Зуҳриддин Исомиддинов
Ўтган асрнинг йигирманчи йилларида, яъни бундан юз йиллар аввал “ғолиб пролетариат”нинг жангари мафкурачилари “табиатга қарши курашиб, уни енгамиз!” деган бир шиорни ўртага ташлашган эди. Табиатга қарши кураш – муқаддас иш, партиянинг буйруғи деб саналган. Катта-катта ўрмонларни кесиб ташлаш, ботқоқликларни қуритиш, чўл ва тўқайларни ҳайдаб экинзорга айлантириш, лозим бўлса-бўлмаса каналлар қазиб сув чиқариш каби кўп бемаъни ишлар амалга оширилган. Бунинг зиёни яна одамларнинг ўзига бўлди: ерларни шўр босди, чўллашиш тобора кучайди, кўллар қуриди, ерости суви кўтарилиб кетди, беҳисоб экин ерлари унумсиз ва яроқсиз бўлиб қолди.
Ана шундай беҳуда ишлар учун давлатнинг ҳад-ҳисобсиз маблағи шамолга совурилди, катта харажатлар боис халқнинг моддий аҳволи бир жойда депсиниб қолди, табиатнинг ўзига эса ўнғарилмас даражада зиён етказилди. Буларнинг барчасидан пушаймон еб, тавба қилиб, уни яна асл табиат ҳолига қайтариш учун энди бундан ҳам кўпроқ маблағ лозим бўладики, кўламини тасаввур қилиш ҳам маҳол.
Биз бу ўринда баъзи ана шундай бемаъни ишларнинг Ўшга тегишли бўлганларини санаб кўрсатмоқчимиз. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида Ўшда Сулаймон тоғига “ҳужум” бошланди. Унга қадар ҳам (1938 йилдан бошлаб) Ўш оҳак заводи тоғнинг ғарбий четини бир бошдан емириб-кемириб, тоғ тошларини майдалаб, куйдириб, оҳакка айлантириб келаётган эди. Бу камдай кўриниб, олтмишинчи йилларнинг ўрталарида кимнингдир ташаббуси билан тоғнинг шарқий чўққиси – машҳур “Оқ уй” олдига қадар қулоч етмас қувурлар деярли вертикал равишда улаб чиқилди. Улкан насос кучи билан сув бир неча юз метр юқориига кўтарилар ва чўққининг нақ ёнбошидан ўша бир тегирмон сув яна пастга оқизиб юборилар эди. Сув шаршара ҳосил қилмади, чунки тоғ қоясининг рельефи бунга йўл бермас эди. Бу сув ўн йиллаб, йигирма йиллаб оқаверди-оқаверди, миллионлаб киловатт электр энергияси бекорга сарф бўлаверди, увол кетаверди. Бунинг устига, қоп-қора йўғон қувур тоғнинг манзарасини бузиб кўрсатар, уни қандайдир ишлаб чиқариш объектига ўхшатиб қўйган эди.
Ёдингизда бўлса, “Тахти Сулаймон” деб номланган аввалги мақоламизда ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида аллакимлар тоғнинг номи (“Сулаймон тоғи”)ни янгилаб, уни “Гўзал тоғ” деб атайлик, деган бемаъни таклиф билан чиқишганини қайд қилган эдик. Афтидан, ўша ғоя қўллаб-қувватланиб, тоғни чиндан ҳам “гўзал” қилиш, унга пардоз беришга киришилганга ўхшар эди. Шунча машаққат ва энергия ҳисобига тоғ тепасига олиб чиқилган ва ундан яна пастга оқизилган сув, ҳатто сохтароқ бўлса ҳам кўрк бахш эта олмади.
Тоғ тоғдай бўлмай қолди. Қўлда ясалган “тоғ қояси” тусини олди.
Ҳозир ўша ишлардан шоир Муғанний сўзига Шерали Жўраев куй басталаган мана бу ашулагина эсдалик бўлиб қолган:
Шилдир-шилдир сув оқади Ӯш тоғидан,
Кӯринади кӯзга яқин-йироғидан,
Меҳмон бӯлиб борган эдим,шайдо бӯлдим
Ӯшлик қизни ичиб севги булоғидан…
Аслида, бу катта сув тоғ тепасидан шиддат билан тушиб келар, ҳечам “шилдир-шилдир” овоз чиқармас, яқинига бориб роҳат олиш амри маҳол эди. Ўшда бўлмаганлар бу қўшиқни эшитиб, Сулаймон тоғидан жилғалар оқиб тушишини тасаввур қилса ҳам ажаб эмас, аммо тахти Сулаймон – яқинидаги Какликучар ва Сураттош тоғлари каби қуруқ тошли тоғлардан.
