«Дело №…» ТОПГАН “ҲАҚИҚАТ” ва УНИНГ ОРТИДАГИ ҚАБОҲАТ

Заҳар солмоқ эрур касби илоннинг…

(“Алишер Навоий” драмасидан)

Яқинда Интернетда журналист Вадим Ночёвкиннинг “Қирғизистон неча пул туради?” (Сколько стоит Кыргызстан?) деган ғалати бир мақоласини ўқиб қолдим. Бу мақола сал илгари Қирғизистонда чиқадиган “Дело №…” газетасида чоп этилган экан. Унга “Ҳақиқатдан хабар топсангиз, ёқангизни ушлаб қоласиз!” (“Вы удивитесь, когда узнаете правду!”) деган иддаоли бир гап эпиграф сифатида берилибди. Демак, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бир ҳақиқат бор экан, энди унинг тамом астар-авраси сўкилиб, ошкор қилинади шекилли, деган умидда мақолани мутолаа қилишга тушасиз.

Ажаб, ватаннинг баҳоси қанча, чунончи, пулга чақсак, неча сўм бўлар экан у?

“Қирғизистон неча пул туради?” мақоласи таҳририят номидан берилган қуйидаги жумла билан бошланади: “Ёдингизда бўлса, бундан аввал чоп этилган “Қирғизистонга берилган миллиардлар: қаёқда қолди бунча пул?” деган мақоламизда кейинги бир неча йил давомида республикага  ташқаридан қарийб 2 миллиард доллар маблағ кредит ва грант сифатида берилганини, бунча маблағ билан эса Қирғизистонни батамом бошқатдан қуриб чиқиш мумкинлиги ҳақида ҳикоя қилган эдик.”

Хўп, бу гапнинг тагида нима бўлса экан?

Валломат журналист Вадим Ночёвкин ватанни сизу биздай алқаб, ерга ҳам, кўкка ҳам ишонмай, бебаҳо бойлигим деб таърифлаб юрадиган ҳавойи каслардан эмас экан. У калькуляторни олдига қўйиб олиб, Қирғизистондай бир мамлакатни сотиб олишга чоғланган бойвачча неча сўм тўлаши кераклигини писта чаққандай осонгина ҳисоблабди-қўйибди. Унга кўра, Қирғизистон… 1 (бир) триллион доллардан сал кўпроқ турар экан.

Ўзимизни гўлликка солмайлик. Ҳозирги замонда ҳамма нарсанинг баҳоси бор. Ҳатто бутун бошли мамлакатларнинг ҳам бойлиги, иқтисодий имкониятлари, худди кадастр ҳужжатларида кўрсатилганидай, чўтга солинади. Шу маънода, Қирғизистонинг нархини ҳам, ватан сифатида эмас, муайян моддий бойликларга эга бўлган мамлакат сифатида белгилаш мумкин. Аммо нега бошқа биров эмас, айнан жаноби Ночёвкин шунга бел боғлагани, синчков ҳисоб-китоблар ўтказгани, бунга вақтини аямаганини, миясининг қатиғини чиқариб уринганини кўриб, одам ҳайрон қолади.

Мақоланинг пафоси унинг бошидаги бир жумла белгилаб берилган: “Мамлакат миллий бойлигини бошқариш ишониб топширилган амалдорлар давлат мулкининг қийматини билишмайди. Ёки ўзини билмаганликка солишади – ҳисобга олинмаган бойликни ўмаришдан осони борми ахир?”

А-ҳа, боқибеғам амалдорларнинг пўстаги қоқилар экан-да, дея мақола давомига кўз югуртирасиз. Йўқ, пўстак эмас, чўт қоқиш бошланиб кетади:

Чунончи, Қирғизистон Халқ таълими вазирлиги тасарруфида 623 иморат бўлиб, унинг умумий қиймати салкам 300 миллион қирғиз сўмини ташкил этаркан; ё бўлмаса, «Қирғиз темир жолу» давлат корхонасига қарашли 2 минг 586 бино ва иншоотнинг жами баҳоси 330 миллион 253 минг сўм бўлар экан… Ўнлаб ана шунақа вазирлик ва мамлакат миқёсидаги ташкилотларга қарашли жами “инвентарь”ни, жаноби Вадим Ночёвкин тунлари ухламай картотекага олиб, қиёслаб чиққан ва албатта, хийла заҳмат чеккан кўринади. Бу жиҳати билан у менга Илья Ильф ва Евгений Петровнинг машҳур “Ўн икки стул” романидаги кекса архивариус Варфоломей Коробейниковни эслатиб юборди. Аммо оқсоқол Корбейников эски архив ҳужжатларини уйига олиб келиб жойлаштириб олган бўлса, навқирон ворис Ночёвкин ўзини унча қийнаб ўтирмай, Республика ҳукумати қошидаги Давлат мулкини бошқариш қўмитасининг расмий сайтида эълон қилинган материалларни сизу бизга чайнаб бергандай қилиб тақдим этади.

Азизлар, буёғини ўзингиз ҳал қилинг – “Миллий фанлар академиясининг 53 участкаси бор ва уларнинг жами майдони 9,6 квадрат километрни ташкил этади”, қабилидаги гаплардан иборат қарийб ўн бетлик, бошдан-оёқ ана шунақа рақам – “далил”лар қалаштириб ташланган мақолани бир бошдан таржима қилиб келтириб, сизни қийнай берайми, ё тўхтатайми?

Ночёвкин ҳам шуни ҳис этган шекилли, ўқувчиларни зериктирмаслик учун иқтисод фанлари доктори, илгари Қирғизистоннинг Молия вазири, ундан аввалроқ эса бош вазирнинг биринчи ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири бўлиб ишлаган Ақилбек Жапаров деган кишини ўзига ҳамсуҳбат ва эксперт қилиб танлаб, ора-чурада боягидай фактларга шарҳ бериб туришни унга юклабди.

Жумладан, ушбу собиқ раҳбар тилидан шундай гаплар келтирилади:

“Бизда ер иссиғидан энергия манбаи сифатида фойданилмайди. Ҳолбуки, қайноқ сувли булоқларимиз жуда кўп, улар ҳам бойлик сифатида баҳоланиши керак, албатта. Бундан ташқари, ер остида ҳам, ер устида ҳам оқиб, сув омборлари ва кўлларимизга йиғилаётган барча чучук сув захирасининг ҳар бир куб метри ҳам энг камида 1 долларга кўпайтирилиши лозим. Бу, менимча, унинг реал, бозори баҳоси. Қолаверса, электр энергияси ва чучук сувнинг аккумуляторлари бўлган музликларимиз ҳам бор. Улардаги захиранинг ҳар бир куб метрини ҳам бир доллар деб бемалол баҳолаш мумкин. Россия президенти Путиннинг баҳолашича (мен унинг ҳужжатлар устида жуда жиддий ишлашига ва, тегишли илмий асос бўлмаса, гапирмаслигига ишониб қолганман), 2020 йилга келиб Москвада ҳар литр ичимлик суви бир литр бензиндан арзон бўлмйди. Унга атиги 7 йил қолди…”

Стоп!  Ана, Ақилбек Жапаров айтадиганини айтиб бўлди, Ночёвкин усталик билан унинг тилидан ўзига керакли бўлган гапларни суғуриб олди. Энди Жапаровнинг ортиқ кераги йўқ. Шу боис, мақоланинг буёғида ушбу аламзада собиқ раҳбар битта анекдот айтган бўлиб, ўз сўзини якунлайди. Аммо моҳир журналист янада усталик билан иш тутиб, ўз гапларини бир четга қўяди-да, “холис” бўлиб кўриниш учун бизга “ДЕЛО №…”НИНГ МАЪЛУМОТИ”ни – мақоланинг энг “қаймоқ” жойини тақдим этади:

 “Музликлар Қирғизистон ҳудудининг 4,2 фоизини ташкил этади, – дейилади бу “маълумотнома”да. – Уларнинг умумий майдони 8 минг квадрат километрдан ортиқ. Қирғизистонда жами 6 минг 580 та музлик бўлиб, улардаги чучук сув захираси тахминан 750 миллиард куб метрга тенг. Демак, бу бойликни 750 миллиард доллар деб баҳолаш мумкин.

