ҚАРДОШЛИК ТАРАННУМИ

Зуҳриддин Исомиддинов

    Ўзбек ва қирғиз адабиёти орасида ўхшаш, уйқаш жиҳатлар кўп. Тафовутлар ҳам бисёр. Бу ҳол сўз санъатининг боши бўлган фольклор қиёсида айниқса яққол намоён бўлади. Шунинг учун ҳам гапни ўзбек ва қирғиз фольклоридаги муштарак ҳамда фарқли жиҳатлардан бошласак.

Тарихан кузатсак, ўзбек ва қирғиз халқлари орасидаги иқтисодий-хўжалик, маърифий-илмий ва бошқа соҳалардаги алоқалар асрлар оша кучайиб борганини кўрамиз. Чунки ўзбеклар билан қирғизлар бир ҳудудда ёнма-ён яшагани боис, бу икки эл аро ўзаро мақбул «меҳнат тақсимоти» юзага келган – қирғизлар чорва ҳайвонларини, ўзбеклар эса деҳқончилик экинларини етиштирган ва турли тарзда уларни алмашишган. Бу эса икки эл ўртасида алоқаларнинг ривожланишига олиб келган, маданий, жумладан адабий алоқалар ҳам йўлга қўйилган.

Биз бу ўринда ўзбек-қирғиз адабий алоқалари ва унинг амалий кўриниши бўлган бадиий таржимачилик тарихи ҳақида мулоҳазалар билан чекланишга ҳаракат қиламиз.

Маданий-маърифий ва адабий алоқалар XIX аср бошидан шиддат билан ривожлана бошлаган: Қўқон хони Муҳаммад Алихон 1825 йилларда ҳозирги Бишкек, Тўқмоқ, Қораболта шаҳарлари ўрнида ташқи душмандан муҳофазаланиш учун қалъалар қурдирган ва бу ўша ерларда яшайдиган қирғиз аҳолисининг турмуши учун катта янгилик бўлган. Бу уч шаҳар ана ўша қалъалар атрофида қад ростлаган. Ўша даврлардан бошлаб қирғиз ёшлари учун кўплаб мактаблар очилган, қирғиз ёш уламолари мадрасаларда ҳам таълим олишган. Энг таниқли манасчилардан Сагимбай Орозбеков ўзбек мулласи қўлида савод чиқарган ва бу ҳол унинг бадиий жиҳатдан баркамол ҳисобланган варианти матнида арабий-форсий калималарнинг кўп бўлишига олиб келган. Абдулла Қодирийнинг «Меҳробдан чаён» тарихий романида тасвирланишича, Ўш, Андижон, Наманган мадрасаларида ўзбеклар билан бирга қирғиз талабалари ҳам билим олишган.

XIX аср охирларида ўзбек уламоси Шокир домланинг шогирди Алдаш мулла, Мулла Ниёз, Мулла Қилич, Тўғалоқ мулла, Нурмулла, Ўсмонали Сидиқ ўғли, Белек Солтоноев, Исоқ Шайбеков, Абулқосим Жутакеев каби ўнлаб ёзма адабиёт вакиллари етишиб чиқди. Дарвоқе, ХХ аср қирғиз адабиёти эришган ютуқлар негизида уларнинг ижодий тажрибалари ётади.

Ҳатто оғзаки ижодчиликнинг атоқли намояндаси Тўқтағул асарлари матнида ҳам ўзбекча сўз ва иборалар кўп, қирғиз ўқувчиси учун уларга изоҳлар берилади. Чунки Тўқтағул Фарғона водийси ва ҳозирги Жанубий Қирғизистонда яшаб ижод этган, ўзбек сўз санъатидан ҳам бохабар оқин эди.

ХХ асрнинг йигирманчи йилларига келиб жуда кўп қирғиз талабалари Тошкентда ўқиб билим олишган. Ҳатто дастлабки қирғиз газетаси «Эркин тоо» ҳам Тошкентда дунё юзини кўрган. Шунинг учун ҳам жуда кўп қирғиз шоирлари ўзбек халқи ва Ўзбекистон ҳақида меҳр билан қалам тебратганлар.

