МАНИМ ҲАЗРАТИМ

Навоий ҳақида тонг чоғи ёзсанг. Деразани ланг очиб қўйсанг, озод насимлардан кўксингни тўлдириб нафас олсанг-да, ютум-ютум покиза ҳавонинг ҳар бир ҳужайрангда сирқираб югураётганини ҳис қилсанг, ботинингдаги барча ичкин ғуборингни ўтдай уфурсанг-да, бокираланиб ёзишга ўтирсанг. Умрининг ибтидосида Атторнинг «Мантиқ ут-тайр»ини – «Қушлар мантиғи»ни ўқиб ошиқ бўлган ва умри ибтидосида «Лисон ут-тайр»ни – «Қуш тили»ни битган Навоий ҳақида сўз битаётганингда, ташқарида қушлар чуғурлаб турса. Навоий ҳақида ёзишдан олдин озодаланишинг, энг оҳорли кўйлагингни кийишинг керак. Навоийни ўйласанг, у тўғрисида ёза бошласанг, кескин тилинг юмшайди, сўзларинг ҳам ороланиб, чирой очиб бораверади.

 

Ҳар кимнинг ўз Навоийси бор. Бўлмоғи керак. Навоийсиз ўтган кун кун эмасдир. Мана бу ривоятни ҳам ҳазрат келтирганлар. Бир куни ўрмонда кўр сайёҳлар тўдаси филга дуч келиб қолади. Филни ўзларига дуч келган ерини пайпаслаб кўрадилару тасаввур қиладилар. Кейин юртга келиб ҳикоя қиладилар. Филнинг оёғини ушлагани уни «устун» деб таърифлайди. Думини тутгани «илон»га ўхшар экан, дейди. Белини тутгани – «қўтосга», қулоғини пайпаслагани «япроққа» менгзайди… Навоий салоҳияти ҳам улкандир. Навоий ҳаёти ва ижодининг у ёки бу жиҳатига ошно тутиниб қолган бизлар ҳам шу кўр сайёҳларга ўхшаймиз. Ҳа, ҳар кимнинг ўз Навоийси бор. Биров «Хамса»дан хабардор. Яна биров «девон»ларни ўқишга жазм этган. Яна кимдир «Маҳбуб ул-қулуб»ни мутолаа қилгандир. Ҳеч бўлмаганда, Юнус Ражабийнинг «Қаро кўзим»ини, Муножот Йўлчиева ижросидаги «Муножот»ни ёки Отажон Худойшукурнинг «Сувора»сини эшитганмиз. Ҳар ким Навоийга ёндошдир. Навоийни бутунича тасаввур қилиш «филни фил ҳолича кўриш» – эҳтимол, имконсиздир, мислсиз ақлий меҳнатни талаб қиладир.

Ҳар кимнинг ўз Навоийси бор. Умримиздаги ҳар ёшимизнинг ўз Навоийси бор. Биз умримиз мобайнида Навоийга қайта-қайта келаверамиз. Болалигимизда ёш Алишер ва Ҳусайн Бойқаронинг дўстлигига ҳавас қилганмиз. Йигитликда ўзимизни Фарҳоду Мажнунга менгзаганмиз, ўз Лайли ва Ширинларимизга Навоий байтларидан қистириб мактублар битганмиз. Ҳаёт талотўпларига дуч келганда, мусофирликда юрганда Ҳироту Самарқанд, Қобулу Астробод кезиб, шаҳзодаларни сулҳга келтирган Навоийга топинамиз. Улғайганимиз сари Навойимиз ҳам «улғаяди», оппоқ соқолларини силаб, чигал саволларимизга биз билан бирга ечим излайди, ҳаётсеварлигимизда Навоий бўлиб навосозлик қилади, кексаликда умри бебақони ўйлаб уйга толганимизда, Фоний бўлиб дарс беради, ўлим ва абадият тўғрисида ҳамсуҳбат бўлади, ҳамдардлашади.

