БОЗОРҚЎРҒОН ҚИШЛОҒИ ҚАЧОН ПАЙДО БЎЛГАН?

МОЗИЙГА НАЗАР

        Бу қишлоқ қачон пайдо бўлган? Бу ерга илк бор кимлар макон қурган? Шу саволларга жавоб олиш учун манбаларни титкиладим, кексалар суҳбатида бўлдим. Кўнгил тўладиган жавоб топмасам ҳам, отахонлар гапида оз бўлсада ҳақиқат бордир, деган ниятда қўлга қалам олдим. Мен суҳбатдош бўлган Абдулхай бува Мелиев ҳозир ҳаёт бўлганида 100 ёшга етган бўларди. Кўзи ожиз бўлиб қолган бу отахон билан чорак аср муқаддам учрашганман ва у ота-боболаридан эшитган қишлоғимиз тарихига оид гапларни айтиб берган. Ёшлигидан кексалар суҳбатига қулоқ тутган ва хотирасида сақлаб келган воқеаларни менга бирма-бир ҳикоя қилиб берган.

– Колхозлаштириш ниҳоясига етган қирқинчи йилларда дадам Мелибой омбор қоровули бўлиб ишлаган. Омбор мудири дадамга озиқ-овқат тўла халтани раисникига элтиб бер, дейди. Дадам буйруқни бажариб, раис Мамасоли Эргашев уйига озиқ-овқат элтиб беради. Уруш давом этаётган 1942 йил эди. Оиламиз аранг тирикчилик қиларди. Мен ўшанда 14 ёшларда бўлиб, онам ёпиб берган нонни бозорда сотиб келардим. Бу ишимни кўриб юрган раис “Сенинг ўғлинг нон сотади, чайқовчилик қилишяпсан”, дея дадамни қаматиб қўяди.

Отам Ўзган қамоқхонасида 8 ой ётиб, қайтиб келади. Бир куни дадам билан соч олдириш учун сартарошхонага кирдик. Катта ўғил бўлганим боис ирим қилишиб кокил қўйишган эди. Сартарош, “Кокилингни ўзим олиб қўяман, даданг атаганини бераверсин”, – дейди. Сартарошхонада кексалар кўп эди. Бир-бири билан турли мавзуда суҳбатлашишарди. Шунда Ислом ҳожи деган оқсоқол гапни узоқ ўтмишга буриб, “Биродарлар, Бозорқўрғон қишлоғи қанча ёшдалигини биласизларми?” – деб сўраб қолди. Ҳамма унга савол назари билан тикилди. Ислом ҳожи ака пиёладаги чойни хўплар экан, соқолларини силаб қишлоғимиз ўтмишидан ҳикоя қила бошлади. Мен ҳам катталарга қўшилиб, гапларини диққат билан тинглардим. Кейинчалик ҳам бу ҳожи бувани кўрганимда яна ўша суҳбатини такрор-такрор айтиб беришини ўтинардим. У киши эса “Мунча ҳам қизикувчисан, мактабда яхши ўқисанг керак-да”,деб ҳазиллашарди. Чиндан ҳам мактабда ёмон ўқимасдим.

Етмиш ёшимгача, яъни кўзим кўриб турган пайтгача бадиий асарларни қизиқиб ўқиб келганман. Ислом ҳожи ўша қирқинчи йиллари Бозорқўрғон қишлоғига 170 йил бўлди, деганига ҳам бугун 80 йилдан ошди. У киши ҳам қишлоқ ўтмишини отабоболаридан эшитиб, одамлар даврасида айтиб юраркан. У ҳикоясини бошлар олдидан менга қўлини бигиз қилиб; “Сен, ўғлим, қулоғингга қуйиб ол, бир куни кейинги авлодларга айтиб берасан”, – дерди. Унинг таъкидлашича, ўнсаккизинчи аср ўрталарида ҳозирги Бозорқўрғон қишлоғининг ўрни теп-текис ер, ўт-ўлан, буталар, гоҳо қамишлар ўсиб ётган даштдек жой бўлган. Тентаксой кичик эди, бугунги сойдаги уй-жойлар, бозорлар ўрни тупроқли жой бўлган. Илк бор бу ерга Фарғона томондан Бозоржон деган кексароқ аёл бир ўғли ва икки набираси билан кўчиб келади.

