НАЖОТ ЙЎЛИ ҚАЙДАДИР?!

Ходимингиз қалам тебратмоқчи бўлган мавзу сўнгги пайтларда Қирғизистон, айниқса кўҳна Ўш шаҳри аҳлининг халқ ва миллат сифатида чекаётган изтироблари хусусидадир. Фавқулодда кимнингдир лафзидан: “Эй, Ўзбегим!” деган бир ҳайқириқ чиқса, атрофдаги минглаб нигоҳлар бир нуқтага, яъни лафз эгаси томон қаратилади. Аммо, “Эй, Ўзбегим!” нинг ботиний маъносини лафз эгаси нигоҳларидан топа олмагач эса ўша минглаб нигоҳ соҳиблари бошларини қуйи соладилар ва навбатдаги ҳайқириқни, нажот келтирувчи товушни кутиб яшайдилар, яшайверадилар.

Ўтмишдан, бобо Зардўшт замонидан буён нишонланиб келаётган, аммо таассуфки, фақат нишонланиш билан кифояланиб, давомида эса бошқа барча эски кунлар каби яшалаётган Янги кун (Наврўз) ҳали–ҳануз мафкуравий муҳорабалар зарбаларига дучор бўлиб келмоқда. Аслида Янги кун биз учун ҳуддики бир бўсаға қаршисида турган каби истиқболга элтувчи фикрларга муттасил чорлаши керак эмасми эди?

Нафақат бу тан, бу вужуд ва балки, ақлимизни ҳам муз қотирган қахратон қишнинг узоқ имиллаган кунларидан сўнг бугун ниҳоят баҳор келиб, унинг хушбўй нафаси музлаган танимизнинг энг олис бурчакларига қадар етиб борганида, беихтиёр: “Ажабо! Ғафлатдан уйғониш даври келмадимикан?!” дея лоақал бир бора силтана олмаймизми? Узоқ қаҳратондан базўр чиқиб келаётган Табиатнинг бу кунги силтанишлари бизга бир ўрнак, бир намуна бўла олмасми? Аслида эса ҳаммаси қандай бўлса, шундайлигича қолаверади, чоғи. Бобо деҳқон ҳар галгидек кетмонини елкага ташлаб, даласи томон отланади. Ўғли эса фарзандларини ташлаб, “иложсизлик” шиорини илиб, шимол ўлкалари томон мардикорликни ихтиёр этади. Ватан эса яна ўша такасалтанг яллачилар, ўз қавмини ўттиз танга тугул, бир мирига сотишга ор қилмас каслар ва аянчлиси эса – не замонлар илгари сенинг меҳринг туфайли қўл остингда паноҳ топган ва бугун эса сен кўрсатган ўша меҳрга қулочлаб туфлаётган ёт қавмнинг қўлида талон-тарож бўлаверади.

Баҳорни кузатиб улгурмасимизданоқ шаънимизга тушган доғ, қалбимизга инган оғриқ, либосимизда қотган қон янглиғ сидириб ташлашга имконсиз фожеанинг учинчи санаси ҳам келиб етади. Шунда кўринг томошани – қирғизнинг сиёсий яллачилари ноғораларини тарақа-туруқ чаладилар, ўзимиздан чиққан сиёсий раққослар эса қулоқни қоматга келтиргучи бу шовқинларга эшилиб-эшилиб рақс туша кетадилар. Уларнинг миллат шаънига бир саратон янглиғ тушган доғ билан, панжаралар ортида нажот кутаётган юзлаб нигоҳлар билан ўша бир миричалик ишлари бор дейсизми? Чилдирмалар чалинса-ю, гижинглаб рақсга тушилса, айни шу шайтоний базмлари ила ҳаёт барибир давом этаётганини бошқаларга уқдирмоқчи бўлсалар, уларга шунинг ўзи кифоя эмасми?

Биз-чи? Биз киммиз? Биз эса – томошабинлармиз. Қайсики, истар-истамасак-да, аммо барибир ана шу малъунлар базмини томоша қилишга маҳкум томошабинлармиз. Э воҳ, қайсики, илм-фан, маданият ва маърифатни бошқа эл ва элатлар қалби ва тафаккурига олиб кирган, азим шаҳарлар барпо этган, чўлларни суғориб гулистонларга менгзаган буюк халқ, улуғ миллат, беназир уммат эканини унутган бир тўда оломонмиз бу кун…

Бу заминнинг қай бир гўшаларида сарсонлик ва саргардонликда юрган миллатдошларимизнинг аксари ватандан бадарға бўлиш сабабларини унутиб, бу дунё гўзаллиги ва лаззатларига муккасидан кетишмоқдаки, уларни кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсан. Мақсадлари қориндан, муродлари шаҳватдан иборат бўлган бу каслардан ғижинасан, ижирғанасан. Инсон боласи ўз жисмидаги ярадан жирканмайди, яра чиққан қўлини таомга узатиши ҳам табиий, таомланиб бўлгач эса қўлларини ҳатто бир сидра ялаб қўйиши ҳам тушунарли. Аммо ўзгаларнинг жисмидаги оддий доғлардан негадир ирганамиз. Миллатимиз танасидаги бу каби яралардан жирканмаслигимиз керак эди, аслида. Бироқ, уларнинг тобора залолатга ботаётган ҳолатини кўриб чидолмайсан, нафратланасан.