Менинг ҳам ўз Ҳазратим – Алишер Навоийим бор. У илк ўқитувчиларим – Неъматуллоҳ Исмат ва Эргаш Мухтор сабоқларидан дилимга тушган. Самарқандда ва Московда таҳсил олганларимда Воҳид Абдуллоҳ, Нуриддин Шукур ва Ботир Валихўжа дарсларидан ёдимга кўчган. Навоийни менга сингдирганлар орасида устозларимиз Азизхон Қаюмов, Абдуқодир Ҳайитметов, Иброҳим Ғофуров, Иброҳим Ҳаққул, Султонмурод Олимнинг ҳиссалари беқиёс – бирлари билан суҳбатдош бўлдим, бошқаларининг битикларини ўқиганман. Ва ниҳоят, Навоий ҳақидаги энг ноёб манбаа – Навоийнинг асарларидир. Имкон қадар, ақли ожизимиз етганча ўқиганмиз, ўқияпмиз ва ўқирмиз. Шу тариқа, эл қатори менинг ҳам қалбимда ўз Алишер Навоий бобом – Маним Ҳазратим шаклланган.

«Аён ҳар лоласида ишқ доғи…»

Маним ошиқ Ҳазратим. Навоий – ошиқ. Алишер Навоий асарларининг бош мавзуи – ишқдир. Инсонни комилликка элтадиган восита – муҳаббатдир. Ҳар бир ғазал ошиқ руҳиятининг оний тасвиридир. «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» сингари достонларда эса ошиқликнинг савқи илоҳийси, ишқнинг тараннуми бадиий тимсоллар воситасида очилган, ишқ Навоий асарларининг бош мазмун-моҳиятини ташкил этади. Билъакс, «Фарҳод ва Ширин» достонини бошлар экан, шоир буни таъкидлаб ўтади:

Бу рангин саҳфа, билким, дард боғи,

Аён ҳар лоласида ишқ доғи.

Ҳазратимнинг тасвирлашича, гўдак Фарҳодни «ишқ дояси» эмизган, унинг жисми «шуълаи дард»га йўғрилган, унинг исмидаги ҳар бир ҳарф ишқнинг ҳосилаларини англатган:

Ф – фироқ,

А – андуҳ,

Р – рашк,

Ҳ – ҳажр,

О – оҳ,

Д – дард.

Навоийнинг эътирофича, «башарият кўзининг нури зиёси ишқдан», ишқ «толе қуёшидир, қайғули диллар тиканзори ундан гулшан»дир. Ошиқ «сут ичса дур бўлур, қон ичса – ёқут».

Ишқ дардини чеккан ҳар ошиқ борки, Ҳазрат Навоийдан мадад топа олади. Навоийнинг ишқи мислсиздир. У ишққа дохил инсонларнинг «ҳам тилу, ҳам кўнгли-ю, ҳам кўзи пок» эканини айтади. Инсон ишқ ўтидан покланади.

Алишер Навоийнинг ишқ ҳақидаги назарий қарашлари «Маҳбубул қулуб»да акс этган. Шоир ишқни уч тоифага ажратади. Биринчиси – оддий одамларнинг жисмоний лаззат ва шаҳвоний нафс билан чегараланган ишқи. Унинг олий мартабаси – шаръий никоҳдир. Иккинчиси – пок кўзини пок ният ила покиза юзга солган, пок кўнгил ила покиза чеҳранинг шавқидан беқарор бўлган пок инсонларнинг хос ишқи. Буни ҳозирда «платоник муҳаббат» дерлар. Учинчиси – Ҳақнинг жамолига етиш умидида матлуб бўлган сиддиқлар, яъни шу йўлда ўзини-да унутган, ўлимига-да тайёр ҳақгўйлар ишқи.

