Баҳорнинг келиши бу йил бошқача бўлди. Чаман бўлиб очилган ўрик ва бодом гулларини ногаҳоний изғирин урди-кетди. Барг ёза бошлаган атиргулларнинг новдалари кунлар ўтгани сайин қорайиб қолди. У кунлар ҳам ўтиб, табиат яна ғимирлай бошлаган эди, шимол ёқдан келган изиллатар совуқ тағин забтига олди – ўт қалаб, уйларимизни иситишга киришдик. Осмон бети очилиб, кун салгина йилт этса, шугинанинг ўзига ҳам кўнгил қувонадиган, яйрайдиган бўлиб қолди.
Аммо… баҳор келяпти-ку! Келиши муқаррар-ку!
Ҳаммамизнинг дилимизда шоир Чўлпоннинг “Баҳорни соғиндим, баҳорни!”, деб битган шеърига пайваста бир туйғулар кезинади.
Баҳор-ку, келади. Бошланган ҳамал ойининг экин-тикинга амал берадиган кунлари, ундан сўнг қадам қўядиган саврнинг сурурлари – момақалдироғу чақмоқлари, осмоннинг у бурчидан бу бурчигача эгаллаб ястанадиган камалак жилолари, ёз бошидаги жавзонинг жазиллатар иссиқлари ҳам дилбар баҳорнинг ҳусну таровати бўлади, албатта.
Нафақат табиат, айни чоғда, ҳар баҳор аввалида киши дилида ҳам янги умидлар куртаклайди. Одамлар баҳорга етганини шодиёна қилиб, “омонлиқ-сомонлиқ” дея, байрамлаша бошлашади. Кўнгиллар баҳорий кайфият билан илиқлашади, тилаклар унади унинг тубларида. Ишқилиб, бу йил ризқ-рўзли, баракали бўлсин-да, деган илинж уйғонади.
Аммо ризқу барака ўз-ўзидан келмайди. У одамларнинг аҳил, баҳамжиҳат бўлишига, ҳар бир кишининг фақат ўзи ва яқинларигагина эмас, барчага, ҳаммага астойдил омад тилашига, кейин эса чиройли режалар тузиб, бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилишига боғлиқ, албатта. Бунинг учун, аввало, кўнгил тоза, беғубор бўлсин. Ана ундан кейин, арабларнинг “Алҳаракат – филбаракт”, деган мақолига мувофиқ, бутун эл, жамият – мамлакат аҳли аҳил бўлиб, бир улуғ ва пок мақсад йўлида ишлаши керак.
Улуғ қирғиз оқини Тўқтағулнинг “Ырыс алды – ынтымақ” (Бараканинг боши – аҳилликда), деган ҳикмати борки, буни биз нафақат бир оила, бир овул ёки шаҳар, балки бутун мамлакат, бутун Марказий Осиё эллари учун дастуруламал деб билсак, тўғри бўлади. Зеро беш юз эллик йил аввал ҳазрат Навоий ҳам шу маънига далолат қилиб, “Олам аҳли, билингизким – иш эмас душманлиғ, Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ – иш”, деб одамларни, халқларни тотувликка, дўстлашишга даъват этган эди.
Шу йил баҳорнинг энг бошида – 11-12 март кунлари Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи, бунинг оқибатида чегара масалаларининг ўзаро тушуниш билан ҳал этишга киришилаётгани, яна бошқа бир талай “тўпланиб қолган” муаммоларни ўртага қўйиб, собитқадамлик ила бартараф қилина бошлагани ҳам кишилар дилига баҳорий кайфиятларни, янги умидларни, келажакка ишонч туйғуларини олиб кирган бўлса, ажаб эмас. Ишқилиб, бундан кейин ногаҳоний изғиринлар энди-энди очилмоқда бўлаётган бу чечакларни сўлдирмасин, шугина некбин ҳаракатларга кўз тегмасин, дейсан киши минг хавотир билан. Чунки четдан ғаюр назар билан ҳар бир ҳаракатга кўз солиб турганлар, энди-энди миллий давлатчилигини тиклаб келаётган бу ёш мамлакатларни ўзаро ёвлаштиришга, шу орқали ўз “таъсир доираси”ни кенгайтиришга интилаётганлар бор, улар битта-иккитагина эмаслиги ҳам аниқ.