Аслида Бозоржон кампирнинг икки ўғли бўлади. Тўнғичини уйлаб, икки набирали бўлган пайтда қишлоғида бойлар билан жанжал чиқиб, катта ўғлини ўлдириб қўйишади. Шунда бу аёл иккинчи ўғлини ҳам ўлдириб қўйишмасин, дея келини ва икки набирасини, кичик ўғли билан одам изи бормаган жойга кетайлик, деб ҳозирги Оқтайлоқота мақбараси турган жойга кўчиб келишади. Шу ерга аввал чайла, қиш кунлари лойдан бошпана қуриб яшай бошлашади. Ўша пайтлари сой ёқалаб йўл бўлиб Пахтаобод, Андижон томондан, бу ёғи Ўш, Жалолободдан савдогарлар ўтиб туришган. Ёз кунлари Арслонбоб ва ўша ёқдаги тоғ қишлоқларига борувчилар ҳам Бозоржон кампир чайласи ёнида тўхташиб ҳордиқ олишган. Бир йилдан сўнг Бозоржон кампир : “Мен кексайдим, ризқим битиб ўлиб қолсам келиним, икки набирам кимнинг қўлида қолади, кичик ўғлим уйланиб аёли билан бўлиб кетади”, деган ўйда кичик ўғлини келинига уйлаб қўйишни айтади. Кичик ўғли; “Келинойимга уйланмайман”, деб қаршилик кўрсатади. Она кексалигини, набиралари етим бўлмаслигини, акасининг ўғилларига ота бўлиши лозимлигини айтиб зорлангач, ўғил рози бўлиб, келинойисига уйланади. Йигит оилали бўлгач, каттароқ уй қуриш ташвишига тушади. Ёғоч келтириш ниятида арава қўшиб Жалолобод томон йўл олади. Тупроқбелга чиққач, Жалолобод кўзга ташланади. Кўгарт дарёси соҳилидаги бир кичик қишлоққа келади. Шу ерда бир одам билан гаплашиб, соҳилда ўсаётган тераклардан беришини сўрайди. Йигитнинг ҳикоясини эшитган сузоқлик одам унга керакли ёғочни кесиб ол, дейди. Не машаққатлар билан ёғоч келтириб, уй қуришади.

Йиллар ўтиб бу ерда уй борлигини кўрган ўтган-кетганлар бирин-сирин кўчиб кела бошлайди. Дастлаб қишлоққа йигирма йил муқаддам оламдан ўтган иккинчи жаҳон уруш қатнашчиси Турғунбой (Турум) аканинг отаси Хўжамқул буванинг катта боболари кўчиб келиб ўтроқлашади.

Кўп ўтмасдан Андижон томонлардан Бадалбой халфа, Мирзаматамин, Қорабой буванинг отабоболари ҳам келишиб, истаган жойларни эгаллашади. Қишлоқ тарихини айтиб берган Ислом ҳожи буванинг авлод-аждодлари ҳам биринчилардан бўлиб қишлоққа келиб яшаб қолганлардан. Орадан чорак асрча муддат ўтгач, сой соҳили ва кенг далаларда тупроқ уйлар кўпайиб, текис далалар ўт-ўлан, турли буталардан тозаланиб экин майдонига айланади. Ҳозирги туман марказидан оқиб ўтган канални сойнинг юқори томонидан қазиб келишади.

Қишлоқнинг ҳозирги “Комсомол” участкаси марказида, Бобур участкасининг Жалолободга кетган томонида йўл солиниб, четларида одамлар яшай бошлашади. Чорак аср ўтса ҳамки, қишлоқнинг номи йўқ бўлган экан. Савдогарлар Бозоржон кампирникини мўлжал қилиб олишган экан, холос. Шу ерга одамлар катта қўрғон қуришиб, у бора-бора карвонсарой хизматини ҳам қилиб келган. Бир куни қишлоқнинг нуфузли одамлари йиғилиб, унга ном бериш ҳақида бош қотиришади. Кимдир бу ерга илк бор Бозоржон кампир келган, уни Бозор қишлоғи атайлик, деса, бошқаси мана бу қўрғонга кўпчилик келиб кетмоқда, уни қўрғон қишлоқ дейлик, дейди. Шунда кексаларнинг донишмандроғи иккала номни қўшиб атасак-чи, деганда, бу ҳаммага маъқул тушади. Шундай қилиб, қишлоққа Бозорқўрғон номи берилиб, келган-кетганларга ҳам бу ер Бозорқўрғон, деб уқтирилади.

