Бахт излаган шоира

Маликахон Камилова (Малика Комил кизи) 1948 йил 25 майда Ўш вилояти, Қорасув туманига қарашли Қизилқишлок  қишлоғи, Донг кўчасида дунёга келган. Отаси  Комилжон ака, онаси Кароматхон опа дехқончилик билан машғул бўлишган. Саводлари бўлмаган. Улар ҳар иккиси ҳам саводсиз бўлишига  қарамай, халк оғзаки ижодини яхши билишар эди. Ўрта мактабни Қорасув туманига қарашли Қизилқишлоқдаги аввал «Правда», кейин «Фурқат» номли 11 йиллик мактабда 11- синфни ва қўшимча ҳамширалик  соҳани битирдим. 1973 йилда Андижон Давлат педагогика институтининг тарих-филология бўлимининг ўзбек тили ва адабиети факультетини тамомлади. 1968 йилдан ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси бўлиб ишлади. Қўшимча мактаб кутубхонасида ҳам ишлади.Каламкашлик фаолияти  67 йил. 2011 йилдан ҳозиргача «Ош» альманахининг ўзбек тили бўлимида ишлаб турибди.

Кўплаб методик ва бадиий тўпламлар, китобларни чоп этган. 2009 йилдан таржимонлик фаолиятини бошлади. Биринчи бўлиб Қирқизистонда хизмат кўрсатган ёзувчи Абдурашит Урбаевнинг «Чақмоқ» шеьрлар китобидан 70 та шеьрни қирғиз тилидан ўзбек тилига таржима килди. Аста-аста таржимонликнинг юқори поғоналарига кўтарилиб, Қирғизистон халқ ёзувчиси Мар Байжиевнинг «Манас», «Семетей», «Сейтек» трилогиясини ўзбекистонлик саньат арбоби Учкун Назаров билан хамкорликда  ўзбек тилига огирди. Бишкекда 1000 нусхада чоп этилди. Миқтибек Арстанбекнинг «Улуғ пайғамбарнинг буюк йўли» тарихий қиссасини ўзбек тилига  таржима килди. 2018 йилда Бишкекда чоп этилди. Тинчтикбек Нурманбетовнинг «Шеьр давлат» китобини қирғиз тилидан ўзбек тилига ўгирди.  2021 йилда «Бизга аталган дунё» номли киссаси  чоп этилди. 3-китоб чоп этилиш арафасида. «Сўлмас гуллар» номи билан 3 та шеьрлар тўпламини тайёрлади. 1- китоб чоп этилди.

Қирғизистон Республикаси журналистлар ва ёзувчилар уюшмасининг аьзоси.

«Меҳнат фахрийси», «Ёзувчилар иттифоқида хизмат кўрсатганлиги учун» медали, “Қирғизистоннинг ардоқли аёли” ордени ва Қирғизистон таълим аълочиси, маданият аълочиси кўкрак нишони ва бошқа медаллар билан такдирланган.

-Ассалому алайкум Малика опа.Сиз билан суҳбатлашишдан хурсандман.

– Ва алайкум ассалом, Одилжон ука.

Биласизми, Одилжон, умр йўлдошим Муҳаммадамин қори акангиз менга «Сизнинг онангиз гапга туққан экан», деб ҳазил қилган. Нима савол берсангиз, бемалол.

Ўзингизни таништиришдан келиб чикиб, истеъдод ҳақида гапириб берсангиз

– Мен, Малика Комилова, 1948 йил, 25 майда Ўш вилояти Қорасув туманига қарашли Қизилқишлоқ қишлоғида деҳқон оиласида 13 фарзанд бўлиб дунёга келдим.

Истеъдод – ишқ. Бу ишқ қонда бўлади. Истеъдодни пишириш ҳар икки дунё илмида яратилган. Шеьр ёзувчилар кўп бўлиши мумкин, аммо, 1000 тадан, 10000 тадан биттаси шоир бўлиб қолади. Магарам, «Шеър ишқи қонда бўлса»… Истеъдод ҳақида мазкур шеьрни тинглаб кўринг:

Ўзни мажбур қилганда шеър ёзилмайди,

Дардсиз каламкашдан қочади илҳом.

Шеър табиий бойликмас,

У казилмайди, У қалбни ёриб чиққан Оловли калов.

У қалб кўкида танҳо

Чақнаган юлдуз!

У шоир тунларин айлаган кундуз!

У минг қалбнинг бирида порлаган қуёш!!!

 

– Мактабдаги ҳаётингиз ҳақида нималарни эслай оласиз?