Аммо… баҳор баҳорлигини қилади. Қириб-қиртишлаб ташланган ерларда барибир гуллар униб чиқа беради, яшнаб турган чечаклар дунёни гўзалликка буркаб солланади, қир-адирлар бағрини тўлдирган гуллар баҳорий насимлар эпкинида денгиздай бўлиб чайқалади. Шунга монанд, истиқлолга эришибди ҳамки, ҳар турли “оға”ларнинг йўл-йўриғи исканжасидан қўлини бўшатишга уринаётган бу давлатлар ҳам ўз мустақил қадамларини ўз истагича қўйишга, ўз халқининг неча асрлик тарихи, анъана ва тийнатига мувофиқ, унинг манфаатларини ифода эта оладиган давлат тузишга уриняпти, оз-оздан шунга эришиб ҳам келаётибди.
Ҳали бу йўлда курашлар кўп бўлади. Негаки, Марказий Осиёдаги ана шу беш давлатнинг биргалашишга, бир мушт бўлиб тугилишига қарши бўлган четдаги кучлар орада ўтган ўттиз йил мобайнида фақат чеккадан туриб “маслаҳат” бериб тургани йўқ, балки “демократия”, “инсон ҳуқуқлари” деган ялтироқ ниқоблар тақиб олиб, ичкарига ҳам суқулиб кириб олишга, бу юртлардаги айрим сотқин ва хоинлар, пул учун, манфаати учун ватанини, она халқини ҳам сотишга тайёр бўлган кимсаларни топиб, уларнинг қўйнига қўл солиб, киссаларига “грант” дея пул солиб, ўз томонларига оғдиришга унча-мунча муваффақ ҳам бўлдилар – эндиликда шаллақи сиёсатчилар, безбет арбоблар, исталган бир фалокат учун плакат тайёрлаб майдонга чиқадиган, оғиз йиртиб айюҳаннос солиб бақирадиган “митингчи”лар пайдо бўлди, уларнинг анчагина қисми худди бозорга чиққан мардикор каби, ўз “ижтимоий” ҳаракатини пул топиш манбаига айлантириб олган: ҳаққини тўласангиз, исталган одамни қоралаш учун катта-кичик идоралар олдида турволиб, бунга гўё халқ ҳаракати сингари тус бериб, мегафондан бақиришга, “Кет!”, “Кетсин!” дея оғиз кўпиртиришга тайёр улар.
Аслида, улар – ижрочи. Сувни лойқалатаётганларнинг катталари бошқа. Улар аллақайси кабинетларда ўтириб, бу майдонботирларни маблағ билан таъминлайди, барчасига “хизматига яраша” пул бериб, бугун бир ғанимига, эртасига эса бошқа бир душманига қарши олкишлайди.
Янада каттароқлари эса бутун мамлакат миқёсида тўпалон ва келишмовчиликларни ташкил қилади, охират кунидан зарра қўрқмай, юзлаб одамларнинг нобуд бўлишига олиб келадиган қирғинларни уюштиради. Шунчаликки, бундай ноинсоний хатти-ҳарактларга баҳо бериш, уни қоралашга ҳам имкон қолдирилмайди – давлат идеологиясининг улкан машинаси ҳам шу ҳаракатларни оқлашга хизмат қилдирилади. Алалоқибат, халқ онгида нотўғри, объектив ҳақиқатга мутлақо тескари бўлган воқелик пайдо бўлади: бунда айбсиз одамлар – гуноҳкор, ҳақиқий жиноятчилар эса қаҳрамон бўлиб кўрина бошлайди.
2010 йилда Ўш ва Жалолобод шаҳарлари ва уларнинг теварагида миллатлараро негизда кечган қонли воқеалар ҳали-ҳамон битмаган яра каби кўнгилларимизни жазиллатиб турибди. Ундан ҳам кўра, бу “демократия ороли”даги демагог арбобларнинг улуғмиллатчилик даъволари, асоссиз равишда ўзбекларни сепаратизмда айблашлари, ҳар турли чаламуллаларнинг башоратгўйлиги ва шу каби ҳолатларнинг бирлашиб, бутун мамлакатда ғайри ҳаққоний ва асабий муҳит, ўзга этник гуруҳларга тоқатсизлик каби вазиятларни мавжуд этганлиги, шуларнинг таъсирида, ўшандай мудҳиш ҳолатлар яна қайталанмасмикин, деган шубҳалар кишиларни янада кўпроқ ташвишга солаётгани ҳам бор гап.
