МУЛЛА АБДУКАРИМ ОХУН

 

  

      Аждодларимиз жаҳолатга берилмагани, кимнидир ғийбат қилиб, олтиндан қиммат вақтини зое қилмагани, идрокини, қудратини илмга сарфлагани, билимини бойитгани учун етук олим, маърифатпарвар, буюк шахслар бўлган. Табиийки, илм бор жойда маърифат пайдо бўлади, маърифат қанча кучайса, жаҳолат чекинади.

Ўша даврларда ҳам турли дин ниқобидан чиққан тоифалар билан боғлиқ муаммолар бўлгани сир эмас. Халқ илмга эргашган, зиёлининг, олимнинг айтганини қилган. Тарқоқлик бўлмаган. Зиёлилар бунга йўл қўймаган. Юртнинг корига ярамоқлик ўша замонларнинг ақидаси бўлган.

Бутун умрини Ўшда ва унинг атрофида Ислом дини равнақи йўлида зиё тарқатган, мўъминлар манфаати йўлида маърифат улашган инсон Муҳаммад Ризо ўғли Мулла Абдукарим Охунд 1877 йили Ўш шаҳрига ёндош Қорасув қишлоғида туғилган. Ўтган аср бошларида Бухородаги «Мирараб» мадрасасида таҳсил олган.

Диний илмни чуқур ўргангани боис, эл-юрт орасида обрў қозонган табаррук зотлардан бўлган. Домлани барча баравар ҳурмат қилган. Абдукарим Охунд домла араб, турк, форс ҳамда урду тилларида ислом тарихни бемалол ёритиб бера олган уламолар сирасига киради.

XX асрнинг 1930-40 йилларидаги қатағонлик даври Мулла Абдукарим Охундни ҳам четлаб ўтмади. Ана шу даврда домла ўша тузум исканжасидан вақтинчалик сақланиш ниятида оиласини ҳозирги Жалолобод вилоятидаги Бекобод қишлоғига жўнатиб, ўзи Қизилсувда (ҳозирги Қорасув туманидаги қишлоқ) истиқомат қилиб турган. 1943 йили шўро ҳукуматига бошқа динлар қатори Ислом динига ҳам бироз эркинлик берди. Шундан кейин Абдукарим Охунд Ўшга кўчиб келади ва яна диний фаолиятини давом эттиради.

Домла бир қанча таклифларга қарамай, имомлик лавозимига рад жавобини бериб келган. Шунинг учун ҳаёти мобайнида фақат мударрислик қилган.

Ривоят қилинишича, Оллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга: “Эй Сулаймон, сенга ҳукмронлик керакми ёки мол-давлат?”, деб сўрабди. Сулаймон алайҳиссалом: “Эй оламларнинг Робби, менга ҳукмронлик ҳам, мол-давлат ҳам керак эмас, улардан афзали керак?” деган экан.

Оллоҳ таоло: “Эй Сулаймон, ўша афзал нарсани сўра”, деди.

Шунда Сулаймон алайҳиссалом: “Ё Оллоҳ, дунёга ҳукмронликдан ҳам, мол-давлатга эга бўлишдан ҳам мен учун афзал нарса илмдир. Менга илм бергил”, деб сўрадилар.

Оллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссалом сўраган нарсасини, яъни илм-маърифатни берди. Натижада Сулаймон алайҳиссалом ер юзидаги барча инс-жинсларга ҳукмрон бўлди ва дунёдаги барча мол-мулкни эгаллади. Илм-маърифат олиш инсон учун барча яхшиликларнинг аввалидир.

Албатта, илм ҳосил қилиш инсондан сабр бардошни талаб қилади. Машаққатларга сабр қилиб, илм-маърифат олган одамларнинг ўз халқига, ватанига кўп фойдаси тегади.

Мулла Абдукарим Охунд домла Ўшда илм-маърифатимизни зиёда бўлиши йўлида доимо саъй-ҳаракатда бўлди. Мустабид тузум даврида ҳам яширин равишда кўплаган инсонларга ислом таълимотини ўргатди.

Охунд домла деб аталишининг сабаби, Мулла Абдукарим домла Қуръони Каримни тўлиқ ёд билибгина қолмай, балки тафсир илмини ҳам мукаммал билган инсон бўлган, қолаверса, фиқҳ илмининг етук намояндаларидан эди.

У Зот ўзининг мазмунли ҳаёти давомида қирғиз, ўзбек, тожик ва яна бир қанча миллат вакилларидан шогирдлар чиқарган. Шогирдларидан элга танилган Ўшлик Умаржон Қори, Мулла Бурҳониддин домлалар ислом динининг ташвиқотчилари сифатида халқ орасида обрў топдилар.

Қизилсувда истиқомат қилган пайтларда ўша ерлик мусулмон биродарларнинг ҳам чексиз ҳурматига сазовор бўлган. Шу сабабдан қизилсувликлар ҳозиргача Абдукарим Охунд домланинг ўғли бўлмиш Неъматилло ҳожи аканинг авлодлари билан ҳалигача биродарлик алоқаларини узмай келмоқдалар.

Муҳаммад Ризо ўғли Мулла Абдукарим Охунд домла 1977 йили муборак 100 ёшида Ўшда вафот этган ва Ўшнинг » Жийдалик » қабристонига дафн этилган.

Абдукарим Охунд домланинг тобутини қўлма-қўл қилиб қабристонига олиб боришганда, жаноза ўқиш учун келганларнинг охири домланинг ховлисидан узилмаган эди, дейдилар.

 

Одилжон ДАДАЖОНОВ,
Алишер Навоий институти учун