Улуғ олимларга бешик бўлган Ўшда жуда кўп фозил кишилар тарбия топган. Улардан бири Неъматуллоҳхўжа ўғли Маъдихон домла эди.
Маъдихон домла XX аср бошларида ўлкамизда энг таниқли, забардаст уламоларидан бўлган, бир муддат Ўш шаҳар қозиси бўлиб хизмат қилган.
Неъматуллоҳхўжа ўғли Маъдихон 1880 йилларда Ўшнинг Хўжалар гузари даҳасида, ҳозирги эски автовокзал рўпарасидаги собиқ автомобилларга ёқилғи қуйиш шаҳобчаси ўрнидаги Қўрғонтепа маҳалласида, савдогар оиласида туғилган.
Отаси Неъматуллоҳхўжа асли Тошкентлик бўлиб, савдо иши билан Ўшда кўп умргузаронлик қилган. Ўшдан иккинчи хотинга уйланиб, бир умр шу шаҳарда қолиб кетган. Сулаймон тоғи этагидаги қабристонга дафн этилган.
Ўткир зеҳнли, тиришқоқ Маъдихон XX аср бошларида Бухородаги «Мир Араб» мадрасасида таълим олади. Қуръони Каримни тўла ёд олиб, мураттаб қори даражасига етган. Ўшлик уламо Мулла Холмирза аъламнинг шогирди ўлароқ, бир муддат Бухоро амири Саид Олимхон саройида устози билан бирга диний маърифатчи сифатида фаолият ҳам олиб борган.
Маъдихон домла котиб бўлиб, насх, настаълиқ ва шикаста хатлар ёзишда моҳир бўлган, араб ва форс тилларини ҳам яхши билган. Маъдихон котиб Бухорода яшаган вақтида Амир Олимхон саройида амирликнинг давлат ишларни юритишда, халқаро алоқлар орқали келган хат ва бошқа расмий номаларни таржима қилиш, кўчириш билан машғул бўлган.
Маъдихон 1910 йилда устози Холмирза Охунд аълам билан бирга она шаҳри Ўшга қайтади. Маъдихон домла бир муддат Ўш шаҳар қозиси бўлиб ҳам фаолият кўрсатган.
Устози Холмирза Охунд билан Фарғона водийсида ўтган диний анжуманларга доимо қатнашиб келган.
Бу инсон ҳақида шу қисқа маълумот билан чекланиб, тўлиқроқ маълумотни Маъдихон домланинг жияни, атоқли ўзбек шоири Пўлат Мўминнинг эсталикларидан олсак, мақсадимиз ҳосил бўлади.
“Амаким ва фарзандлари ҳақида:
Отам раҳматли Мўминхўжа (жойлари жаннатда бўлсин) кўп ҳазилвон, боғбон бўлганлар.
Тошхон отин деган опалари бўларди ва шунингдек Маъдихон қори деган акалари Ўшда истиқомат қилар эди. Ул зот Ўшлик бўлишларининг сабаби, амаким бувам бўлмиш Неъматиллабойнинг иккинчи хотинидан туғилган эканлар (барчаларининг жойлари жаннатда бўлғай).
Шундай қилиб амакимнинг ҳам, додамларнинг ҳам фарзандлари бир хилда икки ўғилдан ва бир қиздан иборат бўлган. Додамлар бор вақтларида тузатиб бўлмас хатога йўл қўйганман, яъний бобом ва бобокалонларим хақида яхши сўраб олмаганман (кечириб бўлмас бундай хатони).
Амаким Маъдихон қорини бир мартагина кўрганман. Қорачадан келган, тик қоматли, теран кўзли, қиёфаси жиддий, мулла одам эдилар. Ўша бир кўрганимдаги таассуротим хамон кўз ўнгимда. Араб, форс тилларини билган, уққанлардан бўлган эканлар. Шаҳардан ташқарида Жумамачит деган мавзеда боғимиз бўларди. (Ҳозир Юнусобод туманига қўшилиб кетган). Амакимлар тахминан 36 ёки 37 йилнинг ёз ойида боғимизга келганларини биламан. Ўшанда додам мақтанган эдилар, амаким машҳур олим Фитратга ноёб китоб олиб келган эканлар. Айтишларича бу китобни ўн минг сўмга (Ўша пайтда катта пул ҳисобланарди) сотган эканлар.
Амаким Ўшдаги энг билимдон муллалардан бўлиб, шаҳарда қози ҳам бўлган эканлар. “Ўттиз еттида бул зотни ҳам Сибирь қилишган (қамалишини сезишган танишлари бошқа ёққа қочиб кетишни таклиф килишганда ҳам кўнмаган эканлар, пешонамдан кўраман деб), нима учундир фарзандлари ул зотни оқлашга киришмаганлар.
Амакимнинг, ҳали айтганимдай, икки ўғли: Абдуллахон, Эргашхон ва Мукаррамхон қизлари бўлган.
Тақдир тақозоси билан акам Султонхўжа Мукаррамхонга уйланганлар.