Баҳор-ку, баҳорлигини қилади, албатта. “Лекин офтоб поймол ўлмас, Кавакларда қолмас ой нури”, деб шоир ёзганидай, ҳақиқат бир кун келиб юзага чиқишига умид, ишонч бор эди. Ғафур Ғулом тили билан айтганда, “Ҳақорат – емрилур, зулм – янчилур” куннинг келишига ишонамиз, ўша айёмларни кутамиз, сабру қаноат билан кун санаймиз.
Очиғини айтганда, Қирғизистоннинг бир мустақил мамлакат, суверен давлат бўлиши учун ҳамма нарсаси бор. Унда Президентлик, Жўқорғи кенгаш, Ҳукумат, областларда губернаторлар, шаҳарда мэрлар, Ички ишлар, Миллий давлат хавфсизлиги идораси, Қуролли кучлар, ўнлаб министрлик ва ҳоказо барча тизиму тузилмалар ҳам мавжуд. Аммо минг афсуски, шунча нарса бўлгани билан, битта нарса йўқ эди, ёки бор бўлса ҳам… йўқдай эди.
Нима эди у, дейсизми?
Ҳокимият йўқ эди!
Ҳар ким ўзига хон, ҳар ким ўзига султон, истаган гапини айтиб, истаган ишини қилиб юра берар, нимага бунақа, десангиз, бизда демократия дея гердайиб ҳам қўярдилар. Шунинг оқибатида Қирғизистонда “Иегово шоҳидлари” сингари амирконча янги “дин” тарафдорлари пайдо бўлди, қирғиз эли вакиллари ичида бошқа-бошқа динларга эътиқод қиладиганлар кўпайиб, бир миллат ичида низолар ҳам чиқа бошлади. Кейинроқ эса ислом динининг айрим вакиллари ота-боболардан давом этиб келган анъанавий ханафийлик мазҳабидан чекиниб, янги-янги оқимларга қўшилган бўлдилар, бунинг касрига битта шаҳарнинг ўзидаги масжидлар аро ҳам фарқланиш юзага келди, ислом уламолари бир-бирига ғаним бўла бошлашди.
Аслида, бу каби диний ихтилофлар ҳам жамоатчилик фикрини чалғитиш, иқтисодият ва сиёсатдаги нуқсонларни кўздан пана қилиш, жамият тараққиётини орқага қараб суришдан бошқа нарса эмас.
Баданга яра чиққан бўлса, чораси – уни ёриб, малҳам суртиб даволаш керак, устига дока ёпиб қўйган билан тузалиб қолмайди. Худди шу каби, бақир-чақиру митингбозлик, диний оқимларнинг кўпайиши кабилар ҳам асло демократия эмас, балки анархияга, бошбошдоқликка, пировард-натижада эса мамлакатни қашшоқлаштириб, уни аввал иқтисодий, кейинроқ эса сиёсий жиҳатдан ҳам бошқаларга қарам қилишга олиб келадиган бўлмағур амалиётлардан бошқа нарса эмас. Ана шунга олиб келган сабабларни тафтиш қилиб, уларга ким, кимлар, қандай кучлар сабаб бўлганини аниқлаб, уларнинг дамини қирқмасдан туриб, яралар тузалмайди.
Мақола бошидаги баҳор мавзуига яна қайтайлик. Хўш, азизлар, фасли баҳор нимадан бошланади, қандай бошланади у? Гулларнинг очилишидан, боғу чаманларнинг яшнаб кетишиданми?
Йўқ.
Муз кўчишидан бошланади баҳор. Улкан дарёлар юзасини қоплаган музлар қасира-қусур қилиб синади, бир-бирига мингашиб, оқим бўйлаб далалар сари йўл олади, борлиқ экин-тикинга обиҳаёт бўлиб боради.
