ҲАЙКАЛЛАР ЗАМОНИ 26- СУҲБАТ

Ҳайкал ва ёдгорликлар ҳам, моҳиятан, зиёрат объектидир. Гарчи ўтмишда Марказий Осиёда, жумладан, Ўшда ҳам зиёратгоҳлар кўп бўлса-да, ҳайкал тиклаш анъанаси йўқ эди. Совет ҳокимияти йилларига келибгина бу шаҳарда ҳам, собиқ Иттифоқнинг бошқа кўп жойларида бўлгани каби, сиёсий арбоблар – Ленин, Сталин, Киров ва бошқаларнинг ҳайкаллари тикланган. Бора-бора ҳайкал ўрнатиш шу қадар авж олдики, ҳар бир мактаб дарвозаси олдида салют бериб турган пионер бола ва қиз, ҳар бир стадион бўсағасида спортчи йигит-қизлар ҳайкали, колхоз ва совхозлар, ўртамиёна давлат идоралари бўсағасида бор бўйи билан, у бўлмаса, “бюст” шаклида сиёсий арбобларнинг ҳайкаллари қалашиб кетди. ХХ аср охирига келиб эса уларнинг сони янада ортди. Ҳозир Ўшда Алишер Навоий ҳайкали, Тўқтағул Сотилғанов ҳайкали, Қурбонжон додхоҳ ҳайкали, Афғонистон байналмилалчиларига қўйилган ҳайкал, Барсбек хоқон ҳайкали, “Бахтли оила” ҳайкали, Киров ҳайкали, Ленин ҳайкали, Манаснинг хотини Хоникейга қўйилган ҳайкал, “Мангу олов” мемориал мажмуаси, “Мотамсаро она ҳайкали, Насриддин афанди, Олимбек додхоҳ ҳайкали, “Ойкўл Манас” ёдгорлик мажмуаси, Ўрозбеков ҳайкали, Помир трассасида қатнаган “полуторка”, Рисбой Абдуқодиров ҳайкали, Султон Ибраимов ҳайкали сингари ўнлаб ҳайкаллар бор.

Алишер Навоийга 1968 йил Ўшда ўрнатилган ҳайкал

    Интернет маълумотларида Навоийга Ўзбекистондан ташқари яна тўрт жойда – Москвада, Токиода, Вашингтонда ва Бокуда ҳайкал қўйилгани қайд қилинган. Аммо Алишер Навоийга Ўзбекистон ташқарисида илк бор қаерда ҳайкал ўрнатилганини ҳамма ҳам билавермайди. Шоирнинг бундай ҳайкали илк бора 1968 йилда, таваллудининг 525 йиллиги муносабати билан Ўшда (Навоий кўчасида – Навоий номидаги маданият ва истироҳат паркига кираверишда) тикланган эди. Бу ҳайкал ўша 1968 йилдан буён шаҳарнинг маданий обидаларидан бири ҳисобланади.

Қизиқки, “маҳаллий халқ вакиллари”нинг биронтасига олтмишинчи йилларгача ҳайкал қўйилмаган, одамлар ҳам ҳайкал фақат инқилоб доҳийларига қўйилишига ўрганиб қолишган эди. Шу сабабли, Ўшда Алишер Навоийга ҳайкал қўйилиши ҳамманинг диққат-эътиборини тортди. Бу ҳайкал шу йўналишдаги илк ёдгорликлардан саналади. Уни Қирғизистонга кўчиб келиб, Ўшда ишлаётган ҳайкалтарош Давид Хеидзе ясаган эди. Гарчи бу обида, ундаги шоирнинг қиёфаси бир қадар ўзбекча эмасдай туйилса ҳам, ундаги улуғворлик, тамкинлик бу нуқсонини ювиб ташлайди. Ҳайкалнинг бўйи 2,2 метр бўлиб, 2 метрли постаментга қўйилган.

