(Жиброн Ҳалил Жиброннинг «АЛ МУСТАФО» асаридан) …Ал Мустафога бу гал давлатманд юзланди: Бизга Эҳсон нелигин англат. Жавоб қилди: Эҳсон қилар экансиз, тасарруфингизда бўлган мулкнинг атиги бир мисқолини берурсиз. Қачонки ўзингиздан, ўзлигингиздан улуш тортиқ қилдингиз замон сиз чиндан эҳсон қилгайсиз. Бисотингизда бўлган буюмларни тобакай эҳтиётлаб қўриқлайсиз, улар сизга эрта албат асқотарми? Зиёратга отланган муҳожир ортидан эргашган итнинг бепоён саҳро қумларига кемик яшириши ҳақидаги ривоятни унутдингизми? Зорликдан қўрқувнинг ўзи зорлик эмасми? Ташналик эҳтимолидан даҳшат туяр экансиз, гарчи қудуғингиз сувга лиммо-лим бўлса-да, шунинг ўзи эмасми яйдоқ ташналик? Кимдир биров тасарруфида беҳисоб моли бўлатуриб, бунинг атиги мисқолини эҳсон қилар экан, буни бошқалар билишини истайди; уларнинг бу истагида аҳлоқни топа олармисиз? Шундайлар борки, ўзи оч-наҳор бўла туриб, сўнгги бурда нонини бошқалар билан баҳам кўришни истайди. Ана улар қалбида ҳаётнинг саҳоватига инонади ва уларнинг бисоти ҳаргиз бўш қолмагай. Кимдир биров қалбда қувонч ила тортиқ этгай ва ана шу қувонч улар учун ажр ва мукофотдир. Айримлар борки, қалбида бир изтироб ила эҳсон қилгай ва бу азоб уларга қабрга қадар йўлдош бўлгай. Ниҳоят, яна бир тоифа борки, улар шунчаки ва беғараз эҳсон этадилар ва бундан қувонч ҳам, ажр ҳам кутмагайлар. Уларнинг бу аъмоли атиргул ўз хушбўйини табиатга шунчаки тортиқ қилгани янглиғ табиийдир. Ана улар Тангрининг суюкли бандаларидир ва шу сабаб-да бу заминга Яратганнинг баракаси муттасил ёғилгай. Сўралганда берган яхши, аммо мискин қўллар сен томон узалмасидан, барчасини сўзсиз англаган ҳолда эҳсон қилмоқ яна-да аълодир. Чин қалбдан эҳсон қилгувчи учун эҳсонга лойиқни излашнинг ўзи эҳсон қилишдан кўра чандон кўпроқ қувонч ҳадя қилгай. Тортиқ этиб бўлмас матоҳ борми, деб сўрар бўлсангиз, билингки, бисотингиздаги барча нарса қачондир мисқолига қадар сарф қилингай, тортиқ этилгай. Бу экан, ўзингиз ўз қўлингиз ила эҳсон қилинг ва асло эртани кутманг. Илло эҳсон қилиш фурсати сизники бўлсин, зинҳор қиёматга қолмасин. Дейсизки, «Мен эҳсон қилган бўлардим, аммо муносибни қайдан излай?». Билмайсизми, мевали боғингиз дарахтлари бундай демагай, яйловларда сочилган жонлиқларингиз-да буни айтмагай. Улар тириклик ҳаққи ўзидан улуш тортиқ қилгай, илло бермаслик улар учун завол демак. Бас шундай экан, кун ва тунлари ўлчаб берилган биродарингиз бошқа нарсаларни лоақал сиздан ҳам олишга муносибдир. Илло тириклик баҳридан ташналигин қондиришга лойиқ кўрилган кимса сизнинг булоқдан-да жомини тўлатишга муносибдир. Ҳаргиз унутманг, узатилган садақани олишдан кўра зиёд мушкул юмуш йўқдир. Матонат, ўзга инонч ва шафқат – булар эҳсон олувчининг содиқ йўлдоши. Мен ким бўлибманки, биргина эҳсон туфайли одамлар қаршимда юзтубан бўлиб, ожиз табиатларини ошкор қилсалар? Эҳсонга чоғланар экансиз, фикр қилингки, ўзингиз аслида эҳсон беришга лойиқмисиз, инъом улашувчининг вакили бўлишга муносибдирмисиз? Эҳсон олган сизлар эса, илло барчангиз олаётирсиз, раҳматнинг ўлчами ҳақида ўйламангиз, илло бу билан ўзингизга ҳам, эҳсон берувчига ҳам маломат келтиргайсиз. Билъакс, берувчининг эҳсони қалбингиз даричаларини яна кенгроқ очсин. Унутмангки, қарздорлик ҳиссини туяр экансиз, бу билан сиз берувчининг саҳоватига соя солгайсиз. Билингки, бундан оғир юк йўқдир, илло кимса сизга туҳфа раво кўрар экан, унинг илки ила саҳоватпеша замин ва Тангрининг ўзи эҳсон қилаётир… (Шарифжон Аҳмедов таржимаси)