НАВОИЙНИНГ “ҚАЙЧИ” ҒАЗАЛИ

Зуҳриддин Исомиддинов

     Туркий ғазалнавислар пири Алишер Навоийнинг ғазаллари матнида бугунги ўқувчининг моддий турмушидан анча олис бўлган, ўша давр воқелигидан хабар берадиган ҳаёт манзаралари бисёр. Шоир ашъори мағзини чақиш учун у муҳитни ҳис қилиш, ўша даврга оид тафсилотлар талқин этилган асарларни ўқиб-ўрганиш лозим. Бу вазифа тегирмонни кўрмаган, нималигини билмайдиган ҳозирги ёшларга уни тушунтиришдан мушкулроқ.

Мана, “Бадоеъул васат” девонидаги 376 ғазал:

Кирди туфроққа ҳилол, очти тўлун ойға жамол,

Ўн тўлун ойнинг қироғидин чу олдинг ўн ҳилол.

 

Су била шамъ учини ҳар лаҳза олдинг – ёруди,

Шуълани гарчи су бирла равшан этмакдур маҳол.

 

Елни тез айлабки, ўтдин су чиқардинг – турфадур,

Лек туфроғи анинг кўзларга берди иктиҳол.

 

Йўқдин эттинг бор ҳар дам юз Масиҳи руҳбахш,

Лек унсурдин мужаррад барчаси жавҳармисол.

 

Турфадурким, ўт аро эктинг ниҳолу куймади,

Турфароқким, очти гул, гарчи хаданг эрди ниҳол.

 

Кўз алам тўлгандаким, кўз тутмақ ўлмас жуз алам,

Они тутқилким, алам хайлини айлар поймол.

Бу ғазалнинг мақтаъин матлаъ хаёл этган киши,

Эй Навоий, шояд эткай фаҳм сен қилған хаёл·.

Бу – Навоийнинг ҳамд ғазаллари сирасига киради, унда Оллоҳ таолонинг ҳар нега қодирлиги рамзлар, мисоллар орқали мадҳ этилган. Бироқ бу ғазал ўта жумбоқли, мураккаб асарларидан бири. “Пароканда ғазал” туркумига мансуб, яъни байтларда воқелик изчил давом эттирилмайди, балки ҳар бир байтда янги-янги маъно мужассам. Шунинг учун, дафъатан ўқиганда мазмунини англаш, нима дейилаётганини пайқаш қийин. Шоирнинг ўзи ҳам бу ғазални тушуниш қийинлигини сўнгги мисрада дарж этиб ўтган. Ана шу охирги байтнинг ўзини қаранг: “Бу ғазалнинг мақтаъин матлаъ хаёл этган киши, Эй Навоий, шояд эткай фаҳм сен қилған хаёл”. Ҳолбуки, шу байтнинг ўзи – мақтаъ. Уни ғазал бошига қўйиб (матлаъ қилиб) ўқиганда нимадир ўзгариб, одам шоир хаёл қилган нарсани “фаҳм эткай”микин? Чунончи, ҳилолнинг тупроққа киришини янги ойнинг тез ботиши, деб англаш мумкин, аммо “ўн тўлин ой” нима, нега ўн икки ой эмас?

*     *     *

…1972 йилнинг баҳори. Ўзбек адабиёти тарихидан бизга сабоқ бераётган Бегали Қосимов домла семестр охирлаганда Ёқубжон Исҳоқов деган олимдан мумтоз адабиётимиздаги шеърий санъатлар ҳақида бизга икки соат дарс беришини илтимос қилиб, олиб келди. Ёқубжон ака бизга қадимий асарлардан мисоллар айтгани, айниқса бугун унутилган урф-одатлар, маълум ривоятларга ишора қилувчи санъатлар талқини ҳайратлантиргани ёдимда. Чунончи, халқимизнинг қадимги удум ва инончлари ҳам Навоийнинг назаридан қолмаганини айтган эди. Ёқубжон Исҳоқов эллик икки йил аввал айтган байтни яқинда излай-излай топиб олдим. Бу – юқорида сиз ўқиган ғазалнинг илк байти бўлиб чиқди:

 

Кирди туфроққа ҳилол, очти тўлун ойға жамол,

Ўн тўлун ойнинг қироғидин чу олдинг ўн ҳилол

(Ўн тўлин ойнинг қирғоғи (чети)дан ўн ҳилол олдинг,

Ҳилол тупроққа киргач, тўлин ой жамол очди.)