Маним Ҳазратим ҳам умрлари мобайнида ёзган ғазалу достонлари тараннумида Фарҳод каби ана шу «хос пок ишқ»қа дохил бўлдилар. Шоирнинг ойдин назарини ишқ эҳтироси нурлантириб турадир. Ишқ – Яратганнинг неъматидир, инсонни ёндириб поклайдир. Ишқ Қайсни мажнуну телба қилган бўлса, Фарҳодни тоғларни ёғдай кесиб, қасрга айлантирган бунёдкорга айлантирди – бирини адо қилди, бошқасини пайдо айлади.

Кейинги пайтларда Навоийнинг ошиқлигини тамомила мажозий ишқ сифатида талқин этадиган тадқиқотлар оқими дунёга келди. Менинг назаримда, Навоийнинг севгиси аксарият ҳолларда дунёвий севгидир. Аслида мажозий ишқ билан ҳақиқий ишқ қарама-қарши турмайди, мажозий ишқ ҳақиқий ишқнинг тажассумидир. Буни Навоийнинг ўзи таъкидлагандир:

Гар Навоий йиғласа, ишқинг мажозийдир дема,

Ким назар пок айлагач, айни ҳақиқатдир мажоз.

Уламоларнинг таъкидлашича, Аллоҳнинг мислсиз ақлидан бир мисқоли унинг муқаддас китобларида, уларни мушоҳада этган мутафаккирларда акс этса, Яратганнинг мислсиз ҳусну жамолидан бир чимдими гўзал йигит ва қизларда зуҳурланади. Мавлоно Румий Аллоҳ «гизли қудрати»ни бандага озгина намойиш этиш учун дунёни яратганини айтади, яъни унинг яратгани шунчалар гўзал бўлса, Яратганнинг ўзи қанчалар мислсиздир. Шунинг учун гўзал ва пок чеҳрага ошиқлик – Ҳаққа ошиқликка етаклайди. Ишқи мажозий ишқи ҳақиқийга олиб боради.

Навоий умрининг сарҳисоб палласида битган «Лисон ут-тайр»да ўзини, ўтган умрини ҳам шафқатсиз тафтиш қилгани аён. Аллоҳ даргоҳига сафарга тайёргарлик онида у умрини ўткинчи ҳою-ҳавасларга, ошиқ-маъшуқликка сарф этганидан нолийди, ўзини Аллоҳга эмас, маҳбубасига қурбон бўлишга тайёр эканини сўзлаган дамларидан афсусланади: «Аллоҳ-Аллоҳ, ўлдирур шармандалиқ, Ёдима келса бу янглиғ бандалиқ». Бу эътироф Навоийнинг аксарият ғазалиёти ва ишқий достонлари дунёвий ишқнинг маҳсули эканини англатади (Тўғри, инсоннинг ўзи – Аллоҳнинг яратган мавжудотидир ва унинг қалбидаги ишқ ҳам илоҳийдир).

Юз қаролиғ онча бўлмиш жаҳл аро,

Ким кўзимга қилди оламни қаро…

Умрининг охирида бу қадар аёвсиз зорланиш, ўзини аямаслик ҳам Навоийнинг яна бир жасоратидир.

«Шаъмки, тузлук билан масрур ўлур…»

Маним Ҳазратим – ҳақ сўзнинг қулидир. Навоий ҳақиқий мўмин-мусулмон эди. Ҳадиси шарифларда айтиладики, «Аллоҳнинг йўлидаги энг катта жиҳод – ўз зарарига бўлса ҳам ҳақ сўзни айтмоқдир».

