Аввалроқ Ирқий камситишларни тугатиш бўйича БМТ Қўмитаси (кейинги ўринларда Қўмита) 2013 йил 18 ва 19 февралда Женевада бўлиб ўтган 2215 ва 2216-йиғилишида (CERD/C/SR. 2215 ва CERD/C/SR. 2216) ягона ҳужжатда тақдим этилган Қирғизистоннинг бешинчи-еттинчи даврий ҳисоботини (CERD/C/KGZ/5-7) кўриб чиққани хабар қилинганди.[1] 2013 йил 26 февралда бўлиб ўтган 2227-йиғилишида (CERD/C/SR. 2227) Қўмита Қирғизистон бўйича Якуний хулосалар ва тавсияларни қабул қилди [мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни ушбу таҳлилга илова қилинади].
Бу ўринда биз Қирғизистон ҳукумати учун, бизнинг назаримизда, энг муҳим тавсияларга эътибор қаратиш ва уларни яқин вақтларда бажариш истиқболини кўриб чиқишни мақсад қилганмиз.
Қўмита кўриб чиқилаётган давр бўйича ижобий жиҳатларни қайд қилади:
Анъанавий равишда Қўмита ирқий камситишга қарши курашга йўналтирилган турли қонунчилик ва сиёсий чораларни, жумладан: 2010 йил 27 июнда қабул қилинган Конституцияга ирқий камситишлар бўйича чеклов киритиш; миллатлараро низолар қўзғашга, этник асосда ўзига хослик, устунлик ёки алоҳидаликни, шунингдек, геноцидни рағбатлантиришга уринишлар учун жиноий жавобгарликка тортиш; ўз меҳнат ҳуқуқи ва эркинликларини амалга ошириши учун барча фуқаролар учун тенг имкониятларни кенгайтириш; 2015 йилгача этник сиёсат ва жамият бирлашуви бўйича Ҳаракатлар режасини қабул қилиш ва мамлакатда ҳуқуқ-тартибот тизимини ислоҳ қилишни санаб ўтишдан бошлайди. Ҳолбуки, мамлакатдаги вазиятни холисона кузатишлар шуни кўрсатадики, юқорида қайд қилинган сиёсий ва қонунчиликка оид чоралар билан миллатлараро аҳвол яхшиланмаган, кўриб чиқилаётган даврда жамиятда нафақат ўзбекларга, балки кам сонли бошқа миллат вакиллари (масалан, руслар) га нисбатан қарши кайфият ҳам кучайган. Буларнинг бари Қирғизистоннинг расмий шахсларининг сўзсиз розилиги, гоҳида эса маъқуллаши билан содир бўлмоқда. Кўпинча расмий шахсларнинг ўзлари, жумладан Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ва қирғиз тилли ОАВ миллатчилик руҳидаги чақириқлар субъектларига айланиб қолди. 2010 йил июндаги воқеалардан сўнг шошилинч тартибда ишлаб чиқилиб, кенг жамоатчилик ўртасида бонг урилган 2015 йилгача этник сиёсат ва жамият бирлашуви бўйича Ҳаракатлар режаси Қирғизистонда миллатлараро низолар ва этник камситишни бартараф этувчи амалий дастакка айлана олмади. Шуни ҳам қайд қилиш жоизки, юксак дабдаба билан илгари сурилган суд ислоҳоти ҳам мамлакат суд корпусида этник мувозанатга олиб келмади ва июнь воқеалари бўйича ишларда суд холислигини оширмади.
Қўмита, шунингдек, 2008 йил 29 декабрдаги қийнашлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ҳамда қадр-қимматни хўрловчи муомала ва жазо турларига қарши Конвенциянинг факультатив баённомаси иштирокчи давлат томонидан ратификация қилинишини маъқуллайди. Маълумки, биз сўз юритаётган факультатив баённома иштирокчи давлатга қийнаш ҳолатларини мустақил тергов қилиш учун масъул мустақил давлат органи ташкил қилишни буюради. Мустақил кузатувчилар тасдиқлашича, июнь воқеалари бўйича аксарият жиноий ишларда қийнашлар ва шунга ўхшаш муомала турлари қўлланилганлигига боғлиқ равишда бу жиддий қизиқишга сабаб бўлади. Адолат юзасидан шуни қайд қилиш лозимки, 2012 йил 12 июлда Қирғизистон “Қийнашлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ҳамда қадр-қимматни хўрловчи муомала ва жазо турларидан огоҳлантириш бўйича Қирғизистон Республикаси Миллий маркази тўғрисида”ги ҚР Қонунини қабул қилди.[2] Мазкур қонунга мувофиқ, 2012 йил 17 октябрда Кийнокларни олдини олиш бўйича Миллий марказ ўз ишини бошлаши — ҳаммаси шакллантирилиши керак эди, Мувофиқлаштирувчи кенгаш ва директор сайланди, ходимлар сараланди ва ҳоказолар, лекин бугунги кунгача Марказ тўлиқ ишга туширилмади. Қийнашлардан огоҳлантириш бўйича Марказ ўз ишини бошлагандан сўнг 2010 йил июнь воқеалари бўйича кўп сонли далилларни мустақил тергов қилиш ташаббуси билан чиқади деб умид қилишдан ўзга чора қолмаяпти.