Қайсидир ўтган замонларда бобокалон миллатдошларимиз ўз тафаккур зиёси ила башариятни ғафлатдан уйғотган, инсониятга ҳақ ва ботилни англатган, шу тариқа тараққиёт тарихида бемисл из қолдиришган эди. Миллат доҳийлари эса ўз атрофида не чоғли халқларни бирлаштириб, тенгсиз салтанатлар иншо этганлари хотираси ҳамон барҳаёт. Эсланг, Чиғатой улуси атрофида туркий қавмларнинг иттифоққа келиши, ягона бир миллатга айланиш орзусида бирлашиш интилишлари нақадар ҳайратли эди. Жадидчилик раҳнамоларининг саъй ва ҳаракатлари-да ўз аҳамияти ила аввалги интилишлардан қадрсизроқ эмасди. Улар олға сурган ғоялар бугун ҳам ҳамон ўша замондаги каби долзарб, бугун ҳам ҳаётимизга чиндан тадбиқ этилмакка муносиб. Шундай экан, ёшларимизга ушбу улуғ сиймолар ўгитларидан таълим бериш, бугунги авлод аслида ким эканликларини, не чоғли беназир илм ва маърифат соҳибларининг авлодлари эканликларини, буларнинг авлодлари бўлишдек шарафга доғ тушириш номуссизлик билан баробар эканлигини уларнинг қалбларига сингдиришимиз, тафаккурларига англатмоғимиздан кўра зарур аъмол бормикан бугун аслида?.. Акс ҳолда эса ҳали узоқ йиллар нон илинжида шимолий ўлка сарҳадларида кезиб, исталмаган “ёқимсизлар” тавқини кўтариб юришга маҳкумлигимизча қолаверамиз.

Ҳўш, “ўзига бек бўлган” сиз ва биз кабилар нима қилмоғимиз керак? Ислоҳ учун қандай қадамлар ташлашимиз, ташлай олишимиз талаб этилади? Ўзликка қайтишнинг, асил ўзликда қайта тикланиш имкони, чораси надир? Ва ёки авлодларга қарзларга ботган, номуси топталган, ғурурсизлантирилган миллат шаънини тутқазамизми? Фақат шугинами чора?.. Нажот йўли қайдадир?!.

Авваламбор, юртда бўлмоқ керак. Нима иш билан шуғулланишдан, қай кор ила машғулликдан қатъий назар, киндик қонимиз тўкилган масканда, Ватанда бўлиш олий бахт. Агарки ҳижратга мажбур этилган бўлсак ҳам олий мақадимиз Ватан бўлмоғи шарт. Зеро, бирлашган ўзар ва томчилаган томчи тошни ёрадир.

Миллатнинг виждони бўла олган, халқ манфаатини ўз манфаатидан устун қўя олган улуғларимиз борки, аввало улар ҳаракатга келишлари, адашаётганларни ва ёки қаровсиз, эътиборсиз қолдирилганларни, хуллас ҳар ён сочилган пароканда бармоқларни бирлаштирмоқлари керак. Шоирларимиз айтишганидек: “Бир мушт бўл, битта тугун бўл”. Ана ундан кейингина нимагадир эришиш мумкиндир. Ана ўшандан сўнгра тафаккур қозонларидан не-не соғлом ғоялар қайнаб чиққусидир. Шундагина миллатнинг кўплаб бадавлат-давлатманд солиҳлари бирлашажакдир. Маърифатни дастаклаяжак, тараққиётни қувватлаяжакдир.

Сўнгсўз ўрнида яна не сўзларни демак лозимдир? Биргина шуки, кимсаки осмондан-ердан, ўнгдан-сўлдан нажот кутар экан, ҳаёт ғилдираги ҳар айланганда уларни янчиб, тупроққа қориб кетаверади. Буюк чархпалакнинг аъмол ва вазифаси асли шудир. Нажотни Ўзидан кутганлар, ҳаракатга келганлар эса муҳаққақ мақсадларига эришгусидир. Илло, биз истаган ва излаган нажотга элтувчи йўллар, демак, сиз ва бизнинг ўзимиздан бошланса не ажаб, не тонг, биродар!..

Дарвеш Само