ЯНА МАВЗУГА ҚАЙТИБ

Кўплаб мамлакатларда шу давлатни ташкил қилувчи асосий миллатдан ташқари бошқа миллий озчиликлар ҳам истиқомат қилади. Бу давлатларнинг миллий озчиликлари асли моҳиятига кўра мана шу жамиятнинг тарихий ажралмас қисми ҳисобланади ва меҳнатлари билан, ўзига хос маданияти билан мана шу жамият, мана шу давлат тараққиётига ҳисса қўшадилар. Шу сабабли ҳам миллий озчиликлар ҳуқуқларини таъминлаш ҳар қандай жамият фуқаровий якдиллигининг асоси ҳисобаланади.

БМТ Бош Ассамблеяси томонидан миллий ёки этник, диний ва лисоний озчиликларга тегишли шахслар ҳуқуқлари борасидаги Декларация қабул қилиниши ортидан бу масала халқаро даражага кўтарилди.

Ушбу Декларацияда бу озчиликларнинг миллий ўзига хослиги, ўзлари яшаётган давлат томонидан ҳимояга олиниши, ўз маданияти, тили, динини истифода этиш, ўз бирлашмаларини ташкил этиш, бошқа давлатларда яшаётган миллатдошлари билан эркин муомалада бўлиш ва ўзларига дахлдор бўлган масалалар муҳокамасида фаол иштирок этиш борасидаги қатор ҳуқуқ ва эркинликлари кўрсатиб ўтилгандир. Ўз навбатида, ушбу ҳужжатда ҳар бир давлат айни миллий озчиликларни ҳар томонлама муҳофаза этишлари бўйича масъулиятлари ҳам аниқ ва равшан кўрсатиб ўтилган. Хусусан, ҳар бир давлат озчиликларнинг ўзига хослигини ҳимоя қилиши, улар ўз маданиятлари, тил ва динини тараққий эттиришлари учун зарур шароитларни яратиб бериши, ўзлари яшаётган мамлакат тараққиётида тўлақонли иштирок эта олишларига кўмаклашиш ҳамда ички ва ташқи сиёсатни амалга оширишда бу озчиликларнинг қонуний манфаатларини ҳисобга олиш зарурлиги масалалари ана шулар жумласидан. Камситишларга йўл қўймаслик принципи халқаро ҳуқуқнинг сўзсиз бажарилиши лозим бўлган меъёри ҳисобланади. Ўз ўзидан равшанки, демак, ушбу принципга амал қилиниши ҳар бир давлат учун мажбурийдир.

 

Бугунги Қирғизистон воқелигига назар ташласак, буларнинг барчасининг аксини кўрамиз. Яъни бу мамлакатда миллий озчиликларга доир деярли барча меъёрлар муттасил бузиб келинмоқда, уларнинг жамият тараққиётида фаол иштирок этишлари у ёқда турсин, ҳатто ўз маданиятлари, тили ва урф одатларини сақлаб қолишга қаратилган ҳаракатлари ҳар қадамда ва ҳар босқичда миллатчилик вируси билан зарарланган доираларнинг тажовузкорона қаршилигига дуч келмоқда.

Вазиятни тўлароқ англаш учун бу мамлакатнинг энг катта миллий озчилиги бўлган ўзбекларнинг ўз тилларида таълим олиши масаласини олиб кўриш мумкин. Биргина шу масаланинг бугунги кун таркибида қай тарзда турганлиги қирғиз давлатининг миллий озчиликларга нисбатан тутаётган сиёсати ўша умумқабул қилинган халқаро талабларга нечоғли зид эканлигини кўрсатади.

Сўнгги вақтларда, айниқса 2010 йил июнь воқеаларидан сўнг қирғизистонлик ўзбеклар бошига тушган кўплаб жабр-ситамлар қаторида айни масала, яъни ўзбек мактабларининг тугатилиши ёки таълимнинг тўлалигича қирғиз тилига ўтказилиши яна ҳам аянчлидир. Кейинги йилларда ўзбек мактабларининг сони шундоқ ҳам кескин қисқариб бораётган эди, маълум вoқеалардан сўнг эса бу жараён яна ҳам тезлашиб кетди. Қирғиз расмийларининг айтишича, ўзбек ота-оналарининг ўзлари болалари ўзбек тилидан кўра қирғиз тилида таълим олишларини маъқул кўришмоқда экан. Расмийларнинг иддао қилишларича, шу йўл билан ўзбеклар давлат идораларида иш билан таъминланишларига имкониятлар пайдо бўлармиш. Ўзбекларнинг ўзлари эса бундан кескин норозилик билдиришади, яъни бу масалада улар билан ҳатто ҳисоблашмаётганларини айтишади, мактаблар эса қарийб мажбуран қирғизлаштирилаётганига эътибор қаратишади.

Қирғиз расмийларининг ушбу ҳаракатлари кишининг энсасини қотирмасдан иложи йўқ. Негаки, айни пайтда мактабларда қирғиз тилида таълим бериш борасида жўяли дастурларнинг ўзи ишлаб чиқилган эмас, қолаверса, қирғиз тилидаги дарсликларнинг тақчиллиги ҳам бугунги кун манзарасидир. Албатта, ҳар бир мамлакатда бу давлатнинг расмий тили ўргатилиши лозим, аммо бу дегани асло бошқа миллатларнинг ҳисобига дегани эмас.

Қирғизистонда бугунги кунда амалда бўлган ва миллий озчиликлар ҳуқуқларини поймол этишдан иборат вазиятнинг нақадар кескинлигига қарамасдан, бир нарса барибир умид бағишлайди. Шу нарсаки, Ўзбекистондан тортиб Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари дохил ҳудудларда қарийб қирқ миллионга яқин ўзбек асллилар истиқомат қилар экан ва улар қадимий ва гўзал бу тилни истифода этишда давом қилишар экан, Қирғизистондаги миллатчи унсурларнинг ўзбек тилига, бу кўҳна маданиятга нисбатан тажовузлари ҳамиша чиппакка чиқаверади, билъакс бу кўҳна маданият ўз-ўзидан қувват олиб, тараққиётда давом этаверади. Катта миллатларнинг кичик миллатларга нисбатан бир афзаллик ва устунлиги ҳам мана шунда.