилда Тошкентда нашр этилган эди. Шунга ҳам ўттиз йилдан кўпроқ вақт ўтибди. 2022 йил Тошкентдаги «Муҳаррир» нашриётида «Сирли пардалар» номли шеърий китобим босмадан чиқди. Ижтимоий тармоқлар орқали ҳам айрим шеърларни ҳавола этиб бормоқдаман. Бу борада яна янги-янги режаларимиз бор. Насиб қилса, уларни ҳам амалга ошириш ниятидамиз.

– Шеър нима, у қандай бўлиши керак, деган саволларга қандай жавоб берасиз?

– Ҳозирга қадар шеър нима эканлигини, у қандай бўлиши лозимлигини билмайман. Бир пайтлар ўз кундалигимга шундай деб ёзиб қўйгандим: «Инсон қаттиқ қайғуга ботганида ёхуд беҳад қувонганида ўз юраги билан шивирлаб гаплашади. Ана шу суҳбат давомида у ихтиёрсиз равишда «оҳ» деб юборади. Баъзан ўзи ҳам эшитмайдиган бу товушнинг номи Шеър деб аталади”.

Менга кўпроқ полифоник, яъни серқатлам, рамз ва тимсолларга бой шеърлар ёқади. Чунки бундай шеърларни ҳар гал мутолаа қилсангиз, янги-янги маънолар топасиз. Зеро бундай шеърлар ўқувчини мулоҳаза ва мушоҳада қилишга, соддароқ айтганда, «меҳнат қилишга» ундайди.

Лекин шеърларни таҳлил ва талқин қилишда меъёрни унутмаслик лозим. Афсуски, баъзан заминий эканлиги яққол кўриниб турган шеърлардан осмоний, тасаввуфий мазмун излашганини кўриб энсангиз қотади.

Шундай мақолаларни ўқисам, Шавкат Раҳмоннинг «Бахтли дақиқа» шеъри ёдимга тушади. Унда қирол суратини таъмирлаш пайтида сурат остида мусаввир сиймоси пайдо бўлгани ҳақида сўз боради. Шоир шеърни шундай якунлайди:

…чинданам берилиб таъмирчиликка,

не-не музейларга келтириб ғорат,

бошқа суврат излаб суврат тагидан,

қанча шоҳ асарни бузмоқ на ҳожат?

 

Юқорида айтганимдек, баъзи шеърларни таҳлил қиламан деб, шоҳ асарларни бузиб қўйиш мумкин.

– Адашмасам, 2019 йилда Ўш шаҳрида «Ботиний ёруғлик» номли китобингиз нашр этилган эди. Шу ҳақда маълумот берсангиз?

– Бу маърифий бадиалардан иборат китобча эди. Уни ёзишда Қуръони Мажид ояти карималари, ҳадиси шарифлар ва мутасаввиф олимлар ҳақидаги ҳикоят, ривоятлардан фойдаланганман. Буни ўзимнинг айрим тўртликларимнинг шарҳи, талқини сифатида ҳам қабул қилишингиз мумкин. Зеро тасаввуф ҳар қандай адабиётнинг ўзаги, мағзи хисобланади.

«Ботиний ёруғлик»дан жой олган дастлабки бадиани ўқиб берсам:

Кўксимнинг ичида милтираган шам –

Зиёси руҳимга кетди қоришиб.

Ботиним ёп-ёруғ, ички шуъладан

Юзим ҳам тобора борар ёришиб.

 

Ботини ойсиз кечадай қоронғи, зоҳири тошдай совуқ ва қаттиқ бўлгани боис, кўнгилни мунаввар ва мулойим айламоқ, кўзидаги зулмоний пардани хиёл суриб қўймоқ маҳол эди.

Кимдир уни ҳовучида авайлаб кўтариб юрса ҳам, бошқа биров меҳр-муҳаббат чўғидан келтириб тутса ҳам музга тўнган кўнгил илимади. Ғафлат уйқусидан бедор этмоқ ниятида туртиб ҳам кўришди, шунда ҳам у қимир этиб қўймади.

