ЖАЛОЛОБОДДА НАВОИЙ ТАВАЛЛУД КУНИ НИШОНЛАНДИ

Бутун Қирғизистонда бўлганидек Жалолобод вилоятида ҳам навоийхонлик тадбирлари бўлиб ўтди.

Жалолобод вилоятининг барча шаҳар ва туманларида, олий, ўрта-махсус, умумтаълим ўқув юртларида шеърият мулкининг султони, буюк мутафаккир Мир Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллигига бағишланган байрам ва маъданий-маърифий тадбирлар, ғазалхонлик кечалари, учрашув ва давра суҳбатлари бўлиб ўтди.

Давомий тарзда Жалолобод вилоятининг барча ҳудудларида жаҳон эътироф этган аллома бобомиз таваллудининг 583 йиллиги кенг нишонланди.

Беназир шоир туғилган куни муносабати билан 9 февралда Жалолобод шаҳридаги Олим Усмон номли 7-сон ўрта мактабда, Алишер Навоий номли 8-ўрта мактабида, Сузоқ туманидаги Фурқат номли, Бозорқўрғон шаҳридаги Алишер Навоий номли 4-ўрта мактаби ва Бобур номли 3-ўрта мактабларда тантанали бадиий тадбирлар бўлиб ўтди.

Тадбирларда Қирғизистон Миллий Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, Жалолобод вилояти ва туман ҳокимлиги, Маънавият маърифат маркази туман бўлинмаси вакиллари, маҳаллий ёзувчи, шоир, журналистлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирок этишди.

Шундай тадбирлардан бири бугун Жалолобод шаҳридаги Алишер Навоий номли 8-ўрта мактабида кўтаринки рухда ўтди. Мактаб директори Қушубақова Эльмира Абдуллаевна бошчилигида ташкил этилган тадбирда ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари Шарифахон Ҳолдорова, Нодирахон Анашхўжаева, Машҳура Мирзаҳамдамова, Раънохон Болтабоевалар буюк сиймонинг ўзбек адабий тилига қўшган беқиёс хиссаси бобида эҳтиром ила чиройли кўринишлар намойиш этилиб, шеър ва ғазаллар ўқилди.

Тадбирни мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Шарифахон Холдарова олиб борди. Жалолобод вилоят ўзбек миллий-маданий маркази раиси Латифжон Аҳмадалиев барча жалолободликларни ўзбек адабий тилининг асосчиси мир Алишер Навоийнинг 583 йиллиги билан қизғин муборакбод этди. У Қирғизистонда Навоий бобомиз номлари билан юритилувчи боғлар, илм-фан, маданият масканлари фаолият кўрсатаётганлиги халқимизнинг шоир сиймосига бўлган эҳтиромнинг ёрқин намунаси эканлигини таъкидлади.

– Навоий сиймоси, у яратган асарлар умрбоқийлигининг сирларини ўрганиш, сабоқ олиш буюк мутафаккир яшаб ўтган даврнинг ўзидаёқ бошланган, – деди Латифжон Аҳмадалиев. – Шоир яшаб ўтган даврдан кейин барча замонларда унинг ижодий фаолияти, жаҳон адабиётининг дурдоналарига айланган асарлари адабий жараён, бадиий тафаккур тараққиётида йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилмоқда. Мумтоз адабиётимиз тарихида бирор ижодкор йўқки, Навоийни ўзига устоз деб билмаган, унинг ғазалларига назира боғламаган бўлса.

Тадбирда сўзга чиққанлар, Ҳазрат Навоий ижоди, фаолияти, бетакрор асарлари, унда илгари сурилган ватанпарварлик, севги ва муҳаббат, дўстликка садоқат, устоз-мураббийларга, ота-оналарга ҳурмат туйғулари беназир сатрларда юксак маҳорат билан талқин этилгани, ўзбек тили ва ўзбек классик адабиётига асос солган буюк тилшунос олимнинг ижодини ўрганиш ҳар бир адабиёт шинавандаси, ҳар бир қирғизистонликнинг муқаддас бурчи эканлиги алоҳида таъкидланди.

Тадбирларда Алишер Навоий асарларини ўрганиш, унинг бебаҳо меросидан ёш авлодни юксак маънавиятли, теран тафаккурли, юксак ижодий-интеллектуал салоҳият соҳиби этиб камолга етказишдек эзгу ишларни амалга ошириш зарурлиги тўғрисида саҳна кўринишлари ижро этилди.

Юқорида таъкидланганидек, бугунги кунда бутун юртимизда бўлганидек, навқирон Жалолобод вилояти ва шаҳрида кўплаб таълим муассасалари, кўчалар, маҳаллалар, гузарлар, истироҳат боғлари ва бошқа ижтимоий соҳа объектлари буюк Алишер Навоий номи билан юритилади. Бу, албатта, алломага бўлган чексиз ҳурмат ва эҳтиром белгисидир.

 

Алишер Навоий институти учун

Одилжон ДАДАЖОНОВ

 Жалолобод.

 

 

 

 

Яндекс.Метрика