ҚУТҚУ ЭМАС – ОҚИЛОНА СИЁСАТ ЗАРУР

Алишер Навоий Институти баёноти

Қирғизистондан келаётган хабарларга кўра, Ўш шаҳридаги аксар ўзбеклар истиқомат қиладиган маҳаллаларда, хусусан, Амир Темур мавзесида бир неча кундан буён фавқулодда нотинч вазият ҳукм сурмоқда. Кўчаларда қуролли аскарлар, ҳарбий техникалар пайдо бўлган, тинимсиз ўқ овозлари янграган. Маҳаллий аҳолининг бизга маълум қилишича, юзага келган хавотирлар туфайли одамлар кундалик юмушлар билан уйларидан ташқарига чиқишга ҳам юрак бетламай қўйган, ва табиийки, бундан беш йил аввал айни шу кунларда содир бўлган қонли воқеалар хотиралари ҳамманинг юрагига яна ғулғула солган. Одамлар Россияда ишлаётган яқинларига саросима ичида қўнғироқлар қилиб, ўз хавотирларини билдиришган. 

Расмийлар чинакам вазият борасида узоқ давом этган сукунатдан сўнг, ниҳоят бугун хабар тарқатганлар. Расмий хабарларга кўра, Ўш шаҳрида аксилтеррор амалиётлари ўтказилган. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Оврўпада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ОХҲТ) Бишкекдаги маркази билан ҳамкорликда амалга оширилган ушбу тадбирларда Ички ишлар, мудофаа, фавқулодда вазиятлар, соғлиқни сақлаш вазирликларининг маҳаллий бўлинмалари иштирок қилган. «Ош-Антитеррор-2015», деб номланган машқлардан мақсад «Ўш шаҳри ва Ўш вилоятида юзага келиши эҳтимоли бўлган террор таҳдиди шароитида террористик хатарларни аниқлаб, бартараф этиш, шунингдек, кучишлатар тизимларнинг ўзаро ҳамкорлигини текширувдан ўтказиш» бўлган. Машқлар дастурига кўра, шартли террорчилар гуруҳи ўрта мактаб ўқувчиларини гаровга олиб, маҳаллий милиция бўлинмасини эгаллагач, улар билан музокаралар ўтказилади. Аммо музокаралар натижа бермаганидан сўнг, гаровдагиларни озод қилиш ва террорчиларни йўқ қилишга буйруқ берилади. Шу билан бир вақтда Ўш вилояти ҳудудида бошқа бир жангарилар гуруҳини йўқ қилиш бўйича кенг қамровли ҳарбий амалиёт ўтказилгани ҳам хабар қилинади. 

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тарқатган хабарда машғулотлар бугуннинг ўзида, яъни бир кун давомида ўтказилгани айтилади. Аммо маҳаллий аҳоли эса бу хавотирли ҳолат уч кундан буён давом этаётганини таъкидлайди. Шу кунлар давомида одамларни тинчлантириш учун тайинли тушунтиришлар берилмаган. Ўш шаҳрида ҳукм сураётган бугунги хавотирлар ҳақида хабар тарқатган саноқли ахборот агентликлари, хусусан, http://www.fergananews.com портали саросималарга сабаб бўлган бу машғулотларнинг ўта бемаврид эканига урғу беради. «Беш кундан сўнг 2010 йил июнь қирғинига беш йил тўлади, – дейилади http://www.fergananews.com хабарида, – беш йил аввал ўшликлар қонли фожиани бошдан ўтказдилар, қуролли ҳарбийларнинг ўзбек хонадонлари олдида пайдо бўлиши эса одамларда ваҳима қўзғаши, балки эса уларнинг нафратларини ошириши ҳам табиийдир. Ушбу ҳарбий машғулотлар беш йил аввал содир бўлган чинакам фожиани хотирга солган театрлаштирилган томоша бўлди, эндигина ўзига келаётган одамларни ўша қонли воқеаларнинг аламли хотиралари гирдобига яна қайта улоқтирди. Бундан асл муддао нима? Айнан ўша қонли воқеалар санасида бу каби мудҳиш томошани ким ва нима мақсадда уюштирди? ОХҲТнинг Бишкекдаги ваколатхонаси ушбу аксилтеррор амалиётни ташкиллаштиришда иштирок қилгани Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тарқатган хабардан англашилар экан, юқоридаги саволлар обрўли айни шу халқаро ташкилотга ҳам бевосита тааллуқлидир. Қонли қирғинлардан сўнг жони омон қолган одамлар бошдан кечирадиган пост-травматик ҳолатлар ҳақида бирор нарса биласизларми, оврўпалик муҳтарам жаноблар?»     

Маълум бўлишича, БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Марказий Осиё давлатларига сафари доирасида айнан 11 июнь куни Ўш шаҳрига ташриф буюриши кутилар экан, маҳаллий фаоллар билан учрашувлар чоғида, содир этилган қирғиндан сўнг ҳам миллий озчиликлар ҳуқуқлари мунтазам поймол этилаётгани ҳақида исталмаган кимдир биров муҳтарам меҳмонга маълум қилиб қўйишининг олдини олишга қаратилган таъсирчан восита сифатида ҳам кўрилмоқда ушбу машғулотлар.

Ўз навбатида, Алишер Навоий Институти айнан 2010 йил фожиали воқеалари санасида ўтказилган сўнгги ҳарбий амалиётларни миллий озчиликларни мунтазам қўрқув остида ушлаб туришга йўналтирилган шу каби тадбирлар мажмуининг таркибий қисми сифатида кўради ва оқибатлари ўйланмаган қўпол провокация, деб баҳолайди. Шунингдек, қирғиз ҳукуматини бу каби шубҳали ва уқувсиз ҳаракатлардан воз кечиб, миллий тотувликни амалда қарор топдиришга хизмат этувчи, фожиали воқеалар оқибатида жиддий дарз етган миллий муносабатларни тиклашга қаратилган оқилона сиёсий қадамлар ташлашга даъват этади.

Алишер Навоий Институти

Яндекс.Метрика