Қирғизнинг улуғ шоири Али Тўқамбоев шундай ёзган эди:

Сирдарё!  

Сен ҳам дарё, 

Мен ҳам дарё!..

Дарёдил шоир Али Тўқамбоевнинг қарийб бир аср муқаддам, 1920 йилларда Тошкентда таълим олгани, унинг илк шеъри ҳам Ўзбекистон пойтахтида босмадан чиқарилган биринчи қирғиз газетаси «Эркин тоо» саҳифаларида эълон қилинган. Мана шу биргина фактнинг ўзи ҳам ўзбек ва қирғиз халқлари дўстлигининг, ўзаро ҳамкорлигининг илдизлари қанчалар узоқларга боришини кўрсатади.

Ўзбек-қирғиз ва қирғиз-ўзбек таржимачилигига ҳам ўша йиллари асос солинган. Бизнинг назаримизда, бунга йўл очган омил ижтимоий-сиёсий асарларни ўгириш эҳтиёжи бўлган. Гап шундаки, ўша олис 20-йилларда ҳукмрон мафкура доҳийларининг асарларини маҳаллий тилларга таржима қилиш шарт қилиб қўйилгани боис, айрим ижтимоий-сиёсий ва фалсафий асарлар русчадан ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман ва ҳоказо тилларга ўгирилади. Бироқ бу таржималарнинг сифати ҳаминқадар эди. Айрим ҳолларда мутаржимлар ҳатто гап нима ҳақида кетаётганини ҳам англамай ўгиришган, бунинг устига, илгари бундай услуб бизда мавжуд бўлмагани боис, кўп термин ва атамалар ҳам тилларимизда йўқ эди. Оқибатда, ВКП(б) МКнинг қарори чиқади, унга кўра, бундай асарлар аввал русчадан ўзбек тилига, сўнг ўзбек тилидан бошқа тилларга ўгирилиши белгилаб қўйилди. Бир неча йиллар давом этган бу тажриба туфайли ўзбек тилидан қирғиз тилига илк таржималар майдонга келди. Албатта, улар бошқа йўналишдаги асарлар ўгирмаси эди, бадиий таржима эса 30 йилларда пайдо бўлди. Шуни ҳисобга олсак, бевосита ўзбек-қирғиз ва қирғиз-ўзбек бадиий таржима амалиёти юзага келганига ҳозир саксон йилдан ошди, деб айтса бўлади.

1934 йилда Илёс Муслим Қосимали Боялиннинг «Ҳожар» қиссасини ўгириб, алоҳида китоб тарзида чоп эттирди. 1939 йилда эса «Гулистон» журналида Тўқтағулнинг бир неча шеъри Эргаш таржимасида босилди.

Айниқса, эллигинчи йиллардан бошлаб қирғиз тилидан таржима қилиш янгича куч олди. Бу даврда атоқли адиб Тугалбой Сидиқбековнинг «Замонамиз кишилари» (1953), Тоғ болалари» (1954) ва «Тоғлар орасида» (1961) деган уч романи Илёс Муслим, Қодир Аҳмадий каби мутаржимлар ўгирмасида чоп этилди. Шунингдек, Муса Жонғозиевнинг «Ажойиб тоғлар» шеърий тўплами (1963) ва «Мовий Иссиқкўлда» қиссаси (1975) нашр этилди.