– ота-онам халқ оғзаки ижодини жуда-жуда яхши билишган. Отам достон, эртакларни яхши ва кўп биларди. Унда образга кириб, достон ва эртак айтиш маҳорати-истеъдоди бўлган. Ёшлигимда оз ухлар эдим. Ҳозир ҳам шундай. Ота-онамни ҳам ухлашини хохламас эдим. Онам: тез айтишлар, аллалар, марсиялар, ёр-ёрларни кўп биларди ва маромига етказиб айта оларди. Доира, чанқовуз чалиш санъати, рақсга тушиш санъати мени қойил қолдирарди.

Мактабда ҳам, институтда ҳам имтихон топширишимда, ўқитувчи бўлиб ишлаётганимда ҳам ота-онам берган дарслар қўл келди. Ҳануз ўйлайманки, ота-онадақа ўқитувчи хеч ерда бўлмас экан.

-Малика опа, ҳайрат ҳақида нима дея оласиз?

– Ота-оналар фарзандларига одамлар барча яратилишнинг яхши томонларидан кўпроқ дарс берса, болаларда ҳайратланиш бошланади. Ҳайратланиш севги, соғинч, меҳрнинг пойдеворидир. Боладан ота-онанинг узоқлашиб кетиши ҳайратланиш куртакларининг олиши, ота-она ва болаларнинг бир- бирларидан узоклашиб кетишидир. Шунинг учун болалар мактабда яхши ўқий олмай қоладилар.

-Дастлабки ҳайратингизни эслай оласизми?

-Биринчи ҳайратларим ота-онамнинг санъатларидан бошланган, кейин мактабда кўксимга «юлдузча» тақишганда, яьни октябрят бўлганимдаги ҳайратим. Бу ҳайрат 1956 йилда бўлган. «Октябрят овози» деворий рўзномасида чоп этилган.Мазкур шеър архивимда 67 йил сақланибди.

Октябрят қасами

Кўксимга юлдузча тақиб қўйган,

Жилмайиб юзимга

Боқиб қўйган

Фаоллик оловини

Ёқиб қўйган,

Фаол опачалар

Сизга етаман!

Ўзим кичикларга юлдузча тақиб,

Энг фаол бўламан уларга ёқиб

Жилмайиб қўяман

юзига боқиб,

Фаол опачалар

Сизга етаман!  1956 йил

Ана шу ёшликдаги ҳайратланиш хануз давом этяпти. Қариб қолганим билан ҳайратим қаригани йўқ. Ёш боладек севинаман, ёш боладек йиғлайман, ҳаммаси юрак – юрагимдан бўлади.

– Малика опа, сиз қандай оилага келин бўлиб тушгансиз?

-Демокчисизки, оилангиз сизни сўраб -суриштириб келин қилдими? Сизнинг дунёқарашингиз уларга тўғри келдими, демокчисиз-да. Мени қайнонам раҳматли бир кўришда яхши кўриб қолиб, куёв боласи раис эди, ўша одамни ишга солиб, «ўша қизни олиб бермасангиз у бўлдим – бу бўлдим»,-деб уйига олиб келган. Ўхшамагунча учратмас экан, қайнонам тақводор, намозхон ва дутор чертиш, Увайсий, Нодира ғазалларини хиргойи қилиш маҳоратига эга экан, куёвим раҳматли: най, скрипка чалар, ўзбекона рақсларга яхши тушар экан. Мен каламкашлик санъатига эга бўлганим билан қайнонам, куёвим билган саньатлардан мутлақо олис эдим. Куёвимдан рақсга тушиш санъатини маъромига етказиб ўрганганман. Акангиз билан 50 йил бирга яшадик. У инсон харбий фельдшерликдан нафақага чиқиб, 7 йил масжидда муаззин (азон айтувчи) бўлиб ишлади.

Мени қаламкашлик истеъдодимга чин юракдан ишонч билдириб, униб -ўсишимга ҳалигача раҳнамолик килаётганлар: Вилоят ижтимоий сиёсий газетаси- «Ўш садоси» жамоасидир.  «Ўш садоси»- менинг олтин остонам. Мен уни, у мени умримиз борича севамиз, ташлаб кетмаймиз, бир-биримизни. Мазкур «Ўш садоси» дорулфунунида мен таниқли, кўп қиррали истеъдодли қаламкашлар: Омонилло Аҳмедов, Холматжон Юсупов, Мирзоҳид Мирзараҳимов, Муҳаммаджон Ўринбоев, Салимахон Қодирова, Абдуғани Абдғафуров, Муҳаммадсоли Исмоилов, Усмон Темур, Аҳмаджон Муҳаммаджонов, Турсунбой Адашбоевлардан оддий ҳабарлар ёзишдан бошлаб, катта-катта мақолалар, публицистикалар, ҳикоялар, қиссалар, шеърлар, ҳуллас қаламкашликнинг турфа жанрлари бўйича 60 йилдан буён дарс оламан. Олтин остонамга келмай қўйсам, тирик мурдага ўҳшаб қоламан. Ўтганлар ҳам мен учун хаёт. Улардан менга кўпрок маънавий, гўзал манфаатлар, улар мени ачитиб танқид қилганларидан кейин келган.