Неча йиллар шу ҳолича ётди…

Бир куни олис-олисларда бомдодга чақириб муаззин азон айтди: «…Ас-солату хойрум минан-навм…» Ибодатга чорловчи овоз етиб, мудроқ қалбнинг қулоғи бироз очилгандай, кўзларининг қулфига калит тушгандай бўлди.

Ишқ оташининг ёлқини дил юзини бир лаҳза ёритиб ўтгач, Оллоҳнинг фазлу карами билан у шам сингари милтираб ёнди…

 

Мансур шеър

Кулбамдан нарини кўрмадим ҳануз. Очилмаган эшик ортида узун йўл бор – сирли махзанга элтувчи нурли зиналар…

Эшик тирқишидан тушаётган ёғду руҳимни илитганида, ҳиммат уйғонади кўксимда – товон излари тегмаган остонамдан ҳатлаб, оёқларим қабаргунча йўл юрсам, йўл юрсам…

Алҳол йўл хуржунининг бир кўзига олтин, бошқасига тупроқ солиб, сайр тадоригини кўраётган одамман, холос.

Алҳол тупроқ ила олтиннинг қай бири афзаллигини, кейингисини қадрлашимни яхши биламан – ўнг қўлим тупроққа сочган тангаларни чап қўлим қайтадан териб хуржунга солади,

Нечоғлик моҳир, нечоғлик меҳнаткаш бўлмасин, баъзан чап қўлимни адаштириб келгим келар дала-даштларда.

Бу истак тупроқ ва олтин солинган хуржунни елкамга ташлаб, олис сафарга чиқишга ундайди.

Бир куни уйимга қайтганимда хуржуннинг ҳар икки кўзида ҳам тупроқ бўлишини истайман, тупроқ.

Ўшанда хуржуннинг оғзидай чуқур ва сўқир кўзларим очилса, ажабмас…

Сафарга чиққан йўловчи дил кўзини очмоқ ва олтинни тупроқ билан тенг кўрмоқ учун не амални бажармоғи лозимлигини сўраб, Аҳмад ибн Осим Антокий ҳазратларининг қошига борди.

Муршиди комил муридни қаршисида ўтирғизиб, мулойим ва синовчан нигоҳини унга қадаб, вазмин овоз ила насиҳат қила бошлади: «Гуноҳдан қорайган кўнгил беш нарса билан оқ бўлади. Аввало – салоҳ билан ўтириш; сўнгра – Қуръон ўқиш; учинчиси – оч бўлиш; тўртинчиси – намоз ўқиш; бешинчиси – саҳар вақтида зорлик қилиш!»

Ул сўфийнинг сўзларини яна бир мўътабар зот Абул Ҳасан Ҳараконий маъқуллайди: «Кўнгилларнинг ойдинлиги Ҳаққа майлли бўлмоқ биландир, бўтам».

Инсон кўксида ихлос пайдо бўлаётганини ҳис қилди. Оллоҳ ризолиги учун холис амал қилмоқ туйғуси…

Соҳиби дилнинг тоат-ибодати зиёда бўлгани сайин кўнгил уйи илоҳий нур шуъласидан ёриша бошлади.

Зотан, Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади: «Оллоҳ мўминларнинг дўстидир. Уларни қоронғи зулматлардан ёруғлик-нурга чиқаради» (Бақара, 257).

– Ёш ижодкорларга нима деган бўлардингиз?

– Бир пайтлар шеър ёзиб юриб, кейин матбуотда кўринмай қолган дўстимнинг андишаси ҳозирга қадар мени ўйлантиради. Нега ёзмай қўйганини сўрасам, шундай жавоб қилганди: «Бундай ўйлаб кўрсам, мен ҳам ҳамма қатори ёзишим мумкин экан, шунинг учун бу ишнинг баҳридан ўтдим».

Дўстимнинг бу фикр-мулоҳазасидан барчамиз сабоқ чиқаришимиз лозим.

Ёшларга айтадиган энг қисқа гапим шундай: Аввало, таҳлил ва тавсиф фарқини ўрганинг ва шеъриятнинг  с а н ъ а т  эканини унутманг!

– Домла, мухлисларимиз учун шеърларингиздан ўқиб берсангиз.

– Марҳамат.

РУМИЙ

Улкан Кўзгу, улкан Кўзгу,

Кўзларингда акс этай.