Қўмита ташвиш уйғотадиган масалаларга батафсил тўхталиб ўтади:
Қўмитанинг Қирғизистон бўйича ташвиш уйғотадиган масалалар рўйхати анча кенг. Якуний хулоса ва тавсияларда бундай масалалар батафсил баён қилинган ҳолда ҳужжатнинг 85 фоиздан кўпроқ қисмини эгаллайди. Шунинг учун мазкур таҳлилга илова қилинган якуний хулоса ва тавсияларнинг тўлиқ матни билан танишиб чиқишни яна бир бор қатъий тавсия қиламиз. Бу ерда эса уларнинг энг муҳимларини кўриб чиқамиз.
Қўмита муаммолар рўйхатини этник зиддиятларнинг асосий сабабларидан бошлагани мақтовга лойиқ. Бунда Қўмита Қирғизистонда 2007 йилдан бошлаб, эътибор беринг, кўп сонли аҳоли (Қўмита бу ўринда “асосий миллат”ни назарда тутмоқда) ва айрим этник гуруҳлар, айнан эса ўзбеклар, дунганлар, курдлар, месхети турклари ўртасидаги бир неча бор этник зиддиятлар ва тўқнашувлар содир бўлганини қайд қилиб ўтгани қизиқиш уйғотади. Қўмита айниқса 2010 йил июнда Ўш ва Жалолобод областларидаги ўзбек ва қирғиз аҳолиси ўртасида содир бўлган этник зиддиятдан хавотирга тушган. Маълумки, бунинг оқибатида кўп сонли одамлар қурбон бўлиб, шахсий уй-жойлар вайрон қилинганди. Бундан ташқари, Қўмита бундай зиддиятлар сабаблари бартараф этилмай қолиб кетавериши ва бошқа тўқнашувларга олиб келиши мумкинлиги борасида жиддий хавотир билдиради. Қўмита, шунингдек, қуролларнинг бир қисми ҳали-ҳануз этник келиб чиқишидан қатъий назар аҳоли қўлида эканига ва ҳозиргача йиғиб олинмагани (мусодара қилинмагани) га ҳам эътибор қаратади .
Шошилинч тусдаги тавсиялар:
Қўмита 5, 6 ва 9-бандларда мавжуд тавсияларга алоҳида эътиборни жалб қилади ва Қирғизистон ҳукуматидан Якуний хулоса ва тавсиялар қабул қилинган пайтдан бошлаб бир йил давомида (мос равишда 2014 26 февралгача) 5,6 ва 9-бандлардаги тавсияларни бажарилиш ҳолати бўйича расмий ҳисобот тақдим этишни сўрайди.[3]Қайси тавсияларни Қўмита шошилинч тусдаги тавсиялар қаторига киритгани ва Қирғизистон учун ҳисобот беришни олдинроқ муддатга белгилаганини қисқача кўриб чиқамиз:
№ 5: Қўмита иштирокчи давлатга шошилинч тартибда мамлакат ҳудудида яшовчи турли этник гуруҳлар тинч-тотув яшаши учун тўсқинлиқ қилувчи асосий муаммо ва сабабларни бартараф этишга қаратилган самарали чора-тадбирлар қабул қилишни тавсия қилади. Шу мақсадда Қўмита Қирғизистонга қуйидагиларни тавсия қилади:
а) барча этник гуруҳларни қамраб олувчи, ҳурмат билан қабул қилинувчи ва барча ҳақ-ҳуқуқларга эга бўлувчи демократик жамиятни барпо этишга йўналтирилган ўз ташаббум ва ислоҳотларини давом эттириш;
б) этник гуруҳлар, шунингдек, шаҳар ва қишлоқ туманлари ўртасида ижтимоий-иқтисодий тафовутларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилиш;
в) сиёсий ва жамоатчилик ҳаётида миллий озчилик иштирокини кенгайтириш учун шошилинч чоралар қабул қилиш;
г) озчилик гуруҳларига мансуб шахслар ҳуқуқлари ҳақида махсус қонун қабул қилиш масаласини кўриб чиқиш ва ирқий камситишлар масалаларини ҳал қилиш учун махсус ваколатли муассаса ташкил қилиш;
е) кўпчилик аҳоли ва бошқа этник гуруҳлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш зарурлигини назарда тутган ҳолда ҳанузгача аҳоли, хусусан, Ўш ва Жалолобод вилоятлари аҳолиси қўлида бўлган қуролларни йиғиб олиш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш.
