ТИЛСИЗЛИККА МАҲКУМЛАР

chinovnikiАввал тилларини кесинглар… Гапиришмайди…

Гапирмаганларни эса тушуниш шарт бўлмай қолади.

Инсон фарзанди ибтидосидан буён хурлигини таъминловчи омилларни сақлашга интилиб келади. Бундай омиллардан бири тилдир, гапириш ҳуқуқидир. Гапирганда ҳам ўзи истаган, фикрини қийналмай осон баён этадиган тилда гапириш ҳуқуқидир. Агар бундай бўлмаса, яъни инсон боласидан истагани тилда, истаганича гапириш истаги тортиб олинса ва ёки тақиқланса, энди у инсон ўз фикрини бошқача йўллар билан уқтиришга уринади. Шу боис айтишадики, мендан ҳар нарсани олиб қўйинг, аммо фикрлаш ва гапириш ҳуқуқимга дахл қилманг. Агар инсоннинг фикрига ва бу фикрни баён қиладиган она тилига дахл қилинса нима бўлади?! Кутилган ҳолат шуки, оғизлари беркитилган одамлар истагини англатишнинг бошқа, ғайриодатий турларини ўйлаб топишади. Бундай ғайриодатий тушунтириш йўлларини бугун дунёнинг жуда кўплаб ўлкаларида кузатаяпмиз… Ва ҳатто бундай «тушунтириш» ларга қарши курашаяпмиз.

Юқорида гўёки кириш сўзи ўрнидаги жумлалардан нимани тушундингиз ёки йўқ – бу аҳамиятсиз. Аҳамиятлиси, ўқишни бошладингиз. Асосийси, тилсизлик муаммосига бефарқ эмассиз. Раҳмат!

Энди гапнинг индаллосига кўчамиз. Биз Ўрта Осиё халқлари, қайси миллатга тегишли бўлишимиздан қатъи назар, ўз тилимизни, урф-одатларимизни, бир сўз билан айтганда, «ҳаминқадар»лик ўзлигимизни сақлашга уриниб келяпмиз. «Ҳаминқадар» ибораси бугунги кунларимизгагина тегишли. Сабаби, қачонлардир бу ўлкада яшаганлар ҳозиргиларга қараганда ҳамма маъноларда аълороқ бўлишган деган қарашларга ишонгимиз келади. Ишонамиз ҳам!

«Ҳаминқадар»ликка нима сабаб бўлди? Нимагаки деярли чираниб яшаётганимиз сўнгги бир неча ўн йилларда ўртамиздаги оғалик, қардошлик, ҳамнафаслик ришталарини деярли узиб бўлдик. Нимага чираниб яшаяпмиз? Чунки ҳар ким аравани ўзи тортмоқчи, ҳар ким ўз тарихини ўзи истагандек ёзмоқчи. Нимагадир ҳар ким ўзича ҳеч кимдан кам эмаслигини, аксинча аълороқ эканлигини исботламоқчи. Бунинг учун ёлғонлар тўқиляпти, тарихий шахслар талашиляпти, достон қаҳрамонлари, афсоналар ҳақиқатга айлантириляпти.

Бундайин ҳолатга қандай етиб келдик? Ёлғонлар орқали, манманлик орқали, саёз сиёсий ўйинлару бошобошдоқлик орқали. Пировардида нима бўлаяпти? Оддий халқ қийналаяпти.

Ҳар ким ўз расмий ҳудудида шер. Ҳақми, ноҳақми – фарқсиз. Яна минбарлардаги жарангдор ваъзларга ўлайми дейсиз. Нима эмиш: «Биз юксак маънавиятга, сиёсий ва иқтисодий онгга, интеллектуал салоҳиятга эга бўлган демократик тамойиллар асосида яшайдиган фуқоровий жамият қураяпмиз». Ол-а!

