Истеъдодли шоир, марҳум Асқар Маҳкамнинг “Оқ китоб”ида Олой, олойликлар ҳақида ушбуларни ўқийман: “Олой мангу қорлар қўйнида тоғлар Каъбасидек мағрур яшар эди… Бу сеҳрли мамлакатнинг эшик-қопқаси, амир ва лашкарлари, доруға ва довулкашлари йўқ. Уларнинг хам ўз ҳаётлари бор. Фақат бу ҳаёт бошқаларнинг ҳаётига ўхшамайди. Бу мамлакатда кимдир султон ва кимдир ўша султоннинг эшигида гадойлик қилиб сарғайиб турмайди. Кимдир очликдан ўлмайди ва кимдир тобути кўчаётган очнинг ёнбошида “яллама ёрим”ни куйламайди. Чунки унинг ор-номуси бор, ҳамияти бор. Ҳеч бўлмаса, инсон бўлгани учун уят нималигини билади. У ерда одамлар одамларнинг уйларини, қўш-қўрасини, оғзидаги нонини тортиб ололмайди. Ҳеч қурса, инсонлигидан уялади. Бир эл бошқа бир элни так- туби билан йўқотиш режасини тузиб, кечаси билан кўзига уйқу қўндирмайди, унга бу элларнинг кераги йўқ, чунки барибир, бир энлик тупроқ остига кетади-да…”
Бир пайтлар, ҳали чор қўшинларининг, истилочиларининг қадами бу ерларга етиб келмасидан олдин Олой ана шундай сулув гўша, олойликлар эса ўшандайин мард кишилар бўлишган экан, яна қайдам. Асқар Маҳкамнинг олойликлар ҳақидаги дил сўзларини ўқияпману хаёлимдан ўтган асрнинг 90- йилида Ўш ва Ўзган шаҳарларида кечган фожеалар жонланади.
– Отам, катта отам ва уларнинг оталари ҳам мана шу азиз юртнинг туб одамлари бўлиб, ўз халқига хизмат қилиб келишган, – деган эди ўшанда собиқ Қирғизистон ССР Олий Кенгашининг собиқ депутати Одилжон Раимжонов. – Ўзим узоқ йиллардан буён қурилиш ташкилотида раҳбарман. Шу вақт мобайнида минглаб хонадонга уй қурдик. Улар орасида қирғиз оилалари кўпчиликни ташкил этарди. Бундай ишлар бўлади, деб ҳеч ўйламаганмиз. Лекин афсуски, бизнинг дўстларимиз дўст бўлиб чиқишмади. 5- июнь куни автостанцияда ёшлар тўполон чиқаришди. У тинчиб, орадан икки уч соат ўтгач, Совет райони томонидан машиналарда, отларда қий-чув билан одамлар тушиб келишди. Уйда эдим. Бир пайт дарвоза олдига кимлардир келиб: “Одил, чиқ бу ёққа, биз сени отгани, уйингга ўт қўйгани келдик”, дейишди. Дарвозага қарата автоматдан ўқ узишди. Дарвозахонада турган “Жигули” машинасини ёқиб юборишди. Биз оиламиз билан орқа томондан укамнинг уйига ўтдик. Улар эса уйимиз ёниб, кул бўлгунча кўча атрофини қўриқлаб туришди. Ёниб кетган уйим, мол-дунё кўзимга кўринмаяпти. Лекин 15 минг нусха китобдан иборат кутубхонам бор эди. Улар орасида энг нодир қўл ёзмалар, нодир асарлар мавжуд эди. Нега? Нима учун бундай қилишди? Уларга нима ёмонлик қилдим?
