Болалар ва ўсмирлар адабиёти ўзига хос хусусиятлари ва эътибори билан катталар адабиётидан фарқ қилади. Зотан, болалар ижодкорлари ўз асарларида дунё воқеаларини болалар нуқтаи назари, дунёқараши билан уйғун ҳолда тасвирлайди. Ҳаётни кенг, қизиқарли тасвирлаш билан бирга болани ҳаётни чуқур англаш ва севишга ўргатади. Болалар адабиётида бадиийлик билан бир қаторда маърифийлик ҳам етакчи ўрин тутади.
Равшан Исоқов 1956 йил Ўшнинг Жийдалик маҳалласида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини битирган. «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли «Қуюв-механика заводи» шуъба корхонасида хизмат қилиб келмокда. Шеърлари “Истиқлол илҳомлари», «Соҳил оҳанглари» ва «Бир қишлоқ болалари» китобларида босилиб чиққан. “Кичкинтойлар учун байрамлар китоби» тўпламларига ҳам киритилган. Шоирнинг болалар учун ёзилган «Хўжаёш афсонаси» номли шеърий эртаги, «Синов» достони ва «Сарбадорлар қиссаси» номли тарихий достони «Гулхан» журналида босилиб чиққан. 2005 йилда «Алифбе байрами» ҳамда 2007 йилда «Хайр, биринчи муаллим», ”Ойдан ойдин эртагим” рисолалари чоп этилган. Республика матбуотида мунтазам қатнашиб келади. Муаллиф «Ватан васфи» ҳамда “Истиқлол сурури” номли тўпламларига турли йилларда ёзган Ватан, она табиат, мехр-оқибат, ота-она, дўсту қадрдонлар ва гўзал инсоний ҳис-туйғулар мавзусидаги энг сара шеърларини киритган.
Алишер Навоий институти сайтининг азиз ва муҳтарам мухлислари, бугун “Адабиёт хиёбони” рукнининг навбатдаги меҳмони, ўшлик шоир ва таржимон, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Равшанбек Исоқов ижоди билан
таништирамиз.
– Равшанбек ака, ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз.
– Мен, ёшликдан адабиётга қизиқиб юрардим. Адабиёт дарсларида фаол қатнашганман. Ўқувчилик йилларимдан газеталарда шеърларим босилиб турган. 9- синфдан бошлаб “Ленин йўли” газетасига шеърларим билан қатнаша бошлаганман. Мактабни битиргач, армияга кетдим. Сўнг Ўш насос заводига токар бўлиб ишга кирганман. “Ленин йўли” газетасда мақолаларим, шеърларим босилиб турди. Ўша пайтга бориб мен танила бошладим. Харбий хизмат раҳбарияти менга Тошкент давлат университетига кириш учун йўлланма берган эди. “Ленин йўли” газетаси муҳаррири Одилжон Обидовнинг йўлланмасини ҳам олиб, икки йўлланма билан ТошДУга кирганман. У йиллари газета қошида “Илҳом” адабий клуби бор эди. Шеърларим билан қатнашар эдим. Шундай қилиб газетага қизиқиб юрган кезимда мени Тошкентдаги Олий партия мактабига жўнатишди. Тошкентда ишлаб қолдим. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига қарашли “Ингидромаш” заводига ишга кирганман. Шу заводдан пенсияга чиқдим. Ўзбек – рус таржимони бўлдим. Қаерда бўлсам ҳам ёзишни тўхтатмадим. Керак бўлса журналистика соҳасида ишлаётган курсдошларимдан мен кўпроқ нарсалар ёздим. Заводда ишласам ҳам ижодда фаол бўлдим.
– Китобга меҳр қандай уйғонган, болалар адабиёти шоири бўлишингизга-чи?
