ҲАР УРУҚҚА БИР ПОРТФЕЛЬ

    Шу кунларда Қирғизистонда Президентлик сайлови ҳамда мамлакатда ҳокимият шаклини ўзгартириш бўйича 2021 йилнинг 10 январида ўтказилиши кутилаётган референдумнинг тарғибот-ташвиқот ишлари авжида. Марказий сайлов комиссияси референдумга чиқарилган масалаларни тарғиб қилувчи гуруҳларни рўйхатга олди. Улар “Розилар” ва “Қаршилар” номидан сўзга чиқишади. Марказий сайлов комиссияси раиси Нуржан Шайдалбекова: “Ҳозиргача иккита тарғибот-ташиқот гуруҳи рўйхатга олинди. Яна бир нечта ташкилот рўйхатдан ўтгач, биз қуръа ташлаб, республика телеканалларида бўлиб ўтадиган баҳс кунларини белгилаймиз”, деб маълум қилди.

Референдум бюллетенига учта савол киритилган:

 * Президентлик республикаси

 * Парламент республикаси

 * Ҳаммасига қаршиман

    Маълумки, кўпгина жамоат ташкилотлари ва фаоллар ҳокимият шаклини ўзгартириш бўйича референдум ўтказилишига қарши бўлишган эди. Чунки ўз мажлисида референдум ўтказишни тасдиқлаган Жогорку Кенгешнинг ўзи қонундан ташқарида бўлган. Бу масала мамлакат Конституцион палатасида ҳам кўрилди. Палата эса тадбирнинг ўтказилишини қонуний деб топди. Бу энди Қирғизистоннинг ички ишлари. Бизнинг вазифамиз айтиб қўйиш холос.

Қирғизистонда кечаётган сиёсий жараёнлар ҳақидаги хабар ва мақолаларни ўқир экансиз, орадан асрлар ўтганига қарамай, кўчманчи халқларнинг даҳоси – Чингизхоннинг анъаналари ҳали узоқ яшашига амин бўласиз…

Тарихчиларга кўра, давлат бошқарувининг қурултой шакли Чингизхондан қолган. Агар қурултойни бир кенгаш сифатида қабул қиладиган бўлсак, бошқарувнинг ушбу шаклидан фақат қирғизлардагина эмас, бошқа туркий давлатларда ҳам фойдаланилган. Жумладан, Амир Темурнинг “Тузуклар” асарида: “…давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилишини англадим”, дейди. Албатта, улуғ Амир айтган “кенгаш ва машварат” ўз атрофидаги вазирлар ва саркардалар иштирокида бўлган. Мамлакатнинг долзарб муаммоларини йилда бир чақириладиган қурултойга олиб чиқилмаган. Бошқача айтганда, С. Жапаров истаётган қурултой тарихда қанчалик машҳур бўлмасин, ҳокимиятни охир-оқибат ҳукмдор бошқарган. Бир мақоламизда айтганимиздек, бу сафар ҳам “жуманинг ортидан шанба” кўриниб турибди…

Қурултой ҳақида бироз “машмаша” қилаётганимизнинг боиси Kaktus media ахборот агентлигининг cайтида “С. Жапаров нега қурултойни қонунлаштирмоқчи?” сарлавҳали мақола босилди. Унда Қурултой қирғиз халқининг анаъанавий бошқарув шакли бўлгани, демократик деб айтилаётган ҳозирги ҳокимият шакллари кейинги даврларда зўрлаб тиқиштирилгани, жумладан, “парламентаризм” мамлакат ривожига тўсиқ бўлаётгани, қирғиз халқи азал-азалдан уруғлардан иборат бўлиб, ўз анъаналарига доим содиқ қолиши ва қурултой халқни нурли келажакка олиб бориши ҳақида ишонч билдирилади.

Ҳа, майли қирғиз ҳалқи уруғ-уруғдан иборат экан. Аммо Қирғизистонда ўша “уруғ”лардан ташқарида мунғайиб турган кўп сонли халқлар ҳам борлигини С. Жапаров билармикан? Эртага Президент лавозимини эгаллаcа: “Биз янгилаш орқали тозалаймиз. Шаънларига доғ туширган ва малакасиз амалдорлар ишдан кетади. Шу пайтгача қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик, дўст-биродарлик боис юзага келган сиёсий ўйинлар, “портфель”ларнинг сотилгани туфайли ўз ишларининг ҳақиқий усталари бир четда қолиб кетди. Биз ана шундай ишларга барҳам берамиз. Давлат мансабларига кишиларни танлов асосида қўямиз”, деб айтаётган гаплари қанчалик мантиққа эга?

Унинг бундай йўл тутишига “уруғ”лар йўл қўярмикан? Қариндошлик қилмайдиган “уруғ”ни топиб бўлармикан? Бундай тозалашда битта “уруғ” бошқасини қуритиб юбормасмикан? Ўшандай пайтда яна бир айбсиз айбдор топилмаслигига ким кафолат беради? Чунки сайлов ва референдум фақат бир қавмнинг манфаатларига йўналтирилгани сезилиб турибди-ку!

   Дарвоқе, юқоридаги мақолада: “Тавсия этилаётган қурултой институти ҳозирча ярим чора. Ҳокимиятдан четда қолган уруғлар Олий ҳокимиятни назорат қилиш ва ўз манфаатларини баён этиш учун ўз вакилларини сайлашлари мумкин”, дейилади.

   Кўриниб турибдики, қурултойдан мақсад барча қирғиз уруғларининг қўлига биттадан “портфель” бериб, уларни “сен ҳукуматсин”, деб тинчлантириш. Бошқа халқларга эса бир латифада айтилгандек, шафтоли қоқи. Ярим чора шундай бўлса бутуни қанақа бўлади?

    Ваҳолонки, қирғиздан чиққан туркийларнинг буюк ёзувчиси Чингиз Айтматов шундай деган эди: “…эрамиздан аввал ҳам, эрамизнинг бошларида ҳам бирга яшаган туркий халқлар гоҳ Усунлар давлати, гоҳ Давлат ҳоқонлиги, гоҳ Қанглилар ҳоқонлиги, гоҳ Турклар қоғооноти, гоҳ Дашти Қипчоқ давлати, гоҳ Ўғузлар давлати деб аталган бўлса-да, аммо ҳаммаси уруғ-аймоқларни бирлаштиришга интилганлар. Сеники-меники деб, сен ўзимизники, сен бегона деб айирмачилик қилмаганлар”.

    Чингиз оғажон! Сирасини айтганда, совет даврида ҳам оддий халқ орасида айирмачилик йўқ эди. Амалдорлар айиришган. Ҳозир эса бу иллат юз чандон кучайган. Бугунга келиб у қурултой даражасига кўтарилганини кўриб турибмиз. Сиз шундай мустақилликни орзу қилганмидингиз?! Қани энди, бугун бир келиб кўрсангиз! Қани энди, ўша С.Жапаров мақсад қилган қурултой фақат бир қирғиз уруғларига эмас, бутун Қирғизистон халқига “портфель” – овоз чиқармай сайлашгина эмас, айни пайтда сайланиш ҳуқуқини ҳам берса… Сиз шундай қилармидингиз?!