Бугун Одил ака йўқ. Аммо унинг гаплари ҳамон ёдимда. Унинг сўзи эса нафақат ХХ, айни пайтда ХХI асрнинг хам энг буюк ёзувчиси бўлган Чингиз Айтматовнинг гапларини ёдга солади: “Қадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга таъсирини кўҳна Византиянинг қадим Русьга таъсири билан қиёслаш мумкин. Советгача бўлган даврларда ҳам Ўзбекистон бизнинг Шарқдаги сўзимиз ва юзимиз бўлиб келган…”
Дарвоқе, ўшанда Ўзганни ҳарбийлар, ҳа, совет ҳарбийлари сақлаб қолган эди. Агар улар яна 5-6 соатга кечикканларида қурбонларни юзлаб эмас, минглаб санаш мумкин бўлар эди. Улар жароҳатланганларга ёрдам беришди, ўликларни кўмишди, ўт ўчиришди. Шу жараёнда бир аскар йигит ҳалок бўлди: қийнаб ўлдирилган болаларни, қизларни кўриб, бундай хунрезликка унинг асаблари дош беролмади. Ўзини ўзи ўлдирди. Аскарнинг бу ўлими оддий ўлим эмас эди,бу ўлим – ваҳшийликга қарши ИСЁН эди.
2010 йилда эса ҳеч ким ҳеч кимни қутқармади. Уйлар, маҳаллаларга ўт қўйилди, одам ўлдирилди. Юз мингдан ортиқ қочоқ Ўзбекистонга ўтиб жон сақлади. Яна ҳам бу қадим ўтроқ халқи тўзимл экан. Уларнинг “Эй халойиқ, биз ҳам одаммиз. Республика, область, шаҳар ва қишлоқларни бошқаришда биз ҳам қатнашайлик, аҳир биз ҳам шу юртнинг азалий фарзандимиз. Бизларни камситманглар, ҳуқуқларимизни паймол қилманглар!” деган қонуний талабларини айирмачиликга йўйишди. Тинч йўл билан айтилган талабларга ўқ билан жавоб беришди…
Гувоҳлардан бири шундай воқеани эслайди: “Ўшдаги тўполонларнинг эртасига бозорга бордим. Бозор бозорлигини йўқотган, гўё мозорга айланган эди. Ҳамма ёқда мева-чеваларнинг уюмлари, писта-бодом, туршак, майизлар ер билан битта бўлиб сочилиб ётибди. Чор тараф бесаранжом. Боғидаги мева-сабзавотини халққа янгилик деб олиб келган боғбону деҳқон нарсаларини шундайлигича ташлаб қочган. Битта қоровул бўлса қаёққа хам қарасин. Шу пайт ўртадаги растада бир одамни кўриб қолдим. У бозорчилар ташлаб қочган писта-бодом, мева-чевалардан ҳеч тап тортмай қўлидаги ҳалтасига солар, етаклаган ити унинг ортидан юриб, нарсаларга тумшуғини текказиб қўяр эди. Мен бу холга чидамадим. Бояги одамни урушдим, танбеҳ бердим. Илдизи битта бўлган икки халқ ўртасида низо қўпиб, қон тўкилиб турганда, отнинг ўлимини ит бўлиб байрам қилган одамни битта менинг уришганим, танбеҳ берганим қаерга хам борар эди… ”
Мана шундай ҳолатларга дуч келганингда, оппа-роса йигирма йил ичида бир халқнинг икки мартта қирғинга учраганига гувоҳ бўлиб турганингда туркий халқларнинг овқатини аллақачонлар қандайдир итлар ҳаром қилганига амин бўласан, киши. Итнинг вафодорлигию хотиннинг жафокорлигини қанчалик тараннум этмайлик, уларнинг бири барибир ҳаром, иккинчиси ҳалол. Бу ҳаромдан ўзимизни ўзимиз тозаламасак, уришганда биров ажратиб қўймаганидек, тозалаб ҳам қўймайди. Мен бир пайтлар оддий меҳнаткаш халқ, бутун умри молнинг ортида ўтган чўпоннинг, пахтакор деҳқоннинг ўзи каби бошқа бир халқ вакилига тиғ кўтаришини тушунмас эдим. Бугун тушуниб турибман. Бугун нафақат сармоядорларнинг, катта “сиёсатчи”ларнинг, эл устида турган “эломонлар”нинг, айни пайтда, ўша оддий халқнинг ҳам табиати булғаниб бўлди… У ўта сиёсийлашиб, ўзи мансуб бўлган туркийликдан, Асқар Маҳкам айтган одамийликдан, дину диёнатдан воз кечиб, қочма кучга айланган оломонни ташкил этиб турибди. Тарихда ўтган Шобдон ботир, Чибил бўлис, Мирзақул бўлис, Муҳаммадали халфа, Охунбобоев деган зотларнинг бугунги авлодлари – ўзини йўқотган авлод. Бу авлоднинг фожиаси советларнинг халқ, миллат ҳақидаги афсоналарига ва ёлғон мустақилликларига алданганларида, ўз вақтида бутун Туркистонни, ягона миллатни миллатчаларга бўлиб юборилиши, халқлар ўртасига раҳна солишдан мақсад хам бугунги оломонни юзага чиқариш эди.