Савол туғилиши табиийда. Бу қурилаётган фуқаровий жамиятларнинг асл мақсади фуқароларнинг фаровонлигими ва ёки акси?.. Бундай жамиятлар фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маслаги билан яшайдими ва ёки топташ?.. Агар уларнинг асоси демократияга қурилган бўлса, гапириш, ўқиш, сиғиниш, танлаш ҳуқуқларини нега паймол қилишади? Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун бир нечта мисоллар келтираман. Аравани қуруқ олиб қочаркан демаслигингиз учун.

Ҳеч кимга сир эмас, 2010 йилда Қирғизистон жанубида қондош, диндош, деярли тилдош икки миллат – ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида қонли тўқнашув бўлиб ўтди. Бу фожеаларнинг сабаблари ҳақида гапирмоқчи эмасман. Сабаби ким нима демасин, аравани қуруқ олиб қочмасин далилларнинг, рақамларнинг ўзи кўрга ҳасса… Эътиборингизни бошқа ҳолатга қаратмоқчиман. 2010 йил зўровонлик қурбонлари хотирасига атаб Ўш шаҳрида қўйилган қўнғироқда тинчликка чақирувчи сўзлар бор ва улар учта тилда қайд этилган: қирғиз, рус ва ингилиз. Кечирасизлар, қани ўзбек тили? Ўшдаги муаммо кимлар ўртасида бўлди ва бу тинчликка чақирув кимга ёки нимага қаратилган? Дунё ҳамжамиятининг Ўшда шундай мўъжаз қўнғироқча борлигини билишигами ёки ўзбек ва қирғизнинг адоватсиз яшашигами, нимага?

Сўнгги йилларда Қирғизистондаги ўзбек мактаблари сезиларли даражада камайиб кетди. Рақамларни келтираман: 2003 йилда Қирғизистондаги ўзбек тилидаги умумтаълим мактабларининг сони 141 та эди, 2008 йилга келиб 129 та қолди. Бугунги кунда эса мактаблар 90 тадан ошмайди.

Маълумот учун: Қирғизистонда 1 млн га яқин ўзбеклар истиқомат қилишади ва уларнинг ўз тилларида таълим олишлари учун атига 90 та мактаб фаолият юритаяпти. Айни пайтда Ўзбекистондаги қирғизларнинг адади 300 минг атрофида ва уларнинг ўз она тиллари, қирғиз тилида таълим олишлари учун 62 та мактаб фаолият юритаяпти.

Қирғизистонда ўзбек мактабларининг бундай сезиларли камайишининг боиси ўзбек оилаларида фарзандлар туғилишининг кескин озайиб кетганлиги эмас, албатта. Бу ерда бошқа сабаб бор, важ бор. Бу важнинг замонавий номи интеграция. Қирғизистон мисолида «мажбурий интеграция». Бир миллатни бошқа миллатга мажбурий интеграция қилиш мумкинми? «Мумкинми?» – деганда қилиш имконлими, имконсизми демоқчи эмасман. Қайсидир миллат вакиллари бошқасига нисбатан шундай муомалада бўлишга ҳақлими, ҳақсизми демоқчиман. Менимча, ҳақсиз. Қирғиз расмийларининг, уларни қувватлаётган халқ вакилларининг Қирғизистондаги ўзбек миллий озчиликларига нисбатан бундай муомаласини навбатдаги кечириб бўлмас хато эканини англаш учун Афлотун бўлиш шарт эмас.

Қирғизистон Маориф ва Фан вазирлиги томонидан 2014 йилдан бошлаб олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларининг ўзбек тилида олиниши бекор қилинди ва ҳукуматнинг 2006 йилдаги Умумреспублика тестлари тўғрисидаги қарори ўзгартирилди. Мазкур қарорда тест имтиҳонлари «қирғиз, рус ва бошқа тилларда ўтқазилади» дейилган. Қарор матнидаги «бошқа тилларда ўтказилади» жумлалари олиб ташланди. Бунинг ортидан минглаб ўзбек битирувчилари олий маълумот олишдан деярли маҳрум этилди. Бу нима, атайин бир миллатни онгсизлантиришга уринишми ва ёки ҳали битмаган яраларга яна туз сепишми?