Руҳимда Ишқ гулхан ёқур,

Теграсида рақс этай.

 

Бу қасрни куйдирган ул

Ўт ичинда чўмилдим.

Улкан Кўзгу, қорачиғинг

Уммонига кўмилдим.

 

Ишқ туғилди – Мен йўқолдим,

Гулим, сендан «оҳ» қолур.

Қалб ўрнида бизни ютган

Осмон каби чоҳ қолур.

 

Улкан Кўзгу, соя бўлдим –

Очун йўқдур – Очун бор.

Дил кўзига тошлар отган

Ўз танамда ўчим бор.

 

Юз йил кутай, очилгунча

Дарчаларнинг кўзлари.

Улкан Кўзгу, юзларингда

Қолди қайғум излари…

1997

* * *

Ким ёмонлик қилди,

уни кечирдим –

Тинди кўксим ичра ғамлар қуюни.

Дуога қўл очдим,

рақибим тағин

Тўлдириб олгунча тошга қўйнини.

Раббим, мени кечир,

гумроҳ бандани

Уйғота олмадим ғафлат хобидан.

Билмади бўйнига гуноҳим олиб,

Айрилиб қолганин

бор савобидан.

 

Ул ҳануз йиғмайди қўлин ёқамдан,

Ҳамон бузолмайди ёмон аҳдини.

Мен дейман –

юрагим бир умр туйсин,

Кимнидир кечириб яшаш бахтини.

 

Худойим,

ул ожиз банда кўксида

Ёнаётган самум оловин ўчир.

Унга

бор қилмиши учун қайтарган

Шунча яхшилигим оз бўлса,

кечир…

2010

ҚИШ. ДАЛВ

 

Замҳарир қиш қорларга кўмиб

Еру осмон, йироқ-ёвуқни,

Ҳар бир уйнинг остонасига

Бошлаб келди қора совуқни.

Дарахт кеча қуёшга тутиб

Ол-қирмизи ёноқларини,

Уқалайди бугун сирқираб

Оғриётган бармоқларини.

Пода чимдиб кетган майсанинг

Эшитмасдан шивир-шивирин,

Қордан чиқиб турган туғларин

Синдиради аччиқ изғирин.

Одам юрмас овлоқ йўлларда

Чарх уради қорлар қуюни.

Отхонанинг туйнугидан от

Чўзиб-чўзиб қўяр бўйнини.

Қирга туташ боғларга қарши

Бошланади шамол ҳамласи.

Оқшомлари чўғдай чисирлаб

Ёрилади тутлар танаси.

Ўчоқларда ёнган ҳўл ўтин

Тутунлари қоплар хонани.

Қизлар нозик бармоқларига

Қўндиради ангишвонани.

Пешайвонга сепилган донни

Чўқиб юрар чумчуқлар – инсиз.

Эшик совуқ, молхоналарда

Қолар бўлди сигир соғинсиз…

2009

 

ЁМFИР

 

Ёмғир тинай демас…

Булут ичидан

Кўзга элас-элас кўринади қир.

Очиқ дарвозадан кирар

шом тушмай,

Подадан айрилган соғимсиз сигир.

Ортида уст-боши ивиб қолган чол –

Қозиққа илади чилвир арқонни.

Беозор кампири шошиб бузади

Сандиқ устидаги кичик тахмонни.

Тўн билан яктакни олиб,

хаёлан

Ўзидан ўпкалаб, чолни тергайди:

«Битта сигирни деб…

ўтган йилгидек

Шамоллаб қолмаса, ҳай, гўрга эди».

Чоли гапирмайди,

ўйлаб ўтирар

Ёмғир суви бузган шолипояни.

Хира тортган чироқ ёрита олмас

Ҳорғин юзларига тушган сояни.

Ташқарида ёмғир…

Чол ва кампирнинг

кафтлари дуога очилар.

Ўчоқ ёнидаги дорга илинган

Чолнинг кўйлагидан томар томчилар.

2010

– Домла, мазмунли суҳбат учун раҳмат!

– Сизга ҳам ташаккур! Оллоҳ рози бўлсин.

 

2023 йил

 

Яндекс.Метрика