Билган ва эшитганларимни қоғозга туширишга жазм этдим, токи бошқа қариндош–уруғлар билиб олгай.
Додамлар амакимни жуда ҳурмат қилардилар, ўзлари ўқимаган бўлсалар–да‚ айниқса мулло–домлаларга эътиқодлари зўр эди. Шу сабаб, амакимни ҳеч қандай муллаларга тенг қилмасдилар, эслаганлари–эслаган, орқасидан ҳам сизлардилар. Амакимнинг бўйи етган қизи бор деб билардилар. Натижада, аммам Тошхон отин билан Ўшга акамни уйлантириш мақсадида бирга боришади ҳам кўришга, ҳам совчиликка.
Амаким зукко бўлганлари учун розилик билдириб, акам Мукаррамхонга уйланади. Шундан кейин қариндошлик иплари боғланиб бораверади. Бир қизиқ воқеа: аммам раҳматли поездда келишаётганда поездга чиқишларида калишини йўқотган эканлар, кеннайим гапириб берарди баъзида эслаб.
Энди гапни яна амакимдан гапирсам, ул зотнинг катта ўғли Аблуллахон ака бўлиб, Тошкентда яшаганлар. Эс–эс биламан, ТошМИда ўқиганлар. Ёзда бизнинг боққа келиб турардилар. Кейинчалик нима бўлди-ю бошқа соҳада, математика соҳасида таҳсил олдилар. Кўп йиллар “Ўқитувчи” нашриётида хизмат қилдилар. Кеннайим сабабчи бўлиб узоқ қариндошларининг қизи Ёқутхонга Тошкентда уйландилар. Бир қанча вақт Ўшда ҳам истиқомат қилишди.
Кейинчалик Тошкентда муқим яшаб қолдилар. Уч ўғиллари бўлиб‚ катталари Эркинхон, бир ўғиллари Қудратиллахон бевақт оламдан ўтиб кетди, жойи жаннатда бўлсин, Неъматиллахон деган ўғиллари ва Раънохон исмли қизлари бор.
Юқоридаги гапларни ёзишимга ўғиллари Неъматиллахон сабабчи. Абдуллахон ака бир ўғилларининг отини Неъматилла қўйганликлари сабабли, тагли бўлган, яъни боболари бўлмиш Неъматиллабойнинг номи сақланиб қолсин токай, деганлари олижанобликдир, аслида.
Акам Султонхўжа ҳам баъзи ҳужжатларга Султонхўжа Неъматиллаевич деб юритардилар боболарини эъзозлаб. Мен ҳам бир вақтлар ўз тахаллусимни Пўлат Неъмат қўймоқчи бўлганман. Амаким камалганларини ака–ука яширганмиз ўз вақтида…
Амакимнинг Эргашхон исмли ўғли тиш доктори эди Ўшда, Тошкентда ўқиган. Унинг ҳам ўғил–қизлари уйли–жойли бўлиб кетишган. Кўплари эл хизматида. Акам билан кеннайим, уч ўғил, бир қиз кўришган. Қизлари Мамлакатхон. Ўғиллари Абдураҳимхўжа, Анвархўжа ва Равшанхўжалар бўлиб, уйли–жойли.
Бобомнинг номини эъзозлаб юрган Неъматиллахон ҳақидаги гаплар анчагина.
У Неъматилла Маъдиев – нашриёт соҳасида мутахассис, ўз ишининг билимдонларидан, бообрў, эътиборда. Қизиғи шулки‚ тақдирнинг тақозосига қаранг, келиб–келиб, Неъматиллахон Ойимхон холамнинг аварасига, яъни Абдурашидхўжа (холамнинг набираси)нинг қизига уйланган. Ували–жували.
Абдурашидхўжа Абдуғафуров мумтоз адабиётимиз олимларидан. Отаси Абдуғафурхўжа Ҳақирий тахаллуси билан ғазаллар ёзганлар ва ўз вақтида эътиборли бойлардан эдилар.
Мен бобомиз Неъматиллабойнинг муборак номини эъзозлаб юрган Неъматиллахонга доимий соғлик, дойимий омад истайман.
11.01. 2000 йил. Пўлатхўжа Мўминхўжа ўғли.”
Ислом маърифатининг толмас тарғиботчиси, фозил уламо Неъматуллоҳхўжа ўғли Маъдихон домла 1942 йилда сургунда Россиянинг Красноярск шаҳрида қатағон қурбони бўлган. Қабри номаълум.
Фарзанди Эргашхон Маъдиев 1929 йилда Ўшнинг Қўрғонтепа маҳалласида туғилган. Ўшдаги «Октябрь 25 йиллиги» мактабида таълим олган. Тошкент Тиббиёт институтини тамомлаган. Тиш доктори сифатида Ўш шаҳар 2- поликлиникасида ишлаб, нафақага чиққан. Эргашхон Маъдиев 1988 йилда Ўшда вафот этган. Ўшдаги Имомота қабристонига дафн этилган.
Одилжон ДАДАЖОНОВ, Алишер Навоий институти учун