Навоийнинг шер ва дуррож ҳақида бир ривояти бор. Шер «ғам аро ғам», «ғам неки, мотам уза мотам»га сабаб бўлган дуррож билан дўст тутинади: «Менинг қудратимдан қўрқма, дўстим бўлсанг, бу қудратим ила сени ҳимоя ҳам қиларман», – дейди. Аммо дуррожнинг сайроғида ёлғон бор экан. Шер уни ростгўйликка чақирибди, «тўғрилар олдида ёлғон шарафсиздир» деб огоҳ этибди. Дуррож эса ёлғон афғонларини давом эттираверибди. Бир куни дуррож овчининг қўлига тушиб, «дод, мени туттило», – деб чинқирганда, шер бу яна бир ёлғон бўлса керак деб, парво қилмабди.  Навоий бу ҳикоятида ёлғончиликнинг алал-оқибатини кўрсатган. Шоир шунинг учун «не десанг, чин дегил», деб да’ват этади. Зеро, «қиёмат ер юзида бирорта ҳам диёнатли ҳақгўй қолмаган куни бўлади».

Навоийнинг фикрича, ҳар қандай юзлаган мушкулларнинг ечими – тўғриликдадир:

Тузлукка мойил ўлки, ишинг боргай илгари,

Юз мушкул ўлса йўқса минг олдингда ҳар замон.

Навоийнинг айтишича, котиб қалами тўғри бўлса, «юз саҳфани рақам» қилади, чўпон таёғи тўғри бўлгани учун «минг қўйни бир асо била жам» қилади.

Алишер Навоий «Ҳайратул аброр»да шундай сатрларни битган:

Шамки, тузлук ила масрур ўлур,

Гарчи куяр, боштин аёқ нур ўлур.

Барқки, эгрилик ўлубтур хўйи,

Гарчи ёрур, лек борур ер қуйи.

Яъни: шам тўғрилигидан масрур, шоддир, чунки, ўзи куйса-да, бошдан оёқ нур сочади, оламни ёритади, яшин эгри бўлгани учун бир ярқ этади-ю, ер қаърига кетади. Рост гапиришнинг имкони бўлмаса, ҳеч бўлмаганда ёлғон сўзламасликка куч топиш керак, дейди Навоий: «Чин демас эрсанг, дема ёлғон доғи».

«Қурт жондин кечиб ипак бўлди…»

Маним Ҳазратим – омилкор инсон, сўз ва амал бирлигининг тарафдоридир. Навоийнинг асарларини тадқиқ этган бир қатор олимларимиз унинг нақшбандия тариқатига дохиллини таъкидлайдилар. Дарҳақиқат, Навоийнинг бутун ҳаёти «Дил ба ёру даст ба кор» йўриғинининг исботидир.

Болалигимиздаёқ мутолаа қилганимиз Навоий ҳақиндаги бир халқона ҳикоя ёдга тушади. Бир йигит доимо одамларга ёрдамлашар, араваси лойга ботганларнинг аравасини йўлга чиқарар, бечораларнинг юкини кўтаришиб борар, бузилган кўприкларни тузатиб қўяр, йўлда бир тош турган бўлса, йўловчиларга ҳалал бермасин, деб четга олиб ташлар экан. Алишер Навоий шу йигитга эҳтиром кўрсатиб, доим салом берар, сўрашар эканлар. Йигит ўзича шундай фикр қилибди: «Мен бир оддий йигитга шунча эҳтиром бўлса, кел, масжидга кириб номоз ўқий, тақводор бўлай, шунда Ҳазратнинг олдиларида янада эътиборга сазовор бўламан», – дебди. Йигит тўн кийиб, салла ўраб, эрта-кеч тақво билан машғул бўлибди. Бир куни Навоий йигитни кўриб, шунчаки салом бериб ўтиб кетибдилар. Йигит бошқа гал Ҳазратни учратиб, сабабини сўрабди. Шунда у киши йигитга: «Аввал, элга, бева-бечораларга  наъфинг тегиб турганда асли мусулмон эдинг», – дебдилар. Навоий диний мутаассибликка, экстремизмга қарши инсондирлар.

Шунинг учун айтилганки: «Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай, Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай». Бежиз Навоий «эл ғамидан ғами» бўлмаган кишини одам эмаслигини таъкид қилмайди.

