КЎЧА КИМНИНГ НОМИДА?

Зуҳриддин Исомиддинов

    Илгари Ўшда Жийдалик, Бақақуриллоқ, Бешкапа, Қўштош деган кўчалар бўлар эди. Бунга ўша жойнинг рельефи, ёнидан оққан сув, шу кўчадаги қатор экилган тол кабилар асос бўлган. Осонлиги, соддалиги туфайли – гарчи бу жойларда бақа қурилламай қўйганига етмиш йиллардан ошган, ё капалар ўрнида кўпқаватли уйлар қад кўтарган бўлса ҳам – эл ҳануз ўша эски номлар билан атайди, мозийсини ардоқлайди.

Ҳозир юртимизда кўчаларга кишилар номини қўйиш урф бўлди. Ўтиб бораётиб, бу исмларни ўқийсиз, ким эканлигини, нима хизмат кўрсатганини билгингиз келади, аммо маълумот ололмайсиз. Ахир бу Тўқтағул ё Чингиз Айтматов эмас, Навоий ё Бобур ҳам эмаски, кимлигини ҳамма билса. Ҳатто гоҳо ўша кўчада яшайдиган одамлар ҳам бу арбобнинг таг-тугини билолмай, елка қисади. “Маҳаллий классик” шоирлар, “район миқёсидаги давлат ва жамоат арбоби” деганлар жуда сероб. Район водоканалига бирон тўрт йил раҳбар ўринбосари бўлган бўлса ҳам, номи “абадийлаштирилиши” шарт бўлиб туйилади, уларнинг фарзандларига.

Майли, кўнгли ўлмасин, сазаси қайтмасин, шу билан хурсанд бўлса, бўлақолсин, дейишади ном қўйиш комиссиясидагилар. Қарабсизки, “ота руҳини шод қилганлар” ҳам, уларнинг кўнглини чўктирмаган комиссия аъзолари ҳам енгил тортишади.

Бундай олганда, бу айб ҳам эмас, жиноят-пиноят ҳам эмас. Орадан бирмунча вақт ўтганидан сўнг, масалан, кўчаларга киши номи қўйилмасин, деган мазмундаги бир фармон ё қонун чиқса, барча киши исмлари йиғиштирилади-қолади. Ҳеч ким ортиқ ўпкаламайди ҳам.

Бунинг устига, Совет замонида хўп оммалашган “Пионерская”, “Алебастровая”, “Коминтерн” сингари “қизил” номлар бартараф бўлиб, улар эл-халққа хизмати сингган одамлар номи билан аталгани дурустроқ ҳам.

Мен ҳозир Ўшдаги биттагина кўча ва унинг номланиши ҳақида сўз юритмоқчи бўлиб қўлга қалам олдим. Шаҳарнинг ўртасида бир замонлар Темиркўча деган бир маҳалла бўлар эди. Афтидан, бу жойда қадимда темирчилар кўп яшаган бўлса керак, чунки бозорга яқин, бозорга келувчилар бу маҳаллага кириб отини тақалатган, ёки оташкурак, бигиз сингари ашёларни улардан сотиб олганлари сабабли темирчилик ривожланиб, кўплаб хонадон аҳллари темирчиликни касб қилгандирлар. Ҳар ҳолда, шу тахмин ҳақиқатга яқинроқ бўлиб кўринади. Тил эса ихчамлашишга мойил ҳодиса. “Темирчилар кўчаси” дегани бора-бора “Темиркўча” деб аталиб қолган бўлса керак. Албатта, бу жойда бошқа турли касб эгалари ва тоифа вакиллари ҳам истиқомат қилган, чунончи эшон-махсумлар, санъаткорлар, махсидўзлар дегандай.

Ана шулар қаторида ўтган асрнинг бошларидан то 1968 йилгача – вафотига қадар ана шу Темиркўчада Жўрахон ака деган бир киши яшаб ўтди. Бу одамни яна, Жўрахон афанди деб ҳам аташарди. Чунки улар иш бошлаган ХХ асрнинг дастлабки ўн йилликларида “афанди” деган сўз бугунгидай латифалар қаҳрамони бўлмасдан, “жаноб”, “устоз”, “муаллим” каби маъноларда қўлланган. Жадид арбоблар кўпинча “афанди” деб ҳурмат билан аталган. Чунончи Туркияда ҳозир ҳам “афандим” деган сўз обрўйи баланд одамларга нисбатан қўлланади.

