«АНДИЖОН ПОЛКАСИ» НИНГ МУАЛЛИФИ

Андижонда полк жойлашган паркда Ўшлик санъаткорлар куй чалиб, беқасам чопон, этик ва чуст дўппи кийган Розияхон Мўминова саҳнага чиқиб шу куйга рақсга тушганида бутун полк аскалари тик туриб қарсак чалишади. Шу рақс кейинчалик “Андижон полькаси” номи билан машҳур бўлиб кетади. «Андижон полькаси» мусиқаси муаллифи кимлиги борасида жуда катта бахсларга сабаб булган бу дурдона асарнинг муаллифи ўшлик бастакор Зиёмиддин Шокиров эди…

Зиёмиддин Шокиров 1910 йили Андижоннинг Ҳаққулобод қишлоғида бой оилада туғилган. Онаси Зуҳрахон Шокир бойваччанинг учинчи хотини бўлиб, бойга 13 ёшида турмушга чиққан. Зиёмиддин бу оилади иккинчи фарзанд бўлиб, инқилобга яқин отаси қазо қилгандан кейин оила парокандаликка учради. Шундоқ ҳам яхши яшамаётган оилани кейинчалик қулоқ қилиш таҳдиди пайдо бўлгач, акаси Собиржон онаси ва Зиёмиддинни олиб, бир қўқон аравага юкларини солиб, Ўзганга қочишади. У ерда ҳаёт яхши кечмай, Андижонга қайтишади. Зиёмиддин одамлар хонадонида дастёрлик қилиб кун ўтказа бошлайди. Шунда маҳалла одамларнинг Зуҳрахонга раҳми келиб, Шамсидддин исмли қўғирчоқ ўйнатувчи кишига никоҳлаб беришади. Шамсиддин ота оилани бир жойга тўплайди. Собиржон ва Зиёмиддинларни малайликдан олиб келиб, сурнайчилик, доирачиликни ўргатади ва ўзи билан тўйларга олиб бориб, оиланинг молиявий аҳволини ўзгартиришга эришади.

Бир неча йиллардан кейин, истеъдоди кўриниб қолган Зиёмиддин Андижон театрида ишлай бошлайди. Ўша пайтлар Тўхтасин Жалилов, Ориф гармон, Ашурали сурнайчи каби буюк устозлардан санъат сирларини ўрганади. Шаҳарда аҳвол оғирлашиб, кун кўриш қийинлашгач, иш излаб Ўшга келади. Аввал Ўш циркида, кейин эса мусиқий театрида созанда бўлиб ишлай бошлайди. Тез кунларда Тожихон Ҳасанова, Лайлихон Моидова, Турсунхон Солиева каби хонандаларга қўшиқлар ўргата бошлайди.

Кунларнинг бирида Розияхон Мўминова ўзбек рақси тарихида эркаклар рақси қўймоқчи эканлигини айтиб, Зиёмиддин Шокировдан ўшанга мос куй тўқиб беришини сўрайди. Рақс тайёр бўлгач, Ўш санъаткорларининг Андижондаги декада кунлари Андижон истироҳат боғида ижро этилади. Рақснинг номи нима бўлсин, дейишганда, “Андижон полки” деб қўямиз дейишади. Сабаби у пайтларда Андижонда полк жойлашган бўлиб, инқилоб ишида фаоллиги билан машҳур эди. Рақс ижро этилганда томошабинлар тик туриб қарсак чалишади. Шу рақс кейинчалик “Андижон полькаси” номи билан машҳур бўлиб кетади. «Андижон полькаси» мусикаси муаллифи кимлиги борасида жуда катта бахсларга сабаб булган бу дурдона асарнинг ягона муаллифи Зиёмиддин Шокиров бўладилар.

Зиёмиддин Шокиров уруш бошланганда кўпчилик қатори жангга кетади. Қўшнай асбоби иккита ғаровдан тешиб очиб, мослашттирилган мусиқа асбоби бўлгани сабабли, кўп жой эгалламайди. Шу сабаб урушда ҳам уни доим ёнида олиб юриб, дам олиш пайтларида, яраланганда эса, госпиталларда чалиб, одамларнинг руҳини кўтаради. У ерда юриб рус, украин ва бошқа халқларнинг куйларини ҳам ўрганиб олади. Бир куни ҳужумдан сўнг, окопнинг ичида яраланган ҳолда қолиб кетади. Қараса, анча узоқда санитарлар ярадорларни излашаяпти. Чақирай деса, мадори йўқ, эшитишмайди. Қўшнайда “Светит месяц”ни чала бошлайди. Шунда бояги одамлар эшитиб, тезда етиб келишади – созанда шу сози туфайли ўлимдан қолади. Айтиб ўтиш жоизки, қўшнайни Ўшда фақат Зиёмиддин ота Шокировгина чалиб мусика ижро этган. Бахтли тасодифнинг карангки, Зиёмиддин отадан кейин қўшнай мусика асбобини Ўшда набираси Жамшид Шокиров эгаллаб, бобоси санъатининг ягона давомчиси булди.

Урушдан кейин Япон урушида ҳам қатнашиб, кейин юртга қайтади. Театрда аввал созанда, кейин театр дирижёри бўлиб ишлайди. У ўргатган қўшиқлар Тожихон Ҳасанова, Саримсоқ Каримов, Толибжон Бадинов, Қўзивой Мамажонов ва Олимжон акалар томонидан куйланиб, донғи чиқади. Ундан ташқари, кўп спектаклларга ҳам куй басталайди. Ёзувчи Абдуғани Абдуғофуров “Ўш фарзандлари” китобида ёзишича, Тошкентдан “Дилором” операсининг клавири (мусиқаси ёзилган ноталар)ни олиб келиш керак бўлади. Опера 40 отриқ турли ария, дуэт ва бошқа мусиқий ижролардан иборат бўлган. Зиёмиддин отага кириб спектаклни кўриш таклиф этилади. Бастакор спектаклдан чиқиб, опера муаллифи Мухтор Ашрафийга операнинг ярмидан ортиқ куйларини хиргойи қилиб беради. Шунда буюк композитор Зиёмиддин отанинг курраи ҳофизасига, иқтидорига тасанно ўқийди.

Зиёмиддин ота 60 ёшигача театрда ишлаб кўплаган иқтидорли шогирдлар етишиб чиқишига сабаб бўлди. Уч ўғли, икки қизи бўлиб, ўғли Зокиржон ака Ўш ўзбек академик театрда дирижёр, Муҳаммаджон ака Тошкентда «Баҳор» ансамблида созанда бўлиб ишлаган. Халкимизга «Муҳаммад гармон» деб танилган. Маъмуржон ака эса таникли ва истеъдодли бастакор. Кизлари эса адабиётни танлаб ўз танлаган касбларида кўп йиллиб меҳнат қилдилар.

Зиёмиддин ота Шокиров такволи ва ибодатгуй инсон эди. Шайх Шомуҳаммад домладан ислом дини илмларини ўрганган эдилар.

1993 йил 27 июлда нуроний ёшда вафот этган. Кабри Ўшнинг Амир Темур мавзеида жойлашган «Янги қабристон» қабристонида.

 

Алишер Навоий институти учун

Одилжон Дадажонов

 

Яндекс.Метрика