Ўн ҳилол деган гапни дафъатан тушуниш қийин. Агар йил ойлари кўзда тутилган бўлса, ўн икки ҳилол ҳақида гап кетиши керак эмасми эди? Йўқ, шоир ҳилол деб тирноқнинг кесилган юпқагина четини айтяпти. Олинган тирноқ худди ҳилолга ўхшайди. Ўн бармоқ тирноғидан “ўн ҳилол” олиниб, ерга кўмилади, яъни тупроққа киради. Чети олиниб, топ-тоза бўлган тирноқ эса оппоқ, тўлин ой каби кўринади. Яъни, тирноқнинг ўзи ўн ой, четлари эса ўн ҳилол. Ҳилол, албатта, тўлин ойга нисбатан хирароқ бўлади.

Бу гапнинг “моддий” асоси ҳам мантиқий: ҳилол (уч кунлик ой) тупроққа киради, ўн кун тупроққа бота-бота, ўн тўртинчи кунга келиб тўлин ойга айланади. Яна, тирноқ ана шу ўсган жойидаги қораликдан халос бўлгач, тўлин ойдай оппоқ бўлиб, жамол очади.

Кейинги байтни ўқиймиз:

Су била шамъ учини ҳар лаҳза олдинг – ёруди,

Шуълани гарчи су бирла равшан этмакдур маҳол.

(Гарчи шуъла-алангани сув билан равшанлаштириш мумкин бўлмаса ҳам,

Шам учини сув билан олган эдинг, у (шам) равшан ёнди).

 

Шам сўхтаси (куйиб бўлган ипи) ёнишни қийинлаштиради. Шунинг учун чироқнинг пилиги, шамнинг сўхтаси кесиб турилади. Ажабки, ёнаётган шам ёки чироқни ўчирмай туриб кесганда алангаси қайчи тиғини юмшатиб, ўтмаслаштирмаслиги учун олдиндан совутиб – сув теккизиб (сув қатралари сиртида турган ҳолда) пилик кесиладиган бўлса, шам ҳам, чироқ ҳам бир неча лаҳза ёруғроқ ёнади. Шоир сув аслида алангани ўчиради, аммо сувли тиғ билан шам учини олганда ёруғ бўлиб ёниши ажабтовурдир, деб айтади.

Шу билан бирга, ўзбек халқининг удуми – тирноқни олишдан аввал у албатта намланиши керак, йўқса қайчи кечганида ҳар ёққа учиши, яъни тананинг бир қисми бўлмағур ерларга тушиб хор бўлиши мумкин. Ҳар бир бармоқдаги тирноқ, агар қўл юқори кўтарилган бўлса, шуъла сочиб турган шамга ўхшайди, учи эса, бироз хирароқ, у олиб ташланса, ойдай ярқиллайди.

Давомини ўқийлик:

Елни тез айлабки, ўтдин су чиқардинг – турфадур,

Лек туфроғи анинг кўзларга берди иктиҳол.

(Шамолни кучайтириб, оловдан сув чиқарганинг – ажойиб,

Лекин унинг тупроғи кўзларга сурма тортиб қўяди).

Шамол кучайса, булутлар тўқнашади, кўкда момақалдироқ бўлиб, чақмоқ чақади – олов ёнади. Аммо ажабки, бу оловдан сув (ёмғир) чиқади. Шамол, олов, сув – буларнинг бари кўзга зиён нарсалар, тупроқ – чанг-ғубор ҳам; аммо булар худонинг амри билан ўзаро қўшилганида уларнинг мажмуи кўзни равшан этувчи тўтиёга айланади. Иктиҳол – сурма тортиш, дегани. Яъни, бу ерда ҳам қаршилантириш давом этяпти: оловдан сув чиқариш ҳам, байтда айтилгани каби, худонинг мўъжизаси, аслида. Ва яна (аввалги байтда) сув билан шам учини кесиб ёритиш – ёмғир вақти чақмоқ шуъласи осмондан ёғаётган ёмғирда ҳам акс этиб, янада равшанроқ ярқиллаши бўлса, ажаб эмас.

Шамол чанг-ғубор кўтаради. Бироқ ажабки, гоҳо чанг кўзга даво бўлади ҳам. Чунончи, қўйчивон бир умр поданинг чанги ортида юради, лекин уларнинг кўзига қўй туёғидан ўрлаган чанг даво дейдилар. Шунинг учун ҳам бизда бировни тавоф қилганида этигининг чангини кафтга суриб, уни юз-кўзга босишда “изинг гарди кўзимга тўтиёдир”, деган маъно бор.

Банданинг қўлидан келмайдиган мўъжизалар силсиласи қаршилантириш санъати орқали давом эттирилади:

Йўқдин эттинг бор ҳар дам юз Масиҳи руҳбахш,

Лек унсурдин мужаррад барчаси жавҳармисол.

