ИЛДИЗИГА БОЛТА УРГАН АБДУРАҲМОН ёхуд ЎЙНАБ ГАПИРСАНГ ҲАМ – ЎЙЛАБ ГАПИР

Бу гал ҳам дастлаб СЎЗдан бошланди. 

Бир замонлар бўлгани каби. Ўша мангу мавзу каби.

Кейинчалик нимаики рўй берибдики, ҳаммаси 

ОҒИЗдан чиққан сўзлар самараси эди.

Чингиз Айтматов (Кассандра тамғаси)

Кўҳна Осиёнинг қоқ марказида жойлашган собиқ Иттифоқ республикалари шўролар тузумидан халос бўлиб, у ёки бу даражада мустақил сиёсат юрита бошлаганига қарийб чорак аср бўлди. Тарих қаршисида аслида бир лаҳзадек бўлган бу давр узоқ вақт темир панжара ортида қолиб келган минтақа халқлари учун сезиларли ўзгаришларни ваъда қилиб, баҳамжиҳатликда елкадош бўлиб, тараққиёт сари илдам бориш имкониятларини тақдим эта бошлаган эди. Имкониятлар кўлами шу қадар эдики, юзага келган вазиятдан ақл-идрок билан фойдаланиб, минтақанинг барча жумҳуриятлари қўлни қўлга берсалар эди, жаҳон харитасида янги бир геосиёсий ўйинчи, бошқалар ҳар соҳада ҳисоблашишга мажбур бўлган чинакам бирлик пайдо бўлиши учун энди ортда қолган ана шу чорак аср кифоя эди. Аммо таассуфки, воқелик бу орзуларнинг тамом тескари ҳолатини тақдим этди – янги давлатлар ва уларнинг раҳбарларига Мустақиллик юки анча оғир келди. Осмондан тушган омаддан каловланиб, ҳар ким ўз билганича яшашни афзал билди. Вазиятни назорат қилиб, нафсларни тийиб турувчи Марказ барҳам топгач, халқ ва давлат бойлигини ўзининг шахсий мулки, деб ўйлашни ўзига аъмол билганларнинг куни туғди, талон-тарож ва юлғичлик одатий ҳолга айланди. Минтақанинг ҳеч бир давлатида теран ва изчил тараққиёт дастури шу пайтгача ишлаб чиқилмади. Бори ҳам хўжакўрсиндан бошқасига ярамаётир. 

Коммунистик мафкура йўқ қилингач, унинг ўрнини муносиб тарзда тўлдира оладиган, инсонларни чинакамига жипслаштира оладиган миллий мафкура яратилмади. Оқибатда эса маданий-маънавий ҳаётда хатарли ўпирилишлар содир бўла бошлади. Муносиб ва мувофиқ мафкура билан тўлдирилмаган ғоявий бўшлиқ эса катта фожеаларга етаклаётганига барчамиз гувоҳмиз. Шўролар тузуми парчаланиши ортидан юзага келган катта-ю кичик низолар, биргина Ўш минтақасида содир бўлган такрорий қирғинбаротлар жароҳати ҳали-ҳамон оғриқ бериб турибди. Шундай қалтис вазиятда сувни яна лойқалатишга уринишлар содир бўлаётганини соғлом тафаккур билан тушуниш қийин. Гап аслида ўтган йил охирларида Қирғизистоннинг асосий телеканали орқали эфирга узатилган, аммо кўпларнинг эътиборидан четда қолиб келган “Тоолуктардын ток-шоусу” (Тоғликлар томошаси) номли кўрсатуви ҳақида бормоқда. «МК-Азия» рўзномаси муҳаррири Улуғбек Бобоқуловнинг синчковлиги туфайли кенг жамоатчилик муҳокамасига чиқарилган ушбу кўрсатувда қирғиз шоири Абдураҳмон Алимбоев «тозақон» қирғиз миллатини шакллантириш омиллари ҳақида гўёки жон куйдириб, телебошловчи ва кўрсатув иштирокчиларининг сахий олқишларига сазовор бўлади. «Тоза қон» қирғизларни шеру арслонларга қиёслаб, «қони бузилган» бошқаларни эса сиртлону шоқолларга менгзайди. Бу кўрсатувни ўз вақтида жуда кам одам кўргани, улар ва кўрсатув иштирокчилари бу гаплардан ўша пайтда қаттиқ таъсирланган бўлса ҳам, аллақачон унутиб юборгани эҳтимолдан ҳоли эмас. Лекин бундай қўпол хатолар ва бошқа миллатларни ҳақоратлаш мақсад қилиб олинган асоссиз гаплар орадан шунча вақт ўтиб яна шов-шувга айланди. Мавзуни ҳамма астойдил муҳокама қилмоқда, айбдорлар қидириляпти, кимдир уларни жазолашга ваъда беряпти, кимдир бошқа такрорланмаслигини айтаяпти. Муҳими, асосий ният амалга ошиб, буни кўпчилик кўряпти, биляпти. Бундан яширин мақсад эса қирғизлар ва бу мамлакатда яшаётган бошқа миллатлар ботиний онгида ўзаро адоват ҳиссини яна оловлантириш экани яққол сезилиб қолмоқда. Бу ҳол эса навбатдаги фожеаларга сабаб бўлмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Чунки ҳозирги аксар қирғиз ёшлари теран фикрлаш, мантиқий мушоҳада юритиб, тўғри хулоса чиқаришдан анча йироқ тарзда вояга етмоқдалар. Аслида, бир элнинг шоириман, элпарвариман деб кўкрак кериб юрган Алимбоев кабилар энг авало шу ёшларга чин инсонийликдан тарбия беришлари лозим эмасми, тобора тубанлашиб бораётган таълим-тарбия савиясини юксалтириш ҳақида қайғуриши мақсадга мувофиқ эмасми?

