1988-1992 йиллар… Бу давр, менимча, ҳеч қандай тарихий “бешйиллик” қилиб белгиланган эмас эди. Аммо у барчамизнинг ҳаётимизда алоҳида бир давр бўлиб қолди десам, янглишмасам керак. Уйғониш, ўзини таниш, ҳуқуқини талаб қилиш, ниятларига, оздир-кўпдир, қадамба-қадам эришиш йиллари бўлди-да, миллатимиз учун.
Ахир, ҳали қаттол Совет ҳукумати бор эди…
Шунга қарамай, она тилимиз давлат тили мақомини олди, Қуръони карим маъноларининг илк таржимаси чоп этила бошлади, давлат мустақиллиги эълон қилинди ва етмиш йиллик Шўро давридаги тарихимизни бошқатдан ёритишга киришдик. Коммунистик қадриятларнинг тагига сув кетиб, ноҳақ гуноҳкор қилинганлар оқланаётган, илгари бисмилло деб нонга қўл узатишдан чўчийдиган одамлар энди корхонаю ташкилотлардаги махсус ажратилган жойларда бемалол пешин намозини ўқиётган ажабтовур бир давр. Ҳамма ўзича уламо, ҳамма ўзича даъватчи. Нашриётлар тугул, ҳатто айрим мачитлар ҳам “Намоз ўқиш қоидалари” сингари китобчаларни пайдарпай чоп этаётган…
Аммо кураш борар эди. Эскича – советча тарбия қонига, руҳига сингиб кетган одамлар ғайришуурий равишда ҳаётимизга кириб келаётган янгиликларни “ҳазм” қила олмас, нималаргадир эътироз билдиришга, “аввалгиси яхши эди”, деган фикрни бошқаларга уқтиришга чоғланиб қолардилар.
Қуръони карим маъноларининг илк тўлиқ таржимаси муаллифи Алоуддин Мансур ана шундай бир даврда ўзбек маънавий ҳаётига барқ уриб кириб келди. Аслида, у киши Қуръон таржимасига жуда узоқ, болалик давридан бери шайланиб келган экан…
1990 йилнинг 30 апрель куни. Тошкентнинг 1-май кўчаси бошида жойлашган Ёзувчилар уюшмасида Таржима кенгаши раиси профессор Ғайбулла Саломов Кенгаш йиғилишини чақирган экан, ўшанга қатнашдик. Мақсад, Қуръони карим маънолари таржимаси “Шарқ юлдузи” журналининг бир неча сонида чоп этилгани, Қуръонни бутун халқимиз ютоқиб ўқиётганлиги, шу муносабат билан таржима хусусиятларини кўриб чиқиш, дастлабки тарзда бўлса ҳам унга бир баҳо бериб, “Ҳорманглар!” деб олқиш айтиб қўйиш эди, албатта.
Йиғилишни домланинг ўзи очиб, таржима юзасидан бир маърузачи тайинлангани, анжуманга Ўшдан мутаржим Алоуддин Мансур ва Шомуҳаммадқори акалар ҳам атай чақирилгани, маърузадан сўнг эркин фикр алмашишга ўтилишини эълон қилди. Дастлаб таржима жараёни қандай кечганини сўзлаб бериши учун Алоуддин Мансурни минбарга таклиф қилишди. Алоуддин ака Қуръоннинг турли тилларга таржималари, унга битилган ўнлаб тафсирлар юзасидан қисқа, лўнда маълумот берди, сўнг “Қуръон таржимаси” деган атама хато бўлиши, чунки каломуллоҳни бошқа тилда тўлиқ ва мукаммал қайта тиклаб бўлмаслигини, шунинг учун унинг сура ва оятларида битилган маънолар акс эттирилишини изоҳлаб ўтди. Қуръон маънолари таржимасига бир вақтнинг ўзида бир неча олим ва адиблар қўл урган, шу боис, диний идорада ҳар бир таржима матнидан муайян бир жузви холис ҳакамлар томонидан қиёсий кўриб чиқилган, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “бу – Қуръон. Уни ким ўгиришини белгилашда нафсониятга берилиш ярамайди, ким энг яхши, сифатли ўгираётгани аниқланса, ўша мутаржимга топширамиз”, деб айтган экан ва шу тариқа таржимани давом эттириш бу кишига топширилганини эшитдик. Пировардида Алоуддин ака бу ишга холис баҳо берилишидан умид қилишини айтиб жойига қайтди.
