1924 йилда Чўлпон “Ўзбек билим ҳайъати эътиборига” деган бир мақола ёзиб, “Туркистон” газетасида (23 сентябрь) чоп эттиради.
Унда шоир “Билим ҳайъати” (ҳозирги Фанлар академияси)нинг эътиборини Навоийнинг яқинлашиб қолган юбилейини катта тантана билан ўтказиш лозимлигига жалб этиб, бунинг учун юбилей комиссияси тузиш, Навоий асарлари нашрини тезлатиш, шоирнинг ҳаёт йўли ҳақида китоб тайёрлаш, ”Танланган асарлар”ини алоҳида полиграфик сифат билан чоп этиш, олий ўқув юртлари талабалари учун “Навоий стипендияси” таъсис этиш, Ўзбекистон пойтахтида Навоийга ҳайкал тиклаш, айрим жойларни Навоий номи билан аташ каби таклифларни билдирган эди.
Чўлпон бу таклиф-ташаббусларни асоссиз деб топмасликлари учун Навоийнинг қандай улуғ шоир эканини айрим мисоллар келтириб далиллаган ҳам. Бунга эҳтиёж катта эди. Орада ўтган XVIII-XIX аср, бу даврдаги иқтисодий ва сиёсий таназзул, хусусан ХХ аср аввалидаги оғир ижтимоий тўлғанишлар даврида эл-юртда Навоийни англайдиган аҳли диллар камайиб, ҳаётдан матлаби бир парча нон топиб, тирикчигигини ўтказишга маҳкум бўлганлар бисёр эканини Чўлпон яхши билар эди.
Орадан, мана, 92 йил вақт ўтди. Мамнуният билан қайд эта оламизки, Чўлпоннинг тилаклари ортиғи билан амалга ошди. Чунончи, Навоий номида шаҳар ҳамда вилоят бор, Узоқ Шарқда улкан бир кема, Ўзбекистон пойтахтидаги Катта академик опера ва балет театри, Миллий кутубхона, проспект, метро станцияси, Давлат адабиёт музейи, Самарқанддаги Давлат университети; Уторуд (Меркурий) сайёрасида кратер; Ашхобод, Киев каби шаҳарлардаги кўчалар Навоий номи билан аталади; юртимиздаги талай вилоят марказларидан ташқари Москов, Токио, Вашингтон ва Бокуда муаззам ҳайкаллари, Мозори шариф (Афғонистон)да барельефи ўрнатилган.
1941 йилда Ойбек «Навоий» романини ёзган бўлса, 1947 йилда «Алишер Навоий» фильми суратга олинди (1980 йилларга келиб шу номда 10 қисмли видеофильм тайёрланди); шоирнинг асарлари, бошқа турли катта-кичик нашрларни эътиборга олмаганда ҳам кўп бора нашр этилди. Жумладан, 1958-1960 йилларда “Хамса” бир жилдда, “Хазойинул маоний” таркибидаги девонлар эса тўрт жилдда юксак илмий ва полиграфик савия билан чоп этилди, ундан сўнг шоир асарларининг ўзбек тилида 15 жилдлиги ва русча 10 жилдлик оммавий нашри майдонга келди, мустақиллик арафасида ва истиқлолнинг дастлабки йилларида 20 жилдик тўлиқ асарлар тўплами босилиб чиқди ҳамда ундан ўн йиллар вақт ўтиб, мазкур нашр асосида 10 жилдлик асарлари ёруққа чиқди).
Навоий ижодий меросининг анчагина қисми дунёнинг ўнлаб тилларига таржима қилинган. Жумладан, “Лайли ва Мажнун” достони 1948 йилда олти нафар атоқли қирғиз шоири томонидан ўгирилиб, Али Тўқамбоевнинг сўзбошиси билан чоп этилган бўлса, 1961 йилда “Фарҳод ва Ширин” достони Смар Шимеев таржимасида қирғиз тилида тўлиқ босилиб чиққан.