– Яна бир нарсани унутибман, – деб сўзида давом этди Абдулхай бува. – Бозоржон кампир илк бор бу ерга кўчиб келганда сой соҳилидан ичкарироқдаги мевали дарахтзорда бир қабр бўлган экан. Кампир шу ерда ким ётса ҳам жойлари жаннатда бўлсин, дея пайшанба кунлари шам ёқиб тураркан. Бу ерлардан олис сафарларга кўп ўтиб турувчиларнинг бири ; “Бу Оқтайлоқ деган азизу авлиё одамнинг мозорлари” дегани кампирнинг ёдида қолади ва шу боис авлиёлар қўлласин, дея дуолар ўқиб, пайшанба кунлари шам ёқиб турадиган бўлибди…

 

Бозорқўрғоннинг пайдо бўлгани кексаларнинг айтган хотиралари бўйича икки ярим асрдон ошган. Бозорқўрғон қишлоғи шаклланиб, одамлар билан гавжумлашиб қолгач, тоғ ва адир томонда, ҳозирги Бешикжўн ва Акмон томонларда қирғиз биродарлар ҳам яшаб келишган. Улар асосан чорва билан машғул бўлишгани боис тоғларда яшашаган. Аммо ҳаётий зарурат туфайли улар от ва араваларда Пахтаобод, Жалолобод, Наманган томонларга ўтиб туришган. Уларнинг айримлари Бозорқўрғон томонларга отларда келишиб, зўравонлик билан одамларни талашаркан. Бундай ишлар икки халқ ўртасига низо солиб, ўзаро жанжалларга сабаб бўлган. Бу ҳолат икки қишлоқ катталарини ташвишга солган. Шунда қирғиз қишлоқнинг бийлари бозорқўрғонликларни меҳмонга таклиф этиб, босқин такрор бўлмаслиги ва икки халқ тинч-тотув яшаши катъий қарорга келишади. Шундан сўнг Бозорқўрғонда бирон тантана бўлса, қирғиз биродарлар келишиб улоқ чопишган, бир-бирлариникига бориб “гап” ейдиган бўлишган.

Бешикжўн томонда Макай деган чавандоз йигит бўлган экан. Қаерда улоқ бўлса у ўзининг саман отида бориб доим соврин олиб қайтаркан. Андижон томонда бир бой катта тўй бериб, улоқ ташкил этади. Бундан хабар топган Макай оти билан ўша ёққа етиб боради. Аммо бу ердагилар олисдан келганларни улоқда катнаштирмаслик учун мусобақа майдонини аравалар билан тўсиб қўяди. Макайнинг оти улоқдаги отларни кўриб кишнайди, сулувни қўйиб юбор, дегандай олдинга интилади. “Ё Оллоҳ, ўзинг қўллагин”, дея отига қамчи уриб “Чух, жонивор!” дейди. От кишнаганича аравалар устидан учиб ўтиб, улоққа қўшилади. Макай ўз маҳоратини ишга солиб, кўп ўтмай улоқни енгиб олади. Буни кўрган бой уни қучоқлаб, “Асл азамат экансан”, дея саруполар кийдиради, совринлар беради. Макай улоқни олиб Бозорқўрғонга келади ва шу ердаги жўралари билан бирга баҳам кўради…

Бозорқўрғон ва унинг қарийб икки ярим асрдан зиёд ҳаёти хусусида яна кўп гапириш мумкин. Энг муҳими бугун Бозорқўрғон ҳар қачонгидан обод ва Хизр назари тушган барокатли маскан. Менинг тилагим – ёш авлод қишлоғимиз ўтмишини билиб олсин. Уни янада кўркам, обод бир масканга айлантирсин, “ Озод Ватан ичра обод бир Ватан бўлсин”.

 

Мўйдинжон Абдумажидов, журналист.