Жўрахон афанди Марказий Осиёдаги энг кекса томошахоналардан бўлган Ўш театрини дўстлари – Болтахўжа Султонов, Раҳмонберди Мадазимов, Бекназар Назаров билан биргаликда очган, унинг тамал тошини қўйган, бунинг учун бутун куч-ғайратини, ёшлик шижоатини аямаган, уни оёққа турғазиш учун ҳатто уйидан кўрпа-тўшакларга қадар олиб келиб, саҳналарни жиҳозлаган, у замонларда ҳали ўзбеклардан аёл актрисалар етишиб чиқмагани, замон қалтислиги боис, спектаклларда гоҳо аёллар ролини ҳам ижро этиш даражасида фидойи инсон бўлган.

Кейинчалик, саҳнани профессионал актёрларга ишониб топшириб, давлат нима ишга ундаса, қайси лавозимга лойиқ кўрса, ўшани бажарган. Устози ва қайноғаси бўлмиш Мирзофозилбек Фозилбеков каби, асосий фаолияти ўқитувчилик бўлган. Ўшда маориф бўлимини таъсис этган ва унинг дастлабки раҳбари бўлиб ишлаган, Ўш-Тўқтағул автомобиль йўли қурилишида участка бошлиғи вазифасини адо этган, Иккинчи Жаҳон уруши жанггоҳларида бўлган, умрининг охирида эса тарғибот-ташвиқот ишлари билан андармон бўлиб, кўргазмали маъруза ўқиш усулини илк бор ўз тажрибасида қўллаган, бир умр ижтимоий ишларда фаол иштирок этган.

Давлат ва жамоат арбоби Жўрахон афандининг вафотидан сўнг ҳукумат у яшаб ўтган Темиркўчага Жўрахон Зайнобиддинов номини беришга қарор қилди. Хуллас, собиқ Темиркўча 1968 йилдан бери Ж.Зайнобиддинов кўчаси, деб аталиб келди. Бу, ҳар ҳолда, ўринли эди, чунки шу кўчада яшаган киши ўз ҳаёти давомида ҳам маҳалла аҳлига, хусусан ёшларга ибрат бўлиб келган.

Бироқ 2013 йил 1 март куни Жўрахон Зайнобиддинов номи ўз кўчасидан олиб ташланди ва кўча “Жолдошбек Раимбеков”  деб номланди.

Бунга сабаб нима? Аввало, Жўрахон Зайнобиддиновнинг қай бир иши ҳозирги давр сиёсати томонидан қораланди ва айнан қайси айби ўз исмининг кўча номидан ўчирилишига олиб келди? Ж.Раимбековнинг қайси алоҳида хизматлари Жўрахон Зайнобиддинов номини яшаб ўтган кўчасидан ўчирилиб, унинг номи қўйилишига сазовор қилди?

Жолдошбек Раимбеков 1953 йилда туғилган, 1980 йилдан Бишкекдаги “Мээнет” муниципиал бошқармасида – коммунал хўжалиги ташкилотида ишлаган, 1996-1998 йиллар оралиғида эса (икки йилдан кўпроқ) Ўш шаҳар мэри лавозимида хизмат қилган, мэр сифатида Ўшнинг тараққиётига қўлидан келганича ҳисса қўшган. Албатта, бу меҳнаткаш, камтар ва фидойи раҳбарнинг номи унутилмагани яхши. Аммо унинг номи, янги замондаги илғор раҳбарлардан бири сифатида, эгри-бугри эски маҳаллага эмас, катта ва чиройли кўчалардан бирига қўйилгани яхши. Иккинчи ёқдан, шу маҳалла аҳли ҳам адрес алмаштираверишдан чарчамас, ўз маҳалласидаги ёшларга ана шу уй Жўрахон афандининг уйи эди, деб ибрат қилиб кўрсатиши мумкин бўлар эди. Иккинчидан, озгина муддат раҳбарлик қилган у ёки бу кишининг номини маҳаллий аҳоли ўрганган жойга, аввалги номни бекор қилиш ҳисобига қўйишда бир нохушлик бор.

