Барно Исоқова: Илмли ёшларимиз етарли, улар бир кун униб чиқишига ишонаман

Адабиётшунос олима билан китоб ва китобхонлар, замон ва имкон ҳақида қисқача суҳбат.

Машҳур “Москва кўз ёшларга ишонмайди” фильмининг қаҳрамонларидан бири, телевидение видео тасвирчисининг фахр билан ҳар доим такрорлайдиган гапи шундай бор: 20 йилдан кейин китоб, газета, театр инсонлар ҳаётидан секин аста чиқиб кетади. Ҳеч нарса қолмайди. Фақат телевидение қолади!

Қисман у ҳақ бўлиб чиқди. 1971 йил тасвирга олинган бу кинога ярим асрдан кўп вақт ўтди. Энди китоб ва газета, журналлар бироз истеъмолдан чиққандек. Қирғизистон ҳам бундан мустасно эмас, албатта.

Барно Исоқова

Юртимизда бугунги матбуотнинг аҳволи ҳақида мухбиримиз журналист, “Ахборот” ижтимоий-сиёсий газетасининг бош муҳаррири, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Барно Исоқова билан суҳбатлашди.
Ассалому алайкум, Барно опа, сўнгги йилларда ижтимоий тармоқларнинг оммалашиб кетганлиги сабаблими ёки оммавий саводсизлик урчиб кетдими, одамлар китоб ўқимай қўйди. Газета ва журналлар ҳам ўз фаолиятларини деярли тўхтатиб қўйишмоқда. Бунга сизнинг муносабатингиз қандай?

– Тўғри, бир тўлқин мисоли каттаю кичик учун бир давр сифатида кириб келди. Саводсизлик десак, бироз қўпол эшитилади. Авваллари собиқ иттифоқ даврида битта ғоя учун режалаштирилган билим берилган. Мустақиллик даври эса ўтиш даври бўлиб, бирдан ғоясизлик, бошболдоқлик авжига чиққандай бўлди. Газета ва журналларнинг мавқеи бозор иқтисодиёти шароитида бирмунча пастлагани ҳам рост.

Назаримда ҳамма нарса тезлашаётгандек. Мухлисларнинг тоқат даражалари ҳам қисқариб бормоқда. Бир роман ўқийдиган тоқат йўқдек, гўё. Одамларнинг яшаш тарзлари, тилга муносабат, атроф муҳитга муносабат ҳам ўзгача энди. Энг аввало ўқишга интилиш анча сусайган. Таълим соҳасида ҳам талай муаммолар мавжудки, бу алоҳида суҳбатга мавзу бўлади.

Ўш вилоятида ўндан ортиқ ўзбек тилида чиқадиган газеталарнинг деярли барчаси ўз фаолиятини тўхтатган. Биргина шу йилгача давлат томонидан таъминланган вилоят газетаси “Ўш садоси” жуда оз нусхада нашрдан чиқмоқда. Январь ойидан бошлаб ўз-ўзини таъминлаш сиёсати амалга оширила бошлагани ҳам яна айрим газеталарнинг фаолиятига салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди.

– Барно опа, баъзан ўйлаб қоламан, замон билан ҳамнафас бўлган ҳолда чиндан ҳам газета ва китобларни электрон шаклда ўқиш дурустмикин?

– Ҳамманинг қўлида мобил телефони борлиги, улар орқали янгиликлар зумда етиб бориши, газета ва китобларнинг электрон шаклда борлиги яхши, албатта. Лекин газета – бу тарих, архив. Суд жараёнларида ҳужжат сифатида ижтимоий тармоқлардаги ноаниқ маълумотларга эмас, газетада берилган, текширилган, таҳририят назаридан ўтган маълумотларга таянадилар.

Орадан йиллар ўтса ҳамки, асрлар оша тарих фақат қоғозларда қолаётгани ҳам яққол мисол эмасми?! Матбуот бугунги кунимизни ҳам тарихга айлантиради, албатта.

Оддий мисол, масалан, сиз ўзингиз биронта тарихий романни электрон шаклда ўқиганмисиз ёки энг узун экранда ўқиган китобингизни эслай оласизми?

– Саволимга савол билан жавоб олишни кутмаган эдим, рости. Мен электрон шаклда баъзан қисқа ҳиқояларни айтмасам, роман тугул, қисса ҳам ўқимаганман. Экранда ўқиш ноқулай мен учун. Китоб бошқача барибир – қулай, ўқувчини чарчатмайди. Лекин замон шиддатли равишда олдинга қараб кетаётган бир пайтда матбуотнинг ортда қолаётгани, сўнгги 20 йилда ёшларнинг китобдан узоқлашаётгани ташвиш уйғотади. Сизда ҳам шундайми?

– Йўқ. Ҳар доим ҳам хослар озчиликни, омилар эса кўпчиликни ташкил қилган. Халқ ўқимишли бўлса яхши. Шубҳасиз, билимли ёшлар келажакка умид бахш этади. Ҳамма тенг эмас. Жамиятимиздаги вақтинчалик танаффус тугайди бир куни. Янги технологиялар билан бир қаторда адабиёт ва санъат асарлари ривожланади.

“Адабиёт ўлмайди”, -деганида Чўлпон нақадар ҳақ эди.

Фарзандларини ўқишдан кўра кўпроқ пул топишга йўналтираётган ота-оналар бир авлод алмашиши биланоқ тутган ишлари хато эканлигини вақт кўрсатади. Ваҳима қилиш керак эмас, илмли ёшларимиз етарлича, улар бир кун униб чиқишади, ишонаман. Ҳар томонлама зукко ёшлар мамлакатимизда бор.

– Суҳбатингиз учун ташаккур.

Умида Аҳмад суҳбатлашди

 

 

Яндекс.Метрика