ТАХТИ СУЛАЙМОН

Зуҳриддин Исомиддинов

   
Ўш шаҳри ҳозир Сулаймон тоғини ўраб туради. Аммо даставвал – уч минг йилнинг нарисида тоғ асосан Ўш шаҳрининг шарқи-жанубий томонида қад кериб турган. Ўш шаҳрининг қалъа деворлари, жанубда Сулаймон тоғига туташган ҳолда, ҳозирги Жўпас (Жўйи паст) атрофидаги маҳаллалар.

Шаҳиддепа яқинидаги жойларни ўз ичига олган, дейиш мумкин. Оқбура дарёсининг шарқий қирғоғи ҳам Ўш деб аталган, аммо бу жойлар бирмунча кейин обод бўлган. “Бирмунча кейин” дегани эса жуда шартли, чунки ҳозирги Имомота маҳалласи ҳудудидан топилган Искандар Зулқарнайн аскарининг қабри бу мавзе камида йигирма беш аср – икки ярим минг йил аввал ҳам аҳоли манзилгоҳи бўлганини далиллайди. Аммо ғарбий томон – тоғнинг шимолидаги маҳаллалар тарихи энг узоқ даврни ўз ичига олиши шубҳасиз.
Демак, Ўш халқи бу тоққа ана шу нуқтадан – тоғнинг шимоли-ғарб тарафидан назар солгани ва уни икки ўркачли эркак туя – бурага ўхшатиб, Буракўҳ (бура – қўш ўркачли нортуя, кўҳ – тоғ) деб атагани маълум бўлади. “Бобурнома”да ҳам ушбу тоғ Буракўҳ деб тилга олинган. Дарҳақиқат, айтайлик, Шаҳидтепа мавзеидан туриб бу тоққа қарасангиз – бугунги кўз билан эмас, поэтик тасаввур заха емаган давридаги қарашлардан келиб чиқиб боқсангиз, у бошқа бирон жониворга қараганда кунчиқарга тумшуғини чўзганча чўккан икки ўркачли бура туяга жуда-жуда ўхшашига ўзингиз ҳам амин бўласиз.

Туяни, айниқса, биз томонларда ҳозир деярли йўқолиб кетган икки ўркачли туяни, унинг чўкиб ётган ҳолатини умрида кўрмаган ҳозирги замон одами буни тасаввур қилиши ҳам маҳол. Бироқ илгариги замонларда бу туя бизда бир ўркачли туяга қараганда кўпроқ учраган. Марказий Осиёдаги Бақтрия давлатида у кўп бўлгани учун ҳозир зология фанига ҳам Бақтрия туяси (бактриан) деган ном билан кириб келган.

Тоғлар — нортуялар абадий чўккан, қуриган йилларни чайнаб, кавшаниб.
(Шавкат Раҳмон)

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Вақое” (“Бобурнома”) асарини ҳозирги ёзувга табдил қилиш асносида профессор Порсо Шамсиев баъзибир хатоларга йўл қўйган. Жумладан, биз сўз юритаётган тоғ номи – “Буракўҳ” сўзини “Барокўҳ” деб ўгирган. Аммо “баро” сўзининг маъноси йўқ. Бироқ бу заҳматкаш олим “Бобурнома”га ёзган сўзбошисида китобхонларни матнда шундай хатолар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантириб ҳам кетган. Чунки турли мамлакатлардаги жойлар ва киши исмларини эски ўзбек ёзувидан ўгиришда бундай хатоликлар юз бериши табиий эди.
Биз беш минг йил ёки уч ярим минг йил аввал бу тоғни одамлар қандай атаганликларини билмаймиз. Шубҳасиз, у замонларда номи бошқача бўлган. Бундай дейишимизнинг сабаби, туркий қабилаларнинг шимолдан Марказий Осиё тупроқларига кириб келиши эрамизнинг 5-6- асрларида юз берган; унга қадар бу ерларда нотуркий эллар умргузаронлик қилишган.
Бура (Буракўҳ) сўзи эса туркий калимадир. Яъни, тоғнинг Буракўҳ деб атала бошлаганига кўпи билан ўн етти-ўн саккиз аср бўлди. Ана ўша замонда туркий ва сўғдий тиллар ўзаро муносабатга кириша бошлаган: “бура” (туркий) + “кўҳ” (сўғдий) калималар ўзаро бирикиб, ороним (тоғ номи)ни тузган. Бобур давридан хийла олдин, Бобур яшаган замонда ва албатта ундан бир-икки аср кейин ҳам (чунки жой номларининг алмашиши жуда секин юз беради) Ўш тоғини ҳамма Буракўҳ деб атаган.
Фақат охирги икки асрда тоғнинг номи “Тахти Сулаймон”га алмашди. Атеизм ҳуруж қилган отмишинчи йилларда эса баъзи ҳовлиқма одамлар уни “Гўзал тоғ” деб атайлик, деб бемаъни таклиф-ташаббус билан чиққанлари ҳам ёдимизда. Ўрислар эса уни тамоман ерга уриб, “Сулейманка” деган бачкана бир ном билан тилга олишгани ҳам бор гап.