Аҳмад Яссавий: «Туфроқ бўлғил, олам сани босиб ўтсин», – деб лутф қилганлар. Шавкат Раҳмон чеҳрасининг ҳорғинлиги, ердай рангпарлигини юзига солганларга қарата: «Ўхшасак ўхшабмиз ўз еримизга», – деб ёзган эди. Навоий ана шундай ўзини хоксор тутувчи инсонларни соғиниб яшагандир:

Бу қадар манзилату қурби буюк поя била,

Ўзини тутқувчи туфроғ ила ҳамвор қани?

Элга наъф келтириш учун ва Аллоҳнинг бандалигини оқлаш учун Ҳазрат Навоий «ўзни туфроқ ила ҳамвор», тенг кўрган ва бу билан шарафланган инсон эдилар. Ҳазрат Навоийнинг инсонпарварлиги амалийдир. «Муншаот» – салтанат валеъаҳдларига битилган мактублар китобидир. Шу билан бирга бу мактублар барча инсонларга ҳам даъват этилгандир. Унда шоир ўз хоксорлигини намоён этади, халққа фойдаси тегадиган амаллар юзага чиқиши, элнинг дарди подшоҳларга етиши учун ўзини бир қадар пастга уришдан ор қилмайди. Навоий чамаси Бадиуззамон мирзога ёзган мактубида шу сатрларни битган:

«Бу фақири хоксор ва бу хокиваши беэътиборким, бу давлатнинг эшик остонасиға туфроғдек тушуб эрдиму хаёлимда бу эрдиким, магар ажал сарсари туфроғимни бўсағадин совурғай ва ўлим сайли хошокимни бу эшикдан сурғай ва лекин хаёл ботил экандур ва муддао отил…»

Бугун бизнинг назаримизда Навоий қанчалар юксак ва буюк, тахт талашган шаҳзодалар қанчалар тубан кўринади. Аммо Навоий ўз мактуби тахт эгаларига оғир ботмаслиги чораларини кўради, ўзини давлатлик хонадон эшигида туфроқ деб таништиради, чунки эл учун бир хайрлик иш амалга ошиши ҳазратимга ўзларининг шахсий кибрларидан кўра зарурроқ кўринади.

«Айлади сокин курраи хокни…

Маним Ҳазратим – Мир Алишер Навоий космик тафаккур соҳибидур. Навоий замонда замин воқе бўлиб, инсон яралганидан то ўзи тириклик дамларигача ва келгуси авлодларгача – бизгача ва биздан кейин келадиган авлодларгача фикр суради. Навоий маконда коинот доирасида тахайюл дарёсига ғарқ бўлади, самовий тафаккур қилади. Шоирнинг тафаккур ва тасаввур миқёси – самовийдир.

Коинотни тасаввур қилар экан, Навоий она Заминимизни – курраи хокни фалакиётнинг маркази деб билади:

Айладик сокин курраи хокни,

Сойир этиб давраи афлокни.

Токи муҳит ўрнига афлок эрур,

Маркази онинг курраи хок эрур.

Навоийнинг астрономиясида бутун коинот ер атрофида айланади. Навоийнинг фикрича, курраи хокнинг – ернинг маркази эса «ганжи роз» бўлган инсондир:

Ганжинг аро нақд фаровон эди,

Лек баридир қараз инсон эди.

Инсон заминнинг «ганжи роз»игина эмас, у фикрловчи, «орифул маърифат» ҳамдир. Навоий дунёни «ҳарам» – муқаддас деб билади ва инсонни «ҳарам маҳрами» ҳисоблайди:

Айла Навоийни бурун одамий,

Ким бўла олғай бу ҳарам маҳрами.

