…Ҳар гал сарлавҳадан бошқа сўз ёзилмаган оппоқ қоғоз устида ўйлаб ўтирар эканман, ўзимни аллақандай таг-туги кўринмас жарликка қулаб бораётгандай сезаман. Қаерга қарамай – бўшлиқ, ушлаб оладиган на бирон шох-шабба, на бирон қиррадор тош, на бирон қўл кўринмайди… Сесканиб, кўзимни очаман, қўлимни ёниб тугаётган сигарета чўғи куйдираётган бўлади. Қуръони Карим. Ўқийман: “Эй (Муҳаммад), Сиздан соат (яъни қиёмат) қачон воқе бўлади, деб сўрайдилар. Айтинг: “Унинг билими фақатгина Парвардигорим даргоҳидадир. Вақти-соати келганда ҳам фақат ўзи ошкор қилур. У (яъни қиёмат) самовий ва ер учун жуда оғир (даҳшатли) бир ишдир. У сизларга фақат тўсатдан – кутилмаганда келур”. Яна бошқа китоблар, уларнинг орасида Айтматовнинг “Кунда”си. Ўқийман: “…Рим ҳукмдори, билиб қўй, қиёмат қойим мендан бўлмайди, табиий офатлардан ҳам бўлмайди, балки, одамлар ўртасидаги душманликдан бўлади. Ўша сен ҳукмдорлик завқ-шавқи билан кўкларга кўтараётган душманликлар ва ўша ғалабалардан бўлади…”
Нигоҳим стол устидаги ғижимлаб ташланиб, яна кейин силлиқланган хатга тушади. Уни қайта ўқийман. Бир йил, икки йилдирки, аҳвол шу…
“Турли шаҳарларда қочқиндаман, – деб ёзади Фаридун. – Одам ўлдирганман. Биз ўзимизни ҳимоя қилдик. Укамни, бир неча маҳалладошларимни ўлдиришди. Қатор маҳаллалар ёниб битди. Бундай фожеалардан одамнинг ақли озаркан, бундай талотўпда одамнинг кўзига қондан бошқа нарса кўринмай қоларкан. Бизни ўлдиришди, биз ҳам ўлдирдик. Одам ўлдириш, бегуноҳ одамларнинг қонини тўкиш, уй-жойларни талон-тарож қилиб, ўт қўйиш нақадар гуноҳи азимлигини ўша мудҳиш воқеалар пайтида англамаган эдим. Мана энди бунинг азобини тортмоқдаман. Айниқса, мана шу сатрларни ёзаётган пайтимда, Қирғизистон қамоқхоналарида одам ўлдирганликда, тартибсизликлар келтириб чиқаришда айбланиб қанча-қанча бегуноҳ одамлар азоб чекмоқда. Уларнинг ўрнида мен ва менга ўхшаганлар ўтириши керак. Аммо менинг укам ва маҳалладошларимнинг қотиллари-чи? Улар жазо олишдими? Афсуски, йўқ. Мана шулар ҳақида ўйларканман, адолат билан қурилган дунёни адолатсизликка айлантирган давлатмандларнинг найрангларидан “дод” дегим келади. Битта адолатсизлик юзта жиноятни туғдиради. Мен содир этган жиноят ҳам мамлакатда мавжуд адолатсизликлар меваси. Инсоннинг ҳақиқатни тан олиши ҳар қачон оғир, азобли кечган. Лекин зах ертўлаларда азоб чекаётган юзлаб бегуноҳларнинг ҳаёти оғир, азобли эмасми, деган савол мени доим жушбушга келтиради. Ҳар бир айбсиз айбдор этилган маҳбуснинг, мен каби адолатсизликдан жиноятга қўл урган одамларнинг беш-олти боласи, ака-укалари, қариндош-уруғлари, маҳалласи, қолаверса элу халқи бор. Бир кун келиб ана шу одамларнинг ҳаммаси оёққа турмайди, деб ким кафолат беради? Ахир, жиноят жиноятни, ҳурмат эса ҳурматни туғдиради. Қирғизистонлик давлатмандлар, миллатчилик ридосига ўралиб олган сиёсатчилар ана шу оддий ҳақиқат ҳақида ўйлаб кўришмайдими?
