АДАБИЁТ ДАРСЛАРИДА ИСЛОМИЙ МАВЗУЛАР

(Қирғизистонда тайёрланган “Ўзбек адабиёти” дарсликлари мисолида)
XX асрнинг 90-йилларида Собиқ Иттифоқ (СССР) деб аталмиш улкан мамлакат инқирозга юз тутиб, таркибидаги мустақилликка эришган республикалар ҳамма соҳада ўз тараққиёт йўлини, ўз мафкурасини белгилай  бошлади.  Жумладан, мактаб таълими соҳасида ҳам.

Ҳаммамизга маълумки, Иттифоқ даврида Ўзбекистон қўшни республикалардаги таълим ўзбек тилида юритиладиган мактабларни ўқув дастурлари ва дарсликлар билан таъминлаб турар эди. Мустақилликка эришилгач, Ўзбекистон лотин ёзувига ўтишни мақсад қилди, мафкуралар ўзгарди, ҳар бир республика ўз кўмочига ўзи кул торта бошлади. Бу жараён мустақил Қирғиз Республикасини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Қирғизистон кирилл ёзувида қолди, ўзига хос сиёсат, мафкура йўлини танлай бошлади. Давлат таълими Стандарти ўзгарди, у асосида ўқув дастурлари ва дарсликлар тайёрлаш кун тартибига қўйилди. Хўш, ўлкадаги ўзбек мактаблари ўқувчилари учун қайси ташкилот дарсликлар тайёрлаб беради? Марказдаги олий ўқув юртларида, Қирғизистон Таълим академиясида ўзбек тилини биладиган мутахассис бўлмаса? Мана шу эҳтиёж сабабли Ўш Қирғиз-Ўзбек университети ректори, академик Муҳаммаджон Тошалиевич Мамасаидов ҳамда профессор Олмос Худойбердиевлар ташаббуси ва сайъ-ҳаракатлари билан мазкур университет тасарруфида Қирғизистондаги таълим ўзбек тилида юритиладиган мактаблар учун Дарсликлар тайёрлаш маркази ташкил этилди. Янги ўқув дастурлари ва дарсликлар тайёрлаш ишига Ўш ва Жалолободдаги олий ўқув юртлари мутахассислари, мактаблардаги тажрибали ўқитувчилар ҳамда бир гуруҳ ўзбекистонлик олимлар жалб қилинди.

Ўш Давлат университети доцентлари – камина ва педагогика фанлари номзоди Равшанбек Турсунов ўзбекистонлик адабиётшунос олимлар педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев ҳамда фан номзоди (ҳозир фан доктори) Валижон Қодировлар билан ҳамкорликда 2008 – 2014 йиллар мобайнида 5-синфдан 11-синфгача “Ўзбек адабиёти” дарсликларини тайёрлашга эришдик. Дарсликлар Бишкекда нашр қилиниб, мактабларга етказилди. 2018 йилда 5 – 6-синф “Ўзбек адабиёти” дарсликлари қайта ишланиб нашр қилинди. Ҳозирги кунда янги таълим стандарти ва ўқув дастурлари асосида тайёрланган 7 – 8-синф “Ўзбек адабиёти” дарсликлари нашрдан чиқиш арафасида.

Ёш авлоднинг маънавий-руҳий камол топишида мактабда ўқитиладиган адабиёт дарсларининг аҳамияти беқиёсдир. Айниқса, бу дарсликларга диний мавзулар киритилган ва ёритилган бўлса, ўқувчиларда гўзал хулқ ва одобни шакллантиришда яхши натижалар бериши мумкин.

Ўзбек мумтоз адабиёти, бу – ислом адабиёти, тасаввуф адабиётидир. Бу адабиёт намуналарини мазмунан аслида қандай бўлса, шундай тўғри шарҳ қилиш, таҳлил ва тафсир қилган ҳолда ўқувчиларга етказиш, улар онгига сингдириш адабиёт дарсликларининг,  ўқитувчиларнинг вазифасидир. Шу маънода биз гарчи дунёвий жамиятда яшаётган бўлсак ҳам, адабиёт дарсликларига диний мавзуларни киритишга ҳаракат қиляпмиз. Фарзандларимиз қуйи синфлардаёқ, пайғамбарлар ҳақидаги қизиқарли ҳикоятларни ўқишади, таниқли ёзувчи Нурали Қобулнинг 6-синф “Ўзбек адабиёти” дарслигига киритилган “Савоб” ҳикоясини ўқиб, савоб ва гуноҳ сўзларининг моҳиятини англаб олишади.

