БЕШ ЙИЛЛИК ТАНАФФУСДАН СЎНГ…

Юртимиздаги илм-маърифат аҳлига маълумки, Қирғиз Республикаси Ҳукумати қарийб чорак асрдан бери ҳудудидаги таълим ўзбек тилида юритиладиган ўрта умутаълим мактаб ўқувчиларини замонавий мустақил дарслик ва қўлланмалар билан таъминлашга ҳаракат қилиб келмоқда. Бу юмушни амалга ошириш учун Ҳукумат бундан чорак аср муқаддам Қирғиз-Ўзбек халқаро университети тасарруфида ўзбек мактаблари учун Дарсликлар тайрлаш марказини ташкил этди. Шу кунгача Марказ жамоаси 150дан ортиқ номда дарсликлар тайёрлади ва таржима қилди. Бу дарсликлар 2 миллиондан ошиқ нусхада давлат бюджети томонидан нашр қилиниб мактабларга етказилди. Бу, албатта, Ҳукуматимизнинг ўлкада сон жиҳатидан иккинчи ўринда турадиган ўзбекзабон аҳоли фарзандларига илм-фан асосларини ўзлаштиришлари учун кўрсатган амалий ғамхўрлигидир.

Яна шуни қайд қилиш лозимки, юртимиздаги таълим қирғиз, рус, ўзбек ва тожик тилларида юритиладиган мактаблар учун 2018 йилда янги Давлат стандартлари асосида 5-6-синфлар учун дарсликлар, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар нашр қилинган эди. Шундан сўнг, умумжаҳон иқтисодий бўҳронлари, кетма-кет содир бўлган пандемия балоси оқибатлари мактаблар учун дарсликлар тайёрлаш ва нашр қилиш ишларига ҳам салбий таъсирини ўтказди. Дарсликлар тайёрланган бўлса-да, уларни нашр қилиш ишлари тўхтаб қолди. Бу орада бошланғич ва юқори синфлар учун 2013-2014 йилларда нашр қилинган дарсликларнинг фойдаланиш муддатлари ўтиб, фойдаланишга яроқсиз ҳолга келди. Мактабларда, айниқса, таълим ўзбек тилида юритиладиган мактабларда дарслик китоблар етишмаслиги кучайиб борди.

2020-2022 йилларда таълим қирғиз ва рус тилларда юритиладиган мактабларнинг 7-8-синфлари учун дарслик ва методик қўлланмалар нашр қилинган бўлса-да, таълим ўзбек ва тожик тилларида юритиладиган мактаблар учун мутлақо дарсликлар нашр қилинмади. Тайёрланган дарслик ва қўлланмаларнинг экспертиза ва апробациялардан ўтказилиш муддатлари кечиктирилиб, бюджет танқислиги сабаб нашриётларда туриб қолди. Аммо академик М.Т.Мамасаидов етакчилик қилаётган ўзбек мактаблари учун Дарсликлар тайёрлаш марказида янги Давлат стандартлари асосида оригинал дарслик ва қўлланмалар тайёрлаш, қирғиз ва рус тилларида нашрдан чиққан янги Давлат стандартлари асосидаги дарслик ва қўлланмаларни ўзбек тилига таржима қилиш ишлари тинимсиз давом эттирилди. Дарслик ва қўлланмалар Қирғиз Республикаси таълим ва фан министрлигининг экспертизаларидан ўтказилиб, нашриётларга пешма-пеш етказилиб турилди.

Ва ниҳоят, жорий йилнинг янги ўқув йилига совға сифатида узоқ кутилган дарслик ва қўлланмалар нашрдан чиқди. Булар ўрта мактабларнинг 7-, 8-. 9-синфлари учун бир китобдан иборат бўлган “Информатика”, 7-синфлар учун “Физика” ҳамда ўқитувчилар учун методик қўлланма, 8-синфлар учун “Химия” ва ўқитувчилар учун методик қўлланмаларидан иборат китоблардир.

Ушбу “Информатика” дарслиги мутахассислар И. Н. Цибуля, Л. А. Самикбаева, А. А. Беляев, Н. Н. Осипова ва У. Э. Мамбетакуновлар томонидан тузилган бўлиб, 2021 йили Бишкекда нашр қилиниб, сентябрда ўқувчилар қўлига теккан эди. Дарслик ўрта умумтаълим мактабларининг 7-9-синфларига ҳамда информатика ва дастурлаш асосларини ўрганишга тайёр бўлган барча ёшдаги болаларга мўлжалланган. Дарсликлар тайёрлаш ходимлари ўша йилиёқ, янги йил арафасида дарсликни рус тилидан ўзбек тилига ўгиришди. Таржима ишларини Марказнинг етакчи ходимларидан Дилрабо Қодировна Аббосова муваффақиятли амалга оширди. Дарсликнинг ўзбек тилидаги нусхаси ҳам аслияти каби айнан ўшандай дизайн ва ҳажмда, қаттиқ муқовада, рангли, юқори сифатда нашр қилинган. Таржима тили ўқувчилар учун тушунарли ва албатта, ўқувчиларнинг информатик а ва дастурлаш асосларини ўзлаштиришларига имкон беради.