Энг қизиғи, Жўрахон афанди этник жиҳатдан ким эди, десангиз, у қирғиз миллатига мансуб одам бўлган. Лекин албатта, у билан сўзлашган киши Жўрахон Зайнобидиновнинг асли қирғиз эканини мутлақо пайқамас эди. Нимагаки, у кишининг бир неча аждоди Ўшда яшаб ўтган, ўшандан бери ҳаммалари ўзбек тилли мактабларда хат-савод чиқариб, ўзбекча таълим берадиган мадрасаларда ўқиб, ўзбек маҳаллаларида яшаб, қарийб ўзбек бўлиб кетишган. Ёдингизда бўлса, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида ҳам хон саройига Ўш мадрасаларидан биридан мактуб боргани, унда Ўшдаги бир мадрасада ўзбек ва қирғиз талабалари бирга ўқишаётгани, “хондан иноят олганларига беҳад мамнун бўлиб, дуо қилаётганликлари” баён этилган. Яъни, энг камида икки асрдан ортиқ вақтдан бери қирғиз талабалари эски ўзбек тилидаги мактаб ва мадрасаларда таълим олишган, уёғини сўрасангиз, қирғиз ёзма адабиётининг дастлабки вакиллари ҳам (Молдо Қилич сингари) ана ўша хат саводли йигитлардан бўлган. Диний билимли, уламо киши фарзандига исломий исм танлаб қўйиши тушунарли. Шунинг учун ҳам, бу асли қирғиз бўлган кишининг исми Жўрахон, отаси Зайнобиддин эканига ажабланмаслик керак.

Улардан ҳеч бири ўзининг қирғиз эканини асло унутмаган, албатта. Масалан, ўша Зайнобиддин ота бир умр Гулчада, бугунги кунда “Олой маликаси” деб шарафланган Қурбонжон додхоҳнинг маҳкамасида мирзо бўлиб ишлаган. Шунинг ўзи ҳам Зайнобиддин отанинг қирғиз миллатидан эканини кўрсатадиган муҳим бир факт. Зайнобиддин исмли қирғиз кишилар бугунги кунда ҳам қирғизлар орасида анчагина учрайди.

Жўрахон деган исмдаги “хон” қўшимчаси ҳам қирғиз ономастикасига бегона эмас. Ўшда қирғиз тилида чиқадиган “Ленин жолу” газетасининг редактори Асилхон Бўрибоев деган одам билан бир бинода ишлаган эдим. Қирғиз тилида киши исмидаги бу қўшимча “қан” (Асылкан) деб аталади.

Умуман Жанубий Қирғизистонда, жумладан Ўш маҳаллаларида бир умр ўзбеклар орасида яшаб, ўзбеклашиб кетган қирғизлар, ёки аксинча, икки юз йиллар аввал ота-бобоси овулларга бориб, у ерда мактабдорлик, савдогарлик ёки темирчилик қилиб, қирғиз қизига уйланиб, кейинги болалари қирғизга айланиб кетган ўзбеклар ҳам озмунча эмас. Бу ҳам икки халқнинг бири-бирига қанчалик яқин ва ўхшашлигига далолат.

Жўрахон Зайнобиддинов ана шу тоифага мансуб, яъни ота-боболаридан бошлаб илмли, мактаб кўрган ва ҳаммалари эл-халқни саводли қилиш ишига умрини бағишлаб, ўқитувчилик қилган кишилардан бири эди.

Биз Жўрахон Зайнобиддинов қирғиз эли вакили бўлганини Жўрахон Зайнобиддиновнинг ўғли Темур Жўрахоновичдан шу кунларда эшитдик. Қорасув туманидаги Ленин, Қизил юлдуз, “Партия ХХII съезди” мактабларида инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлаган, ҳозирда нафақада бўлган 87 ёшли Темур ака бизга ўзининг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномасини кўрсатди. Унда боланинг отаси Жўрахон Зайнобиддинов – қирғиз, онаси Ойимхон Қосимбекова – ўзбек деб кўрсатилган.

