Куни кеча, 3 декабрь куни Тошкентда, ЎзР Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг анжуманлар залида “Қирғизистон ўзбек адабиёти атнологияси” китоби чоп этилиши муносабати билан “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти томонидан ташкил этилган адабий учрашув бўлиб ўтди.
“Муҳаррир” нашриёти томонидан чоп этилган ушбу китоб (Тошкент – 2024, 504 бет, 500 нусха) материалларини заҳматкаш олим Саидакбар Махсумхонов тўплаб нашрга тайёрлаган, “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти раиси Зуҳриддин Исомиддинов нашрга масъул муҳаррирлик қилган. Ижодий учрашувга Қирғизистонлик ўзбек ижодкорларининг “Илҳом” адабий клуби вакиллари – “Илҳом” адабий клуби бошлиғи, шоир Абдул Ҳақ, филология фанлари номзодлари, доцентлар Равшанбек Турсунов, Саидакбар Махсумхонов, шоирлар Қосимжон Раҳмиев, Аъзамжон Абдураҳмонов, Абдураҳмон Арслонов, ижодкор ўқитувчи Бобомурод Раҳматуллаев, болалар шоири Арслон Расул ҳамда Бишкеклик журналист ва ёзувчи Абдумўмин Мамараимовлар – китобга асарлари киритилган етмишдан ортиқ адиб номидан вакил бўлиб ташриф буюришди.
“Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти раҳбарияти олиб борган ушбу анжуманда тазкира нашрига ҳомийлик қилган “Ватандошлар” жамоат фондининг раиси Одилжон Сатторов, китобни тўплаб нашрга тайёрлаган заҳматкаш олим Саидакбар Махсумхонов, “Жаҳон адабиёти” журналининг бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, доцент Равшанбек Турсуновлар сўзлаб, ҳар икки давлат раҳбарининг ташаббуи ва хайрихоҳлига самараси ўлароқ, дўстлик алоқалари тобора кучаяётганлиги, Қирғизистонлик ўзбек ижодкорларининг асарлари ҳам ягона ўзбек адабиётининг таркибий бир қисми эканлиги, бу китобнинг Қирғизистон маданий ҳаётида ўрни катта бўлишини таъкидладилар. Бу каби хайрли ишлар давом эттирилиши лозимлиги, чунончи Жанубий Қирғизистонда яшаб ижод қилаётган рассомлар, хаттотлар, мусиқачи ва хонандалар, актёр ва миллий санъатимизнинг бошқа намояндалари меҳнатини рўёбга чиқариш муҳимлиги айтиб ўтилди. Меҳмонларга ушбу янги китобдан тарқатилди, шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбарияти томонидан туҳфа этилган китоблар ҳадя этилди. Аҳмаджон Мелибоев билан Зуҳриддин Исомиддинов ҳам ўз навбатида янги нашр эттирган китобларини меҳмонларга ҳадя этишди.
Пировардида “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамиятининг 2025 йилга мўлжалланган йиллик иш режаси муҳокама қилиниб, баъзи таклифлар билдирилди.
Учрашув тугагач, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Дўрмон” ижод уйида қўноқ бўлган адиблар янги ижодий режаларини кўпчиликка ҳавола этиб, фикр алмашдилар.