1964 йилда қирғиз адабиёти классиги Тўқтағулнинг таваллудига юз йил тўлиши муносабати билан «Соғиниб келдим» шеърлар тўплами нашр этилган (2014 йилда – оқиннинг 150 йиллик таваллуд тўйига атаб «Тўқтағул: қўшиққа эврилган, куйларга тўкилган умр» деб номланган янги камина қаламига мансуб таржима китоб дунё юзини кўрди). Шунингдек, атоқли қирғиз шоирлари ва носирларидан А.Тўқамбоевнинг «Дўстларимга» (1975), С.Эралиевнинг «Тоғлар фарзандиман» (1978), Т.Уметалиевнинг «Тўрғай навоси» (1969), С.Жусуевнинг «Довон» (1975), «Қанот билан Зарина» (2009), шнърлар тўпламлари, Ш.Абдирамановнинг «Танишларим» (1976), Т.Қосимбековнинг «Синган қилич» (1982) романи, М.Байжиевнинг «Менинг олтин балиқчам» (1980) деган насрий асарлари катта-катта ададларда нашр этилган. Яна қирғиз адиблари асарларининг таржималарига қайтадиган бўлсак, у ёки бу муносабат билан тузилган шеърий ва насрий тўпламларни кўрсатиб ўтиш лозим. Улар орасида ўнлаб қардош халқлар ёзувчи ва шоирларининг асарлари таржимаси тўпламларига киритилган қирғиз адабиёти намуналари ҳам, «Қизлар қаноти» сингари бошидан охиригача қирғиз шоирларининг илҳом намуналаридан иборат тўпламлар ҳам бор. Бу борада, болалар учун «Бир қалпоқ олтин» (1992), «Сеҳргар билан бола» (2014) сингари эртаклар таржимасини ҳам келтирсак, ўринли бўлади.

Бироқ шунча яхши таржималар орасида рус тили орқали ағдарилган қирғиз асарлари ҳам борки, улар аввалбошиданоқ муваффақиятсизликка маҳкум эди. Чунки улар матнида рус тилига хос жумла тузилишлари, беўхшов сўз бирикмалари кўп. Барча хорижий тиллардан фақат русча орқали ўгириш шарт қилиб қўйилган у даврда ҳатто қирғиз, қозоқ, туркман, озар, татар, уйғур, тожик каби қардош эллар адабиётидан ҳам ана шу тарзда кириб келган асарлар кўп бўлди.

Қирғиз сўз санъати намуналарини ўзбек китобхонига танитишда ўтган асрнинг ўрталарида Илёс Муслим жонбозлик қилган бўлса, олтмишинчи йиллар охиридан бошлаб бу «эстафета таёқчаси» Турсунбой Адашбоев қўлига ўтди ва ушбу таниқли болалар шоири қирғиз адибларининг ўттиздан ортиқ китобини таржима қилиб, улар билан ўзбек ўқувчиларини ошно қилди.

Аммо қирғиз сўз санъатининг ўзбек хонадонларига кириб келишида икки улкан адабий воқелик—»Манас» эпоси ҳамда улуғ ёзувчи Чингиз Айтматов асарларининг ўрни алоҳида. «Манас» эпоси «қисқартириб бириктирилган вариант» тарзида 1958 йилда илк бор уч жилд (тўрт китоб)да нашр этилган эди. Унинг I бўлим биринчи қисми янада катта қисқартиришлар билан 1964 йилда устод Миртемир томонидан ўзбек тилига таржима қилинди. Орадан ўттиз йил ўтиб, 1995 йилда – минг йиллиги нишонланаётган кунлари унинг иккинчи қисмини Султон Акбарий таржима қилди, болалар учун тайёрланган вариантини эса Турсунбой Адашбоев ўзбекчалаштирди. Яна қайд қилиб ўтишимиз лозимки, ўтган аср эллигинчи йиллари охирида Фрунзе шаҳрида чиққан «Қирғизистон ҳақиқати» газетаси ходимлари унинг баъзи қисмларини ўгириб, ушбу рўзнома саҳифаларида чоп эттиришган, XXI аср бошларида эса ўшлик айрим қаламкашлар эпоснинг у ёки бу вариантини ўзбек тилига ағдаришган ҳам.