Биз миллатимиз қуёши бўлган Навоийни ардоқласак, уни бутун дунёга танита олсак ва албатта, ўзимиз яхши таниб ва англаб олсаккина маърифатли миллат деган шарафли мавқега кўтарила оламиз.
Яқиндагина оёқлаган март ойда Алишер Навоий таваллудининг беш юз етмиш беш йиллигини нишонладик. Кўп жойларда бу сана муносабати билан нафис анжуманлар тузилди, шоирнинг муборак номи такрор-такрор тилларга тушди, шеърлари ёд ўқилди, халқимизнинг манавиятини юксак мартабаларга кўтариш борасидаги беназир хизматлари эътироф этилди.
Улуғ адиб ва давлат арбоби бўлган Навоийнинг туғилган куни ҳар йили мамлакат миқёсида нишонланади, юртимиз пойтахтидан тортиб, ҳатто чет давлатлардаги элчихоналаримизда ҳам, юбилейи ўтказилади, ҳайкаллари пойига гуллар тўшалади.
Дарвоқе, ҳайкаллар. Биз қуйида, Чўлпон таъбир этганидек, “Навоийга тикилган ҳайкаллар” ҳақида – шоирнинг тош, мармар ёки биринжда ифода этилган образ–қиёфалари хусусида тўхталиб ўтмоқчи бўламиз.
Ўзбек элининг энг улуғ фарзанди бўлган Навоийга эҳтиром рамзи сифатида қўйилган ҳайкаллар кўп. Тошкент ва Андижонда, Самарқанд ва Чирчиқда… Деярли ҳар бир туманда Навоийнинг ҳайкали, ё барельефи ё бўлмаса бюсти мавжуд. Навоий шаҳрида эса Навоийнинг идеал қаҳрамони саналган Фарҳодга ҳам ҳайкал тикланган. Фарҳод ҳайкали, шунингдек, Чорвоқ сув омбори этагида ҳам бор: Навоийнинг азамат қаҳрамони сув йўлини тўсиб ётган улкан бир тошни азод кўтариб, обиҳаётга йўл очмоқда…
Навоий ҳайкалини тайёрлаш билан ўнлаб санъаткорлар шуғулланган. Улар орасида Равшан Миртожиев каби атоқли ҳайкалтарошлар ҳам, бу иш билан бир маротаба машғул бўлганлар ҳам бор. Чунончи, таниқли Совет ҳайкалтароши Галина Додонова ҳам бу соҳада ўз истеъдодини синаб кўриб, Навоий номидаги колхоз идораси олдига қўйилган шоир ҳайкалини ясаган. Шунинг ўзидан ҳам маълум бўладики, Навоий ҳайкаллари деярли ҳар бир шаҳар ва туманда, кўплаб корхона ва ташкилотларда, мактаб ва олий ўқув юртларида бор.
Интернет маълумотларида келтирилишича, Навоийга Ўзбекистондан ташқари яна тўрт жойда – Москвада (Добринин майдони, 2002 йил), Токиода (Саха университети, 2003 йил), Вашингтонда (АҚШ Конгресси кутубхонаси, 2007 йил) ва Бокуда (Озодлик ва Нажаф Наримонов кўчалари кесишмаси, 2008 йил) ҳайкал ўрнатилган. Бу ҳайкалларнинг барчаси Ўзбекистон халқ рассоми Равшан Миртожиев ижодининг маҳсулидир.
Навоийга, ўзбек халқига, Ўзбекистонга эҳтиром рамзи сифатида шоирга ҳайкал қўйиш давом этаётир – 2002 йил 20 декабрда Тошкентда Тарас Шевченкога ҳайкал қўйилгач, бунга жавобан Украина ҳукумати ҳам Киев шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилишини билдирган эди.
Аммо шуниси ҳам борки, хориждаги ҳайкалларнинг ҳаммаси XXI аср бошида – Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритганидан кейин тикланган. Хўш, унга қадар ҳам юртимиздан четда Навоийга ҳайкал қўйилган эдими, агар бўлса, қаерда, деган савол юзага чиқади.