Ҳозир бутун дунёдаги илмий манбаларда, сайёҳлик бу тоғ “Сулаймон тоғи” деган ном билан кирган.
Бу тоғ ва умуман Ўш шаҳри Марказий Осиёдаги кўпгина жойларда азиз, табаррук саналади. Тоғнинг ёлғондан орттирилган шуҳрати ҳақида юз йил аввал улуғ шоир Чўлпон ҳам ёзиб ўтган эди: “Тоғнинг қора, жонсиз ва қўпол тошларининг ҳам бир «хосияти», бир «каромати» бор бу мамлакатда. Қўл тиқилса – қўл оғримайтурғон, бош тиқилса – бош оғримайтурғон, бел тегса – бел оғримайтурғон «муборак» чуқурчиқлари бор у тошларнинг! Ҳар бир «шифохона» олдида бир шайх, бир очкўз, таъмакор алдамчи, ёлғон ва ёлғон сотиб ўтурадур…”
Ҳатто Шимолий Қирғизистонлик одамлар ҳам бу тоғнинг “хосияти” ҳақида эшитишган. Чинггиз Айтматовнинг “Оқ кема” қиссасида бола тилидан айтилишича: “Лeкин бувим ҳамиша, азиз жoйларга бoрган маъқул, дeйди. Бу қаердадир, тoғнинг oртида, далаларида паxта ўсадиган жoйда эмиш. Тeп-тeкис eрда, тoғ бўлиши мумкин бўлмаган тeкисликда азиз бир тoғ – Сулаймoн тoғи бoр эмиш. Ана шу тoғ пoйига бир қoра қўчқoр сўйиб, xудoга илтижo қилса, тoққа чиқиб ҳар қадамда xудoга сиғиниб, ёлвoрса ҳамда чин кўнгилдан сўраса, xудoнинг раҳми кeлиб, фарзанд атo этармиш. Бeкeй xoлам ўша ёққа, Сулаймoн тoғига бoришга жуда интизoр…”
Кўрамизки, Сулаймон тоғи билан Ўш шаҳрининг довруғи ўзаро қоришиб кетган: “Тахти Сулаймонга бораман”, деган одам Ўшга боришини кўзда тутиши мумкин, “Ўшга саёҳат қиламан”, деган киши эса шу тоққа чиқишни албатта дилига туккан бўлади.
Исломдан аввалги замонларда Ўш ва унинг ўртасидан оқиб ўтадиган дарё суви муқаддас ҳисобланган, ислом дини замонида эса бу табарруклик тоққа “кўчиб” ўтган: одамлар Сулаймон тоғига чиқиб илтижо қиладиган бўлишган.
Сулаймон тоғига номи қўйилган Сулаймон ким бўлса экан? Сулаймон алайҳиссаломми, ёинки бошқа бир Сулаймон отли кишими?
Эътибор қилган бўлсангиз, энг баҳаво, кишининг кайфиятини кўтариб, унга тетиклик бахш этадиган гўшаларни одамлар муқаддас маскан деб билади, кўпинча шу жойда қай бир авлиё яшаб ўтганлиги ёки шу манзилга нақл қилади. Ўш ана шундай хушҳаво бир гўша эди. Бир пайт кексалардан, Ўшнинг ҳавоси ўзгача эканлиги боис, меҳмонга келган одам бунда дастлаб бир қанча вақт иқлимга мослашгач, кейин ўзига келиб, тетиклашиб кетишини эшитганмиз. Бобурнинг “Фарғона вилоятида сафо ва ҳавода Ўш чоғлиқ қасаба йўқтур”, деб ёзгани ҳам бежиз эмас.
Одамлар сарин ҳавосидан нафас олиб саломатлигини тиклаш, сайл-томошалар ўтказиш учун келиб, эҳсон дастурхонлари ёзиб кетадиган Ўшнинг довруғини ошириш учун XVIII асрда (бу пайтда ўтмишдаги маърифат чироқлари сўниб, хурофот авж олган, бутун Марказий Осиё жаҳолатга ғарқ бўлган эди), бу жойни янада азизлаштириш, табаррук ва муқаддас маскан эканлигини далиллаш учун Сулаймон алайҳиссалом ҳақида нақллар тўқилди. Чунки бу шароитда ислом оламининг қай бир валийси ёинки улуғ бир пири шу ерда бўлгани ҳақида ривоят лозим, албатта.
Интернетда бу тоғ ҳақида билиб-билмай ёзилган маълумотлар бисёр. Аммо қизиғи, уларнинг деярли барчасида бир гаплар такрорланади. Чунончи, тоғ нима учун Сулаймон тоғи (ёки Тахти Сулаймон) деб аталишига изоҳ бериларкан, битта гап айтилади: “Бу тоғ, унинг этагига мусулмон пайғамбари Сулаймон шайх кўмилганидан сўнг Тахти Сулаймон деб аталадиган бўлди” (Название Тахти Сулейман (Трон Сулеймана) гора получила после того, как у её подножия был похоронен мусульманский пророк – Сулейман-шейх). Элликлаб манбада шу гап гўё мутлақ ҳақиқатдай қайтарилади.