Миртемир домланинг таржимаси ўзбек адабиётида алоҳида ҳодиса бўлиб қолди, у ҳақда ҳатто илмий ишлар ёқланган ҳам. Миртемир таржимаси қирғиз адиблари, олимлари томонидан ҳам жуда илиқ кутиб олинган ва маъқулланган. Бу ўринда биргина Чингиз Айтматовнинг Миртемирга берган баҳосини эслаб ўтиш кифоя бўлса керак. «… улуғ қирғиз эпоси «Манас»ни Миртемир, ҳа, бошқа биров эмас, айнан Миртемир ўзбек тилига ағдарди, —деб ёзган эди Чингиз Айтматов. —Ўйлайманки, бу умуман манасшуносликда, хусусан Миртемир шеъриятида, унинг таржимонлик фаолиятида ҳам, амалга оширилган жуда йирик, жуда қутлуғ ишлардан биридир… Биз энди Миртемир таржимасида ўзбек «Манас»ини ўқиймиз. Мен уни ўқир эканман, ҳар сафар Миртемирнинг туркий тиллар бўйича нақадар бой билимга эга эканлигини кўриб, ҳайратга тушаман. Унга, чамаси, фақат ўзбек тилигина эмас, қирғиз, қозоқ, қорақалпоқ, туркман тиллари ҳам яхши таниш эди, таъбир жоиз бўлса, унинг шеърий таомилига ошно ва ўнғай эди. Шунинг учун ҳам унинг ўзбек тилига қилган таржимаси «Манас»нинг буюк, гениал асл нусхасига мос, жуда рангин чиққан…»

Қирғиз қаҳрамонлик достонларига халқона соддалик, табиийлик хос, туркий тилларнинг асл хусусияти—жумланинг феъл-кесим билан тугалланиши, мисраларнинг уч бўғинли клаузула билан якунланиши кабилар хос. Миртемир таржима матнида ҳам ана шундай жиҳатларни имкон борича сақлашга интилди, мисралар ўрнини алмаштириш, мураккаб перифразалар қўллашдан воз кечиб, жайдари сўз ва ифодаларни имкони борича ўзгартирмаслик пайидан бўлди. Бу таржима шу жиҳати билан ҳам муҳим.

Асарнинг иккинчи қисмини ўгиришни Миртемир Султон Акбарийга тайинлаган. Боиси, камтарин номи бугун унча ҳам эсланмайдиган Султон Акбарий сўз бойлиги, таржима таомили борасида Миртемирнинг издоши, жўровози эди. Унинг таржимаси, гарчи қисқартишлар ҳаддан ташқари бўлса-да, руҳан Миртемир таржимасининг узвий давоми бўлди.

Ўзбек ва қирғиз тилларидан баравар баҳраманд бўлган Турсунбой Адашбоев таржимаси ҳақида ҳам шу гапларни айтиш лозим. «Манас» эпосининг 1000 йиллик тантанасида туркий давлатлар раҳбарларининг саммитида Қирғизистон Президенти қўлидан «Манас» катта олтин медалини тантанали равишда қабул қилиб олган дунёдаги беш адибдан бири айнан Турсунбой Адашбоев бўлган эди.

Чингиз Айтматов асарлари эса бизда олтмишинчи йиллардан бери таржима қилиниб келади. Унинг барча бадиий ижод намуналари, публицистикаси, эссе ва драматик асарларига қадар, орада ўтган ярим асрдан ортиқ давр мобайнида ўзбекчалаштириб келинди. Асил Рашидов, А.Отаметов, Иброҳим Ғафуров, Суюн Қораев сингари кўплаб мутаржимларнинг бунда хизмати катта. Улуғ ёзувчининг бир қанча асарлари эса такрор-такрор таржима қилингани айниқса аҳамиятли. Яна, шуни ҳам қайд қилиш жоизки, Чингиз Айтматов ижодининг хусусиятлари ёритилган тадқиқотлар, адиб билан учрашувлар, суҳбат ва интервюлар, Чингиз Айтматовнинг шахсияти ва асарлари ҳақида Ўзбекистоннинг ўзида чиққан мақолаларнинг рўйхати катта бир китоб бўлгулик. Шунинг учун бу ўринда уларни санаб кўрсатиш шарт эмас.

Шуни эътироф этиш керакки, ҳар қандай алоқалар, жумладан адабий алоқалар ҳам шахслар томонидан йўлга қўйилади. Давр, сиёсат бунда белгиловчи рол ўйнайди, аммо шахснинг ўрни барибир бўлак. Шу жиҳатдан, Миртемирнинг ўзбек-қирғиз адабий алоқалари ривожидаги ўрни катта.

