ФУЗУЛИЙДАН ЎҚИНГ…

Ўзбек мумтоз ашулаларининг таниқли ижрочиси, хушовоз хонанда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъаткор Илёс Арабов яқинда суҳбатлашиб ўтириб, бир воқеани ҳикоя қилиб қолди:

  • Ўн йилдан ошди, бир куни, “торроқ доирада бир ўтириш бор, меҳмонлар нозикмижоз, шунда хизмат қиласиз”, деб таклиф этишди. Иштирокчиларнинг ким эканини айтишгани йўқ. Бориб қарасам, давра тўрида икки киши: Қуръони каримнинг илк тўлиқ маънолар таржимаси муаллифи Алоуддин Мансур билан у кишининг шогирди, Тошкент шаҳар бош имом хатиби Анвар домла Турсунов ўтиришибди. Даврага яна бошқа бир неча таниқли хонандалар ҳам чорланган экан.

Бир вақт, муҳтарам меҳмонлар менга мурожаат қилиб, Фузулий ғазалларидан хониш қилишимни сўрашди. Мен ҳаяжонга тушиб, пайдарпай икки-уч ашула айтдим.

  • Яна борми Фузулийдан? – деган даъват бўлди.

Тағин айтдим.

Аммо меҳмонлар буларни ҳам тинглаб бўлгач, “Шифойи васл”ни эшитиш истаклари борлигини билдиришди.

Биласиз, бу анча оғир, кўп хонандалар ижро этган машҳур ашула. Нолаю қочиримлари ҳам бисёр. Уни айтиб бўлганимдан сўнг Алоуддин ҳазрат ушбу ғазал бадииятини завқ билан талқин этиб, байтлардаги ботиний маъноларни, хусусан улуҳий нукталарни теран шарҳлаб берди-да, уни яна бир бор хониш қилишимни илтимос қилди.

 

Шифойи васл қадрин ҳажр ила бемор ўландан сўр,

Зулоли завқ-шавқин ташнаи хуммор ўландан сўр…

 

Ажаб, бу гал ашула бир бошқача чиқди. Аввалги сафар унинг сўзларини ёд олиб айтган бўлсам, энди мазмунини тўлиқ тушуниб, ҳар бир мисрадаги маънога урғу бериб айтаётган эдим. Даврадагилар ҳам кўнгил бериб эшитишди, ашуланинг бу талқини янада жозибали бўлди, деб якдил эътироф этишди…

Мен, гарчи санъат нуқтаи назаридан ашулани баҳолашга ожиз эсам-да, Илёсбекнинг сўзларини эшитиб, бошқа нарса ҳақида ўйлаб қолдим.

Юртимизнинг таниқли икки уламоси Фузулийнинг, яна бошқа шоирларнинг ғазалларига басталанган қўшиқларни шавқ билан тинглашибди. Яна, қачон денг, бир тоифа уламолар “Куй-қўшиқ ва мусиқаларга қулоқ солиш ҳаром ва мункардир, дилнинг қотиши, касалланиши ва Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсилишига сабабдир”, деб туришган бир маҳалда.

Худога шукур, мустақиллик бизга сиёсий суверенитетнигина эмас, эътиқод эркинлигини ҳам ҳадя этди. Тарихан олганда, жуда қисқа вақт ичида деярли барча одамлар, худди юз йил аввал бўлганидай, намоз ўқишга ўтди, нафақат намоз, балки исломнинг бешала фарзини ҳам тўлиқ бажариш, жумладан ҳаж ва умра зиёратларига бемалол бориб келиш имкониятига эга бўлди. Йўқса, ўзингиз эсланг, эллик йилча бурун тўй ёки меҳмондорчиликда кўп одамлар то бадмаст бўлгунча ароқ ичар, ўтиришнинг энг “маданий” қисми юқорида айтилганидай, Навоий ёки Фузулий ғазалларининг теран шарҳи ва одамларнинг ундан завқи эмас, ғўлдираб айтилган “қадаҳ сўзи” – тостлар бўлар эди. У кунлар бир туш сингари, босириқ каби бошимиздан ўтди-кетди. Оллоҳга осон экан. Ота-боболари теран эътиқод ила яшаб ўтган исломий элимиз яна аслига қайтди.