Демак, инсон коинот марказида турмоғи – «ҳарам маҳрами» бўлмоғи учун «одамий» – инсонпарвар бўлмоғи керак. Одамийлик йўқолганда ҳаёт тугайди, Қиёмат бўлади. Навоий «Ҳамса»нинг бошланишида осмон бир этак гулдай тўкиладиган, юлдузлар бир ҳовуч кулдай тўзиб кетадиган қиёмат қойим манзараларини чизади:

Соврулибон кўк бир этак гул каби,

Қўзғалиб анжум бир овуч кул каби…

Ер тутибон авжи фалак таҳ тушуб,

Гаҳ бу чиқиб юқори, ул гаҳ тушуб,

Ўт қилибон баҳрда ғаввослиқ,

Тоғ этибон чарх уза раққослик.

Бундай қиёмат қойим кунида инсон учун нажот имкони борми? Навоий ёзади:

Ул нафас иймон менга ҳамроҳ қил,

Кўнглум аро маҳви сиваллоҳ қил…

Шу тариқа, Алишер Навоий нажотни – иймонда, иймонни одамийликда, орифул маърифатда кўради.

Дарвоқэ…

Ҳар кимнинг ўз Навоийси бўлмоғи керак. Навоийга яқинлашиш учун ҳаракат лозим. Навоий, аксарият толиби илмлар хаёл қилганидек, мураккаб эмас. Журъат билан киришган инсонга Ҳазрат Навоий босқичма-босқич очилиб бораверади ва бу очилишдан инсон камолот касб этади.

Навоийни жиддий ўрганиш лозимлигини ва Навоийнинг ўзбеклар ва умуман туркийлар учун қимматини ўтган асрнинг бошида Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон кўтарган эди. У ўзининг «500 йил (Ўзбек билим ҳайъатига)» номли мақоласида шундай ёзганди:

«Чиғатой адабиёти ва тилига Навоийнинг қилғон хизмати жуда улуғдир. Бу кунги янги ўзбек адабиёти ва унинг бу кунги содда шеваси, менимча, ўша чиғатой шевасидан ўзга эмасдир…Усмонли адабиётининг улуғ вакили бўлғон Фузулийни машҳур усмонли ёзғувчиси Шамсиддин Сомибек Навоийдан кейинга қўйиб кўрсатадир. Мана бу ҳам, биргина ўзбек қавми адабиётида эмас, умум турк халқи адабиётида ҳам ўзига яраша жой олғонини кўрсатадир».

Чўлпон Навоийнинг беш асрлик маросимини нишонлаш лозимлигини таъкидлар экан, ёзади: «Оламда ўз адибларига 5-6 асрлик бир тарих яшата билган халқлар унча кўб эмасдир… Руслар Пушкиннинг ҳар 5 йили учун ҳам катта байрамлар ясайдилар». Чўлпон Навоийнинг тантанасига тайёргарлик асносида ҳайъатлар тузишни, асарларини чоп этишни, мукаммал таржимаи ҳолини яратишни, Навоий шеваларидан терма бир асарнинг нафис қилиб чоп этилишини, унинг номига стипендиялар ташкил этишни, кўчаларга унинг номини қўйишни орзу этади.

Буюк шоир Чўлпоннинг орзулари мустақиллигимиз шарофати билан тўла амалга ошмоқда. Бугун мамлакатнинг бош майдонларидан бирида унинг ҳайкали қад ростлаган ва бу ерда умуммамлакат тантаналари ўтади, келин-куёвлар никоҳ олдидан Навоий пойига гул қўядилар. Навоий номига шаҳар барпо этилган, институтлар, миллий кутубхона, адабиёт музейи, миллий боғ, театр ташкил этилган. Озод юртимизда Алишер Навоий  асарларининг йигирма жилдлиги чоп этилди.

Балким бизнинг асримиз технологиялари, компютерлари, космик кемалари билан олға кетгандир. Аммо тафаккур ва маънавиятда ҳали биз Навоий сари интилишимиз керак. Энди ҳар биримиз Навоий оламига сафар қилишга чоғланишимиз лозим.

Карим Баҳриев