– Китобга меҳрми… Онам Хадичахон Йўлдошбой қизи жуда чиройли алла айтар эди. Ширали овози бор эди. Эшитган бола алладан таъсирланарди. Эртакларни яхши айтар эди. 10 фарзанд бўлганмиз. Кўп болали оила эдик. Ҳовлимиз ўртасида тут бор эди. Ҳозир ҳам ота уйимда турибди. Тут тагига шолча солинар, ҳамма қўшнилар чиқиб ўтиришарди. Кимдир дўппи тикса, кимдир тўн… Эртак айтса, болалар атрофда ўтириб олиб эшитишарди. “Ёрилтош”ни шунақаям меъёрига етказиб айтардики… Қўшиқларни чиройли куйлар эди. Катта акам Шаробиддин ҳам ўша пайтларда шеър ёзган. Тўғри, у шоирлик йўлида кетмади, лекин шеърлари “Ленин йўли” газетасида чиққанини эслайман. Шу акамнинг ҳам таъсири бўлган.
Болалар адабиётига кириб келишимга келсак, ўша пайтда Турсунбой Адашбоевнинг “Арслонбоб шаршараси” деган китоби қўлимга тушиб қолди. Китобни ўзим билан олиб юрардим. Шунақа қизиқардим, шеърлари қувноқ эди-да. Ўшандан таъсирланиб ёза бошлаганман.
– Ўзбекистонда болалар адабиёти қай аҳволда?
– Кўпчилик Турсунбой Адашбоев, Қуддус Муҳаммадий, Пўлат Мўминларни билади. Аммо кўп болалар ҳозирги шоирларни билмаяпти. Ўзбек болалар адабиётида Кавсар Турдиева, Дилшод Ражаб бор. Зикрилла Неъмат… кўпини айтсам бўлади. Менинг ҳам ўз ўрним бор. Ўзбекистон мактаб дарсликларида шеърларим кирган. Ўзбекистонда болалар адабиётини кучайтириш, мактабларга давлат томонидан китоб тарқатиш ғояси бор. Бундан биз жуда хурсандмиз.
Ўшга келишимдан мақсад, ҳозир иккита достонимдан сўнг учинчисини бошлаганман. Академик Ҳабиб Абдуллаев ҳақида болаларбоп асар ёзмоқчиман. Кўп маълумот қидирдим. Йўқ эмас, интернетдан ҳам анча маълумот йиғдим. Лекин улар мени қаноатлантирмади. Ҳаммаси таржимаи ҳол сифатида. Шунинг учун Ўшга келдим. Аравонга бориб, Ҳабиб Абдуллаевни биладиган, танийдиган одамлар билан суҳбатлашишни ўйладим. Шу мақсадларимга анча эришдим, маълумотлар олдим.
– Болалар кутубхонаси қандай бўлиши ва нималарга эътибор берилиши керак?
– Болалар кутубхонаси деганда болаларни жалб қиладиган китоблар бўлиши керак. Ҳозир Ўзбекитонда шунга жуда яхши эътибор қилиняпти. Мана ҳозир Ўзбекистонда Республика болалар кутубхонасини қайта таъмирланди. Сирғали туманида алоҳида болалар кутубхонаси қурилди. Ҳозир умуман болалар китобхонлигига катта эътибор бериляпти. Лекин болани болалигидан китобга қизиқтира олмасак, катта бўлгандан кейин у одамдан китобхон чиқмайди. Болани болалигидан китобга қизиқтириш керак.
– Болани китобга қандай қизиқтириш мумкин, китобга меҳрни ким уйғотади?
– Мана, сиз билан мен китоб ўқимасак, болага юз марта китоб ўқи деганимиз билан ўқимайди. Сабаби, ўзимиз ўрнак бўлмаяпмиз. Бунинг учун ота-она ўзи ўрнак бўлиши керак. Сиз лоақал бир ойда битта китоб ўқинг, фарзандингизнинг кўзи тушсин китоб ўқиганингизга, сиз айтмасангиз ҳам дадам нима ўқияптикин дейди. Кўради, озгина қизиққандан кейин болага китоб олиб келиш керак. Айниқса, болаларни қизиқтирдиган суратли расм китоблар бўлса. Бу йўлда ота-она ўрнак бўлиши керак. Ўзингиз ўқимай туриб, болам сен ўқигин, сен одам бўлгин деган билан бўлмайди. Ўзингиз ўрнак бўлишингиз керак…
– Бугун ўзбек болаларининг қандай адабиётларга эҳтиёжи бор?