Мен юқорида эслатилган қўшиқ баҳона, мусиқа ва ашуланинг динимиз йўл-йўриқларига нечоғлиқ мувофиқ эканлиги ҳақида гапирмоқчи бўлиб, уни бир нарсага қиёслаб тушунтирсам, дейман.

Биласиз, Қишки Олимпиада ўйинларида тор муз йўлагида чана учиш мусобақаси бўлади. Чана ўнг ё сўлдаги деворларга иложи борича урилмай юргизилса, маррага тезроқ етади. Ҳали уёққа, ҳали буёққа туртинаверса, орқада қолиб кетиши тайин. Муваффақият гарови – ўрта йўлда юриш.

Бундай муқоясаларни яна кўп келтириш мумкин. Асосий гап шуки, пайғамбаримиз “Хайрул умури авсатуҳо”, яъни ҳар ишда ўртачалик яхши, деб буюрган. Биз эса ўртачаликка амал қилмаймиз. Бир очилсак, ароқхўрликкка, фаҳшга кириб кетамиз, бир ёпилсак, худойим бандаларим яйраб умр кечирсин деб биз учун яратган бу дунёсидан узилиб, таркидунёчиликка ўтиб, қовоғимизни солиб яшаймиз, роҳат ва фароғатни ўзимизга бегона қиламиз.

Оллоҳ таоло бу ер юзини бани башар кўзини қувнатадиган, кўнглини яшнатадиган қилиб бино этди. Оллоҳ яратган бу гўзалликлардан баҳра олиш ўрнига, уни инкор этсак, жами ҳаёт лаззатларидан – у яратган насибалардан юз ўгириб, кўнглимизни фақат ғамга ботириб юрсак, бу… журму исён бўлмайдими? Шукроналик хафаҳол тарзда ифода этиладими? Буни, ўзини катта олган меҳмон тўй эгасига сипогина миннатдорчилик изҳор этиб жўнаб кетишига ўхшатиш мумкин, камтар ва самимий меҳмон эса тўйдаги шодиёнага шерик бўлади, қувнаб-яйрайди, бошқа меҳмонларнинг ҳам хурсандчилигини оширади ва шу билан хонадон соҳибини мамнун этади. Оллоҳ таоло бизга бу ҳаёт неъматларини берган экан, уларни қовоқ уймай, ғам-алам изҳор қилмай, мамнуният билан қабул қилишимиз лозим эмасми?

Марказий Осиё мусулмонлари исломнинг сунний йўналиши, ханафий мазҳаби, мотуридия эътиқодига амал қилади. Ўн асрдан бери шундай. Бу эса исломдаги энг катта оқим. Шунинг ўзи ҳам ота-боболаримиз энг ортодоксал дунёқараш эгаси бўлганини далиллайди. У – чин эътиқод.

Бироқ кейинги чорак аср давомида дунё мамлакатларига йўл очилгач, ўша юртларга бориб таълим олган, у элларнинг эътиқод йўналишларини ўзига тутум қилиб қайтган муллаваччалар пайдо бўлди, улар неча юз йиллик исломий ақидаларимизни ботил санайди, фақат ғам чекиш, узуккун тавба қилиш, хуллас, дунёдан хафа бўлиб ўтишни тарғиб этишади амалда.

Бундан икки юз йил аввал, ҳали ўрис бостириб келмаган мусулмонобод замонларда ҳам, ҳеч қайси эркак узун хотинкўйлак кийиб, араблардай бошига рўмол ўраб юрмас эди. Бугунги бу кўринишлар – эътиқод тажаллиси эмас, ўзкўрсатиш, риёкорлик, қўполроқ айтсак, “мода”дан бошқа нарса эмас. Чунки араб кишилари саҳро чангидан, жазирама қуёшдан бош ва бўйинни паналаш учун енгил матодан кўфия деган бош кийими ўраб, уни икки йўлли тасма (иқол) билан ўраб олишади. Бу – табиий шароит талаби. Бинобарин, ўшанақа ёпинчиқ ўраб, хотинлар каби узун кўйлак кийганлар чин мўмину оддий ўзбекча кийимдагилар эътиқоди “мундайроқ” бўлиб қолмайди.

Ислом дини фарзларига сўзсиз амал қилиш шарт, бу борада иккиланиш мумкин эмас. Бироқ шу билан бирга, умуминсоний бир фарз ҳам бор: ҳар бир киши қўлидан келганича меҳнат қилсин, бунда унинг кийган либоси ўша ишни бажаришда халақит қилмаслиги даркор. Анов матоҳларни эгнига илган киши эса, меҳнат қилиш уёқда турсин, ҳатто тезроқ юришга йўл қўймайди.

