Европа мамлакатларида суғурта одамлар ҳаётини ҳар томондан кучли қамраб олган. Ҳар ойда ҳар бир одам ҳаёти, соғлиғи, мол-мулки ва бошқалар суғуртаси учун пул ажратади. Қандайдир табиий офат ёки суғуртада назарда тутилган ҳодиса рўй берганда эса, давлат олдида зиённи қоплаш муаммоси кўндаланг турмайди: барча сарф-харажатлар суғурта компаниялари томонидан қоплаб берилади.
Собиқ иттифоқ даврида барча давлатлар учун ягона компания Госстрах фаолият юритар эди. Иттифоқ парчалангандан сўнг мустақил давлатларнинг ҳар бирида Госстрахнинг ҳуқуқий меросхўрлари пайдо бўлди. Ва улар тижорий тузилмалар сифатида қайта ташкил этилди, мижозлар олдидаги мажбуриятларни қайсидир маънода ўз зиммасига олди. Хусусан Қирғизистон мисолида эса бири ортидан бошқа суғурта компаниялари вужудга кела бошлади, уларнинг сони бугунги кунда 15 тани ташкил этади.
Аслини олганда ҳеч бир замонларда бу мамлакатда суғурта компаниялари бўлмаган. Акаев президентлик қилган даврда тендер асосида суғурта компанияси ташкил этилиб, ҳарбий хизматчилар — ҳарбийлар, ўт ўчирувчилар, ФВВ, ИИВ ходимлари ва бошқалар учун мажбурий суғурта эълон қилинган. Давлат хисобидан суғурта учун салмоқли миқдорда маблағлар ажратилган, бироқ ўшанда зиённи қоплаш керак эканлиги ҳисобга олинмаган. Бунинг натижасида суғурта компанияси жуда катта миқдорда зарар кўрган. Акаев даврида амал-тақал қилиб ишлаб турган компания у лавозимини тарк этиши ҳамоно ўз фаолиятини тўхтатди.
Ҳокимият ўзгарди. Бу даврда ҳам янги Қирғиз қайта суғурта компанияси (ҚҚК) ташкил этилди. Бакиев даврида барча компаниялар ҚҚКда ихтиёрий-мажбурий қайта суғурталаниши керак бўлган. Бунинг моҳияти шунда эдики, ҚҚК мижозлар қидириш билан шуғулланмай, қайта суғуртадан фойда олган. Ҳукумат иккинчи бор алмашгандан сўнг, ҚҚКга ҳам барҳам берилган.
“НСК” ЁАЖ суғурта компанияси бошқарув раиси Энвер Хавазовнинг ОАВ ларига берган маълумотига таяниб рақамларга мурожаат қиламиз: 2011 йилда Қирғизистон Республикасининг жами суғурта бозори 709 миллион 188 минг сом тўплаган. Шундан қарийб 350 миллионини “Кумтор” берган. 2012 йилда 839 миллион 544 минг, шундай 440 миллионга яқини “Кумтор” дан олинган. Тўғри, “Кумтор” бадал пуллари шу заҳоти хорижий қайта суғурта компанияларига ўтказилади, чунки компаниялар мол-мулклари миллиардлаб сомларда баҳоланади ва бундай тўловларга Қирғизистондаги бирорта ҳам компаниянинг қурби етмайди.
Ўртача олганда, суғурта – зиммага олинган мажбуриятларнинг 0,7% гачаси демакдир. Яъни, мижоз атиги 1% атрофида тўлайди, кейин эса суғуртачи 100% тўлашга мажбур саналади. Автомобиллардан ташқари барча мол-мулклар 1% гача суғурталанади. Автомобиль суғуртаси энг қиммат ҳисобланади, чунки у бўйича тўловлар, одатда, машина қийматининг 3% га яқинини ташкил этади.
Қирғизистонда “Кумтор”дан кейинги суғурта мижозлари ҳисобланганлар – Авиакомпаниялар. Уларга ҳам асосан мажбурий суғурта татбиқ этилади. Сабаби улар суғурталанмас экан самалётлар бошқа мамлакатлар ҳудудига парвоз этишолмайди. Улардан кейинги ўринни уяли алоқа компаниялари эгаллайди.