Тавсиялардан кўриниб турибдики, Қирғизистон ҳукумати қандайдир салмоқли молиявий харажатларсиз ҳам, бунга етарлича сиёсий ирода бўлгани ҳолда 5-тавсияларнинг ақалли «а», «в», «г» ва «е» бандларига зудлик билан киришиши мумкин бўлади.
№ 6: Қўмита 2010 йил июнь воқеаларининг қурбонлари асосан ўзбеклар бўлгани, шунингдек, асосан улар суд таъқиби ва жазога дучор бўлганини ташвиш билан қайд қилади. Қўмита терговларда, жиноий иш қўзғашларда, 2010 йил июнь воқеаларига алоқадорликда айбланган ва жазога тортилган шахсларга нисбатан қўлланилаётган жазо ва санкцияларда этник мансублик асосида уларга нисбатан ғаразли муносабатлар ҳақида хабарлардан аввалгидек кескин хавотирланмоқда. Чунки уларнинг асосий қисмини ўзбек миллатига мансуб шахслар ташкил қилади. Бундан ташқари, Қўмита “одамни ўзи қилмаган жиноятларни тан олишга мажбурлаш, ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларининг қариндошларига босим ўтказиш, процессуал ҳуқуқларни рад қилиш (…), суд жараёнини бузиш, айбланувчи ва унинг адвокатларига таҳдид солиш ва ҳақоратлаш, айбланувчи ва унинг қариндошларига ҳужум қилишга уринишларга оид далил-исботлар” билан боғлиқ маълумотлардан хавотирга тушмоқда. Иштирокчи давлат баёнотига мувофиқ айнан шулар натижасида адолатли судлов ҳуқуқи бузилиши намоён бўлган. Суддан сўнг умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинган, суд иши жараёнида адолатли судлов учун барча зарурий ҳуқуқий кафолатлардан фойдалана олмаган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси жаноб Асқаровга нисбатан содир бўлган ҳолат бўйича ҳам Қўмита аввалгидек ташвишли муносабатда қолади.
Қўмита иштирокчи давлатга судлов тизимини ислоҳ қилиш йўналишида қуйидагиларни тавсия қилади:
(а) 2010 йил июнь воқеаларига алоқадорликда жазога тортилган барча шахслар ишини процессуал кафолатларга риоя қилган ҳолда адолатли судлов учун барча зарурий ҳуқуқий кафолатларга риоя қилиниши нуқтаи назаридан кўриб чиқиш механизмини ташаббус кўрсатиш ёки ташкил қилиш;
(б) суд терговини ўтказиш, 2010 йил июнь воқеалари вақтида инсон ҳуқуқлари бузилиши учун жавобгар барча шахсларни этник келиб чиқиши ва мақомидан қатъий назар жавобгарликка тортиш, агар зарур бўлса, жазолаш;
(в) этник келиб чиқишидан қатъий назар суд хатолари қурбони бўлганлар учун компенсация тўлаш;
(г) турли этник гуруҳлар ўртасида муросасозликни таъминлаш ва аҳолининг судлов тизимига ишончини мустаҳкамлаш заруратини назарда тутган ҳолда суд-ҳуқуқ тизими, шунингдек, хавфсизлик хизмати ва милиция кучлари ислоҳотини давом эттириш;
е) адолатли суд иши учун барча талабларга риоя қилган ҳолда жаноб Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш ва этник келиб чиқишидан қатъий назар инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига нисбатан таҳдидларни бартараф қилиш.
Аёнки, Қирғизистон ҳукумати фақат сиёсий ирода кучи билан ҳеч қандай молиявий харажатларсиз №6 тавсияларнинг «а», «б», «в» ва «е» бандларини бажариши мумкин.