Ҳатто ярим аср муқаддам Шафоатхон ҳожи, Қосимжон қори, Маҳжурий домлалар ҳам бошида Ўшнинг сетора дўпписи, эгнида яхтак-чопон билан юрганларини кўрганмиз. Уларнинг илми бугунги бир талай муллаларникидан чандон баланд эди, асло кам эмасди. Ана ўшалар энг оғир атеистик замонларда ислом байроғини қўлида маҳкам тутиб тура олган эдилар, бироқ ҳар масалада талашиб, бир-бирини ғийбат қилиб юрган бугунги баъзибир уламолардан эмас эдилар.

Дин йўли – тақиқ йўли эмас. Тўйда, тантанали кунларда ашула эшитиш, куй тинглашни номақбул деганларга ҳайронсан, киши. Ҳа энди, динимиз шунга буюрар экан, бу одам мулла, балки тўғри айтаётгандир, десангиз, эртаси яна бшқа бир тақиқни ўйлаб топишади. Ана шуларнинг дашномини эшитмаслик учун Ўшда аксар хонадонларнинг тўйида куй-қўшиқ барҳам топиб кетди. Ҳолбуки, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом қиз боланинг тўйида ноғора чалишни, шу орқали бу қиз узатилаётганини элга маълум қилишни буюрган. Расулуллоҳнинг буйруғи суннатдир, унга амал қилмаслик мумкин эмас. Ноғора – мусиқа асбоби. Демак, тўйда мусиқа нафақат мумкин, балки жоиздир.

Сўфилар айтган азонда ҳам, қорилар ўқиган тиловатда ҳам соҳирий бир оҳанг бор. Яна, ҳар бир кишининг ижроси ўзига хос наволар билан сасланади. Ана шу оҳанг мусиқий бўлмай, нима? Ажабки, ҳар бир миллат вакили Қуръон ўқир экан, оятларни ўз элининг куйларига монанд равишда тиловат қилади, буни ҳар бир киши эшитган.

Энди, тўй-ҳашамларда мусиқа ва ашула жоиз-ножоиз деган ҳукмларга келсак, уламолар уни мақбул деган ҳадислар ҳам, бунинг аксига далолат қиладиган ҳадислар ҳам бор эканлигини айтишади. Назаримизда, ҳар бир ҳадиснинг қай вазиятдан келиб чиқиб айтилганига эътибор қаратиш лозим, унисини ё бунисини олиб, шу – қатъий ҳукм дейиш ўринсиз. Бироқ шунинг ўзи ҳам, тўйда мусиқанинг ўрни ҳар бир халқнинг менталитетидан келиб чиқиб белгиланиши лозимлигини кўрсатади. Албатта, бунда гап имонни кучайтирадиган куй-қўшиқлар ҳақида кетяпти.

“Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” (ишонарли тўплам) асари учинчи китобининг 48-бобида (“Никоҳда доира чалмоқ ҳамда зиёфат қилмоқ хусусида”) пайғамбар алайҳиссаломнинг ўз никоҳ тўйида қўшиқ айтишга рухсат бергани ва қўшиқ айтишни давом эттиришни буюргани баён этилган (Тошкент – 1995, 410 бет).

Х асрдан бошлаб юзлаб ислом даъватчилари Ҳиндистонга, яна бошқа жануби-шарқий Осиё мамлакатларига бориб, ўша бегона ерларда яшаб, халқни ҳақ динига тарғиб қилишгани маълум. Биласиз, у элларнинг тийнатида мусиқаю рақсга мойиллик кучли. Уламолар шуни ҳисобга олиб, куй-қўшиқларга урғу беришган, кишилар қалбида исломга муҳаббат уйғотишда мусиқадан кенг фойдаланишган. Оқибат, миллионлаб кишилар мусулмонликка ўтган. Ҳозир Ер юзидаги жами ислом умматининг ярми Ҳиндихитой заминида яшайди. Кўрамизки, куй-қўшиқ ислом йўлида беқиёс хизмат ҳам қилган экан.