(Сен ҳар лаҳзада йўқликдан юзлаб тирилтирувчи Масиҳларни яратдинг,

Бироқ буларнинг барчаси аслиятидан айро ҳолда гавҳар кабидир).

Исо алайҳиссалом ўлик тирилтириб мўъжиза кўрсатган. Унга бу хислатни ато этган Қодир таолонинг ўзи эса ҳар лаҳзада юзлаб Исо масиҳни йўқдан бор қилишга қодир.

Кейинги мисрадаги “унсур” сўзи мумтоз адабиётимиз луғатларида “тўрт элемент, яъни сув, ҳаво, тупроқ, олов”, деб талқин этилади. Бундай олганда, айни таъриф ўта жўн: бугунги китобхон сув ҳам, ҳавою тупроқ, олов ҳам битта химиявий элементдан ташкил топмагани, улардан ҳар бирининг таркиби анча мураккаб эканини билади. Масалан, сув икки ҳидроген  (водород) ва бир оксиген (кислород) заррасидан тузилган. Бошқаси ҳам инчунин. Аммо эътибор билан қарасак, “унсури арбаа” модданинг агрегат ҳолати (сув – суюқ, ҳаво – газ, тупроқ – қаттиқ, оташ – плазма) эканини англаймиз, бу оламдаги жамики моддалар шу тўрт ҳолатнинг бири кўринишида мавжуд. Бундан истисноси эса, Навоий фикрича, “жавҳармисол” бўлади. Носируддин Рабғўзий борлиқнинг яратилиши ҳақида: “…изи азза ва жалла қамуғда ашну бир гавҳар яратти. Ул гавҳар яратти, ул гавҳарга ҳайбат назари қилди эрса, ул гавҳар эруди. Сув бўлди эрса, анда кезин елни яратти. Сув уза тушти эрса, қумурди, кўпукланди. Ул кўпукдин тутун оғди, ул тутундин кўкни яратди”, – деб ёзган эди. Бу ўринда “гавҳар”ни илк унсур, субстрат деб тушуниш лозим, бу тўрт унсурдан бошқаси “жавҳар” (гавҳар)дир. Бу “содда” афсона негизида ўша “гавҳар”нинг кенгайиб, моддий дунёга айланиши – бугунги астрофизиклар талқинига кўра, “катта портлаш” (оламнинг кенгайиши) ҳодисаси туради. Лекин пайғамбар алайҳиссаломнинг руҳи эса бу тўрт унсурдан аввал, мавжудиятдан бурунроқ, демакки, ўша гавҳарнинг ўзидан бино бўлган. Алишер Навоий “Маҳбубул қулуб” асарида бу фикрни шундай ифода этади: “Ҳужаста тийнати руҳи покдин тоҳир ва фархунда хилқати аносир таркибидин пок эркани зоҳир, аносирнинг ели Масиҳ анфоси ва туфроғи Яъқуб кўзининг тўтиёси ва суйи Хизр чашмасининг зулоли ва ўти Калим дарахтининг нори иштиъоли” (Муҳаммад сав.нинг муборак фитрати фариштадан ҳам тозароқ ва файзли жисми моддалар таркибидан покроқдур, яна, унсурлардан бўлган ел (ҳаво) Масиҳнинг нафаси, тупроғи Ёқуб алайҳиссалом кўзининг тўтиёси, суви Хизр алайҳиссалом булоғининг зилоли ва олови Мусо алайҳиссалом дарахтининг гуриллаб ёнадиган оловидир).

Кўрамизки, бу байтдан Оллоҳ таолонинг оламларни яратишдан мақсуди бўлган Муҳаммад алайҳиссалом васфи ҳам ўрин олган.

Кейинги байт:

 

Турфадурким, ўт аро эктинг ниҳолу куймади,

Турфароқким, очти гул, гарчи хаданг эрди ниҳол.

 

(Олов ичига ниҳол экдинг, аммо у куймади, бу жуда ажиб бир мўъжиза,

Лекин камон ўқини эксанг, у гул очганлиги ундан-да ғаройиброқдир).