Нашрга берилган 8-синф “Ўзбек адабиёти” дарслиги “Алпомиш” достонидан берилган парчалар билан очилади. Достон бошидаёқ ўқувчилар “закот” сўзига дуч келадилар. Ўқитувчи “закот” Ислом динининг беш фарзидан тўртинчиси эканлигини, мол-дунёси нисобга етган мусулмон учун закот бериш фарз бўлиб, бермаса гуноҳкор бўлишини тушунтириши лозим бўлади.

Кейинги мавзу “Ривоятлар” деб номланиб, унда ровийлар томонидан ривоят қилинган Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадислари матни берилган. Туя гўшти еганлар ҳақидаги “Гўзал ибрат”, қорасон туфайли қўли кесилган шоҳ ва унинг вазирлари ҳақидаги “Мусибатнинг ҳикмати”, саксонга киргунча Оллоҳни танимаган чолнинг тавба қилиши ва тавбасининг қабул бўлгани ҳақидаги “Тавба”, Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг топшириғи билан Ойиша онамизнинг муҳтожларга қўй сўйиб тарқатиши ҳақидаги “Садақа” каби ҳадислар, Қуръони Каримнинг “Қалам” сурасида келган қалб (ният) гуноҳи оқибати ҳақидаги “Боғ эгалари” қиссаси ўқувчиларда исломий одоб-ахлоқни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади деб ўйлаймиз.

Туркий ислом адабиётининг илк бадиий достони бўлмиш Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” достонидан то Ҳазиний ва Маҳжурийларгача бўлган минг йиллик адабиётимизнинг деярли барча лирик ва эпик турларида Оллоҳ Таолога ҳамд, муножот, Пайғамбаримиз (с.а.в.)га наът мазмунидаги бадиият намуналарини санаб адоғига етиб бўлмайди. Достонлар анъанавий тарзда Оллоҳга ҳамд ва муножот, сўнгра Пайғамбаримиз (с.а.в.)га наът мазмунидаги боблар билан бошланганлиги ёки девонларда ҳам аввал мазмунига кўра ҳамд ғазаллар, сўнгра наът ғазаллар жойлаштирилганлиги фанда янгилик эмас.  Масалан, 9-синф “Ўзбек адабиёти” дарслигида Алишер Навоийнинг лирик меросидан намуналар берилган. Шоирнинг тўрт девондан иборат “Хазойин ул-маоний” тўплами қуйидаги ҳамд ғазал билан бошланади:

Ашрақат мин акси шамсил-каъси анворул-ҳудо,

“Ёр аксин майда кўр”, деб жомдин чиқди садо.

“Ушбу ғазал ўзидан кейин келадиган ғазаллар учун маълум маънода дастурий хусусиятга эга”,[1] дея ғазални чуқур таҳлил ва талқин қилган навоийшунос, тасаввуфшунос олим Нажмиддин Комилов фикрича, байтдаги “Ёр”, бу – Оллоҳ, “май” – Оллоҳга бўлган муҳаббатдан сархушлик, “жом” – Оллоҳ муҳаббати ила тўлган ориф қалби.

Сен гумон қилғандин ўзга жому май мавжуд эрур.
Билмайин нафй этма бу майхона аҳлин, зоҳидо.

Ушбу байтда “шоир дарвешлар тилга оладиган “май”, “майхона” сўзларини тушунмай, уларни мазаммат этадиган зоҳирбин, маънолар сирридан бехабар зоҳидни танқид қилади”[2] ва мақтаъда:

Ташналаб ўлма, Навоий, чун азал соқийсидин
“Ишрабу”, йа айюҳал-атшон, келур ҳар дам нидо, –

дея Қуръон оятларига ишора қилади. Байтдаги “азал соқийси” – Аллоҳ Таоло. Эй Навоий, Аллоҳ муҳаббатидан ташналаб, тажаллийсидан бебаҳра бўлма, зеро, Унинг ўзи каломида “Ичинг, эй ташналар!” деб қўйибди.