Чучук сувнинг йиллик миқдори эса 57,3 миллиард куб метр келади. Шунча сувнинг 78 фоизи, ёки  қарийб 45 миллиард куб метри республика ҳудудидан ташқарига оқиб кетади. Бу дегани, Қирғизистон ҳар йили қўшниларга 45 миллиард долларлик текин чучук сув етказиб беряпти…

Албатта, мақола шу гап билан тугамайди. Қишда тулки изини йўқотиш учун думи билан қорни супуриб текислаганидай, Ночёвкин яна кекирдакка зўр беради – бирон саҳифалик гаплари билан “уқувсиз”, “коррупционер” амалдорларга дағдаға қилган бўлади, ўз ватанпарварлигини изҳор этиб кўкракка муштлайди, хуллас, “жасоратли мақола” ёзиб, ўзининг чин демократлигию, ҳеч кимдан ҳайиқмаслигини далиллаган бўлади, ҳолбуки, бу валломатнинг асл мақсади, муддаоси, коса тагидаги нимкоса тарзида юқоридаги абзацда аллақачон айтиб бўлинган эди. Яъни, Қирғизистондан Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудига ўтаётган бояги 45 миллиард куб метр сув учун ҳар куб метр сувга 1 доллар баҳосида ҳақ олинадиган бўлса, одамлар итининг туваги олтиндан бўлиб кетар эди, деган сийқа ва қуйқа бир сафсата. Мақола бошида келтирилган Қирғизистон чет мамлакатлардан бир неча йиллар давомида олган 2 миллиард доллар нима учун пеш қилинишининг сабаби энди аён бўлгандир? Бир неча йил давомида худди садақа каби олинган 2 миллиард доллар қаёқдаю, ҳар йили осмондан тушгандай бўлиб оқиб келадиган 45 миллиард доллар қаёқда?

Билмадик, жаноби Ночёвкинга ҳам маълуммикин: ҳозир дунёда 260дан ортиқ трансчегаравий дарё бор. Уларнинг умумий ҳавзаси Ер юзасининг 45,3 %ини ташкил этади ва бу жойларда сайёрамиз аҳолисининг қарийб 40 %и истиқомат қилади.

Тўғри, бундай трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан фойдаланишда ҳам муаммолар йўқ эмас. Аммо муаммоларнинг асосий қисми бу мамлакатдан бошқасига қанча сув ўтгани, ёки сувни қанча ишлатиш, ёхуд қанча балиқ овлаш каби масалалар юзасидан бўлмай, асосан сувни саноат чиқиндилари ва оқавалар билан ифлослантириш борасида келиб чиқади.

Шу ўринда, биргина Норин дарёсини олиб кўрайлик. Интернетда эълон қилинган “Норин дарёсининг экокулфати” (“Экобедствие реки Нарын”) деган мақолада айтилишича… “Кейинги эллик йил мобайнида бу дарё ўзанига Қирғизистон ҳудудида 40 миллион куб метр канализация сувлари ташланган, демак, бу дарё амалда инсон фаолияти чиқиндиларини йиғадиган коллектор ролини ўйнай бошлади”. Ҳолбуки, Ўзбекистон ҳозирча сувнинг юқорисида истиқомат қиладиган қўшниларга лом-мим деб эътироз билдиргани йўқ.

Шу каби, масалан, Днепр дарёсини олсак, у Россия ҳудудидан бошланиб, Белоруссиядан оқиб ўтади ва Украинани оралаб ўтиб Қора денгизга қуйилади. Бу дарё Россиянинг 1 та, Беларусьнинг 3 та ҳамда Украинанинг 8 та аҳоли тиғиз яшайдиган вилоятини сув билан таъминлайди.

Ўрол дарёси эса Россиядан бошланиб, Қозоғистон ҳудудига ўтади ва Каспий денгизига қуйилади. Ғарбий Двина дарёси ҳам Россиядан бошланади, Белоруссияни ораб ўтиб, Латвияга кириб боради; узунлиги 1020 км.ли бу дарё ҳар учала давлат ҳудудида узунлиги 300-350 км. келадиган ҳавзага эга.

Албатта, юқорида эслатилган 260дан ортиқ трансчегаравий дарё хусусида бирма-бир маълумот бериш шарт эмас. Аммо аниқки, дунёнинг ҳеч қаерида бир мамлакат ҳудудидан табиий равишда оқиб келадиган сув учун иккинчи мамлакат ҳақ тўламайди. Чунки трансчегаравий дарёларнинг суви дунёнинг ҳеч бир ерида товар ҳисобланмайди. Оддийроқ мисол билан тушунтирадиган бўлсак, бир маҳалладаги қатор тушган уйларни оралаб ўтган ариқ суви учун қўшнилар бир-биридан ҳақ олмайди. Шу сабабли ҳам, масалан, Иртиш суви учун Хитой Россиядан ақча тамаъ қилмайди.