Иккинчи ножўя иш – тоғнинг жанубий ва шимолий ёнбағирларига дарахт экиш кампаниясининг бошлангани бўлди. Кўп йиллар давомида институт ва техникумларнинг талабалари, корхоналар хизматчилари, мактаб ўқувчилари, ободонлаштириш бошқармаси ходимлари беҳисоб “шанбалик”ларда одам қулаб тушгудай қияликларда тош чуқилаб, шунча баландликка қўлда сув ташиб чиқариб, қандайдир дов-дарахтларни экар эдилар. Ниҳолларнинг кўпи деярли ҳар йили ёзда қуриб қолар, баҳорда бу машаққат яна бошланар эди. Ҳайтовур, ахийри қандайдир тўқайзор барпо бўлгандай бўлди. Аммо… ниманинг эвазига, қанча маблағ ва пешона терининг ҳисобига?
Тўғри, ҳозир бу дарахтларнинг бир талайи тутган, соя ҳам бера бошлаган. Бироқ бундай тик ва қалтис қия жойда таваккал қилиб биров ўша сояга бориб ўтирмайди. Ўтирадиган жойнинг ўзи йўқ – тик нишаблик бўлгани учун жуда хавфли.
Бу дарахтлар экилди, кўкарди ҳам, аммо шу билан тоғ аввалгидан чиройлироқ бўлиб қолдими? Асло. Бор-йўқ натижаси – тоғнинг табиий кўрки, ўзига хос салобати йўқолгани бўлди.
Сулаймон тоғи – ўша машҳур Тахти Сулаймон, минг йиллар илгари Буракўҳ деб аталган бу кўҳна тоғ, бугунги кунда бир “табиат объекти” саналади. ЮНЕСКО рўйхатига киритилган бу муқаддас маскан замонанинг зайли билан ҳамма томондан гир айлантириб панжара билан ўраб олинган. Иккита дарвозаси бор, билет олиб кейин тоққа чиқасиз.
Албатта, биз бўлаётган барча ўзгаришларга негатив назар ташламоқчи эмасмиз. Тоққа одамлар чиқишини осонлаштириш учун унинг шимолий ва жанубий этаклари ўртадаги “Оқ уй” орқали бетон зинапоялар билан туташтирилган ва шу билан одамларга қулайлик туғдирган. Ҳамма, хусусан, кексалар, ёш болалар ва аёллар учун бу ғамхўрлик экани шубҳасиз.
Аммо бутун тоғни гир айлантириб эмас, балки энг ноқулай ва хавфли жойларгагина билинтирмай зинапоя қуриш орқали тоғ манзарасининг табиийлигини сақлаб қолиш мумкин бўлар эди.
Бу фикрни қандай тушунтирсак экан?..
Бундан эллик-олтмиш йиллар аввал Арслонбобга кўп борганмиз, пионер лагерларида ором олганмиз. Кичик шаршара-ку, жуда яқин, ҳатто машҳур “Намозлик тош” ва “Катта шаршара”га ҳам узоқ пиёда йўл юриб, тоғ-тош оралаб ўтиб юра-юра етиб борган эдик. Ҳозир эса, эшитишимизга қараганда, бу азиз жойлар оралиғи бульдозерлар билан суриб-текисланган, шағал йўл очилган эмиш, киракаш машиналар ҳаш-паш дегунча ўша юксак тоғ чўққилари яқинига етказиб ҳам қўярмиш. Сизни билмадим-ку, мен энди Арслонбобга саёҳат қилсам, у табаррук масканларга боргим йўқ, чунки аввалги ажиб таассуротларимга заха етиб қолишини асло истамайман. Ким ҳам завқ олди дейсиз, “енгилган табиат” манзарасидан?
Буни саёҳат деб айтса-ку, бўлар, лекин зиёрат деб бўлмас. Шоҳ Машраб “Риёзат чекмагунча ёр васлига етиб бўлмас”, деганда нимагаки осон етишсангиз, унинг қадри бўлмаслигини ҳам кўзда тутган кўринади. Ҳамма нарсага, ҳатто энг улуғ қадриятларимизга ҳам фақат бозор иқтисодиёти нуқтаи назаридан қарасак, уларнинг барини “пул топиш объекти” деб билсак, маънан қашшоқлашиб кетмаймизми?
* * *
1978 йилда кимнингдир калласига Сулаймон тоғидаги энг катта ғор ичида “Табиат ва тарих музейи” очиш ғояси келди. Бунинг учун ғорни ўйиб-текислаб, “мослаштириш” лозим бўларди. Ўшандай қилинди ҳам.
Археолог олима Елена Дружинина қазиш ишлари ўтказиб, Ўшнинг тарихи камида уч минг йилга тенг эканини исботлаган энг тарихий ер участкаси – уч-тўрт минг йил илгари яшаган одамлардан қолган артефактлар яна топилиши мумкин бўлган жойлар бульдозер билан суриб ташланиб, тоғнинг нақ бағрига қадар асфальт ётқизилди. Ўш музейидан энг характерли экспонатлар олиб келиниб, намлиги юқори, тарихий ашёларни сақлаш учун мўътадил шароити бўлмаган ғор ичига жойлаштирилди. Тошлар орасида, ўта совуқ ва зах жойда, экспонатлар-ку, бир гап бўлар, ҳатто музейдаги ходимларнинг иш шароити ҳам соғлиққа зарарли экани ойдай равшан.