Ажаб, ҳеч қайси пайғамбар “шайх” деб аталмас эди-ку? Иккинчидан, тоғнинг этаги тугул, умуман Марказий Осиёда бирон пайғамбарнинг қабри борлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ. Ўшдаги тоғда қай бир пайғамбар кўмилар эмиш-да, буни бирон Ўшлик билмас эмиш! Афтидан, бу уйдирма гапга, бир маҳал Интернетда чиққан яна бир ёлғон ривоят – Сулаймон шайх исмли Ўзганлик бир одам ҳар йили ёзда Ўшдаги шу тоққа келиб ором олган, деган таги пуч бир гап асос бўлган кўринади. Оқибатда, Сулаймон алайҳиссалом билан Ўзганлик Сулаймон шайх деганлари ўзаро бирлаштирилиб, “пайғамбар Сулаймон шайх” афсонаси пайдо бўлган ва кўчиб-кўчирилиб юрган кўринади.
Қизиқки, Бобур даврида, ва албатта, ундан камида икки аср кейин ҳам Буракўҳ номи унутилгани ва бу тоғнинг Сулаймон тоғи деб аталгани маълум эмас. Хўш, кейинчалик нега у кутилмаганда исломийлашиб, пайғамбар номи билан аталадиган бўлиб қолган? Назаримизда, бу масалага бироз батафсил тўхтаб ўтиш лозим.
Кўпгина илмий манбаларда бундан қарийб ўттиз уч аср аввал яшаб ўтган Сулаймон алайҳиссаломнинг Фаластин заминига дафн этилгани айтилади. Шундай экан, унинг қабри Ўшда экани ҳақидаги гаплар куракда турмайди. Аммо бояги уйдирмада тоғ этагидаги қандайдир қабр борлиги тилга олиняпти-ку! Хўш, у тоғнинг қайси жойида ва кимнинг қабри аслида? Ва унинг Буракўҳ номи янгиланишига қандайдир алоқаси борми?
Назаримизда, айнан ўша қабрнинг тоғ номи ўзгаришига бевосита дахли бор. Аммо у Сулаймон пайғамбарнинг ҳам, Сулаймон исмли бирон шайхнинг қабри ҳам бўлмай, бундан ики юз йилча аввал дафн этилган бошқа кишига тегишли. Ушбу марҳумнинг исми катта эҳтимол билан Исо (عيسى) бўлиши мумкин, чунки Осаф (عَسَاف) деган исм Ўш аҳолиси орасида учрамайди. Исо ёки Осаф исмли одамнинг қабртошига яқинлари шу исмни дарж этганларида ё янглиш ҳолда (Исони —-> Осаф деб) ўқиб, уни муқаррар Осаф ибн Бархаё деб хаёл қилган ҳолда, ана шу қабрни муқаддаслаштириш бошланган кўринади.
Бундаги нозик бир ҳолат шуки, “Осаф ибн Бархаё мақбараси” деган объект сўнгги икки асрга қадар Ўшда умуман мавжуд бўлмаган. Бундан уч минг уч юз йиллар аввал яшаган Осаф ибн Бархаё – Сулаймон алайҳиссаломнинг холаваччаси, ҳақиқатгўй шахс ва табобат устаси экани айтилади. У шоҳ ва пайғамбар Сулаймоннинг вазири бўлган.