Албатта, бу ўринда, нима сабабдан бир мамлакатдан иккинчисига ўтган сув учун ҳақ олинмайди, деган савол туғилиши мумкин. Шунинг учунки, дарёлар сувига ишлов берилмайди, унга энергия сарф қилинмайди, дарё суви, худди шамол – ҳаво оқими бўлгани каби, сув оқими ҳисобланади. Шундай экан, ҳудудига ифлосланган, боз устига, минераллашган ҳолда етиб келаётган сув учун нега иккинчи мамлакат ҳақ ҳам тўлаши керакми?

Яна бир савол ҳам туғилиши табиий: нега энди, ҳамма нарсага ақли етадиган Ночёвкиннинг фаросати шунга қолганда оқсайдир?

Сабаби… бу мақолани ёзишдан асл муддао – аллақайси раҳбарларни танқид қилиб, сиёсий “очко” олиш эмас, йўқ, бу парвоздан кўзланган мақсад аслида жуда баланд – Марказий Осиёдаги бусиз ҳам омонат бўлиб турган тинчликка, осойишталикка путур етказиш, ёш, мустақил давлатларнинг орасини бузиш, шу орқали яна ҳамманинг “катта оға” теварагида давра олишига эришиш. Албатта, катта оға барининг пешонасини силайди, силаб-сийпалаб туриб, бошларини ерга эгиб-эгиб юборади, улар ортиқ теваракка кўз ташлай олмай ҳам қоладилар… Қирғизистонда туриб, шу мамлакатнинг фуқароси ва журналисти сифатида қалам тебратаётган Ночёвкин ва ночёвкинларнинг асл нияти Қирғизистон манфаатлари учун хизмат қилиш эмас, балки шу ва шу сингари “факт”ларни кавлаб топиб, оммавий ахборот воситалари орқали ҳали у шаклда, ҳали бу тарзда талқин этиб, Марказий Осиё давлатларининг орасини бузиш, холос…

Ҳар қандай асар, жумладан ҳар бир мақола устида ишлар экан, муаллиф маълум бир тоифа ўқувчини кўзда тутади, ана шу ўқувчига атаб, унинг диди ва савиясига мўлжаллаб қалам тебратади. “Қирғизистон неча пул туради?” мақоласи, шу маънода депутат бўлиш илинжида юрган, сайловчилар орасида томоқ йиртиб бақириб, фидойи ватанпарвар бўлиб кўринишни ният қилган “бургут” сиёсатдонларга мўлжаллангани ҳеч кимга сир эмас. Тўғри, бундай тоши енгил, таги пуч даъволар билан боягидай “умидли ёш арбоб”лар узоққа бора олмайди, оқиб ётган сув асло товар бўлмаслиги, бутун дунёда бу ҳол эътироф этилгани ҳақидаги икки оғиз асосли изоҳдан кейин ҳовридан ҳам тушади, аммо унгача кекирдак чўзиб, кўксига муштлаб, микрофонларга бақириб, одамларни чалғитиши, алалоқибат, сиёсатни унча тушунмайдиган авомни лақиллатиб, икки эл, икки мамлакат орасига озми-кўпми, совуқчилик тушириши ҳеч гап эмас. Ночёвкин ва ночёвкинларга эса, шунинг ўзи кифоя.

Оллоҳ таоло бизларга қўни-қўшни бўлиб яшашни, бир дарёдан сув ичиб, бир ҳаводан нафас олишни насиб этибди. Бундан барчамиз кўп-кўп ибратли хулосалар чиқариб олишимиз даркор. Узоқлардан етиб келиб, икки эл ўртасига суқилиб кириб олиб, ақл ўргатишга чоғланган, ҳар турли факт ва “далил”лари билан бошимизни айлантиришга уринаётганларнинг асл нияти – қутқу солишдан бошқа нарса эмаслигини ҳар икки эл орасидаги узоқни ўйлайдиган ва вазминлик билан иш юритадиган одамлар яхши англайди.

Любовь Қаҳҳорова