Ўйлайман, мендек сарсону саргардон ё зах ертўлаларда азоб чекаётган одамлар қанча бўлсайкин? Ёки бўлмаса жисми кошона қасрларда роҳат-фароғатда бўлган, олий минбарлардан туриб инсонпарварлик, тинчлик ва адолатдан нах ураётган, аммо, ростдан ҳам одам ўлдиргани, уй-жойларга ўт қўйгани ёки одам ўлдиришга, талон-тарож, ўт қўйишга зимдан бош-қош бўлганини тан олиб, виждони қийналаётган, ич-ичидан тавба қилаётган кишилар қанча экан? Умуман, бундай одамлар бормикан? Зотан, Қирғизистон жанубида келажакда бўлажак тинч-тотувлик, кўнгил хотиржамлиги ёки аксинча бўлғуси урушлар одамларнинг ана шу тавбаларига боғлиқ”…
Бир неча йилдирки, ана шу имзосиз хатда ёзилган фикрлар менга тинчлик бермайди: кечирган умринг ёлғонлар устига қурилган бўлса… Одам ўз ҳаётининг (балки бутун жамият ҳаётининг) бу тарзда кечгани сабабларини қидиради, излайди, топади ва тавба қилади. Шундай бўлиши ҳам керак эди. У тавба қилар экан, ўз умрининг саробга айланиш сабабларини биргина жамиятдан эмас, ўзидан ҳам қидиради ва тавба қилади. Бунинг маъносини кеча “Ҳадис” китобини ўқиб тушундим: “Дўзахийлар: “Агар тинглаб фикр юритганимизда эрди, дўзах аҳлидан бўлмаган бўлур эрдик”, дейишади…”
Зотан Яратганнинг ўзи бизни энг улуғ туҳфа – ақл билан безантирган. Афсуски, биз ўша илоҳий безакни узоқ давр мобайнида ўз ҳаётимизни тўғри йўлга қўйиш учун эмас, балки ҳаром ва макруҳ йўлларда кўз-кўз қилиб келдик. Биз буни ўз динимиздан, тарихимиздан, қадриятларимиздан мосуво қилишганда ҳам ўйламадик, ўйлаганларга эса қарши курашдик. Шайтон Исо алайҳиссаломни душманларга ўпиб туриб тутиб берганидек, бизнинг ўзимиз шайтонга айланиб, орамиздаги исоларни тутиб бердик. Ва охир-оқибат биримизни иккинчимизга душман қилиб қўйган қизил империя ёлғонлар устига қурилган эканини ич-ичимиздан сезиб турган бўлсак-да, унинг йўлини тарк этишни – улуғ Туркистон йўлига, мағфират йўлига, бирлашиш маркази томон қадам қўйишга ботинмай турибмиз. Чунки, ўтган ёлғон ҳаётга ўрганиб ҳам қолган, унга қанча-қанча рост орзу-умидлар билан боғланган эдик. Улардан бирданига воз кечиш осон эмас. Аммо, ўша орзу-умидларимиз бойлик орттириш, мансаб-мартабага эришиш каби заминий ҳой-ҳавасларга чирмашиб кетганини, ҳаётимизни бошқатдан қуриш зарурлигини тушуниб етсак, эҳтимол. Ҳақиқат – ягона. Ҳақиқат одамийликда, залолатда эмас. Шу боис, юқоридаги мактуб эгаси ўз виждони олдида тавба қиляпти ва бошқаларни ҳам шунга чорламоқда. Зотан, шу бугун тавба қилмасак, ушбу мавсум бошқа қайтмайди. У ёғи душманлик. Душманлик эса қиёматдир.
Навоий ҳазратлари бежиз ёзмаган:
“Дам – бу дамдир, дам – бу дамдир, дам – бу дам…”
Ҳолис