№ 9: Қўмита этник камчиликнинг сиёсий ва жамоатчилик ҳаётида, жумладан маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларида, хусусан, парламентда, ижрочи ҳукумат органларида, милиция ва суд органларида ҳаддан ташқари оз вакилга эгалигидан аввалгидек ташвишли муносабат билдиради. Бу ҳолат 2007 йилдан бошланиб, 2010 йил июнь воқеаларидан кейин ҳам қисқаришда давом этган. Қўмита иштирокчи давлатга барча даражадаги сайланадиган ва ижрочи органларда, милиция ва суд тизимида миллий озчиликка мансуб шахслардан муносиб вакиллар бўлишини таъминлаш учун аниқ ва мажмуавий чора-тадбирлар қабул қилишни қатъий тавсия қилади. Қўмита иштирокчи давлатга миллий озчилик вакилларининг Қирғизистон аҳолиси сонига уларнинг улуши нисбатида бўлишини таъминлашни тавсия қилади.
Ўта муҳим тавсиялар:
Якуний хулоса ва тавсияларда Қўмита Қирғизистон ҳукумати эътиборини 7, 8, 12 и 13-бандлардаги тавсиялар ўта муҳимлигига қаратади ва Қирғизистондан келгуси даврий ҳисоботида (2016 йил октябрда) мазкур тавсиялар бажарилиши учун қабул қилинган аниқ чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот тақдим этишни сўрайди:
№ 7. Қўмита аввалгидек 2010 йил июнь воқеаларидан сўнг кўп сонли одамлар ҳибсга олиниб, этник келиб чиқиши асосида қийнашлар ва бошқа кўринишдаги шафқатсиз муносабатларга дучор бўлгани ҳақида хабарлардан ташвишланмоқда. Бу асосан ўзбекларга тааллуқли бўлган. Шунингдек, Қўмита 2010 йил июнь воқеалари вақтида ва ундан сўнг этник озчиликка мансуб бўлган аёллар жинсий мажбурлаш қурбони бўлганлиги ҳақида ахборотларга ҳам хавотир билдиради. Қўмита шунга ўхшаш барча ҳаракатлар ҳали-ҳануз тергов қилинмагани ва айбдорлар судга тортилиб, жазоланмаганидан айниқса ташвишланмоқда.
Қўмита иштирокчи давлатга қуйидагиларни амалга ошириш учун қурбонларнинг этник келиб чиқиши бўйича қандайдир тафовутларсиз мутаносиб чоралар қўллашни тавсия қилади:
а) миллий озчиликка мансуб аёлларга нисбатан қийнашлар, шафқатсиз муносабатлар ва мажбурлашлар қўллаш, жумладан номусига тегиш бўйича барча ҳолатларни рўйхатга олиш ва ҳужжатлаштириш;
б) ўз вақтида, батафсил ва бетараф тергов олиб бориш;
в) айбдорларни, жумладан милиция ва хавфсизлик хизматида ишловчи айбдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш ва жазолаш; ва
г) жабр кўрганларга зарар қоплаб берилишини таъминлаш;
е) келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун барча зарурий чора-тадбирларни қўллаш.
Миллий озчиликка мансуб аёлларга куч ишлатиш бўйича Қўмита Қирғизистонга аёлларга нисбатан куч ишлатишга қарши курашиш бўйича ҳаракатлар миллий Режасини қабул қилиш ва ортиқча кечиктирмай амалга оширишни тавсия қилади. Мазкур режа Қўмита билан музокаралар олиб бориш жараёнида қўмита вакиллари томонидан қайд қилиб ўтилган.
№ 8. Қўмита этник озчилик гуруҳлари, хусусан, ўзбек миллатига мансуб шахсларни асоссиз ишдан бўшатишлар, бошқарув аппарати ва маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларида ўз лавозимларидан воз кечишга мажбурлаш ҳолатлари ҳақида хабарлардан хавотирга тушган. Шунингдек, Қўмита айрим ўзбеклар 2010 йил июнь воқеаларидан кейин содир бўлган таҳдидлар остида ўз корхоналарини ёпгани ҳақида хабарлардан ҳам ташвишланмоқда. Қўмита миллий озчиликка мансуб шахслар содир бўлган зиддият оқибатида ўз бизнесидан маҳрум бўлгани ва уларнинг ҳамммаси ҳам иштирокчи давлатдан ёрдам олмаганидан ташвишга тушган.