– Ўзбек болалари, ҳозир лотин алифбосида ўқишади. Илгарги чиққан крилл алифбосида ҳозирги ёшларимиз ўқий олмайди. Кўп жойларда шуларни лотинчаси чиқариляпти. Муаммоли томони – ҳозирда бозор иқтисодиёти бўлиб кетди-да. Болалар учун кўп китоб чиқарилди. Улар ичида сифатлиси ҳам бор, фақат бозор учун чиқарилганлари бор. Биз болаларни асрашимиз керак. Болалар яхши китобни ўқиши керак.
Мен таржимонлик ҳам қиламан. Бу менга Турсунбой акадан юққан. У кишига эргашиб, немис, америка, рус шоирларини таржима қилдим. Мени ҳайратда қолдиргани, рус шеъриятида эркинлик бор. Улар болаларга бемалол калласига келган гапни айтади, олиб қолиш йўқ. Болага еткизади. Менга шуниси ёқади. Поляклар эса кичкина нарсадан катта фикрлар чиқаришади. Немисларда ҳам шу бор. Биз ўзбек болаларига ҳам шунақа шеърларни кўпайтиришимиз керак. Бола ўқиганда сеҳрланиб қолсин.
Б О Л А Л И Г И М
1
Болалигим – пошшолигим,
Орзуларга ошнолигим.
Илк кўз очган чашма мисол,
Ҳаётга ўч, ташналигим.
Булутларни қучгим келар,
Осмонларга учгим келар.
Тубсиз, ҳадсиз уммонларга,
Юрагимни очгим келар.
Шўху шанман шалоладай,
Чўғ, оловман ол лоладай.
Болалигим кўнгли нозик,
Чирт узилар соч толадай.
Бирам дилбар, бирам ўктам,
Қанду асал хушбўй, хуштъам.
Хотирамни тиниқ қилган,
Болалигим – биллур шабнам.
2
Болалигим – бойлигим,
Шўх шалола – сойлигим.
Умрнинг бахтли дами –
Қуёш, юлдуз, ойлигим.
Қанот қоққим келади,
Сувдай оққим келади.
Юракларга чўғ ташлаб,
Олов ёққим келади.
Болалигим беғубор,
Ҳар дами қилар ҳумор.
Қалбим ҳамроҳ ҳамиша,
Тарк этма, кетма зинҳор.
КИЧКИНТОЙЛАР ҚЎШИҒИ
Ўғиллармиз-қизлармиз,
Лўппи, ширмой юзлармиз.
Ўзбекистон эртаси –
Келажаги бизлармиз.
Чақнаб турар кўзимиз,
Ширинтоймиз ўзимиз.
Мустақил ҳур Ватаннинг
Бахтли ўғил-қизимиз.
Ҳалоллаб нон-тузимиз,
Ёруғ бўлгай юзимиз.
Оқлагаймиз ишончин,
Ватанга чин сўзимиз.
ИЗЛАБ КЕЛДИМ
“Шилдир-шилдир сув оқади Ўш тоғидан, Кўринади кўзга яқин-йироғидан.” (қўшиқ)
Ўш тоғининг шилдираган сувлари йўқ,
Оҳу қизлар сипо тортган, қувлари йўқ.
Сулаймонтоғ, ёшлигимни излаб келдим,
Юрагимда бундан ўзга довлари йўқ.
Ёшлигимда мағрур эдинг, маҳобатим,
Сенда кечди оловлигим, муҳаббатим.
