АЙТМАТОВНИНГ АЙТГАНЛАРИ

    Эскилар “Аввал иқтисод, кейин сиёсат!” дейишган. Аммо эндиликда дунё мамлакатларининг аксарида сиёсат биринчи ўринга кўтарилгани маълум. Кичик ва камбағал давлатлардагина эмас, дунёга ваъз айтаётган давлатларда ҳам сиёсий жиққамуштлар, Президентлик тахти учун курашлар тинмаяпти. Қадимгиларнинг панд-насиҳатларига ўрин қолдирилмаяпти. Ўшандай курашлар тинимсиз юз бераётган Қирғизистонда ўтган йилги иқтисодий аҳвол қандай эди ва бу йил қандай бўлади?

Бу йил қандай бўлиши фақат Оллоҳга аён. Ўтган йили эса, “Кактус медиа” ахборот агентлигига кўра, Қирғизистон иқтисодиёти синовларга бой бўлган. Бир неча бор такрорланган пандемия тўлқинлари натижасида кўпчилик дўстлари ва яқинларидан айрилиш баробарида иқтисодий тақчилликка ҳам юз тутилган. Йилнинг дастлабки олти ойидаёқ ишчи ўринлар қисқариб, аҳоли дори-дармон тақчиллиги ва соғлиқни сақлаш тизимидаги нохуш ҳолатларни ўз танасида синаб кўрган.

Шуни айтиш керакки, 2020 йил қирғизистонликлар нафақат ижтимоий-сиёсий ҳаётида, шунингдек, иқтисодий соҳада ҳам қаттиқ зарбаларга дучор бўлишди. Мамлакатда ЯМИ, яъни ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш 2019 йилнинг ўн бир ойига нисбатан 8 фоизга пастлади. Иқтисодиётнинг пастлаши айниқса, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида яққол кўзга ташланган. Транспорт, таълим, улгуржи ва чакана савдо ҳам катта зиён кўрган. Савдо ва хизмат кўрсатиш 2019 йилга нисбатан 15,5 фоизга тушиб кетган. Саноат ишлаб-чиқариши эса 2019-йилнинг октябр ойига нисбатан 14 фоизга, ноябрь ойига келиб эса 21 фоизга тушиб, 2019-йилга нисбатан 5,5 фоизга пастлаган. Хусусан, фойдали қазилмалар қазиб олиш 31 фоизга тушиб кетган. Енгил саноат, кийим-кечак, пойабзал тикиш ишлари касодга учраган. Қирғизистонда 2020 йилда саноат моллари ишлаб чиқариш 2019 йилга нисбатан бир неча миллиард қирғиз сўмига пастлаган.

Хўш, Қирғизистоннинг 2021 йилдаги итисодиёти қандай кечади? Ана шулар ҳақида ўйлар эканман, даҳо ёзувчи Чингиз Айтматовнинг бир суҳбатда айтганлари ёдимга тушади: “Шарқнинг бир қатор файласуфлари асарларини ўқиб, қуйидаги умумий хулосага келдим, – деган эди адиб. – Давлат бошлиқлари ўз хусусиятларига кўра уч турга бўлинади.

Уларнинг биринчисига барча фазилатлар Худо томонидан берилади. Бундай ҳукмдорлар узоқ вақт давр суради; ўз мамлакатига, ўз халқига фақат фойда келтиради.

Иккинчиси – ўз ишларида бошқаларга тақлид қилади. Уларнинг кўпчилиги хийлакор ва маккор бўлади. Жамиятни таг-туби билан ўзгаритиб юборадиган янгиликларга қодир эмас. Одатда эскиликни сақлаб, мустаҳкамлаб қолишга ҳаракат қиладилар.

Учинчиси – ўзи ҳеч нарсани билмайди, бошқалардан ҳам ўрганмайди. Тасодиф туфайли давлат бошқаруви жиловини қўлга олади ва тез орада ҳокимиятдан ажрайди. Ҳар қандай ишни бақир-чақир билан ҳал этмоқчи бўлади. Баҳс-мунозарани эса уруш орқали ҳал этмоққа уринади. Халқни қирғинга дучор этиб, мамлакат бойлигини ҳавога совуради”.

Бу йил Қирғизистонда ҳокимият алмашди. Унинг иқтисодий аҳволи қандай бўлиши иқтидорга янги келган раҳбар юқоридаги таснифнинг қайси бирига мансублигига боғлиқ.

 Холис Назар.