Албатта, ҳалол куй-қўшиқлар бор, ҳаром куй-қўшиқлар бор. Дин аҳкомлари йўриғидан четга чиқмайдиганларини ҳалол, киши дилида шайтанатни жунбушга келтирадиган, имонни сусайтирадиганларини эса ҳаром деб санасак, янглишмасак керак. Ҳалол таомларни еб, ҳаром луқмадан ҳазар қилганимиздай, неча юз йиллардан бери ижро этиб келинаётган миллий куйлардан, ашулалардан ўзимизни бегонасиратмайлик. Йўқса, тўй-ҳашамлар худди мотам маросимига ўхшаб қолар экан. Агар куй-қўшиқ номаъқул ва номатлуб бўлса, энг улуғ шоиримиз ўзига “Навоий” деб тахаллус танлаган бўлармиди? Наво-нағмаларни ҳаром деб фатво бераётган бугунги айрим чаламуллаларнинг дин соҳасидаги билими Навоий илмининг лоақал ярмича келармикан? Йўқ, албатта.

Ҳозир модага эргашиш, ташқи кўринишни безаш урф бўлди. Ҳолбуки, оналаримиз ва  бувиларимиз, гарчи бугунги қора алвасти каби кийинган айрим қизларникидай этаги ер супурадиган эмас, балки тўпиқдан тепароқда кўйлак кийган бўлсалар-да, булардан исломийроқ эдилар, имон-эътиқодлари эса хўжакўрсин либосда эмас, дилларида бўлар эди. Наҳотки бундан буён ўзбек асрлар бўйи кийган хонатласларнинг, адрасу кимхобларнинг, бахмалу қумошларнинг куни битган, шундай беқиёс гўзал ва таърифи либослар абадиян йўқликка юз тутган бўлса, деб ўйлаб қоласан, киши. Исломда бўлиш учун араблардақа кийиниш, ўшаларнинг жомасини эгнимизга илиш шартми?

Дуруст, аммо гап кийимдами, деб бизга дашном берувчилар ҳам топилар. Жавобимиз – ҳақиқатан, дил эътибор, имон мўътабар. Бироқ шодиёна давралардан куй-қўшиқнинг сиқиб чиқарилиши, тўйларнинг лоақал “ёр-ёр”сиз ўтказилаётгани, аёлларнинг ёппасига қора либос кийиши одамларда диёнат кучайганини эмас, дилларини тушкунлик ўраб олгани, ҳаётдан умидлари сўнаётгани белгисидир. Бироқ бундан кейин ҳам лоқайд тураверсак, бу тоифа фатвочилар эрта-бириси кун оналаримиз айтган аллаларини ҳам макруҳ деб эълон қилиши ҳеч гап эмас.

Ҳолбуки, ҳар биримиз ҳар куни “Раббано, отино фи-д-дунё ҳасанатан ва фи-л-охирати ҳасанатан…” (Ёраб, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ато этгин…), деб дуо қўл кўтарамиз, бу дунё роҳатини, лаззатини ҳам тилашимиз лозимлиги ана шу қуръоний дуода очиқ-равшан кўрсатиб берилган. Бинобарин, бу ҳаёт лаззатлари мусулмонларга асло бегона эмас.

Шафоатхон ҳожи айтганидек, йўлни кенг олайлик. Оллоҳнинг даргоҳи кенг, карами чексиз. Зеро, чин дунё роҳатига эришиш учун бу дунёда яйрамай, мудом хомуш бўлиб, ўйин-кулгисиз ҳаёт кечириш асло шарт эмас.

Ўзбек элининг табиати ислом дини билан уйқашдир. Асл миллий куй-қўшиқларимизнинг, ўзбекона либосларимизнинг ҳеч қайсиси шариатга зид эмас. Ҳар бир чолғу овози – худо берган товуш, ундан беизн барча нарса сас-садосиздир. Ғамгинликни касб қилиб олишда эса худога исён бор – у берган ҳаёт лаззатидан қониқмаслик сезилади. Ҳар ишда аввало одам, сўнг асл эътиқодли мусулмон ва ниҳоят, чинакам ўзбек бўлмоғимиз дуруст, бу учовидан қай бири етишмаса, қолган икки жиҳат ҳам мукаммал бўла олмаслиги ақлга тайин.

Навоийнинг навосидан баҳра топмаган, Фузулийнинг фазлини инкишоф эта олмаган кимсалар эса бизнинг ёшларга ўрнак бўлмаслиги керак.

 

Зуҳриддин Исомиддинов