Бу гап тўлиқ ҳақиқат бўлса керак, чунки Темур аканинг қиёфасига қараган одам уни қирғиз кишиси деб ўйлайди, чунки домланинг бутун физиономияси шунга асос беради.

Бироқ бу гувоҳномада бир нарса хато. У ҳам бўлса, Темур Жўрахоновичнинг онаси Ойимхон опанинг миллати “узбечка” деб кўрсатилганлиги. Тўғри, у ўзбек маҳалласида яшаб ўтган, ўзбекча урф-одатларга мукаммал амал қиладиган, туриш-турмуши билан “мана шу – ўзбек аёли” деса бўладиган хотин эди. Камина шу опани кўрганман, уйларида ҳам бўлганман. Бироқ Ойимхон опа аслида ўзбек ҳам, қирғиз ҳам эмас, балки хугн деган кам сонли миллат вакиласи, Тоғли Бадахшон ўлкасининг қизи эди.

Бунинг тафсилоти шуки, ХIХ асрнинг охирларида ўша Тоғли Бадахшондан – олис тоғлар орасидаги, замонавий тамаддундан жуда ҳам четда қолган бу юртдан Мирзо Фазл (Мирзофозил) Қосимбеков деган бир ўқимишли йигит Ўшга кўчиб келиб қолади. У ўзи билан бирга синглиси Ойимхонни ҳам ола келган эди. Кейинчалик илмга интилган, саёҳатларга, кашфиётларга иқтидорли бўлган бу одам ҳар қанча қийинчилик ва таҳқирлашларга қарамай, Ўшда илк жадид мактаби очиб, унда ўқитувчилик қилган. Ўшлик кўп зиёлилар, чунончи Мирзакалон Исмоилий, Иззат Султон сингари таниқли адиб ва олимлар ана шу одамнинг мактабидан чиққан.

Мирзофозилбек Қосимбеков синглисини ўзининг дастлабки шогирдларидан бири, асли қирғиз йигити Жўрахон Зайнобиддиновга турмушга узатади. Ўшдаги Чўлпон мактабида олтмишинчи-етмишинчи йилларда муаллимлик қилиб, бизга инглиз тилидан сабоқ берган Темур Зайнобиддинов эса ана шу Жўрахон афанди билан Ойимхон опанинг кенжа фарзанди эди. Темур домланинг ёши ҳозир саксон саккизга қараб кетяпти.

Мўйсафид бу тарих жуда кўп ғаройиб воқеаларга гувоҳ. Унинг олдида баъзи одамларнинг ўзаро миллатчилик қилиб тарихий ҳақиқатни чўқилашлари – гўдакнинг хархашаси каби арзимас гап, ўтиб кетади. Биз – тарли миллат вакиллари, мана шу юрт – Қирғизистоннинг фарзандларимиз. Ота-она учун фарзандларнинг ҳаммаси ўзаро тенг, меҳр улашиш чоғида уларнинг каттаси-кичиги бўлмайди. Барчасига бир хилда меҳр беради, қучоғига олиб, ҳаммасини тенг илитади. Ана шунинг учун ҳам уни Ота юрт, Она ватан деб ардоқлаймиз, улуғлаймиз. Бу йўлда Қирғизистон учун умрини бағишлаган, меҳнат қилиб ўтган оталаримизнинг ишлари бугунги авлодга ибрат мактаби бўлади.

Жумладан, Ўшда ўзбек театрини очишга бош қўшган, унинг илк актёрларидан бири бўлган ва умуман, бутун умрини шу юрт учун бағишлаган, этник жиҳатдан қирғиз бўлган Жўрахон Зайнобиддиновнинг номи ҳам бу воқеликлардан бехабар одамлар томонидан осонгина алмаштириб юборилмаслиги керак. Одамларга, уларнинг миллатига қараб эмас, эътиқодига, одамийлигига қараб баҳо беришга эришсак, тарих ҳам озор топмайди, мамлакатнинг келажаги ҳам кафолатланган бўлади.