Эркин жамиятнинг эркин бир фарзанди истагани тилда гапирмайдими, таълим олмайдими?! Истасин қирғизча гапирсин, истасин ўзбекча, истасин қозоқча, тожикча, туркманча, русча, дунганча, татарча, туркча, озорча. Нима фарқи бор? Асосийси, шу давлатни севса, хизмат қилса, фойда келтирса бўлди эмасми? Ёки нафратланса нафратлансин-да, аммо қирғизча гапирсинми? Шу қадар ҳам мантиқсизлик бўладими?

Агар виждонан ва холис ёндашилса, Марказий Осиё минтақаси тарихи, илм-фани, адабиётининг турли йўналишларига доир асарларнинг кўпчилик қисми ўзбек тилида яратилган. Биргина Алишер Навоийнинг бой маънавий мероси наинки минтақамиз, балки бутун дунё ёзувчи ва шоирлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилиб, улар учун илҳом манбаи вазифасини ўтаб келган. Зеро, улуғ мутафаккирнинг асарлари халқлар, мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, тинчлик ва осойишталикнинг мустаҳкамланишига катта ҳисса қўшиб келган. Бой тарихий-илмий меросга эга бўлган ўзбек маданияти узоқ ўтмишда ҳам, яқин тарихда ҳам улкан маърифатпарвар, тараққийпарвар ғояларга хизмат қилгани билан аҳамиятлидир. Бундан кейин ҳам шундайлигича қолаверади. Бу каби майда уринишлар катта ҳаракатлар олдида ҳечдир аслида. Катта ҳаракат деганда Қирғизистон жанубида ўзбек миллий озчиликлари орасидаги маърифий кучни назарда тутдим. Умид қиламизки, оталар фарзандларига ким эканликларини, қайси маданият вакиллари эканликларини таъкидлашдан, уқтиришдан, ўргатишдан чарчамайдилар. Ўргатадиганлари эса етарли. Бугунги ўзбек зиёли қатлами вакилларининг орасидан Қирғизистон жанубида улғайганларини санасангиз, бармоқларингиз етмай қолади. Бундан кейин ҳам шундай бўлаверади. Сулаймонтоғ этакларида дунёнинг кўзига тик қараб ҳақ сўзни айтадиган ўзбек фарзандлари ҳали кўп туғилади. Шундай деб ишонгимиз келади. Ишонамиз ҳам!

Яна бир ҳолат. Ўшдаги тарих музейига борсангиз албатта ҳайратланасиз. Сабаби, бу музейда асрлар давомида шу ҳудудда истиқомат қилиб келаётган ўзбекнинг на бир дона дўпписи, на бир дона кетмони бор. Бу билан ўзбекнинг обрўси тушиб қолмайди, албатта. Биз шунчаки оддий бир ҳақиқатни эслатиб қўймоқчимиз. Вақт ҳар доим ўз ҳукмини ўқийди. Ҳар нарсани ўз ерига қўяди.

Аслида, бундайин ҳолат нафақат Қирғизистонда, балки минтақадаги деярли барча давлатларда ҳам кузатилади. Деярли барча ҳудудларда миллатлар ўртасига адоват ташланган. Бу худдики гугурт ёқилишини кутаётган порохли бочкага ўхшайди. Бу бочкаларга кимлар нима мақсадда ишлов берганлигидан хабаримиз бор. Лекин нима учундир бу бизни қўрқитмайди. Биз омиларни қўрқитадиган нарса қардошимизнинг ўз она тилида гапириши!.. Биз бор иқтидору ҳунаримизни унинг тилсизликка маҳкум этилишига сарфлаймиз. Қанийди, ўзини йўқотса. Қани, гапирмаса-ю, ҳеч ким эшитмаса. Етказганимиз озорлар очиққа чиқмаса. Биз киммизки, озор бериб ҳузур топамиз, инсон инсонга қилмайдиган муомалани қилиб, зўрлигимизни исботлагандек атрофга олазарак боқамиз.

Билдим, Айтматов айтган манқуртлармиз биз, МАНҚУРТЛАР!

Гога РАШИДОВ

Мустақил журналист