«Миртемирнинг номи эсланиши биланоқ қирғиз адибларининг чеҳраси ёришиб, юзида самимий табассум пайдо бўлади, —деб ёзган эди Чингиз Айтматов. – Ҳа, Миртемир бизга жонажон дўст, сирдош оға эди; камтарин, камсуқум ажойиб инсон эди; хусусан, мен уни ҳеч қачон унутмайман, негаки у ана шу иззат-икромга арзирли иш қилган. У катта-кичик баҳоналар билан бизнинг юртимизда тез-тез бўлиб турар эди; съездларимизда, пленумларимизда, конференцияларимизда, хуллас, унинг эътиборига лойиқ кенгашларимизда иштирок этар, ҳамма ишларимизда фаол қатнашар эди. Уни ҳамма, у ҳам ҳаммани танир эди. У ўз кишимиз эди, унинг ташрифи самимият ва ҳарорат учқунларини алангалатиб юборар эди. Биз унинг сиймосида ўзбек адабиётини қадрлар эдик.»

Чингиз Айтматовнинг ўзи ҳам, худди Миртемир сингари, қирғиз-ўзбек адабий алоқаларини ривожлантириш борасида кўп жонбозлик қилган. Унинг Миртемирдан ташқари, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Тўлапберган Қаипберганов сингари кўплаб ўзбек ва қорақалпоқ ёзувчилари билан қадрдонлиги, адабий ҳамкорлиги бугунги ижодкорларга ҳам ибрат бўлгулик.

Қирғиз тилидан болалар учун асарларни ўзбек тилига ўгиришда жонбозлик кўрсатган яна бир мутаржим номини кўрсатиб ўтсак, ўринли бўлади. Бу таржимоннинг исми Зайнаб бўлиб, у аслида атоқли қирғиз шоири Алиқул Ўсмоновнинг хотини бўлган. Улуғ шоирнинг вафотидан сўнг, тақдир экан, Ўзбекистонга, Тошкент шаҳрига келиб қолади. Бирмунча вақтдан сўнг ўзбекнинг энг донишманд, билимдон таржимонларидан бири бўлган Шариф Толибовга турмушга чиқади. Ўзбек тилини хийла яхши ўрганиб олади ва қирғиз тилидан таржималар қила бошлайди. Жумладан, Шукурбек Бейшеналиевнинг болалар учун ёзган «Балли» (1960) ва «Қичан» (1967) деган икки қиссаси ва «Кичик чавандоз» ҳикоясини (1967)ни ўзбек китобхонлари айнан Зайнаб таржимасида ўқишган.

Мустақилликнинг дастлабки икки ўн йиллиги давомида қирғиз ва ўзбек адабиётлариаро таржимада сустлашиш юз берди. Иқтисодий қийинчиликлар, таржима учун қалам ҳаққи ажратишдаги эътиборсизликлар бунга сабаб бўлди. Сўнг, дунё миқёсида туркий муштаракликка интилишнинг кучайиши, мамлакатлар аста-секин оёққа туриб олиши натижасида туркий тиллардан ўзаро таржима қилиш ҳам ривожлана бошлади. Шу билан бирга, масалан, ўзбек тилига аввалгидай беш-олтита эмас, ўндан ортиқ туркий тилдан ўгириш анъанаси пайдо бўлди, қирғиз адабиётининг янги таржимонлари майдонга кириб келди. Бу ҳол юз жилдлик “Туркий адабиёт намуналари” (9 жилд – қирғиз адабиётидан) ва Ч. Айтматовнинг ўн жилдлик асарларини нашрга тайёрлашда айниқса яққол кўринди. Авлиёхон Эшон сингари ҳар икки тил билимдонларининг ўгирмалари аслиятга ҳар жиҳатдан мувофиқлиги билан ажралиб туради.

Албатта, бу янги таржималарни тавсифлаш, уларнинг фазилатларини инкишоф этиш, ибратли жиҳатларини кўрсатиш – янги, кенг бир мавзу, аммо бу алоҳида, бошқа бир мақоланинг мавзуи ҳисобланади.

 

 

Алишер Навоий институти учун

Зуҳриддин Исомиддинов

Яндекс.Метрика