Менинг билишимча, ўшандай ҳайкал Ўшда тикланган бўлиб, бу воқеа 1968 йилда – шоир таваллудининг 525 йиллиги кенг нишонланган санада юз берган. Мазкур ҳайкал улуғ шоирга Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида қўйилган биринчи ёдгорлик эканлиги билан алоҳида қадрли. Бинобарин, бу ҳайкал, унинг яратилиши ва тақдири диққатга сазовор.
Ҳайкал ва ёдгорликлар – зиёрат объектидир. Тўғри, ўтмишда Марказий Осиёда, жумладан Ўшда ҳам, зиёратгоҳлар кўп бўлган, аммо ҳайкал тиклаш анъанаси йўқ эди, фақат Совет ҳокимияти йилларига келибгина бу шаҳарда ҳам, собиқ Иттифоқнинг бошқа кўп жойларида бўлгани каби, сиёсий арбоблар – Ленин, Сталин, Киров ва бошқаларнинг ҳайкаллари тикланган. Бора-бора ҳайкал ўрнатиш шу қадар авж олдики, ҳар бир мактаб дарвозаси олдида салют бериб турган пионер бола ва қиз, ҳар бир стадион бўсағасида спортчи йигит-қизлар ҳайкали, колхоз ва совхозлар, ўртамиёна давлат идоралари бўсағасида бор бўйи билан, у бўлмаса, “бюст” ҳайкаллар қалашиб кетди. ХХ аср охирига келиб эса уларнинг сони янада ортди. Ҳозир Ўшда Алишер Навоий ҳайкали, Тўқтағул Сотилғанов ҳайкали, Султон Ибраимов ҳайкали, В.И. Ленин ҳайкали, Абдуқодиров ҳайкали, Орозбеков ҳайкали, Қурбонжон додхоҳ ҳайкали, Манас ҳайкали, Афғонистон байналмилалчиларига қўйилган ҳайкал, Она ҳайкали, Манас ҳайкали, Алимбек додхоҳ ҳайкали, Помир трассасида қатнаган “полуторка”, Насриддин афанди, Киров ҳайкали, “Бахтли оила” ҳайкали сингари ўнлаб ва ўнлаб ҳайкаллар бор.
Аммо ажабки, “маҳаллий халқ вакиллари”нинг биронтасига то олтмишинчи йилларгача ҳайкал қўйилмаган, одамлар ҳам ҳайкал фақат инқилоб доҳийларига қўйилишига ўрганиб қолишган эди. Шу сабабли ҳам, Ўшда Алишер Навоийга ҳайкал қўйилиши ҳамманинг диққат-эътиборини тортди. Бу ҳайкал шу йўналишдаги дастлабки ёдгорликлардан саналади. Уни Қирғизистонга кўчиб келиб, Ўшда ишлаётган ҳайкалтарош Давид Хеидзе ясаган эди. Аммо шоирнинг 525 йиллик юбилейи муносабати билан Иттифоқ миқёсида нишонланадиган юбилей тантаналари 1966-йил бошида Тошкентда зилзила юз бергани туфайли икки йилга кечиктирилди, Ўшда ҳам Навоийнинг тўйи 1968 йилда байрам қилинди. Шаҳар марказидаги Навоий номи билан аталувчи маданият ва истироҳат боғига кираверишда шоирнинг пурвиқор ҳайкали қад ростлади. Шоир юбилейини ўтказиш, жумладан ҳайкалини тайёрлатиш ҳамда ўрнатишга ўша йилларда Ўш шаҳар ижроқўми раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган фидойи ўқитувчи Шарофхон Норбоева бош-қош бўлганини бугун миннатдорлик билан қайд этишга бурчлимиз.
