Навоийшунос олим,филология фанлари доктори,профессор.
Киров номли Ўш Давлат ўзбек мусиқали драма театрида илк Алишер Навоий ролини ижро этган актёр.
Ўшлик эканлигини доимий равишда эътироф этиб, бошида Ўш сетара дўпписини фахр билан кийиб юрган фидойи ҳамюртимиз.
Ботирхон Акрамхўжа эшон ўғли 1932 йилнинг 20 ноябрида Ўш шаҳрида, Шаҳидтепа маҳалласида боғбон Акромхўжа хонадонида туғилган.
Аввал «25 – Октябрь» етти йиллик мактабда сўнгра вилоят педагогика билим юртида, Ўш ўқитувчилар институтида таҳсил олган. 1952-1954 йилларда Тошкентдаги Низомий номидаги педагогика институтида ўзбек тили ва адабиёти факультетида ўқишни давом эттирган.
1954-1963 йилларда Ўш шаҳридаги Наримонов, Сталин номли ўрта мактабларида ўзбек тили, адабиёти ва тарих фанларидан дарс берди. Шаҳар ўқитувчилар уйида – халқ театрида, сўнг Киров номли Ўш Давлат ўзбек мусиқали драма театрида актёр бўлиб фаолият кўрсатган пайтларида аАдабиёт ва тарихга муҳаббати шаклланган. 1957 йилда Уйғун ва Иззат Султон асари асосида саҳналаштирилган «Алишер Навоий» драмасида Навоий образини ижро этиб, республика фестивалида қатнашган ва фахрий ёрлиқ олган.
1963-1966 йилларда Низомий номидаги Педагогика институти аспирантурасида ўқишни давом эттирган. Қадрдон институт даргохида устоз олимлар: Мақсуд Шайхзода, Ҳамид Сулаймон, Натан Маллаевлардан таълим ва маънавият сабоқларини олди. 1966-1969 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида кичик илмий ходим бўлиб ишлаган.
1967 йилда «Навоий лирикасида мажосий образлар» мавзуида номзодлик диссертациясини ёқлаган. Устози профессор Хамид Сулаймон билан Тошкентда ва Санкт-Петербургда бир неча вақт илмий мулоқотларда бўлиб, бир умр унутилмас хотиралар билан қайтган.
1969-1977 йилларда Тошкент Давлат университетида доцент ва катта илмий ходим – докторант лавозимларида фаолият курсатди. Докторантура муддати тугагандан сўнг университетдан кетишга тўғри келди. Ниҳоят, 1991 йилда Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент Техника университетида докторлик диссертациясини ёқлаб, икки йилдан сўнг профессорлик лавозимини олди.
1999 йилда, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг Ўзбек мумтоз адабиёти кафедрасига ишга қайтади.
Аспирантлик йилларидан то 1991 йилгача уч монографияси («Шеърият гавҳари», «Олам бутунлиги», «Фасоҳат мулкининг сохибқирони») нашр этилди. Яна уч китоби қўлёзмаси чоп этилиш арафасида («Суз гуҳари», «Жаҳон гул ичинда ниҳон», «Бир шеър шарҳи» туркумидан). 2007 йилда «Навоий шохбайтлари» китоби чоп этилди. 1969-2002 йилларда Навоий, Бобур, Чўлпон, Усмон Носир, Миртемир, Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи ва кўп бошқа шоирлар ижодини тадқиқ ва тахлил этувчи юздан ортиқ илмий-танқидий мақолалари газета ва журналларда эълон қилинган.
НАВОИЙГА БАХШИДА УМР
Ўзбек халқининг буюк сиймоларидан бири – мутафаккир, олим, ғазал мулкининг султони, ўзбек мумтоз адабий тилининг асосчиси Алишер Навоийни барча даврларда ҳам бутун турк дунёси “шамс ул-миллат” яъни миллат қуёши деб эъзозлаб келган.
Аслида ҳам, бутун умрини туркий тил мавқеини кўтариш, туркий адабиёт имкониятларини тан олдириш, туркий давлатчилик асосларини мустаҳкамлашга, жамиятда ҳақиқат ва адолат мезонларини қарор тортиришга бағишлаган бобокалонимиз бу эътирофга тўла муносиб ва ҳақлидир.