– Малика опа, қайта ҳаёт бахш этилганда қайси касбни танлаган бўлардингиз?

– Ўқитувчилик касбини танлардим, шу билан бирга, шоира бўлиш дардини тарк этмаган бўлардим.

-Ана энди шеърларингиздан ўқиб берарсиз?

– Марҳамат:

****

ҲАЁТ

Соғиняпман, билмайман кимни,

Дўст- душманга тилайман ором.

Лек минг дард тиғлайди ичимни,

Қувноқ кунлар мен учун харом.

Соғиняпман, билмайман кимни,

Кимни излаб йўлга чиқайин?

Ким кўрибди менинг ичимни,

Ким учун қалбимни сиқайин?!

Юрагим кафтимга кўндириб,

Онамнинг қабрига чопаман!

Ўзимни яшашга кўндириб,

Уммонга – ҳаётга отаман!

Шу ҳаёт! Отамни танитган,

Йиғлатган, юпатган шу ҳаёт!

Йиқитган қўлимдан даст тутган,

Ҳам қонхўр, ҳам ўктам- шу ҳаёт!..

*****

ОНА ТИЛИМ

Она тилим – бахт йўлим,

Бор вужудим, жонимсан.

Ота – онамдан ўтган,

Томирдаги қонимсан!

Алмашмасман бир сўзингни,

Ўн саккиз минг оламга!

Хадя килгум бир харфингни,

Мендек севган одамга!

Ибодатхон устозим,

Тилим пухта ўргатди.

Ҳар бир товуш устида,

Тун кечалар ўйлатди.

Ўз тилига меҳр қўйган,

Навоийни қучаман!..

Изидан бориб уни,

Нурларини ичаман…

Она тилим- жон тилим,

У билан қуёш дилим!!!

****

ОНАМНИНГ ДУОЛАРИ

Топган қадру қимматим-

Онамнинг дуолари,

Озми – кўпдир ҳурматим-

Онамнинг дуолари,

Отамнинг дуолари!

Дуо ила кўкардим,

Мен ўзимдан кўпайдим,

Эл-юртимга ҳимматим –

Онамнинг дуолари

Отамнинг дуолари!

Мўътадил фарз йўлидан

Кетмоқдаман ошиқмай,

Осойишта ҳаётим-

Онамнинг дуолари

Отамнинг дуолари!

Дилдан чиқар ҳар сўзи,

Жавдираб турар кўзи,

Қуръоним- қироатим,

Онамнинг дуолари,

Отамнинг дуолари!

Малика дер: Яратганим,

Ҳамду сано ўзингга!

Икки дунё саодатим,

Онамнинг дуолари,

Отамнинг дуолари!

****

КУНИНГА ЕТСА БАС

Жавохирлар уммонига шўнғидим,

Ва топдим дидимга мос гавхарларни

Гавхарлар умидга чорловчи бахтим,

Достонда кўрдим рост, хос шаҳарларни

Сиёвуш қиссаси – қиссалар шоҳи,

Сиёвушдек пок қалб дунёда битта!!!

У замин юзининг дўсти, тинчлиги

Сиёвушдек шохлар борми бир юртда?!

Унингдек, ишончни севганлар қайда,

«Ишонч базмлари»да олганлар борми?

У асрлар оша яшаб келяпти найда,

Юраклар ўзга бир дўст ёрга зорми?

Қанча бир шох-султон урушга хумор,

Халқни қийнаб, зулмат- тунга юради..

Сиёвуш оз яшаб халқ қалбига ёр,

У Аллоҳдан тинчлик, дўстлик сўради

Афросиёб қолди халқ қарғишига,

Мулк учун жанглари тийингга қиммат.

Сиёвушга мангу тиловат -дуо,

У Аллоҳим дўсти- Росулга уммат.

Сиёвуш алданиб қолди ва лекин

Ҳар бошга бир сабаб, ўлим – ҳақиқат.

Сиёвуш бегунох демагаймиз йўқ,

Бегунох Ҳақ- Аллоҳ, демоқлик роҳат!

Сиёвушга берган ҳар бир неъматда,

Шафқатнинг турфа хил ҳайрати бисёр.

Афросиё буни тушинди, билди,

Жангдан қайтди, йўлни топиб, бўлди ёр.

Хулоса шу: нихол севар Чинорни,

Чинорлар ўлдирар зўр нихолларни.

Дунёга устунлик-Чинор муроди,

Дўст тутиб бўлмагай хеч чинорларни!

«Улар зор»,- дейишга сабри етмайди,

Ўлдириш чораси уларга осон!..

Васфу хадяларга учма жон болам,

Кунингга етса бас битта халол нон!..

****

Яндекс.Метрика