ДЎСТОНА ТАШРИФ

Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти ташаббуси билан саккиз кишидан иборат этнофолькор экспедицияси аъзолари 6-10 август кунлари Жанубий Қирғизистон ўзбекларининг оилавий маросимлари ҳамда ҳунармандчилик анъаналарини ўрганиш учун Қирғизистонга ташриф буюрдилар.


Делегация аъзоларини Ўзбекистон Республикасининг Ўш шаҳридаги Бош консуллиги биринчи котиби Фурқат Усмонов, Ўзбек миллий маданий марказининг жанубий ҳудудлари бўйича раҳбари, Ўш вилояти губернатори маслаҳатчиси Одилжон Отажонов “Дўстлик” чегара пунктидан кутиб олдилар.

Делегация аъзолари: этнофольклор экспедицияси раҳбари – Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти илмий котиби О.Аҳмедова, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси марказ раҳбари С.Давлатова, Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти бўлим мудирлари Ж.Аҳмедов ва Ш.Раббимқулов, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти доценти Ф.Абдураҳмонова; ЎзРФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими Э.Жуманов, “Қадриятфильм” МЧЖ раҳбари М.Хасановлардан иборат меҳмонлар Бобур номидаги ўзбек мусиқали драма театри директори Аъзамжон Абдураззоқов, Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият арбоби Набижон Мамажонов, Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Ҳамидулло Матхолиқов, Ўш давлат университети Гуманитар ва ҳудудий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи, тарих фанлари номзоди Шавкатбек Отахонов, Бозорқўрғонлик жамоат фаоли Юнусжон Тешабоев, шоир Абдулҳақ Абдумаликов,“Буюк ипак йўли” ҳунармандлар уюшмаси раиси Нодир Мўминбоев, журналист Сохибжон Мамиров ва тарихнавис Одилжон Дадажоновлар ҳамроҳ бўлдилар.

Ўшда миллий ҳунармандчилик кўп йиллик анъана ва қадриятларга эга бўлиб, ўзида аҳоли турмуш тарзи, талаб ва эҳтиёжи, маданияти, маънавияти, ҳамда мавжуд ижтимоий-иқтисодий жараёнларни акс эттирибгина қолмай, балки аҳоли дунёқараши ва миллий тафаккурининг нечоғлик теран эканлигини ҳам намоён этади. Бугунги кунда миллий ҳунармандчилигимизда асрлар давомида тараққий этган “устоз-шогирд” анъаналарини тиклаш, модернизация туфайли йўқолиб бораётган қадимий анъаналарни шакллантириш, касбий малака, ҳунар маҳоратини ошириш, шунингдек, ёш авлод онгида миллий қадриятларга садоқат руҳини шакллантириш муҳим. Сўнгги йилларда Қирғизистон жанубида халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантириш, унутилиб бораётган йўналишларини қайта тиклаш долзарб муаммолардан бири эди.

Делегация аъзолари дастлаб Бобур номидаги Ўш ўзбек мусиқали драма театри ва унинг музейи билан яқиндан танишдилар. Сўнгра меҳмонлар Тахти Сулаймон томон равона бўлиб шох ва шоир, ўзбек адабиётининг етук намояндаси Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳужраси деб аталиб қолган хужрани зиёрат қилдилар. Сўнгра Сулаймон тоғда жойлашган, ҳозирда маданий-тарихий музейга кирдилар. Тоғдаги музей 1238 квадрат метрни эгаллайди. У икки қаватдан иборат. Биринчи қават – бир-бирига туташган фарсли ўнгурлар. Иккинчи қават эса катта ғор. Музейда 400 га яқин экспонат бор. Улар тош, бронза ва бошқа даврларга тааллуқли меҳнат қуроллари, уй анжомлари, қурол-яроғ ва ҳоказолар.

Ўш шаҳрининг кўҳна маҳаллаларида пичоқчилик, махсидўзлик, темирчилик, бешикчилик ҳамда дўппидўзлик, атлас ва адрас тўқиш. мунчоқ ясаш каби ўзбек миллий ҳунармандчилик санъати турлари тарихи ва унинг келажаги меҳмонлар томонидан ўрганилди.

Ўзбекистон делегациясининг хорижий этнофольклор экспедицияси ўз ишини давом эттириб, беш кун давомида Ўш, Жалолобод, Ўзган, Бозорқўрғон, Аравон ва Новқат туманларида бўлиб, жойлардаги ўзбек миллий маданиятимиз билан ҳам танишишдилар.

Андижон ва Ўш, Наманган ва Жалолобод, Фарғона ва Боткен, Норин вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича «йўл хариталари» алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз. Азал-азалдан икки қўшни халқ ўртасида қариндош-уруғлик ришталари ҳам боғланиб кетганлиги ҳеч кимга сир эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва тарғиб қилишни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори, шунингдек Маданият вазирининг бу тўғридаги буйруғини ижро этиш қизғин давом этаётир.

 

Одилжон Дадажонов