Азиз юртдош, қадрли миллатдош!
Вақт ва замон чархпалаги айланиб сиз билан бизнинг, барчамизнинг шаънимизга тушган доғ, қалбимизга инган оғриқ, либосимизда қотган қон янглиғ сидириб ташлашга имконсиз фожеанинг учинчи санаси ҳам келиб етмоқда.
Ўзбекларнинг қадимий тамаддун бешикларидан бўлган Ўш ва Жалолободда хунрезликлар авжига чиқар экан, қондошу жондошлар бошига тушган кулфат аксаримизни бефарқ қолдирмади. Билъакс, дунёнинг қай бир бурчида бўлмайлик, барчамиз улар билан бирга фарёд қилдик, уларнинг тўкилган ҳар томчи қонида ўзимизнинг-да жонларимиз аксини кўрдик.
Айни дамда, инсонийлик тушунчалари топталиб, тенгсиз ваҳшийлик билан ўлдирилаётган оға-инимизга, ҳар қандай шаънларни поймол этарак хўрланаётган опа-синглимизга муносиб кўмак қилолмаслигимиздан алам ёшлари тўкдик.
Замонавий тамаддун ўлкаларидан олис бу юртда кечаётган мислсиз зулмлар чоғи дунёнинг кўзи кўр, қулоғи эса кар эканлигини кўрдик. Шунда ҳам чора изладик, бу забун эшиклар ортидагиларни, ўз фаровонликлари аро сарҳушларни уйғотишга, уларнинг эринчоқ нигоҳларини беомон фожеа исканжасида қолган жигарларимиз кулфатлари томон қаратишга тиришдик.
Ушбу ҳаракатларимиз самараси билан ғурурланишга эса бугун у қадар асос топа олмаймиз. Илло, натижалар кўрилган андуҳларга асло мутаносиб эмасдир. Илло, қақшатқич фожеалардан буён уч сана кечиб ўтган бўлса-да, Барокўҳ пойидаги азиз юртнинг бошидан булутлар тарқаган эмас, бунда қолган ота-она, ака-ука ва опа-сингилларимиз ҳамон муттасил тазийқ остида яшамоқда, асрлар наридаги боболардан мерос қолган азалий хос Ватанида баайни келгинди мисол хўрликда яшашга маҳкум қолмоқда.
Азиз юртдош, қадрли миллатдош!
Қайсидир ўтган замонларда айнан сиз ва бизнинг даҳо бобокалонларимиз ўз тафаккур зиёси ила башариятни ғафлатдан уйғотган, инсониятга ҳақ ва ботилни англатган, шу тариқа тараққиёт тарихида бемисл из қолдиришган эди. Миллат даҳолари ўз атрофида не-не халқларни бирлаштириб, тенгсиз салтанатлар иншо этганлари хотираси ҳамон барҳаёт.
Шундай экан, бугунги авлодга ўша улуғ сиймолар ўгитларидан таълим бериш, бизлар аслида не қадар беназир илм ва маърифат соҳибларининг авлодлари эканимизни, улар каби улуғларнинг зурриёди бўлишдек шарафга доғ тушириш номуссизлик билан баробар эканлигини ёшлар қалбига сингдиришимиз, тафаккурларига англатмоғимиз сиз билан бизнинг бурчимиздир.
Акс ҳолда не бўлажак? Акс ҳолда эса ҳали яна узоқ йиллар шарафсиз тўдалар оёқлари остида топталаверамиз, жилла қурса бир бурда нон илинжида шимолий ўлка сарҳадларида кезиниб, исталмаган “ёқимсизлар” тавқини кўтариб юришга маҳкумлигимизча қолаверамиз.
Азиз юртдош, қадрли миллатдош!
Сиз билан бизни, ҳар биримизни қон қақшатган ўша машъум сана яқинлашар экан, айни шу мурожаат билан чиқмоқдамиз. Мақсад шуки, шу сана арафасида ҳамон энг оддий инсоний ҳуқуқлари поймол этилаётган, сиз билан биз каби оталар юртини тарк этишни ўзларига эп кўрмасдан ва ёки бунга имкон топа олмасдан муттасил ҳақоратлар остида яшашга мажбур қолаётган миллатдошларимиз тақдирига эътиборингизни яна бир карра жалб этишдир.
Ватандан олисда бўлса-да, кўпларимиз тирикчилик йўлларини топиб олгандирмиз, баъзиларимиз даромадлар қилаётгандирмиз. Шундай экан, олис юртда қолаётган азизларимизга баҳоли қудрат кўмак қилишингизни, бу нарса бугун бизнинг биринчи галдаги бурчимиз эканини ёдингизга солмоқчимиз.
Истасангиз, миллатдошларга тўғридан-тўғри ёрдам қўлини чўзинг ва ё бунинг бошқа йўлларини, яъни жабрдийдаларга марказлашган ҳолда кўмак кўрсатиш имконларини истар экансиз, Алишер Навоий Институти маълумотлари билан қизиқиб кўринг. Маълумингизки, Алишер Навоий Институти 2010 йил июнь фожеалари ортидан ташкил этилиб, жабрдийдаларга нисбатан адолатни тиклаш йўлида халқаро майдонда баҳоли қудрат фаолият кўрсатиб келмоқда. Банкдаги ҳисоб рақамларимиз будир:
BE48 0688 9151 7327 BIC : GKCCBEBB
Жабрдийдалар қисматларидан асло четда турманг, ўзгалар бошига тушган кулфатни ўзингизники каби қабул этинг. Қўлингиздан келар даражада уларга ҳамиша елкадош бўлинг. Токи, ҳаракатлар, интилиш ва кураш давом этсин…
Барчангизга эҳтиром ва юртдошлар мусибатини унутмаслик истаги билан,
АЛИШЕР НАВОИЙ ИНСТИТУТИ