Ботирхон Акрамов илмий фаолиятининг икки муҳим қирраси эътиборли. У киши учун мумтоз адабиёт ва унинг улуғ даҳолари ҳам, замонавий адабиётдаги йирик истеъдод соҳиблари ҳам бирдай илмий мақолаларга мавзу эдилар. Улуғ Навоий баҳридан баҳрамандлик олимни Бобур, Фузулий, Машраб сингари туркий дунёнинг муҳташам вакиллари ижодига бошлаган бўлса, худди шундай эҳтиром билан Чўлпон ва Ойбек, Абдулла Орипов, Рауф Парфи ижодига юзланади. Ҳатто бу ижодкорлар дарёсидан баҳра олган Мирза Кенжабек ва Азиз Саид каби шогирдлар ҳақида ёзганда ҳам улуғлар ижодига муносабатда бўлган пурвиқорлик, инжа калом ва баланд пардани сақлайди. Буни баландпарвозлик деб эмас, балки шеърга, бадиий сўзга бўлган юксак ҳурматдан деб билиш лозим. Ана шундай эътиқод домланинг “Шеърият гавҳари”, “Олам бутунлиги”, “Фасоҳат мулкининг соҳибқирони”, “Навоий шоҳбайтлари” ва ўлимидан сўнг нашр этилган «Маърифат фидойиси» сингари китобларининг ички руҳини ёритиб туради. Кези келганда айтиш лозимки, улуғ шеъриятдан ҳайратланиш натижасида “сўз гуҳари “, “ илоҳий калимот”, “мўъжиз лавҳалар”, “қасидавор тасвир”, “руҳият мусаввири” каби сўз бирикмаларидан фойдаланади, улуғ санъатга баҳо беришда улуғвор жумлалар тузишдан ийманмайди.
Сўз сеҳридан ҳайратланиш домлани бадиий ижод билан машғулликка ҳам ундаган. Ушбу тўпламда илк бор нашр этилаётган ижод намуналари ўшандай мумтоз жанрларда битилган шеърий машқ ва тажрибалар деб қаралиши керак. Бу муаллифнинг ўзи ёзганидек, “янги бир ижодий иштиёқ … қалам маъбуди Аторуднинг илк муждаси”дан руҳ олган муҳиблик билан ижодга киришишдир.
Профессор Ботирхон Акромов навоийшунослик соҳасида уч китоб ва учта монография, юздан ортиқ мақола ва тақризлар муаллифи ҳисобланади.
Навоийнинг меросини ўрганиш – Ботирхон Акромов илмий фаолиятининг энг салмоқли қисмини ташкил этган. Олим Ботирхон Акромов Алишер Навоий ижодини чуқур ўрганиб, теран илмий тадқиқотлари билан навоийшуносликда ўзига хос илмий мактаб яратган.
Адабиётшунос олим Ботирхон Акромов Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган қатор илмий тадқиқотлари, рисолалари билан ўз номини улуғлик пиллапоясига кўтарган олим эди. Буюк аждодимиз ижодини тўлиқ англаш учун унинг асарлари изоҳлари, бугунги адабий тилимизга татбиқ қилинган муқобиллари, луғатлар муҳим ўрин тутади.
Ботирхон Акромов бутун умрини мана шундай эзгу ишларга бағишлади. Навоий ижодига мурожаат қилиб, ушбу буюк зот ўз асарларида она тили – туркийнинг туганмас имкониятлари, қудрати ва қувватини намоён қила олганини кўрсатиб берди. Бу бошқа туркий шоир, ёзувчилар ижодига беқиёс таъсир қилганини илмий тадқиқотлар асосида исботлади.
Алишер Навоий “Маҳбубул қулуб” асарида: “Одамийнинг яхшироғи улдурким, порсо ва пок бўлғай ва ҳақ сўзни айтурда беваҳму бок бўлғай. Ўзи поку, кўзи покни инсон деса бўлур, тили ариғ (нозик) ва кўнгли ариғни мусулмон деса бўлур”, дейди. Ботирхон Акромов том маънода, умр бўйи шу ақидага амал қилиб яшади. Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиб, илмий рисолалари орқали она тилимиз равнақига ҳисса қўшди. Заҳматкаш олимнинг тадқиқотлари келгуси авлод учун маънавий мерос бўлиб қолади.
ИЗЗАТ СУЛТОН ВА УЙҒУННИНГ «АЛИШЕР НАВОИЙ» ДРАМАСИ
«Алишер Навоий» драмаси икки ҳамкор муаллифнинггина эмас, умум ўзбек саҳна санъати, унинг мухлислари бахти ва қувончи, умри боқий мумтоз томошаси бўлиб қолди. Асарни илк бор 1948 йилда Ҳамза номидаги Ўзбек академик драма театрида таниқли режиссёр Маннон Уйғур саҳналаштирган.
Уйғун ва Иззат Султоннинг 1942 йилда ёзилган бу пьесаси 1945 йилги биринчи премьерасигача турли тафтиш, текширувлардан ўтказилиб, сўнг тамошабинга кўрсатилган. Аввалига спектакл “ўтмишни идеаллаштириш” айби билан тўхтатилиб қўйилди. Ниҳоят, Алишер Навоийнинг беш юз йиллик юбилейи шарофати билан, айрим таҳрирлардан сўнг 1948 йили мунтазам ижро этиш учун театр репертуарига киритилди.
Ушбу асар 1957 йилда Киров номли Ўш театрида саҳналаштирилган. Алишер Навоий образини театр тарихида биринчи бўлиб Ботирхон Акромов ижро этган. Ўша даврда бу асар томошабинлар қалбидан чуқур ўрин олганди.