Бироқ Осаф ибн Бархаё Сулаймон пайғамбарнинг вазири экани ёдга келиши биланоқ, унинг исми иккинчи планга тушиб, шаҳаншоҳ ва пайғамбар Сулаймон номи юксала бошлайди, чунки Осаф – бор-йўғи Сулаймоннинг бир вазири бўлган, холос. Тоғ ва унинг атрофини диний нурчамбар билан ўраш учун Сулаймон алайҳиссалом номи кўпроқ қўл келар эди. Сулаймоннинг исми юксалиб кетди.
Бу – одамлар орасида кўп кузатиладиган ҳодиса. Авомнинг фикрини бу тарзда чалғитиш шарт ҳам эмас, унинг ўзи буни уддалайди. Ёдингизда бўлса, Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар” қиссасида Кулала исмли шогирд бола бир тахта устига темир парчасини қўйиб, уни қўл теккизмай тахта бўйлаб “суф”, “суф” деб юргизади. Чунки иккинчи қўли билан тахта тагида магнит юритаётганини ҳеч ким билмайди. Кулала сеҳргар бўлиб кўринади.
Шогирдики шунча бўлса, бунинг устаси қанақа экан? Кулала бир четда қолиб кетиб, темирчи устанинг довруғи ошиб кетади, одамлар “ихлос” қўяди.
Ёки янада яққолроқ мисол. Ўш шаҳрининг ёши уч минг йилдан ортиқ эканини Ўшдаги тарих музейининг оддийгина ходими Елена Дружинина далиллаган. Бошқа ҳеч ким эмас. Аммо археолог олим, тарих фанлари доктори, академик Ю.Заднепровский буни тасдиқлагач, Дружинина унутилади-да, Заднепровский номи кўтар-кўтар қилинади. Чунки унинг номи улуғ эди. Ҳозир Ўшда Заднепровский номида бир кўча бор, Дружининани эса биров эсламайди.
Бундай мисоллар кўп.
“Буракўҳ”нинг “Сулаймон тоғи” (Тахти Сулаймон)га айланиб қолиши, назаримизда, ана шу тарзда амалга ошган.

Бунинг учун баъзибир “холис” ишлар ҳам яширинча амалга оширилган: “Оқ уй” ичида тош усти чўкич билан чекилиб, ўйиқлар ҳосил қилинган. Гўё – “Сулаймон алайҳиссалом намоз ўқиб, сажда қилган пайтда пешонаси, қўл кафти ва тиззаси теккан жой”. Ўша ердаги бир силлиқроқ тош усти эса “Сулаймон шу тошга ўтирган”, деган фикрни ёйиш учун “Тахти Сулаймон” (Сулаймоннинг тахти) деб номланган. Сал вақт ўтиб, ўша тошгина эмас, бутун Буракўҳ тоғи “Тахти Сулаймон” деб аталадиган бўлди.
Ҳолбуки, бу гаплар ёлғон ва янглиш. Бобур бу ҳужрани “масжид” деб тилга олмаган, тоғ этагидаги “Осаф ибн Бархаё мақбараси” ҳам “Бобурнома”да йўқ. Чунки бу қабр Бобурдан икки-уч аср кейин кавланган.