“Бу оятда Мусо пайғамбар ўз қавмини, яъни бани Исроилни Мисрдан олиб чиқиб кетаётганда, қавм Мусога чанқоқликдан нолиб мурожаат қиладилар. Шунда Мусога “Ҳассангизни қояга уринг!” деган ваҳий келади. Парвардигорнинг бу муждасини эшитган Мусо ҳассасини қояга урганда, булоқ пайдо бўлиб, шарқираб сув оқади…

Яъни Аллоҳ қудратининг чек-чегараси йўқ, олам Унинг нури билан тўлиқ экан, буни англаш, бунга етишиш ва моддий ҳаёт билан маънавий ҳаётни файзли, мазмунли қилишга интилиш лозим, деган ғоя Навоий ғазалининг мағзини ташкил этади”.[3]

Ислом дини одамни ўзининг яратувчиси бўлган Оллоҳни севишга, унга ибодат қилишга, Оллоҳнинг севимли Пайғамбари Муҳаммад (с.а.в.)ни севишга, унга эргашишга, Оллоҳ улуғ қилиб яратган инсонни севишга даъват қилади. Тасаввуф адабиёти эса мана шу даъватни бадиий сўз, бадиий образ, тимсоллар воситасида ифода этади. 8-синф “Ўзбек адабиёти” дарслигида Ҳазрат Навоийнинг ушбу матлаъли ғазали берилган:

Кимки бир  кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай.

Одамийликни, инсонпарварликни қаранг: бир кўнгли синиқ, бошига кулфат тушган одамни, масалан, бир етимнинг бошини силаш, кўнглини шод қилиш вайрон бўлган Каъба – Оллоҳнинг уйини қайта тиклаганчалик савобга эга экан. Бу ҳақда оятлар ва ҳадислар мавжуд. Исмоил ибн Умайядан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: “Тул хотиннинг, мискин ва мискинанинг ҳожатини чиқариш учун ҳаракат қилиб юрган киши Оллоҳнинг йўлида жиҳод қилаётган, кундузлари рўза тутиб, кечалари намоз ўқиган кишидекдир.

Ўз етимини ёки бегонанинг етимини кафолатига олган киши мен билан жаннатда мана бундоқ туради”, деб икки бармоқларини жипслаб кўрсатганлари бизга собит бўлди”.

Ёки ғазалнинг кейинги байтида ишлатилган “ёр” сўзи замин гўзалини эмас, балки Оллоҳни англатишини пайқаш қийин эмас:

Гарчи халқ озодасимен, ёр агар: “Бандам”, – деса,

Андин ортуқ англаким, бир банда озод айлагай.

Шоир фикрича, гарчи у озод инсон бўлса-да, агар Оллоҳ уни “бандам”, “қулим”, деб суйса, қабул қилса, бу унинг учун қулликдан озод бўлган одам шодлигидан ортиқроқдир.

Юқори синф “Ўзбек адабиёти” дарсликларига киритилган Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Яссавий, Атоий, Лутфий, Бобур, Машраб, Огаҳий, Увайсий, Нодира, Ҳувайдо каби мумтоз шоирларимиз асарларини, байтларини Қуръони Карим оятлари, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадислари асосида шарҳлаш, таҳлил ва талқин қилиб, ўқувчиларга етказиш адабиёт дарсларининг мазмун-моҳиятини белгилаши лозим.

8-синф “Ўзбек адабиёти” дарслигига Бобораҳим Машрабнинг халқ ҳофизи Озодбек Назарбеков чиройли қўшиқ қилган “Мен нола қилай…” сўзлари билан бошланувчи ғазалини киритганмиз:

Мен нола қилай шому саҳар дод, эшигингда,

Жонимни берай, шўхи паризод, эшигингда.

 

Ул лолаву райҳону суман, тоза қизил гул

Ҳам сарв букулди, қадди шамшод эшигингда.

Қўшиқни тинглаган ёки ғазал матни билан танишган киши лирик қаҳрамон, яъни Ошиқ девоналарча севиб қолган қизининг эшиги остонасига бош уриб, оҳу фарёд қиляпти, деб ўйлаши мумкин. Бу ғазал мазмунининг зоҳирий кўриниши. Ботини эса бошқача: исломий, тасаввуфий. Мана шу ботиний маъноларни ўқувчилар тўғри талқин қилишлари учун дарсликдаги матн остида  қуйидагича савол ва топшириқлар берилди:

  1. Ғазал матлаъсини “Намоз мусулмоннинг меърожидир” ҳадиси шарифи мазмунига таянган ҳолда таҳлил этишга ҳаракат қилинг.

 

  1. Ғазал радифи бўлган “эшигингда” сўзи даргоҳингда, ҳузурингда маъносини бермаяптими? Нима дейсиз?
  2. Қуйидаги байтда шоир бандаларинг Сенинг ҳузурингда эгиладилар, яъни ибодатдалар деган фикрни қандай образлар воситасида баён этмоқда?