Поезд кетиб бўлдими? Невлай!… Агар тезроқ ўзлигимизни топмасак, поезд албатта кетади.
Яқинда шундай воқеани ҳикоя қилиб беришди. Қирғизистон қозиси телевидениеда чиқиш қилар экан, гап орасида бир-иккита ўзбекча сўзлардан фойдаланибди. Кўрсатув эфирга берилгач, дарҳол бир нечта телетомошабин сим қоқишиб: қози жаноблари, нима сабабдан ўзбек тилида сўзлаяпсиз, деб эътироз билдиришибди. Қози улардан кечирим сўрабди.
Энди ўйлаб кўринг: биз шу пайтгача Қирғизистон жанубида юз берган ҳар икки қирғин ҳам четдан туриб уюштирилган, деб келдик. Хўш қирғинни четдан туриб уюштирганлар кимлар, деб сўрасангиз, жавоби ўта мужмал бўлади. Борингки, кимлардир бу фожеаларга ростдан ҳам четдан туриб раҳнамолик қилган дейлик, аммо қирғинни шу халқнинг вакиллари амалга оширишди-ку! Пичоқ бировники бўлганда хам қўл, бош ўзимизники эди-ку?! Демак, ўтган қонли фожеаларнинг туб сабаблари ўзимизнинг, нафақат кўплаб мансабдорлар, сиёсатчилар, олим ва ёзувчилар, шунингдек, ўша биз юқорида оддий одамлар деб айтган кишиларнинг ҳам қалбларини зулумот қоплаганида эмасмикин? Демак, бугун Қирғизистонни ўша ўз ичимиздаги қоронғулик қоплаб турибди, десак адашмаймиз.
Бундай қоронғуликни нима ёритиши мумкин? Албатта, маънавият, тарихий ҳақиқат. Тарихий ҳақиқат эса битта – Туркистон. Бир пайтлар парчалаб ташланган Туркистонни энди хар биримиз – ўзбек ҳам, қирғиз ҳам, қозоқ ҳам, уйғур ва барча туркий халқлар вакиллари аввало ўз ичларида, ўз юракларию тилларида яратишлари, бу муқаддас бирликни авлоддан авлодга етказишлари шарт. Зеро бу халқлар бир кун албатта бирлашишлари даркор. Бу бирликни ташқи кучлар ҳеч қачон қўлламайди. Уни ўз ичимиздан яратишимиз керак. Ўша қози жаноблари узр сўраш ўрнига, “Эй биродарлар, ўзбек тили ҳам, қирғиз тили ҳам бир ўзакдан чиққан. Агар алифболаримиздаги сунъий айирмалар бўлмаганида эди, сўзларни бир хил ўқиб, бир хил ёзар эдик. Уларнинг ҳар иккиси хам туркий тил. Ахир мен рус тилида гапирмаяпман-ку?” деса бўлармиди?! Аммо бундай дейиш учун ҳам одамнинг ичи ёруғ бўлиши керак. Шундай экан, поезднинг кетиб қолмаслиги “учинчи кучлар”, “қора кучлар“га эмас, аввало ўзимизнинг ичимиз қанчалик ёруғ ва тоза бўлишига боғлиқ.
Холис Назар
P.S. Айтганча, яқинда оммавий ахборот воситаларида шундай хабар тарқатилди: Жалолобод вилоят ҳукумати Ғарб мамлакатларидан сиёсий паноҳ топган Қодиржон Ботировнинг хусусий уйини собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг жиянига – укаси Юсуф Бакиевнинг ўғлига хатлаб берибди. Ахир, 2010-йилги қирғиндан Бакиевлар ҳам улуш олишлари қонуний экан-да…