Қўмита иштирокчи давлатга қуйидагиларни амалга ошириш учун зарурий чора-тадбирлар қабул қилишни тавсия қилади:
(а) миллатига кўра бошқарув аппарати ёки ўзини-ўзи бошқариш маҳаллий органларидаги лавозимидан асоссиз ишдан бўшатилган шахсларга нисбатан барча ҳолатларни тергов қилиш ва кўриб чиқиш, заруратга мувофиқ, уларни тиклаш;
(б) миллий озчилик гуруҳлари ва уларнинг корхона ҳамда компанияларини мол-мулкдан мажбуран маҳрум қилиш ҳолатларини тергов қилиш ва кўриб чиқиш, зарурат туғилган ҳолатларда, уларнинг ҳуқуқлари тикланиши ва компенсация тўланишини таъминлаш;
(с) этник келиб чиқишидан қатъий назар 2010 йил июндаги этник зиддият билан боғлиқ равишда фойда келтирувчи иш фаолиятини йўқотган шахсларга ёрдам кўрсатишни давом этиш.
№ 12. Қўмита қайд қиладики, иштирокчи давлат Конституцияси (10-модда) ва давлат тили тўғрисидаги қонун озчилик миллатга мансуб шахсларга ўз она тилида таълим олиш ҳуқуқини кафолатлайди. Шундай бўлса-да, Қўмита малакали ўқитувчилар, таржимонлар, озчилик миллат тилидаги, шунингдек, давлат тилидаги дарслик ва ўқув қўлланмалари етишмаслиги муносабати билан ўз хавотирини баён қилади. Қўмита 2010 йил июнь воқеаларидан сўнг Ўш ва Жалолобод вилоятларидаги кўплаб ўзбек мактаблари миллий озчилик тилидан қирғиз тилига ўтган ҳолда ўқитиш олиб борилаётган тилни ўзгартиришгани, шунингдек, уларнинг айримлари озчилик миллат тилида ўқитишни таъминлашга имкон берувчи давлат маблағларини олмай қўйганидан айниқса ташвишланмоқда. Бундан ташқари, Қўмита иштирокчи давлатнинг ОТМларига кириш учун қабул имтиҳонлари қирғиз тилида ўтказилишига оид қарори ҳақида ахборотдан ҳам ташвишга тушган. Чунки бу билан ўз она тилида қисман билим олган ва қирғиз тилида тестдан ўтиш учун етарли билимга эга бўлмаган миллий озчилик фарзандларига нисбатан камситиш ҳолати юзага келади; бундай вазият уларнинг ОТМларга қабул қилинишига тўсқинлик қилиши ёки кўпчилик аҳоли вакиллари билан тенг шароитларда меҳнат бозорида тенг имконга эга бўлмаслигига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, Қўмита аввалгидек бошланғич ҳамда ўрта мактаблар учун дарслик ва ўқув дастурларида иштирокчи давлат ҳудудида яшовчи турли этник гуруҳлар маданияти ва тарихи ҳақида номувофиқ маълумотлар берилишидан ҳам ташвишланмоқда.
Қўмита Қирғизистон ҳукуматига этник озчилик гуруҳларга мансуб болалар учун озчилик тилида таълим олишни ривожлантириш бўйича, хусусан, Ўш ва Жалолобод вилоятларида саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришни тавсия қилади. Бундан ташқари, Қўмита Қирғизистонга ОТМларга кириш учун қабул имтиҳонларини қирғиз тилида ўтказиш тўғрисида қарорини қайта кўриб чиқиш ва озчилик миллатга мансуб ёшлар асосий билимни олган тилларда тестдан ўта олиш имконини таъминлаш учун тегишли чоралар қўллашни тавсия қилади.
№ 13. Қўмита “умуман, ўзбек тилида узатилувчи оммавий ахборот воситалари аянчли вазиятда қолгани, сабаби, 2010 йил июнь воқеаларидан сўнг уларнинг деярли ҳеч бири ишламаётгани”дан, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида, хусусан, Ўш вилоятида миллий озчилик тилларидан фойдаланиш қисқарганидан ташвишланмоқда. Қўмита Мезон-ТВ ўз кўрсатувларини эфирга узатишни тўхтатгани, Ўш-ТВ эндиликда қирғиз тилида эфирга чиқаётгани, аввал ўзбек тилида чоп этилган қатор газеталар ишламай қўйганидан, мазкур вазият эса ахборотларни ўз она тилида тарқатиш ва олиш бўйича ўзбек озчилигига тегишли ҳақ-ҳуқуқларни чеклаб қўйишидан ташвишланмоқда.