Ул лолаву райҳону суман, тоза қизил гул

Ҳам сарв букулди, қадди шамшод эшигингда.

  1. Қуйидаги байтдаги ов билан боғлиқ манзаранинг тасаввуфий маъноларини таҳлил этишга ҳаракат қилинг.

Зулфунг сени бу жонима юз доми балодур,

Жоним қуши сайд ўлди чу сайёд эшигингда.

  1. Яратганнинг ишқи тушган инсоннинг ҳолатлари тасвирланган байтлардаги ошиқ руҳиятини англашга уриниб кўринг.
  2. Машрабнинг қаландария тариқатида эканлигига ишора этилган байтни топинг.

10-синф “Ўзбек адабиёти” дарслигига мутасаввуф шоирлар силсиласида муҳим ўрин тутадиган Хўжаназар Ғойибназар ўғли Ҳувайдо ижодидан намуналар киритилган. Ўз даврининг йирик диний уламоси бўлган Ҳувайдо Эшон ижоди ҳам исломий мазмун билан суғорилгандир. Ўз дунёқараши, тафаккур тарзи, бадиий услуби жиҳатидан Хўжаназар Ҳувайдо Хўжа Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Бобораҳим Машраб каби улуғ адабий сиймоларга яқин туради. Уларни умуминсоний ғояларни куйлашдаги ҳамоҳанглик ҳамда тасаввуф маслагига эътиқод яқинлаштирган. Ҳувайдо дунёқарашида Яссавий ва Машрабга издошлик, айниқса, яққол сезилади. Илоҳий ишқнинг бу уч оташин ошиғи Оллоҳга муҳаббат боғлаш борасида бирлашадилар. Яссавий ўз ҳикматларида “Дунё учун ғам ема, Ҳақдин ўзгани дема”, тарзида нидо чекса; Машраб “Бир худодин ўзгаси барча ғалатдур, Машрабо”, дея бонг уради. Ҳувайдо эса уларга қуйдагича якдиллик изҳор этади:

Дунёда ҳою ҳавас қилмоқ абас,

Бир худодин ўзгани суймоқ абас.

Маълумки, Ислом маданиятида мўмин учун қаттиқ тақиқланган ёмонликлардан, гуноҳи кабиралардан бири ғийбатдир. Шоирда шундай байт бор:

Мўъминени ғийбатидин мунда оғзинг пок қил,

Анда дўзахни ўти мисвок бўлмасдин бурун.

Тангри таборак ва таоло Каломи шарифларида инсоний муносабатларни бузувчи энг ёмон иллатлар қаторида ғийбатни қоралаб, инсониятни ундан қайтарган экан: “Эй мўминлар, кўп гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана, ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз). Оллоҳдан қўрқингиз! Албатта Оллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир”.[4]

Бирор кишининг айбини ё камчилигини, у маънавий-руҳий, ақлий, жисмоний хусусият бўлишидан қатъи назар, ўзи иштирок этмаган даврада гапириш ғийбатдир. Қуръон таълимотида ғийбат ўлган биродарининг гўштини ейишдан ҳам оғир гуноҳ сифатида қораланар экан, ғийбатчилик мутлақо ғайриинсоний одат эканлигини яққол тушуниш мумкин. Ҳадис илмида фақат ғийбат қилишгина эмас, балки, ғийбатчининг суҳбатида иштирок этиш, мўмин биродарини ғийбатдан ҳимоя қилишга қодир бўла туриб, ҳимоя этмаслик ҳам оғир гуноҳ саналади.

Ҳувайдо ғийбатни алоҳида байтда тилга олади ва ундан сақланишга даъват этади. Ҳувайдо пандича, бу дунёда оғизни ғийбатдан пок тутиш зарур. Мисвок – тиш ва оғиз бўшлиғини тозаловчи шифобахш илдиз. Агар одам оғзини ғийбат билан булғаб қўйса, нариги дунёда унинг оғзига мисвок ўрнида дўзах оловлари покловчи восита бўлади. “Дўзах ўти”, “мисвок” образлари орқали Ҳувайдо ахлоқий ғояни аниқ ва таъсирчан ифодалашга эришган.