Ана шундан сўнг маърузачи биродаримиз – араб тили мутахассиси минбарга кўтарилди ва нутқи аввалида тиловати қуръон қилди. Билишимча, бу – Ёзувчилар уюшмасида, унинг ҳам энг катта залида(!) шу даргоҳнинг қарийб етмиш йиллик тарихида минбар узра туриб қилинган биринчи қуръон тиловати эди.
Маърузачи миллатимизнинг минг йиллик тарихи давомида илк бора тўлиқ ўгирилаётган Қуръон маънолари ҳақида тўхталди, таржиманинг кўпдан-кўп фазилатларини бирма-бир далиллади, бошқа тафсирларга ҳам эътибор қаратди. Ҳозир, очиғи, бу каттагина нутқнинг барча икир-чикири ёдимда қолмапти. Бироқ минбардаги биродаримиз ниҳоят, “таржиманинг айрим камчилик ва нуқсонлари”га ҳам тўхталиб ўтишга қарор қилган шекилли, “Фотиҳа” сурасида келадиган “молики явмиддин” бирикмасига тўхталиб, бу тушунча таржимада “Қиёмат кунининг подшоҳидир”, деб ўгирилибди, молик – подшоҳ эмас, уни шундай ўгириш орқали мутаржим ширкка йўл қўйган, деб қолди.
Бу – ниҳоятда қалтис ва шафқатсиз баҳо эди.
Қарасам, биздан бир-икки қатор олдинда ўтирган Алоуддин Мансурнинг гавдаси титраб, боши сарак-сарак бўла бошлади. Бу унинг айни хулосага қўшилмаганини кўрсатар эди, албатта. Маъруза тамом бўлиши биланоқ мен мажлис раиси Ғайбулла Саломов домлага қараб, сўз сўраш маъносида қўл кўтардим. Аммо мен билан бир вақтда Алоуддин ака ҳам ўрнидан турганича сўз берилишини талаб қила бошлади. Устоз Ғайбулла Саломов ҳайрон бўлиб, “Икковинглар тенг сўз сўраяпсиз, кимга навбат берсам экан?”, деб қўлларини икки ёққа ёйди.
– Мен гапирай, домла, – дедим. – Чунки Алоуддин ака бу айтилган мулоҳазаларга жавоб бермоқчи бўлса керак, менинг эса маърузачига бир саволим бор, шунинг учун аввал менга сўз берсангиз.
– Майли, саволдан бошлайлик, – деди домла. – Кейин фикр-мулоҳазаларга ўтамиз…
– Биродар, – дедим маърузачига қараб, – Айтилган яхши гапларга қўшиламиз, бунинг учун раҳмат. Бироқ охирида сиз “молики явмиддин” деган сўзни “Қиёмат кунининг подшоҳидир”, деб ўгириб, таржимон ширкка йўл қўйибди, деяпсиз. Сиздан илтимос, шу ҳукмингизни изоҳлаб берсангиз. Чунки масалан мен бу ерда ҳеч қанақа ширкни кўрмаяпман. Иккинчидан, биласиз, ширк – динда одам ўлдиришдан ҳам ёмон, асло кечирилмас гуноҳ. Сиз эса бошқа бировни эмас, айнан умрини исломга бағишлаган, тилимизга илк бор Қуръон маъноларини тўлиқ ўгирган одамни исломдаги энг катта гуноҳ қилишда айблаяпсиз. Шуни изоҳлаб беринг…
Залда олағовур бошланиб, маърузачи нима деб ўз фикрини ёқлаётгани унча эшитилмай қолди. Подшоҳ – дунёда кўп бўлади, дегандай бўлди, холос. Шундан сўнг Алоуддин Мансур таклиф қилишларини ҳам кутмай, минбарга йўл олди. Қаттиқ ҳаяжонланган ҳолда, бу қадар ажабтовур хулосадан ҳафсаласи пир бўлганини айтиб, шу оғайнимиз тўғри эътироз билдирди, дея аввал каминага миннатдорчилик изҳор қилди, сўнг масалани диний ва филологик жиҳатдан ҳам талқин қилиб ўтди. Гап шундаки, Қуръони каримга битилган тафсирларнинг бир талайида Фотиҳа сурасидаги “молики явмиддин” деган калима “малики явмиддин” (қиёмат кунининг подшоҳи) деб ҳам талқин қилинганини айтиб, “қиёмат кунининг подшоҳи” дейиляпти, ер юзидаги подшоҳ деб айтилмаяпти, дея тушунтириб ўтди. Шунда кўрдимки, бу зот ҳарчанд камтар ва камсуқум бўлса-да, дин борасида ўта принципиал, кескин турар, бу борада ён беришдан, муросаи-мадора каби сусткашликдан, лоқайдликдан бир тош нарида турар экан…
