МАДАНИЯТИМИЗ ТАРИХИНИНГ ТАДҚИҚИ

     Ҳар бир халқнинг маданий даражаси шу элда киши бошига қанча совун ишлатишига қараб белгиланади, дейдилар. Маърифий даража эса шу юртда қанча китоб чоп этилгани, қанча кутубхона борлигига қараб тайин этилади. 1870 йилда таъсис этилган ва бутун ўлкада энг узоқ тарихга эга, ҳамон фаолият юритиб келмоқда бўлган муассасалардан бўлган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Марказий Осиё минтақасидаги энг катта маданий-маърифий хазинадир. Унинг фондида сақланаётган китобларнинг энг қадимийлари ёши минг йилдан ҳам ошган.

1943 йилда Ўзбекистон фанлар академияси ташкил топиб, унинг таркибида Абурайҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти иш бошлаганида унга 40 мингдан ортиқ нодир қўлёзма ва тошбосма асарлар ҳам айнан шу Навоий кутубхонаси фондидан тақдим этилган эди, мазкур институтнинг ноёб бойликлари асоси ана шу замирда шаклланган.

Хуллас, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг бой ва шонли ўтмиши бор. Китоб фондининг катталиги бўйича Марказий Осиёда етакчи. Бу муассаса ҳозирда дунёнинг юзга яқин илмий-маърифий ташкилотлари билан алоқа боғлаган, Ўзбекистондаги барча кутубхоналар учун раҳбарий ташкилот ҳисобланади. Бинобарин, унинг тарихини тадқиқ этишнинг аҳамияти катта.

 

Ўтган ҳафтада, аниқроғи 6 ноябиръ куни Миллий кутубхона директори Умидахон Тешабоева Ўзбекистон фанлар академияси Тарих институти қошидаги илмий кенгашда, нуфузли олимлар даврасида “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси: ташкил топиши, ривожланиш босқичлари ва бугунги ҳолати” мавзуида тарих фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун диссертация ёқлади. Илмий иш олимлар томонидан муносиб баҳоланди.

Умидахон – Ўш фарзанди. 1968 йилда Ўшда Алишер Навоий ҳайкали очилишига бош-қош бўлган, ўша йилларда Ўш шаҳар ижроия қўмитаси раиси ўринбосари бўлиб ишлаган муаллима Шарофхон Норбоеванинг невараси, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Олимжон Олимов домланинг фарзанди. Шу боисдан бу олима қиз Ўш ва умуман Қирғизистон маданий муассасалари билан амалий алоқалар ўрнатган, кўп йиллардан бери “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамиятининг фаол аъзоси.

Ушбу дўстлик жамиятининг Қирғизистондаги ўзбек тилли мактаб кутубхоналари фондига Ўзбекистонда чоп этилган бадиий ва илмий-маърифий китобларни тўплаб ҳадя қилиш ишларига ҳам Умидахон Олимжоновна айрича масъулият билан ёндошиб, ҳар бир мактаб кутубхонасига бу совға китоблар етиб бориши, уларнинг сони ва кўлами йилдан-йилга ошиб боришида жон куйдираётгани биз учун айниқса қимматли.

Юртимиздан етишиб чиқаётган маърифат аҳллари бундан буён ҳам кўпая беришини тилаб қоламиз.

 

 

 

Зуҳриддин Исомиддинов