Мумтоз шеърий анъаналар йўлида ижод қилаётган замондошимиз новқатлик ғазалнавис шоир Қосимжон Раҳмиев – Шодмон ижодидан намуналар 8-синф “Ўзбек адабиёти”дарслигидан ўрин олган. Шоирнинг қуйидаги байти Ҳувайдонинг юқоридаги байти билан ҳамоҳангдир. Шодмон фикрича, Аллоҳга бўлган муҳаббат оловида куйиш, ёниш билан қалб, дил чиркинлардан покланади, худди сувда тозаланмаган идиш оловда қатрон қилинганидек:

Доимо дилни муҳаббат ўтида қатрон қилиб,

Айлагил хулқингни хуш, айтар сўзингни пок тут.

Демак, ошиқ муҳаббат ўтида тозаланган қалбини Аллоҳга муҳаббат майи билан тўлдириб, чиройли, хокисор хулқ билан, айтар сўзи – муқаддас Каломни пок тутиб Аллоҳнинг марҳаматига, илтифотига восил бўлиши мумкин. Зеро, шоир қайд қилганидек:

Ҳаёт Ундан, мамот Ундан, сабот Ундан, нажот Ундан.

Нечун мен бўлмайин Шодмон, ўшал шоҳдан паноҳим бор.

Бу тақдирга ҳам тили, ҳам дили билан тўлиқ ишонган мўминнинг комил имони бадиий ифодасидир.

Ҳозиргача замонавий адибларимизнинг исломий уламолар ҳаёти асосида яратган бадиий асарларини адабиёт дарсликларига олиб кириш муаммо эди. 4 – 5 йил бурун ҳозир нашрга берилган 7-синф “Ўзбек адабиёти” дарслигига таниқли ёзувчимиз Тоҳир Маликнинг Шайх Муҳаммад Содиқнинг отаси – Булоқбоши қишлоғи жомеъ масжиди имом-хатиби Муҳаммад Юсуф домла ҳаёти асосида яратган “Охират” номли ҳикоясини тўлиқ киритган эдик. Ҳикояда икки тенгқур йигит: бири – тақводор исломий, иккинчиси – исломдан қайтган, муртад, нафсга берилиб гуноҳга ботган йигит ҳаёти ва тақдири қиёсан ҳикоя қилинган.

Дарслик қўлёзмаси Бишкекда экспертиза қилинди, текширилди. Камситишга, таҳқирлашга қарши ва гендер тенглик бўйича текширган эксперт мазкур ҳикоя динга алоқадор бўлганлиги учун дарсликдан чиқариб ташлашни талаб қилди, дарсликда “Оллоҳ” сўзининг ишлатилишига ҳам эътироз билдирди.  Қўлёзма экспертизадан ўтиши учун ҳикояни олиб қўйишга мажбур бўлдик.

Энди давлат миқёсида динга муносабат яхши томонга ўзгарди. Мана, икки йилдирки, Қирғиз Республикаси ҳудудидаги ўрта умумтаълим мактаблари ўқув режасига 7-, 8-, 9-синфлар учун “Дунё динларининг ривожланиши” номли янги фан киритилди. Мана шу имкониятдан фойдаланиб, Тоҳир Маликнинг юқоридаги “Охират” ҳикоясини 9-синф “Ўзбек адабиёти” фани ўқув дастурига ва дарслик-мажмуасига киритишни режалаштирдик.

Юқорида баён қилинганлардан келиб чиқадиган хулоса шуки, биз – ўрта умумтаълим мактаблари  учун адабиёт дарсликлари тузадиган мутахассислар ўқув дастурларига фарзандларимизнинг диний, маънавий-руҳий, эстетик камол топиши учун асқотадиган дунёвий адабиёт намуналари билан бирга исломий мавзудаги бадиий асарларни ҳам киритишимиз давр талабидир. Ва бу масалада, яъни оят ва ҳадисларнинг маъноларини шарҳлашда исломий уламолар билан ҳам ҳамкорлик қилсак, маслаҳатлашсак мақсадга мувофиқ бўлади.

 

[1] Интернет. Хуршид Даврон кутубхонаси. Нажмиддин Комилов. Бир ғазал маъноси.

[2] Интернет. Хуршид Даврон кутубхонаси. Нажмиддин Комилов. Бир ғазал маъноси.

[3] Ўша жойда.

[4] Қуръони Карим. Алоуддин Мансур таржимаси. Тошкент: «Чўлпон” нашриёти, 1992 йил, 492 – 493-бетлар

Алишер Навоий институти учун

Махсумхонов Саидакбар,

филология фанлари номзоди, Ўш шаҳри.