Аммо шоирнинг 525 йиллик юбилейи нима сабабдандир, Ўзбекистонда икки йилга кечиктирилди, шу сабабли, Ўшда ҳам Навоийнинг тўйи 1968 йилда байрам қилинди. Шаҳар марказидаги Навоий номи билан аталувчи маданият ва истироҳат боғига кираверишда мазкур ҳайкал қад ростлади.

Шоир юбилейини ўтказиш, жумладан, ҳайкалини тайёрлатиш ҳамда ўрнатишга фидойи ўқитувчи, ўша йилларда Ўш шаҳар ижроқўми раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган Шарофхон Норбоева бош-қош бўлганини, ҳайкалнинг очилиш маросимида шаҳар раҳбарияти номидан нутқ сўзлаганини бугун миннатдорлик билан қайд этишга бурчлимиз.

 

Шарофхон Норбоева

 

Орадан талай йиллар ўтди. Мустақиллик ва бозор иқтисодиятига ўтиш даврида ҳамма нарсага бозор талабларидан келиб чиқиб ёндашилгани боис, ҳатто Навоий ёдгорлиги атрофини ҳам турли дўкончалар қуршаб олиб, ўтган асрнинг охири ва ҳозирги аср бошларида ҳайкал яқиндан кўринмайдиган ҳолга келди. Бунинг устига, 2010 йилда миллатлараро негизда юз берган тартибсизликлар вақтида бир гуруҳ бузғунчилар, азбаройи жоҳиллик туфайли, улуғ шоирга тикланган ҳайкални қулатишга ҳаракат қилдилар, бунинг иложи бўлмагач, тош ва темирлар билан уриб, зиён етказишга уриндилар. Фақат тўполонлар тингач, ҳайкал бироз таъмирланди. Тақдирнинг иноятини қарангки, беш юз йилдан буён Навоийнинг нафақат муборак номи ва оташин сўзи “авжидан қуйи энмади” (Навоий ибораси), балки эллик йилча аввал қўйилган ҳайкали ҳам шу қадар пойдор эканки, ваҳшийлар тўдаси, ҳарчанд уринмасин, уни қулатиш уддасидан чиқа олмади.

Айнан 2010 йил Навоий хотираси учун бироз нохуш келгани ажабланарли. Ўша йилнинг 20 март куни Мозори шариф шаҳрида Афғонистон вице-президенти Абдурашид Дўстумнинг саъй-ҳаракати билан Навоий барельефи ўрнатилган эди, орадан роса бир ой ўтиб – 20 апрел тунида унинг юзига шикаст етказилди, барельеф сирти металл буюм билан тирналди. Ҳар икки ҳолатда ҳам ўтмишдан бехабар, келажак билан ҳам иши йўқ вандаллар майдонга чиқди. Ўша талотўп кунлари Ўшда Навоий ҳайкалининг туриши кимларни бу қадар ғазаблантиргани эса ҳозиргача ҳам “номаълум”…

Бу ҳайкал теварагидаги ғавғолар шу билан тугагани йўқ. 2015 йилда Ўш ўртасидан оқиб ўтувчи Оқбура дарёсининг шарқий ва ғарбий соҳилларини туташтирувчи янги баланд кўприк барпо этилгач, унинг ёнидаги Навоий ҳайкали ўз-ўзидан пастликда қолиб, қандайдир ачинарли кўриниш касб этди. Шу сабабли, айрим зиёлилар Навоий ҳайкалини шоир номидаги маданият ва истироҳат боғининг энг ўртасига ўрнатиш ташаббуси билан чиқмоқдалар. Бу ниҳоятда тўғри ечим бўлур эди, чунки Навоийнинг руҳи талотўп бозир иқтисодиёти замони руҳига, юз-юзлаб машиналарнинг тутун пуркаб, ўкириб ўтишига эмас, балки сокин-осойишта чаманзор ичра гул-чечакларнинг барқ уриб туришига ҳамоҳанг.

