МДҲ нинг 25 йиллиги муносабати билан Россияда ишлайдиган мигрантларга нисбатан амнистия эълон қилиниб “қора рўйхат”дан чиқарилиши сўралди. Амнистия эълон қилинишини сўраб Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Россия президенти Владимир Путинга мактуб йўллади. Агар масала ижобий ҳал қилинса “қора рўйхат”дан 118 минг қирғизистонлик ўчирилади ва улар яна Россия ҳудудида ишлаш имкониятига эга бўлишади.
Маълумот учун келтириб ўтамиз: “Қора рўйхат”дагилар сони 2015 йилдагига қараганда сезиларли даражада камайган. 2015 йил аввалида рўйхатдагилар сони 194 мингтагача етиб борган. Рўйхат адади кўтарилмасин ёки пасаймасин Россияда Қирғизистондан бориб ишловчилар сони бир ҳиллигича қолмоқда. Бунга сабаб “қора рўйхат” га тушган одамлар ўрнига уларнинг яқинлари ишга борган. Агар бундай қилинмаса, оиладан кимдир ишлаб пул топмаса аҳвол оғирлашади. Чунки Қирғизистонда улар иш билан таъминланмаган. Бу ҳақда ЖК депутати Алманбет Шыкмаматов президентнинг амнистия сўраб йўллаган мактубини қувватлаб шундай деди. Унинг сўзларига кўра, бу қадам мамлакатдаги ишсизлик билан боғлиқ оғир иқтисодий ҳолатни ечади. Яъни, “қора рўйхат”дан чиқарилганлар яна мамлакати учун, оиласи учун фойда келтира бошлашади.
(П.С.: Блоггер, журналист Данияр Айтман Қирғизистондан четга чиқиб ишлайдиган мигрантларни “Қирғизистоннинг қора олтини” деб тўғри таърифлаган.)
Энди масаланинг бошқа томонига эътиборингизни қаратмоқчиман. Қирғизистон президентининг бу ҳаракатлари нимага асосланган ва ундан нима кўзланганлигини бир қадар англадик, англатдик, англадингиз. Лўндасини айтганда, қандай қилиб бўлмасин ҳеч қурса оилалардаги қорин ғамини бартараф этишда фуқароларга кўмаклашиш. Яъни, “қора рўйхат” дан чиқиб “қора ишлар”ни давом эттиришларида жонбозлик кўрсатиш.
Масаланинг бошқа томони шундан иборатки 2010 йилги мамлакат жанубидаги фожеалардан сўнг жуда кўплаб ўзбек оилалари ўз боқувчиларини йўқотди. Улар ўз уйларини ҳимоя қила туриб, ўз маҳаллаларида, ҳонадонларида қурбон бўлдилар. Қурбон бўлмаганлари эса кейинчалик бирин кетин соҳта айбловлар, тухматлар сабаб панжаралар ортига ташланди. Оқибат қанча-қанча оилалар ўз боқувчиларини йўқотди. Боқувчисини йўқотган оилалар бугунга қадар ҳам амал-тақал қилиб кун кўришмоқда, нон топишмоқда. Ҳаёти тузатилмас даражада издан чиққанларнику айтмаса ҳам бўлади. Ҳуллас Қирғизистонда том маънода қора отлиқ қилинган ўзбеклар қамоқларда ўтирган яқинларининг оила даврасига қайтишини, елкадош бўлишларини исташади. Ишонаверинг бу истак Атамбаевнинг мигрантларни “қора рўйхат” дан чиқариш истагидан минг карра кучли истак. Бу истак изтироб ва оғриқларга кўмилиб кетган. Ҳар сафар исталганда бўғизларга нимадир тиқилади, яшаш оғирлашади, ичингда нимадир узилади. Ва ўйлаб қоласан, нима учун Қирғизистон ҳукумати тепасидагилар бу ҳақда ўйлашмайди? Нима сабабдан 2010 йил воқеалари сабаб қамоққа ташланганларга нисбатан амнистия қўлланилмайди? Уларнинг истаклари ҳам “қора рўйхат” дагилар истакларига ўхшаш эмасмиди? Улар ҳам қандай қилиб бўлмасин оилаларини, яқинларини омонда сақламоқчи эмасмидилар, уларнинг ҳимоясига отланмаганмидилар?!
Бу ерда бошқа гап бор, бошқа сир бор. Бу гап, бу сир очилган куни жаноб Атамбаев ҳам Қирғизистон халқлари қалбидаги “қора рўйхат” да бўлади. Бу дунё адолат тарозисининг посангиси ҳали бузилгани йўқ. Ҳар нарсани ўз ўрнига қўяди. “Қора рўйхатдагилар” ни “оқ рўйхатдагилар” дан албатта ажратади. Бу ҳақиқат тарозиси учун сенинг кимлигингнинг аҳамияти йўқ. Фуқаромисан, президентмисан, зулм қилувчимисан, зулм кўрувчимисан, адашувчимисан, адаштирувчимисан фарқсиз. Адолат албатта қарор топади. Сен бу адолатнинг қарор топишига тўсқинлик қилмоқчи бўлсанг, бошқаси тўсқинлик қилмайди, балки кўмаклашади. Шундай экан 2010 йил фожеалари, унинг ортидаги ишлардан оғринсакда ҳотиржаммиз. Чунки ҳақиқатга ишонамиз. Чунки ҳақиқатни биламиз.
Бадиуззамон