Қўмита Комитет Қирғизистон ҳукуматига миллий озчилик, хусусан, ўзбек аҳолиси учун ўз она тилида ахборот тарқатиш ва қабул қилиш ҳуқуқини таъминлаш учун тегишли чора-тадбирлар қабул қилишни қатъий тавсия қилади. Худди шу йўналишда Қўмита Қирғизистонга миллий озчиликка мансуб шахслар ўртасида, жумладан Ўш вилоятида оммавий ахборот воситаларига хусусий мулкчиликни рағбатлантиришга йўналтирилган қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилишни тавсия қилади. Шунингдек, Қўмита Қирғизистонга инсон ҳуқуқлари, жумладан ирқий камситишга чорловларни тақиқлаш масалалари бўйича журналистлар учун ўқишлар ташкил қилишни тавсия қилади.
Якка тартибдаги шикоятлар бўйича Қўмита ваколатларини тан олиш бўйича тавсиялар:
Кўриб чиқилаётган ҳужжатнинг 25-бандида Қўмита иштирокчи давлатга Конвенциянинг 14-моддасида назарда тутилган факультатив баёнот беришни қатъий тавсия қилади. Конвенциянинг 14-моддасига мувофиқ ирқий камситиш тугатилгани ҳақида баёнот берган иштирокчи давлат бу билан Конвенция билан муҳофаза қилинадиган ҳуқуқ ва манфаатларнинг Қирғизистон ҳукумати томонидан бузилиш ҳолатлари бўйича шахслардан (жисмоний шахслар, яъни фуқаролар, фуқароликсиз шахслар ва ҳоказолар) якка тартибда шикоятлар қабул қилиш ваколатини тан олади.
Қўмитанинг якуний хулоса ва тавсияларини чоп этиш ва тарқатиш бўйича Қирғизистон ҳукумати жавобгарлиги:
Қўмита Қирғизистон ҳукуматига кенг жамоатчилик учун ўз ҳисоботлари БМТга тақдим этилган вақтдан бошлаб уларни кенг чоп этиш ва тарқатишни тавсия қилади. Шунингдек, мазкур ҳисоботлар бўйича Қўмита кузатишлари хулоса ва натижалари ҳам муқобил равишда зарурат пайдо бўлган ҳолларда расмий ва бошқа кенг тарқалган тилларда чоп этилиши лозим.
Алишер Навоий Институти Қирғизистон ва бошқа мамлакатлардаги ҳамкорлари билан биргаликда Қўмитанинг якуний хулоса ва тавсияларининг Қирғизистон ҳукумати томонидан бажарилиш жараёнини ўрганишни ва келгусида БМТга тақдим этиш учун ўз муқобил ҳисоботини тайёрлашни режалаштирмоқда.
Алишер Навоий Институти
2013 йил 31 март
[1] Қўмита иштирокчи давлатга 2016 йил 4 октябргача ўзининг тўққизинчи-ўнинчи ҳисоботини тақдим этишни тавсия қилади.
[2] Қийнокларни олдини олиш Миллий марказ озодликдан маҳрум қилиш ва чеклаш жойларида миллий даражада уларда мавжуд шахсларга нисбатан қийнашлар ва шафқатсиз муомала ҳамда жазо чораларидан огоҳлантириш тизими вазифасини бажаради. Қонун Миллий марказга олдиндан огоҳлантиришсиз озодликдан маҳрум қилиш ва чеклаш жойларига бориш, уларда мавжуд шахслар билан гувоҳларсиз, шахсан суҳбатлашиш ҳуқуқини беради. Қонун меъёрида Миллий марказ кириш ҳуқуқига эга бўлган жойлар, жумладан “соқчилар назорати остида ушлаб туриш жойлари” тушунчасига мос келувчи барча жойлар таърифи келтирилган.
[3] Айтганча, бу Якуний хулосаларнинг 5, 6 ва 9-бандларидаги тавсиялар бажарилиши бўйича дастлабки муқобил ҳисобот топшириш учун нодавлат нотижорат ташкилотлар учун ҳам яхши имконият ҳисобланади. Алишер Навоий Институти ўзининг дастлабки муқобил ҳисоботини 2013 йил декабргача тайёрлашни режалаштирмоқда.