Нима бўлганда ҳам, Навоий фақат ўзбекларнинггина эмас, барча туркий халқларнинг улуғ шоири. Шундай экан, бу зотни Ўшлик ўзбекларгина эмас, балки барча Ўшликлар – қирғизлар, татарлар, бошқирдлар… ҳам эҳтиром этиши тўғри бўлар эди. Ва биз ишонамизки, вандаллик васвасалари тинар, осмондан тушгандай бўлиб қўлга кирган истиқлол шавқи ҳам босилар, яна маърифат даврига қайтармиз. Ана ўшанда бир гуржи санъаткори меҳр билан яратган бу ҳайкалнинг тевараги яна бўстон бўлади, одамлар унинг пойига гуллар қўя бошлашади. Миллатлараро можаролар тарих ахлатхонасига супуриб ташланиши муқаррар, барча халқлар, жумладан, туркий эллар ҳам, яна азалий иноқликларига, бирдамликларига қайтиши аниқ. Чунки ёвлашган эмас, қўлни қўлга бериб ҳаракат қилганлар тараққий этади. Ана ўшанда мамлакат бош кенти Бишкекда ҳам, бошқа барча туркий давлатларнинг пойтахтларида ҳам туркий халқларнинг энг улуғ шоири Навоийнинг ҳайкаллари қад кўтаради. Нафақат туркий давлатлар марказида, балки ер куррасининг ўнлаб шаҳарлари ҳам дунёнинг номдор шоирларидан бири бўлган Алишер Навоийнинг ҳайкаллари билан янада оройиш топади.

Гап фақат ҳайкал тиклашда эмас. Ҳайкал – бор-йўғи эҳтиром рамзи, холос. Бошқа бир нарса муҳимроқ – қаердаки Навоийнинг ҳайкали қад ростлаб турар экан, бу жойда шоирнинг ўзи муқаррар эъзозланади, асарлари ўқиб-ўрганилади. Навоий эса шундай даҳо ижодкорки, ким уни англаса – ўзини англайди, инсон сифатида тобора юксалади, янада инсонийлашади.

1969 йилда улуғ қирғиз оқини Тўқтағул Сотилған ўғли таваллудининг 105 йиллиги санасида шоир номи билан аталадиган маданият ва истироҳат боғининг бўсағасида унинг ҳайкали ҳам очилди. Тўқтағулга кейинчалик унинг номи билан аталувчи вилоят кутубхонаси рўпарасида ҳам  муаззам ҳайкал ўрнатилган.

Бироқ ҳайкаллар борасида бир гапни айтиш керак: собиқ Шўролар давлатида, нима учундир, барча ҳайкаллар маҳобатли, улуғвор қилиб, бир тантана бошида тургандек қилиб ясалар, баланд ва мустаҳкам тагликка ўрнатилар, бунинг оқибатида, уларнинг сиймосида оддий инсонга, ижодкор шахсга хос бўлган майинлик, одмилик, қисқаси, самимият камайиб кетар ва кўпинча ушбу ҳайкал постаментида унинг ким эканлиги ёзиб қўйилмаса, кимнинг ҳайкали экани ҳам унча аниқ-тиниқ бўлиб ажралиб турмас эди. Бу ҳол, ҳатто ҳозир ҳам, кўп жойларда давом этаётир. Ҳолбуки, дунёнинг аксар мамлакатларида шоир ва адиблар, ҳатто сиёсий арбобларнинг ҳайкали ниҳоятда табиий, жонли қилиб ясалади, паркларда шундоққина ерга ўрнатилади, одамлар бу азиз “сиймо”лар билан қўл бериб кўришадилар, елкасига қўл ташлаб, бирга расмга тушадилар, шу адиб, шу оқин, шу давлат арбоби билан янада қадрдонлашадилар. Бунинг аҳамияти эса, монументал, ўта қимматбаҳо, ҳиссиз ҳайкаллар қўйишга қараганда анча ўзгача.

Азиз дўстлар!

 Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг  2019 йилда чоп этилган Она  юртим  – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.

Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”,  деган эди.

Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.

Яндекс.Метрика