ОРИФОНА ҚАЛБ СИРЛАРИ
“Билмоқ лозимки, – деб ёзган эди Ботирхон домла, – қадимий Ўш шаҳри жахонга кўплаб ориф ва олим зотларни етиштириб берган илму ирфон масканидир. Хll асрда фаолият кўрсатган улуғ шоир ва аллома Сирожуддин Усмон Ўшийнинг » Омолий» манзумаси жахон мадрасаларида, хонадонларда, азиз шайхлар, пири комиллар даргохларида ўқитилган, ёдлатилган, шархланган. У зот айни вақтда мухаддис, фақих, мутакаллим,яъни илми калом арбобларидан бўлганлар. Хазрат Ҳувайдо, Йўлдошхўжа Доғий каби ориф ва ошиқ шоирларнинг ҳам Ўш шаҳри билан иртиботлари бўлган. Бу балда халқ тилида шунчаки «Ўш» дейилмай, алоҳида эҳтиром ила «Ўш пирим» деб аталиши бежиз эмас. Албатта, тўғри йул раҳнамоси бўлган зотлар пир дейилган.
«Бобурнома»да Ўшнинг фазилати хақида фахрли сўзлар бор. (Ўш 16 жойда, Ўзганд 9 ерда зикр қилинган). Сулаймон тоғида Захириддин Муҳаммад Бобур излари қолган бўлса, не ажаб! Бугунги кунда ҳам Ўшнинг маърифат нури узилган эмас. Камина у мулкда етишган зиёлилар сиймосида ҳамиша устун бир маданият ва гўзал ахлоқ намуналарини кўраман.
Тошкент илмий-адабий мухитида асли ўшлик бўлган олим ва адибларнинг ўз ўрни бўлган. Мирзакалон Исмоилий ҳамма асарларидан кўра кўпроқ «Одамийлик қиссаси» билан эътибор қозонган (Адибнинг маънавий-ахлоқий мавзуларини жиянлари, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик янгича равнақ билан давом эттирмоқда). Адиб ва олим Иззат Султон, ватанпарвар шоир Шавкат Раҳмон, русизабон қаламкаш Собит Мадалиев, болалар оламининг шоири, катталар оламининг танқидчиси Турсунбой Адашбоев, машҳур муҳаррир Ахмаджон Мелибоев, публицист Ёқубжон Хўжамбердиев каби қалам аҳллари, илму фан, хусусан, кимё соҳаси олимларидан Зокиржон Салимов, Ҳотамжон Самиев, инглиз тили мутахассиси, таржимон Абдуқаҳҳор Иминов, мусиқашунос олим Тўрахон Мирзаев (Ботирхон Акрамовнинг акалари, бу маърифатли киши Юнус Ражабий билан анча вақт ҳамкорлик қилиб, «Шашмақом» китобининг таснифига яқиндан ёрдам берган) каби шахсларни эслаш ўринлидир. Рахматлик Аскад Мухтор «Гулистон» журналида муҳаррир эканида Усмон Темурнинг бир туркум шеърлари чиққан. Унда бундай тўртлик бор эди:
Дунёни ёш деса қиз-ўғиллари,
Дунё қари, дея ота бўғилади.
Дунё эса чоллар билан бирга ўлиб,
Чақалоқлар билан бирга туғилади…
Яъни, дунёнинг борлиги ўлим ва туғилиш остонасидадир”…
Мазкур шахслар орасида Ботирхон домланинг ўзи ҳам алоҳида хислатлари билан маълум эдилар. Баланд даъводан йироқ холда, ўз шеърий истеъдодларини яшириб келганлари ҳам бир хислатдир.
«Марифат фидойиси» рукнида нашр этилган хотиралар китобида Ботирхон Акрамнинг сафдош ва издошларининг эсдаликлари жамланган.
Устоз Ботирхон Акромов ўзидан кўплаб шогирдлар, илмий китоблар қолдирди. У умрини ўзбек адабиётининг ҳақиқий йўлини ўрганиш ва тушунтиришга бағишлади. Унинг шогирдлари орасида Ўзбекистоннинг олий ўқув юртларида ўқиган, ҳозирда Ўзбекистонда забардаст бўлган ўнга яқин олим мавжуд. Ҳамидулла Болтабоев, Мирзо Кенжабек, Йўлдош Эшбек, Баҳодир Карим, Абдумурод Тиловов, Нусратулло Жумахўжа, Азиз Саид, Абдулла Улуғовлар шулар жумласидандир.
Ўзбек адабиётининг жонкуяри, Навоийшунос олим Ботирхон Акромов 2011 йил 16 августда Тошкентда вафот этган ва Тошкентдаги «Саид ота» қабристонига дафн этилган.
Одилжон ДАДАЖОНОВ,
Алишер Навоий институти учун