Ҳозир шундай даврки, ҳар бир сўзнинг салмоғини сақлаш лозим, билиб-билмай айтилган ножўя гаплар катта офатларга олиб келишини, Абдураҳмон Алимбоев кабиларнинг лафзидан чиққан ғаламис мулоҳазаларнинг оқибатлари эса аянчли бўлишини унутмаслик лозим. Аслида бу кишимнинг гапларини осонгина чиппакка чиқариш, бир оз таҳлил қилиш асосида антиқадан-антиқа хулосалар чиқариш мумкин. Ўз миллатини шерга қиёслаб, унинг орқасидан “Азалдан молбоқар бўлганмиз”,- дейишини қандай тушунайлик бўлмаса?! Ўзга миллат вакилига қиз бериб-қиз олиш ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўриб, тарихига бир қур назар ташлаб гапирса маъқул эди. Чунки чиройли ва кучли гапираман деб, миллий ўзлигини топтаб қўйгани, миллий қаҳрамонларини ҳам шоқолга тенглаштириб, улардан жудо бўлганини ҳам пайқамай қолди Алимбоев. Зеро, “Манас” достонига кўра, Манаснинг ўзи Нўғойхон авлоди экани айтилади, Нўғойхоннинг қайси миллатга мансуб эканлиги эса ҳеч кимга сир эмас. Манас исми эса кўплаб манбаларда асосан қозоқча исм сифатида келтирилади. Манаснинг дастлабки икки хотини уйғур бўлса, учинчи хотини Хива хонининг қизи бўлган. Унинг қирқта йигити ҳам хон қизи билан келган хивалик қизларга уйланган. Асар қаҳрамонларидан бири Алмамбетнинг эса келиб чиқиши хитойлик бўлиб, Манас юртида қирғиз қизига уйланади. Хўш, Манас авлодиман деб кўкрак кериши лозим бўлган бир миллат бу шоир талқини бўйича аллақачон шоқолга айланиб қолмаганми унда?! Қирғиз элининг улуғ ёзувчиси Чингиз Айтматов-чи? Унинг онаси татар миллатига мансуб эмасми?! Наҳотки тез орада тоза қон қирғиз эмасди, шоқол бўлган деб, бутун дунё ардоқлаган бу улуғ адибдан воз кечиб юборишса?! Нафақат қирғиз элини, балки бутун дунёни одамийликка чорлаган инсонни ҳамда қирғиз элларини бирлаштиргани айтиладиган афсонавий қаҳрамонни бадбин ғоялар қутқусида шер ва шоқолдан бўлган наслга менгзаш фақат телбанинг қўлидан келади. Қизиғи шундаки, Абдураҳмон Алимбоевнинг ҳатто ўзида ҳам ўзбек қони борлиги исми шарифидан маълум. Эринмаса, генеологик шажарасини бир текширтириб кўрсин. Аслида миллатга эмас, одам феъл-атворига ҳайвон нисбатлари берилади. Шерлар ҳар бир миллатда топилгани каби, шоқоллар ҳам истаганча топилади. 

Абдураҳмон Алимбоевнинг валдирашларидан қирғизларнинг эс-ҳуши ҳали жойида бўлганлари ижирғанган, «ҳе садқаи шоир кет» дея надомат қилган бўлишлари табиий, чунки бугунги алғов-далғов замонда бутун бошли эллар хотиржамлик ва тараққиётнинг ягона чораси сифатида бирлашишга интилаётган экан, бундай иддаолар сохта шавкатдан гердайган бошларга гурзи мисол урилиши ва ўнглаб бўлмас парокандаликлар келтириб чиқариши муқаррар. Шундай экан, ўйнаб гапирсанг ҳам – ўйлаб гапир!

Гога РАШИДОВ