Иккинчи ҳисобдаги машъум Ўш воқеаларига беш йил тўлар экан, бугун инсоний фожиалар ва қатлиомнинг яққол жароҳатлари соясида қолиб кетаётган бошқа муҳим ҳолатларга эътибор қаратишни лозим топамиз. Гап шундаки, аслида ҳали Шўролар Иттифоқи муқим турган олис 1990 йилда содир бўлган дастлабки қирғиндан сўнг бошланган қирғизлаштириш жараёнлари муайян сабабларга кўра жадаллик шаклига кира олмади. 2010 йил қирғинидан сўнг эса бу ҳаракатлар шиддат билан давом этаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Биргина таълим соҳасини оладиган бўлсак, Қирғизистонда таълим тизимини ислоҳ қилиш баҳонасида миллий озчиликлар тилида, хусусан ўзбек тилида ўқитишга асосланган мактаб ва синфлар бирваракайига тугатилмоқда. 2014 йилдан эътиборан Ўш шаҳрида мавжуд бўлган 59 та мактабларнинг барчасида ўзбек синфлари фаолиятига нуқта қўйилди. Таълим вазирлиги қарори билан ўзбек тилидаги дарсликлар ўқув дастурларидан олиб ташланди. 2012 йилда 91 та ўзбек мактаблари фаолият юритган бўлса, бугунга келиб, уларнинг сони кескин тушиб кетди.
«Ислоҳотлар» туфайли азалдан мавжуд бўлган номлар ҳам ўзгаришга юз тутмоқда. Масалан, Қорасув туманидаги Ҳамид Олимжон номли 33 умумтаълим мактаби «Қурманжон дотқо» деб ўзгартирилди. Қирғиз Ўзбек университети Ўш Давлат ижтимоий университети деб атала бошланди ва ўзбек миллатига мансуб ёшлар учун квоталар бир неча баробарга қисқартирилди. Минглаб ўзбек талабалари таълим олаётган Жалолободдаги Халқлар дўстлиги олийгоҳи эса бутунлай ёпиб қўйилди.
Масъул лавозимларда ишлаётган ўзбек миллатига мансуб бўлган юқори малакали мутахассислар ишдан ҳайдалиб, уларнинг ўрнига қирғиз миллатига мансуб кадрлар тайинланаётгани ҳам бугуннинг манзараси. Қирғизистон жанубидаги ўзбек тилли матбуотда ҳам айни шу манзара. Ўшда фаолият юритиб, юқори рейтингларга сазовор бўлган «Мезон-ТВ» ва «Ўш-ТВ» июнь воқеаларидан сўнг тортиб олиниб, қирғиз миллатига мансуб фуқаролар бошқарувига берилган. Уларнинг номи ҳам ўзгартирилиб, тамоман қирғиз тилида дастурлар тайёрлашга кўчирилган. Бу телеканалларнинг ўзбек миллатига мансуб собиқ раҳбарлари миллатчилик ва сепаратизмда айбланиб, уларга сиртдан ҳукм ўқилган. Ходимларнинг аксари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишган.
Азалдан ўзбеклар яшаб келган бу шаҳар қиёфаси ҳам кескин ўзгаришларга юз тутмоқда. Ҳар қадамда фақат қирғиз миллатини улуғловчи шиорлару ҳайкал ва обидалар қад кўтариб бормоқда. Бу шу қадар реалликка айланмоқдаки, қирғиз тарихи ва қирғизнинг бугуни Ўшдан тайёрланган фотолавҳаларда шаксиз аксини топаётир. «Америка овози» радиоси Ўзбек хизматининг саҳифасида эълон қилинган лавҳадаги суратлар бунинг биргина мисоли. «Ёдгорликлар ўтмишдан сўзлайди» сарлавҳаси остида берилган ушбу лавҳада, мунғайиб турган ҳазрат Навоий ҳайкали суратидан бошқа барча тасвирлар айнан «улуғ ва ягона» Манас авлодларини тараннум этади. Баайни кўҳна бу заминда ўзбек деган миллат ҳеч қачон яшамаган каби. Аламли ва аянчли ҳолат. Ушбу фотолавҳа «Ватан манзаралари» рукни остида эълон қилинганини эътиборга олсак, муҳтарам ҳамкасблардан ранжишга асос қолмас. Улар тамомила қирғизий шу суратлар билан кўҳна Ватаннинг бугунги манзараси энди шу ҳолатга келди, қабилида ишоралар қилган бўлсалар, эҳтимол. Қайдам.
Не бўлса бўлсин, аммо Ўш ва унинг теграси билан боғлиқ ўтмишнинг шак ва шубҳасиз манзараси шуки, бу замин туркий Ўзбек юртининг тамом таркибидир. Ўзбек маданияти, Ўзбек тамаддунининг ажралмас қисмидир. Ўзгану Жалолободи билан, Новқату Аравонлари билан бу юрт, аслида Андижоннинг жондошу эгизак биродари бўлмиш Ўш ҳазрат Бобурнинг суюкли гўшаси эди. «Фарғона вилоятида сафо ва ҳавода Ўш чоғлиқ қасаба йўқтур» дейилган таъриф айнан ҳазратникидир. Ҳар қарич тупроғида Ўзбекнинг боболари ҳоклари ором топган юртдир бу гўша. Азиз авлиёлар ётган азиз жойлардир бу ерлар. Аммо ҳолату вазиятлар шу тақлид давом этаверса, бу гўшанинг улуғ фарзанди Шавкат Раҳмон «Айт, эй хаста булбулим, Ўшга қачон етамиз?» дея ҳасрат ичра бўзлаганлари бир қўрқинч башоратга айланмасми энди?..
Шавкат ВАТАНЁР