Тоғ бағрида ғор эмас, музейнинг ваҳимали оқ металл каркас-чамбараги кўриниб турса, тоғ ҳам тоққа ўхшамай қолар экан. Бунинг устига, теле-радиотрансляция ускуналарининг энг баланд чўққи устига ўрнатилиб, тоғдан техник мақсадларда фойдаланилиши ҳам тоғнинг салобатини пасайтиради, бизнинг она табиатни унча қадрламаслигимизни кўрсатади.
Панжара билан ўраб олинган тоғлар, дарахтлари кесиб-бутаб ташланган ўрмонлар, бетон изларга солинган дарё-ю сойлар, қаричма-қарич тақсимлаб олинган далалар, деворлар ичига қамалган боғлар… хуллас, “гўзал” тус берилган табиат каминани унча завқлантирмайди. Одамга қараб “кулиб турган” табиат эмас, хўмрайиб турган, ёввойилигини, ваҳимали кўринишларини, хатарлилигини йўқотиб қўймаган табиат чандон афзал. Ўзимиз учун қулайлаштириб олиш – табиатни бузишдан, унга ғорат келтиришдан бошқа нарса эмас.
* * *
Бирон ишни нотўғри режалаштирган, тарҳини чизган одам жабр тортмайди. Азоб бошқаларга бўлади. Ҳукуматга ҳам ортиқча харажат.
Одамлар яхши эслайди, ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида (1967) Ўшда тўқимачилик комбинати қурилган. У Ўрта Осиёдаги йирик тўқимачилик комбинатларидан бири бўлиши мўлжалланган. Аммо комбинат қурилиши учун нимагадир шаҳар шимолидаги Ленин номли колхознинг энг серунум экин ерлари танланди. Бу далаларга туташ жойлардаги одамларнинг уйлари ҳам бузилиб, уларга Ўшнинг жанубидаги баланд адирликлар – йўл чиқарилмаган, паст-баланд, сувсиз ерлар иморат қуриш учун ажратиб берилди. Оқибатда, эл қаттиқ қийналди: цистерна ва бочкаларда сув ташиб, шағал ва цемент, ғишт ва ёғоч ташиб умрлар ўтди. Янги уй қуриш учун ажратиб берилган маблағ кўп оилаларда иморатнинг пойдеворига ё етди, ё етмади. Чунки қияликларда икки метрлаб баландликда фундамент кўтариш, шунақа қилиб уйнинг сатҳини текислаш мумкин эди. Ўн минглаб одамлар кўчиб бориб, капа ва “времянка”ларда яшаб, бир неча йил давомида ўзларига бошқатдан ватан тиклади. Азобини хўп тортди.
Ҳолбуки, бояги тўқимачилик комбинатини адирлар узра барпо қилиш осонроқ эди. Минглаб оилаларга уй тиклаш учун пул ажратиш ҳам шарт бўлмасди. Неча юз гектар пахтазор ва бошқа экин ерлари ҳам увол бўлмай, мўл ҳосил учун замин сифатида ишлатилиб турар, халққа сотиладиган мева-чева-ю, бошқа емишлар бир сўмдан бўлса ҳам арзонроққа тушарди. Чунки ризқ-рўзимизнинг асоси – экин ери, албатта.
“Текстиль” қурилганида текис, сувли, унумдор ва бўлиқ экин ери устига тош-шағаллар ётқизиб ташланган. Ҳолбуки, “саноат гиганти” дея қурилган у ишхона ҳозир йўқ, фаолияти тўхтаган. Энди ҳар турли, “бозор иқтисодиёти” тақозоси билан пайдо бўлиб қолган сон-саноқсиз авиакассалар, нотариуслар, автомактаблар, банк ва банкчалар… буларнинг ҳаммасини йиғиштириб олиб кетсангиз ҳам, она тупроқнинг яна аввалгидай бўлиб тикланиши амри маҳол…
Шаҳар қуриш, уни обод ва қулай масканга айлантириш, бу жараёнда табиатга етказиладиган зиён кўламини минимумга келтириш – катта санъат. Бу борада ҳар биримизнинг атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга ҳушёр ва фаол муносабатда бўлишимиз тақозо этаилди. Агар бизда бу борада билим етишмаса, бошқа мамлакатларнинг тажрибали мутахассисларига мурожаат қилиш, хуллас, етти ўлчаб бир кесиш даркор. Аммо бир нарса аниқ – табиатни табиатдай тутайлик ва шаҳримизнинг тарихий шаклланган қиёфасини бузмаган ҳолда, уни янада обод қилайлик.