Ўшлик журналист ва ёзувчи Маҳмуджон Қозоқбоев Қўқон тарихига оид “Чақмоқли милтиқ”, “Туркистон қозони” тарихий қиссалари билан ўзбек китобхонларига яхши таниш.
Шу йил 8 ноябрь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида унинг “Ўзбекхон” (“Олтинўрда сирлари” туркумидан) романи тақдимоти бўлиб ўтди. Бу анжуманда ёзувчилар, шоирлар, жамоат фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашишди. Тарихий сюжетларга бой бўлган «Ўзбекхон» романи ўз ўқувчиларини топиши ҳамда уларнинг севимли асарларидан бири бўлиб қолишига ишонч билдиришди.
Муаллифнинг қатъий таъкидлашича, “Ўзбекхон ислоҳотлар қилган ҳукмдор сифатида кучли тарихий шахсдир. У 19 та улусни ўзи ишонган одамларга топширади. Урбанизацияни ривожлантирди, у ерларда асосан даштлик кўчманчилар эди.
Анжуман иштирокчилари романнинг тарихий ва бадиий қимматини таъкидлаш билан бирга, кейинги йилларда ўзбек адабиётида бирёқламаликдан қочишга интилиш кучайганлигини, чунончи, тарихий шахсларга баҳо беришда айрим сиймоларни “оппоқ” қилиб кўрсатиш, яна бошқаларини эса доимо салбий бўёқларда тасвирлашдан воз кечиб, ўтмишни бор бўйича кўрсатишга ҳам киришилаётганини мамнуният билан қайд этдилар. Илгари, масалан, Темурийлар асосан мадҳ этилиб, унга қарши от сурган Шайбонийлар жоҳил тўда бошлиқлари, тараққиёт душмани этиб кўрсатилган бўлса, эндиликда уларнинг ҳар бирига имкон қадар адолат кўзи билан қараш кучайди.
Олтинўрда ҳоқонларидан бўлган Ўзбекхон образи масаласида ҳам шундай дейиш мумкин. Ёзувчи Маҳмуджон Қозоқбоевнинг кўп йиллик изланишлари маҳсули бўлган ушбу роман шу кунларда кўпсонли адабиёт муҳиблари қўлига етиб боради.
Ўзбек давлатчилигида муҳим ўрин тутган Олтин Ўрданинг буюк ҳукмдори Ўзбекхон ҳақидаги мазкурда тарих илмида кам ўрганилган, аммо тарихимизнинг бир бўлаги бўлган Олтин Ўрда давлатида кечган воқеалар тасвирланган.
Ўзбек китобхонлари учун машҳур ва қудратли ҳукмдор Ўзбекхон сиймоси анча мавҳум эди, – деб ёзади журналист Ҳаким Жўраев. – М. Қозоқбоев ана шу кемтикликни тўлдиришга ҳаракат қилди. У Ўзбекхон ҳаёти билан боғлиқ манбаларни пухта ўрганиб чиқади.
Воқеалар гоҳ Олтин Ўрда, гоҳ Қрим, гоҳ Кавказ, гоҳ Сарой Боту, гоҳ Шом ва Мисрда кечади. Бу албатта, муаллифдан юксак билим, иқтидор ва меҳнат талаб этади. М.Қозоқбоев бу ишга жасорат билан киришган ва бунинг уддасидан чиққан. Олтин Ўрда мамлакатида ислом динининг давлат дини мақомига кўтарилишида буюк роль ўйнаган Султон Ғиёсиддин Ўзбекхон ҳақидаги бу асар ана шу жиҳатлари билан ҳам қимматли.
Зуҳриддин Исомиддинов