Навоийнинг ҳайкали Навоий кўчаси бўйида, Навоий номидаги маданият ва истироҳат паркининг кираверишида – Ўшнинг қоқ марказида ўрнатилган. Шу саноқнинг ўзиёқ (Навоий ҳайкали, кўчаси, парки) шоирни Ўшликлар қанчалар ардоқлашини кўрсатиб турибди. Жумладан, шу ҳайкал ўша 1968 йилдан буён шаҳарнинг маданий обидаларидан бири ҳисобланади.
Бироқ мустақиллик ва бозор иқтисодиятига ўтиш даврида ҳамма нарсага бозор талабларидан келиб чиқиб ёндошилгани боис, ҳатто Навоий ёдгорлиги атрофини ҳам турли дўкону-дўкончалар қуршаб олиб, ўтган асрнинг охири ва ҳозирги аср бошларида ҳайкал яқиндан кўринмайдиган ҳолга келди. Бунинг устига, 2010 йилда миллатлараро негизда юз берган тартибсизликлар вақтида бир гуруҳ бузғунчилар, азбаройи жоҳиллик туфайли, улуғ шоирга тикланган ҳайкални қулатишга ҳаракат қиладилар, бунинг иложи бўлмагач, тош ва темирлар билан уриб, зиён етказишга уринадилар. Фақат тўпалонлар тингач, ҳайкал бироз таъмирланди. Тақдирнинг иноятини қарангки, беш юз йилдан буён Навоийнинг нафақат муборак номи ва ва оташин сўзи “авжидан қуйи энмади” (Навоий ибораси), балки эллик йилча аввал қўйилган ҳайкали ҳам шу қадар пойдор эканки, ваҳшийлар тўдаси, ҳарчанд уринмасин, уни қулатиш уддасидан чиқа олмади.
Айнан 2010 йил Навоий хотираси учун бироз нохуш келгани ажабланарли. Ўша йилнинг 20 март куни Мозори шариф шаҳрига Навоий барельефи ўрнатилган эди, орадан роса бир ой ўтиб – 20 апрел тунида унинг бурни синдирилди, сирти металл буюм билан тирналди. Ҳар икки ҳолатда ҳам ўтмишдан бехабар, келажак билан ҳам иши йўқ жоҳил вандаллар майдонга чиқди. Ўша талотўп кунлари Ўшда Навоий ҳайкалининг борлиги кимларни бу қадар ғазаблантиргани эса ҳозиргача “номаълум”…
Бу ҳайкал теварагидаги ғавғолар шу билан тугагани йўқ. 2015 йилда Ўш ўртасидан оқиб ўтувчи Оқбура дарёсининг шарқий ва ғарбий соҳилларини туташтирувчи янги баланд кўприк барпо этилгач, унинг ёнидаги Навоий ҳайкали ўз-ўзидан пастликда қолиб, қандайдир ачинарли кўриниш касб этди. Шу сабабли, айрим зиёлилар Навоий ҳайкалини шоир номидаги маданият ва истироҳат боғининг энг ўртасига ўрнатиш ташаббуси билан чиқмоқдалар. Бу ниҳоятда тўғри ечим бўлур эди, чунки Навоийнинг руҳи талотўп бозир иқтисодиёти замони руҳига, юз-юзлаб машиналарнинг тутун пуркаб, ўкириб ўтишига эмас, балки сокин-осойишта чаманзор ичра гул-чечакларнинг барқ уриб туришига ҳамоҳанг.
Гап Навоий, Улуғбек сингари тарихимиз фахри бўлган улуғ зотларга бағишланган обидалар ҳақида борар экан, бугунги ҳайкалчилигимиздаги ғалати бир удум ҳақида ҳам фикр билдириб ўтсак. Нима учундир, биздаги ҳайкалларнинг деярли барчаси монументал услубда – баланд постамент устида, алп қоматини тик тутиб, кўксини кериб, олисларга назар ташлаб туради. Боз, аксар ҳайкаллар нафақат услубан, балки қиёфаси билан ҳам жуда ўхшаш – агар остига кимлигини ёзмасангиз, кимлигини ҳар ким ҳар хил талқин қилади. Аммо бадиий ҳайкалчилик жуда суст, жумладан, мен Навоийнинг бирон бадиий ҳайкалини кўрган эмасман. Ҳолбуки, у минбарда тик туриб шеър декламация қиладиган Маяковский эмас, асосан хонтахта ёнида ўтирган ҳолда ғазал ёзган, одамлар ҳам у зотнинг асарларини ўтириб ўқиганлар. Шундай экан, нега энди Навоийнинг, масалан, машҳур рассом Владимир Кайдалов тасвиридаги каби, ўтириб ижод қилаётган ҳолдаги ҳайкалини тайёрлаш мумкин бўлмасин?