Таълим қирғиз тилида юритиладиган ўрта умумтаълим мактабларининг 7-синфлари учун мўлжалланган “Физика” дарслиги ва ўқитувчилар учун методик қўлланмаси ҳам 2021 йилда Бишкекда нашр қилинган бўлиб, у Қирғиз Республикаси Миллий фанлар академиясининг мухбир аъзоси, педагогика фанлари доктори, профессор Эсенбек Мамбетакунов ҳамда физика ўқитиш бўйича педагогика фанлари номзоди Бибисара Мурзаибраимовалар қаламига мансубдир. Дарслик ва унинг методик қўлланмасини қирғиз тилидан Дарсликлар тайёрлаш марказининг етакчи мутахассиси, тажрибали физик ўқитувчи Гулнора Ибрагимова ўзбек тилига таржима қилган. Мазкур дарслик таржимаси ҳам юртимиздаги ўзбекзабон ўқувчиларни табиат сирлари билан таништириб, уларнинг физика фани асосларини ўзлаштириб олишларига кенг имкониятлар эшигини очади, дарсликни ўқитиш учун ишлаб чиқилган методик қўлланма эса физика ўқитувчиларининг самарали дарс беришларига ёрдам бериб, таълимий машғулотларни осонлаштиради. Информатика дарслиги каби бу китоблар ҳам жуда юқори сифатда, рангли тарзда нашр қилинган.

 

Ўрта умумтаълим ўқувчилари 7-синфда илк бор физика фани асослари билан танишсалар, 8-синфда илк бор химия фани билан танишадилар. Таълим қирғиз тилида юритиладиган умумтаълим мактабларининг 8-синфлари учун “Химия” дарслиги ва унинг методик қўлланмаси ҳам 2021 йили пойтахтда босилиб чиққан эди. Ушбу дарсликни тузувчи ва методик қўлланмасини ишлаб чиқувчилар – Чуй областининг Иссиқота районидаги Динара Мамашева номли ўрта мактабнинг тажрибали химия ўқитувчиси Бақтигул Риспаева, Седепқан Мўлдўгазиева ҳамда Болосоғун номидаги Қирғиз Миллий университети ноорганик химия ва химиявий технологиялар кафедраси мудири, химия фанлари номзоди, доцент Туратбек Байдиновлардир. Янги дарслик ва унинг қўлланмасини ҳам тезкор равишда Дилрабо Аббосова ҳамда Марказ ходимлари ўша йили янги йил арафасида қирғиз тилидан ўзбек тилига таржима қилиб улгуришди. Дарслик ва қўлланманинг ўзбекча нусхаси ҳам аслияти каби ўта сифатли ва пишиқ ишланган.

Албатта, ақли солиҳ ўқувчиларимиз нашриёт ходимларининг меҳнатини қадрлаб, китобларни авайлаб, эҳтиётлаб, яроқсиз ҳолга келтирмай ўқиб-ўрганиб укаларига ва сингилларига топширадилар, деб ишонамиз. Бу масалада ота-оналар ҳам ўқитувчиларга ёрдам берадилар, деб умид қиламиз.

Шундай қилиб, беш йиллик танаффусдан сўнг таълим ўзбек тилида юритиладиган мактаб ва синфлар учун яна ўзбек тилида янги Давлат стандартлари асосидаги дарслик ва методик қўлланмалар нашр этилди.  Албатта, бу дарслик ва қўлланмалар ўз-ўзидан нашрдан чиқиб қолгани йўқ. Бунинг учун қанчадан-қанча хатти-ҳаракатлар, елиб-югуришлар, асаббузарликлар, кимларгадир тушунтириш, илтимос қилиш ва ҳоказолар бўлмади дейсиз. Бу борада, айниқса, Дарсликлар тайёрлаш маркази директори, академик Муҳаммаджон Мамасаидов домланинг хизматлари беқиёсдир. Домла ҳар сафар пойтахтга иш сафари билан борганларида, албатта, Таълим вазирлигидаги мутасадди ходимларга учрар, улар билан баҳслашар, ўзбек мактабларидаги ҳолатни тушунтиришга ҳаракат қилар, босмахоналарга ҳам тез-тез бориб, у ердаги ходимларни ҳам безовта қилар, дарсликларни тезроқ нашр қилиб беришга ундар эдилар. Бунинг учун биз – марказ ходимлари ҳамда ўзбекзабон ҳамюртларимиз Домладан миннатдор бўлсак арзийди.

Ҳали олдинда нашр қилиниши лозим бўлган дарслик ва қўлланмалар кўп. Хусусан, таълим ўзбек тилида юритиладиган мактабларнинг бошланғич синфлари учун тайёрланган дарслик ва қўлланмалар,  7-8-синфлари учун бундан 4-5 йил олдин янги Давлат стандарти асосида тайёрлаб қўйилган ва бир неча бор Ҳукумат экспертизаларидан ўтказилган “Ўзбек тили” ва “Ўзбек адабиёти” дарсликлари  ва уларнинг методик қўлланмалари нашр қилинишини кутиб ётибди.

Жорий йилда Ҳукуматимиз, айниқса, Қирғиз Республикаси таълим ва фан министрлиги мактаб ўқувчиларини дарсликлар билан таъминлаш ишига устивор аҳамият бермоқда. Умид қиламизки, таълим ўзбек тилида юритиладиган мактабларнинг бошланғич синфлари учун тайёрлаб қўйилган қатор дарсликлар, юқори синфлар учун ўзбек тили ва ўзбек адабиёти фанлари бўйича тайёрланган дарслик ва уларнинг методик қўлланмалари янги йилда ўзбекзабон ўқувчиларимиз қўлига тегади, иншааллоҳ.

 

Саидакбар Махсумхонов,

Қирғиз-Ўзбек халқаро университети тасарруфидаги

ўзбек мактаблари учун Дарсликлар тайёрлаш маркази

бош муҳаррири, филология фанлари номзоди.