2008 йилда Қирғизистонда мажбурий суғуртанинг тўрт тури ҳақида қонун қабул қилинган. Афсуски буларнинг бирортаси бугунги кунга қадар ҳам мақбул тарзда қўлланилмайди.
Ҳозир ўша мажбурий суғурта турларига алоҳида тўхталамиз.
- Ташувчининг йўловчилар олдида фуқаролик жавобгарлигининг мажбурий суғуртаси.
- Меҳнат (хизмат) мажбуриятларини бажариш жараёнида ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён етказгани учун иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигининг мажбурий суғуртаси.
- Хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг фуқаролик жавобгарлигининг мажбурий суғуртаси.
- Хавфли юкларни ташувчиларнинг фуқаролик жавобгарлигининг мажбурий суғуртаси.
Кўп йиллардан бери автомашина эгаларини мажбурий суғурталаш –ҳақида сўз юритилмоқда. Аммо нима учундир бу оддий халқ вакиллари томонидан қувватланмаяпти. Бунинг оқибатида қонуни тасдиқлаш ёки тасдиқламаслик кейинга қолдирилаяпти. Дунё тажрибасида кузатилишича агар сизнинг айбингиз билан қандайдир йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлса, у ҳолда суғурта компанияси зиённи қоплаб беради. Марказий Осиёнинг мажбурий суғурта жорий этилган деярли барча давлатларида ҳодиса айбдорининг ўзи зиённи қоплайди. Мабодо суғурта компанияси тўлашни ўз зиммасига олган тақдирда ҳам керакли миқдордан анча камини тўлайди. Бу ҳол мижознинг компанияга ишонмаганлигидан ёки компания ишончни ҳақиқий манода оқлолмаслигидан содир бўлади. Айнан мана шу ишончсизлик сабаб Қирғизистонда бу қонуннинг кучга кириши кечиктирилмоқда.
Марказий Осиё давлатларининг аксариятида фуқаролар фақатгина хорижий давлатларга чиқиш олдидан виза олиш учунгина тиббиёт суғуртасини расмийлаштиришади.
Фуқароларнинг суғуртадан фойдаланишни хоҳламасликларининг асосий сабаблари узоқ давом этувчи қоғозбозлик ва охир-оқибат суғурта пулини тўлашмайди деган, ҳақли ишончсизлик.
Масалан: бугун Қирғизистонда кимдир суғурталанаётган бўлса бунга мажбур қолаётгани учунгина суғурталанади. Акс ғолда улар банклардан кредит ололмайди. Суғуртасиз ишлаш учун лицензия ҳам берилмайди.
Эътибор қаратилиши керак бўлган асосий ҳолат шундан иборатки, айтайлик мажбурий суғурта тўғрисида қонун қабул қилинди, аммо маъмурий жавобгарлик тўғрисида кодексга тегишли ўзгартиришлар киритилмаган. Яъниким, қонунлар ижро этилмаётгани учун ҳеч қандай жазо назарда тутилмаган. Суғурта компанияларимизнинг ҳудди Европадаги сингари фаолият олиб бориш ўрнига, шунчаки одамлардан пулни олиб, уларга керак бўлганда қайтармаслигининг асосий омилларидан бири мана шу – жавобгарликнинг йўқлиги.
Қирғизистон молия секторида банк яққол етакчи саналади. Бошқа мамлакатларда эса суғурта компаниялари ҳам етакчилардан бири сифатида гавдаланади. Қирғизистонда молия бозори ривожланмагани ва барқарор эмаслиги учун, компаниялар эски ва хавфсиз усулни танлашади: пулларни инвестиция қилиш ўрнига уларни депозитга қўйишади ва шунчаки улардан фоиз олишади.
Юқорида санаб ўтилган муаммолар бартараф этилсагина ва ёки шу йўлда ижобий қадамлар ташлансагина суғуртанинг ҳар қандай тури ҳақида гап бориши мумкин. Акс ҳолда бу мажбурий суғурталар шундоқ ҳам амал-тақал қилиб кун кўраётган фуқароларни қонуний йўл билан талашдан бошқа иш эмас.
Гога Рашидов
Мустақил журналист