Эҳтимол, бунга ХХ асрнинг бошидан охиригача давом этган давр юзага келтирган ўта мафкуралашган қарашларимиз оқоваси сабаб бўлса. Шўро замонида ҳар бир нарса – шеър ёки роман бўладими, театр спектакли, кино, операю комедиядан тортиб, тасвирий санъат асарига қадар – бари мафкурага хизмат қилиши шарт эди. Давр сиёсати томонидан улуғланадиган ҳар бир кишининг ҳайкали ҳам албатта салобатли, ўктам қиёфа касб этиши лозим деб топилган кўринади. Шу билан бирга, бу ҳол ҳайкалтарошликни анъанага айлантирган юнон тавсирий санъатига хос бўлган колоссал услубнинг инерцияси ҳамдир. Ҳайкал деганда маҳобатли, мағрур ва шиддатли қиёфаларни кўришга ўрганиб қолганмиз. Фақат янги асрнинг дастлабки ўн йилликларига келибгина яна бадиий ҳайкалчиликка қайта бошлагандаймиз. Бу даврда майдонга келган ёдгорликларда яна теран инсоний туйғулар намоён бўла бошлади, улар илгаригидай баланд супага ўрнатилмай, гоҳо текис ерга қўйиладиган бўлиб ҳам қолди…
Нима бўлганда ҳам, Навоий фақат ўзбекларнинггина эмас, барча туркий халқларнинг энг улуғ шоири. Шундай экан, уни фақат Ўшлик ўзбеклар эмас, балки барча Ўшликлар – қирғизлар, татарлар, бошқирдлар… ҳам эҳтиром этиши тўғри бўлар эди. Ва биз ишонамизки, вандаллик васвасалари тинар, осмондан тушгандай бўлиб қўлга кирган истиқлол шавқининг шароратлари ҳам босилар, сўнг яна маърифат даврига қайтармиз. Ана ўшанда бир гуржи санъаткори меҳр билан яратган бу ҳайкалнинг тевараги яна бўстон бўлади, одамлар унинг пойига гуллар қўя бошлашади.
Миллатлараро можаролар тарих ахлатхонасига супуриб ташланиши, барча халқлар, жумладан туркий эллар ҳам, яна азалий иноқликларига, бирдамликларига қайтиши муқаррар. Чунки ёвлашган эмас, қўлни қўлга бериб ҳаракат қилганлар тараққий этади. Ана ўшанда Бишкекда ҳам, бошқа барча туркий давлатларнинг пойтахтларида ҳам энг улуғ туркигўй шоир Навоийнинг ҳайкаллари қад кўтаради. Нафақат туркий давлатлар марказида, балки ер куррасининг ўнлаб шаҳарлари ҳам дунёнинг номдар шоирларидан бири бўлган Алишер Навоийнинг ҳайкаллари билан янада оройиш топади.
Гап фақат ҳайкал тиклашда эмас. Ҳайкал – бор-йўғи эҳтиром рамзи, холос. Бошқа бир нарса муҳимроқ – қаердаки Навоийнинг ҳайкали қад ростлаб турар экан, бу жойда шоирнинг ўзи муқаррар эъзозланади, асарлари ўқиб-ўрганилади. Навоий эса шундай даҳо ижодкорки, ким уни англаса – ўзини англайди, инсон сифатида тобора юксалади, янада инсонийлашади.
Любовь Қаҳҳорова