Йиллар ўтиб нор туядай ястанибсан,
Бугун қайтдим тилда шукур, саловатим.
Пойинг ўпиб, оқар ҳамон Оқбурасай,
Топиларми кенг бағрингдан менга ҳам жой.
Буракўҳни қўмсаб ўтди Бобурларинг,
Ато этмиш Оллоҳ сенга мангу чирой.
Сени севдим, меҳр қўйдим онамдайин,
Туйилади бағринг тенгсиз оламдайин.
Шилдир-шилдир оқиб кетди қанча сувлар,
Қайда бўлмай яшамоғим сенсиз қийин.
Чиқмоқ бўлиб интиламан тушларимда,
Соғинганим ҳис қилардим ҳушларимда.
Тушимда сен, ҳушимда сен, Сулаймонтоғ!
Бахт қушимсан қўниб турган бошларимда.
Кўксингга бош қўяйин деб бўзлаб келдим,
Сор бургутдай чўққиларинг кўзлаб келдим.
Бошим баланд, қаддим ҳам тик, суянганим,
Сенда қолган болалигим излаб келдим.
О Н А Т И Л И М
Она тилим – жону дилим,
Сен бор яшар буюк элим.
Ўтирмайман бошим эгиб,
Давраларда бурро тилим.
Сайрагайман булбул бўлиб,
Фахр этаман қалбим тўлиб.
Кўкрак кериб мақтансам кам,
Ўзинг устоз, ўзинг ғолиб.
Ҳаёт қони томиримда,
Чуқур маъно замирингда.
Битилгансан она тилим,
Пешонамда – тақдиримда.
Ш У К Р О Н А
Она тилим!
Сен бўлмасанг нима қилардим?
Ўзлигимни, кимлигимни қайдан билардим?!
Сен туфайли номим улуғ – мақомим ўзбек!
Айт, кимларга қуллуқ қилиб, имдод тилардим?
Она тилим!
Яхшиям сен дунёда борсан!
Чексиз шукр!
Кўкрагим тик – қувват, мадорсан.
Олам аро эъзоз топиб, ардоқланган тил,
Эътиқоду иймон мисол элимга ёрсан.
Олтин Ўрда заминида куртак унгансан.
Оқар дарё гоҳ мавжланиб, гоҳо тингансан.
Ривожингга тамал қўйган Навоий бобом,
Она сути билан танга, қонга синггансан.
Келажаги буюк халқим муқаддас тили,
Қатра-қатра томчилардан денгиз – ҳосили.
Мустақиллик эпкинида қайта туғилдинг,
Давлат тили мақомига етишган йили.
Ўргилайин суюклигим, ўзимнинг тилим,
Ўзинг уммон, сарҳад билмас хазина – билим.
Бийрон – бийрон сўзлаганда қалбимда ғурур,
Фахр этаман, сен бор мангу яшайди элим!
ШАВКАТ РАҲМОНГА
Осмон тўла қарғалар,
Бизга ҳаво етмайди.
Шавкат Раҳмон, оғажон,
Зулмат бошдан кетмайди.
Ерда ўсган майсани,
Таптаб ўтар ҳар нокас.
Тақдиримга тан бермай,
Ўсаяпман қасдма-қасд
Қаро ерни қоралаб,
Кетдингиз бунча шошиб.
«Қачон, Ўшга етамиз?»
Оғажон, довон ошиб.
Ўш соғинган, интизор,
Кутар Тахти Сулаймон.
Оқбурасой ҳайқирар,
Хокин кўзга сурай манн.
Ўш боғлари булбулсиз,
Бунча ғариб, хувиллар.
Она бўридай, ночор
Совуқ шамол увиллар.
Мотамсаро Ўш бўзлар,
Тоғлар оғир қалқинди.
Осмон тўла қарғалар,
Шавкат Раҳмон йўқ энди…
Одилжон ДАДАЖОНОВ,
Алишер Навоий институти учун