Назаримизда, куни кеча Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг “Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига 2010 йил июн ойида мамлакат жанубида содир бўлган воқеалар, бунинг оқибатида юзлаб фуқаролар ҳалок бўлганлиги ва минглаб одамлар жароҳатлангани тўғрисидаги материалларни ўрганиш, амалга оширилган ишлар натижаларига кўра давлат органлари қабул қилган қарорлар тўғрисида тўлиқ маълумот бериш, шунингдек қонунийлик ва холисликка риоя қилган ҳолда тегишли қарорларни қабул қилиш тўғрисида кўрсатма берганлиги” айнан муз кўчишини ёдга солади.
Аслида, муз кўчмай туриб, баҳор бошланмайди. Эски қишнинг тўнглаган қору музлари эримас экан, ҳатто текис йўлда ҳам сирпанмай юриб бўлмайди. Ўша қору музлар остида нималар босилиб, кўзга кўринмай ётибди – адолатга ташна ҳар қандай одам билишни истайди. Ноҳақликларни аниқламай, адолатни поймол қилганларни фош этмай туриб, тинчликни барқарор этиш, адолатни тиклаш амри маҳол. Ноҳақ ўлдирилганларнинг хуни тутиши бор, гуноҳсиз ҳолда айбдор этилганларнинг уволи бор, ўша нарсаларни юзага чиқармай туриб иш қилиш – кишини ўлдиргач, кўмилган ерини биров билмасин, дея устида чаманзор барпо қилишдан бошқа нарса эмас. Ҳатто ўлмаган, борингки, жароҳатланмаган бўлса ҳам, ноҳақ айбланганлар бор, қилмаган айби учун ўз она юртида эмин-эркин нафас ололмай, ҳар турли мамлакатларда жон сақлаб юрганлар қанчадан-қанча.
Ўша мудҳиш қирғинбаротни синчиклаб, шунчаки “холис” эмас, чинакам холисона текширилса, ҳали-ҳануз бу юртда бой бўлиб, бий бўлиб юрган бир талай “катта”ларнинг кирдикорлари очилиб кетиши аниқ. Шундай экан, албатта, улар ҳам қараб турмайди, ниқоблари йиртилиб, асл башаралари кўриниб қолмаслиги учун топганини ўртага ташлайди. Уёғи эса яхши маълум – тўрт танга эвазига “холис гувоҳ” бўлиб беришга тайёр имонсиз кимсалар, митинг уюштиришга шай “профессионал” бақироқлар керагича топилади. Демак, масаланинг асл моҳиятига етиш осон кечмас экан.
Ана шу жараёнда ҳокимият ўзининг чиндан ҳам ҳоким куч эканини, асл ҳақиқатни аниқлашда орқага қайтмаслигини, икки хил стандартларни қўлламаслигини исботлаши керак. Ана шундагина ўтмишнинг қонли воқеалари келажак авлод учун аччиқ сабоқ бўлади. Мудҳиш режалар тузиб, амалга оширишга пайт пойлаётган ёвуз кучлар ҳам қудратли ҳокимият олдида ўзларининг арзимас куч эканини, ҳеч бир қилмишни яшириб бўлмаслигини, у эртами-кечми, бир кун албатта юзага чиқишини ва алалоқибат, ҳақиқат бўрони ўзларини хасдай учириб юборишини сезсин.
Ҳокимият қаҳри билангина эмас, меҳри, муруввати, кенгбағирлиги билан ҳам ҳокимиятдир. Аммо унинг меҳри бир тоифага, қаҳри эса бошқа бир элга қаратилиб қоладиган бўлса-чи? У ҳолда адолат дегани ўгай она каби ёвуз бир кучга айланади, ўз боласига меҳр бериб, ўзга болани азоблайди.
Йўқ, азизлар, келинг, адолат қуёшининг бир зум бўлса-да “йилт” этганига қувонайлик, бу хабар нашидасида ҳаммамиз яхши ниятда бўлайлик. Ахир баҳор келиб, кунлар очиляпти. Бизнинг елкамизга ҳам офтоб тегса ажаб эмас. Шунга ишонайлик. Руҳимиз чўкмасин, лоақал!
Музлар кўчаётгани, баҳор келаётгани рост бўлсин!
Зуҳриддин Исомиддинов