* * *
Мен ҳозиргина Алоуддин Мансур шахсий ҳаётда камтар ва камсуқум одам эди, деган гапни айтиб ўтдим. Гарчи биз ўшандан бери жуда кам – нари борса икки-уч марта, у ҳам бўлса, Шавкат Раҳмоннинг Ўшда ўтказилган эллик ва олтмиш йиллик юбилейларидагина кўришган бўлсак-да, ана шу қисқа суҳбатлар чоғида ўзини хоксор тутиши, анжуманга келган ҳар бир меҳмонга илтифот билан муносабат қилишини кўриб шунга амин бўлган эдим. Аммо тақдир орадан қарийб ўттиз йил ўтгач, у киши билан яна бир-икки топқир юз кўришишни, Қорасувдаги хонадонида меҳмон бўлиб суҳбатлашишни, шу суҳбатларда у кишининг камтарлигига яна бир бор амин бўлишни насиб этган экан.
Шундоқки, мен бир Ўшлик одам сифатида она юртимиз тарихи, бу ўлкада етишиб чиққан улуғ одамлар ҳақида китоб ёзиш ниятида иш бошлаган эдим. Уламолар ҳақидаги бобга алоҳида сиймо сифатида киритиладиган бир қанча таниқли арбоблар, жумладан Алоуддин Мансур билан ҳам кўришиб суҳбатлашишни ўйлаб, Қорасувга бордим, у киши билан учрашиб, махсус суҳбатлашиш учун бир кунни тайин қилдик. Айтилган куни домла ош дамлатиб, кутиб ўтирган экан, шу муносабат билан Ўшдан Шомуҳамадқори домлани ҳам чорлаган экан. Алломанинг кенггина ижодхонасида учов бир бўлиб катта лагандаги ошни паққос урдик, аммо менинг саволларим ҳам, Алоуддин Мансурнинг жавоблари ҳам ичимизда қолиб кетди – таом устида гап сўрашнинг мавриди бўлмади. Ноилож, мезбон билан хўшлашдик, бу хонадондан мен олиб кетган биттагина гапни ҳам Шомуҳаммадқори домла айтди. Саксонни қоралаган бу мўйсафид ўзидан икки мучал кичик Алоуддин Мансурни устоз деб билар экан, ўша куни ҳам бир-икки диний саволини бериб, “сабоғини пишитиб” кетди. Шунинг ўзиёқ мен учун Алоуддин аканинг илмдаги теранлиги, шайх Шомуҳаммадқори домланинг эса бир умр ўрганишдан тинмаслиги борасида қатъий хулосага келишим учун етарли бўлди.
Кейинчалик Шомуҳамадқори домла айтиб қолди: Алоуддин ака ўзи ҳақида гапиришни хушламас, “ҳаёти ва ижоди” борасида бафуржа сўзлашишга имкон қолдирмас ҳам экан. Шундай қилиб, домланинг ўзи ҳақида ҳеч нарсани била олмай, “Она юртим – Қирғизистон, Ўш…” китобида турли йилларда чиққан нашрлар, газета-журнал ва интернет материалларидан фойдаланиб, Алоуддин Мансур ҳақида у-бу гапларни ёзган бўлдим.
Эски замонларда битилган исломий асарлар қўлёзмасини ўқиш ҳадисини олган бир дўстимиз айтган эди: баъзи фидойи котиблар асарнинг охирида “ушбуни фалончи оққа кўчирди” деган гапни айтиш ҳам манманлик бўлади, деб билиб, исми ўрнида бир неча рақамни дарж қилиб қўйишаркан. Унинг кимлигини билишга жуда қизиққан китобхон бояги рақамларни абжад ҳисобида ҳарфларга айлантирибгина котибнинг исмини билиб оларкан…
Ўз шахсиятини эмас, дини ислом байроғини
баланд кўтарадиган ҳақиқий уламо ана шундай бўлади. Алоуддин Мансур ана шундай зоти шарифлардан эди.
Зуҳриддин Исомиддинов