 

Камон ўқи қуруқ ёғочдан қилинади. Ҳўл новданинг нами унинг эгилиб-букилишига, натижада ўқ нишонга тўғри етиб бормаслигига сабаб бўлади. Шунинг учун камонга неча йил обдон қуритилган ёғоч танланади. Шоир ана шундай қуриб қақшаган, қоқланиб кетган ёғоч униб, гуллаганлиги мўъжиза эканини айтади. Бу ҳол шунчалар мўъжизаки, ҳатто атрофда олов гуриллаб ёниб турган жойда экилган ниҳолнинг оловда куймагани ҳам бунга тенглаша олмайди, дейди. Бунда талмеҳ (бир машҳур воқеага ишора) санъати қўлланган, яъни Иброҳим алайҳисаломни Намруд манжаниққа ўтқазиб, улкан олов ўртасига отганида, худонинг амри билан олов совиб, намоз ўқиётган Иброҳим теграсида баҳор чечаклари гуллаган эслатилади. Навоий эса, ҳар бир оддий ҳодиса ҳам аслида катта мўъжиза эканини, чунончи, қуруқ ёғоч – камон ўқининг ерга тушиб, униб гуллагани ҳам муъжиб ҳодиса эканини айтади. Яна рамз маъносини кашф этар бўлсак, камон ўқининг ерга экилганда гул очилиши – ажал ва ҳаёт жангида ҳаётнинг ғолиб чиқишига ишорадир, бу ҳам Намруд ва Иброҳим қиссасида бор эди.

 

Кўз алам тўлгандаким, кўз тутмақ ўлмас жуз алам,

Они тутқилким, алам хайлини айлар поймол.

(Кўзга алам тўлганида бошқа аламларга кўз тутилмайди,                                 Сен у алам (байроқ)ни тутгилки, алам қўшинини яксон қила олсин)

Кўзга алам ёши тўлганида бу кўзга бошқа аламлар кўринмайди ва бошқа аламлар кутилмайди ҳам. Сен эса ўша байроқни баланд кўтаргинки, у алам лашкарини тор-мор этсин. Бу ўринда шоир “они” (уни) деганда, бизнингча, имонни, Оллоҳ муҳаббатини кўзда тутган. Зеро чин ошиқ – дунё изтироблари лашкарини мағлуб эта олган кишидир. Бу ўринда тож-тахтдан воз кечган чин ошиқ Иброҳим Адҳамга ишора бордай, чунки у ўзига ўтказилган аламларни пайқамайди – дилида “онанг алами” (байроғи)дан бошқа нарсага жой қолмаган. Бунда алам ғам маъносида ҳам келаётир, негаки, ишқ ғами кирган кўнгилга ўзга ғам-аламлар меҳмон бўла олмайди.

Бу ғазалнинг мақтаъин матлаъ хаёл этган киши,

Эй Навоий, шояд эткай фаҳм сен қилған хаёл.

(Эй Навоий, бу ғазалнинг мақтаъ (сўнгги байт)ини матлаъ (илк байт)деб билган киши сен кўзда тутган нарсани фаҳмлай олса, ажаб эмас).

Шоир ушбу ғазал мазмуни осонгина тушунилмаслигини, шунинг учун уни аксинча – “ағдариб” ўқиб кўришни ҳам маслаҳат беради. Бироқ бу усул ҳам наф бериши даргумон.

*     *     *

Башариятнинг энг улуғ даҳолари ижодий эксперимент ўтказишдан тортинишмайди, авомнинг “тушунарли бўлсин” деган талабига доим ҳам амал қилишавермайди. Шунинг учун ҳам, то ҳануз гигант ижодкорларнинг айрим асарларига тишимиз ўтавермайди. Улар, худди Жомолунгма чўққиси янглиғ сирлилиги, осон эмаслиги, мубҳам ва мавҳумлиги билан бизни ҳадиксиратади, чўчитади ва… ўзига тортади ҳам.

Бу ғазални “қайчи ғазал” деб атаганимизга сабаб шуки, Навоийнинг ўзи унинг аввалини охир ва охирини аввал тарзда тасаввур этиб кўришни маслаҳат берган. Биз уни имкон борича шарҳлашга уриндик. Аммо бу асарнинг асосий ғоялари ва мазмунини тугал талқин қилиб бердик, дейишдан йироқмиз. Чунки бу (биз учун лоақал) – алоҳида мураккаб ғазал. Лекин Навоийнинг ҳар бир асари мазмунини чақишга уринсак, уни оз-оздан бўлса-да, тобора кашф эта борамиз.

  • Бу қайдларимиз мумтоз адабиётга бирқадар ошно кишиларга мўлжаллангани сабаб, олтитагина сўзга изоҳ бериш билан чекланамиз: 1. мужаррад – ёлғиз; 2. хаданг – камон ўқи; 3. алам – белги; байроқ, яна бир маъноси – дард; 4. жуз – ўзга; 5. иктиҳол – сурма тортиш; 6. хайл – тўда, лашкар;