ЎШЛИК ҚИЗНИНГ ҲИММАТИ ёки “ШАҲРИ ДИЛОРОМ”

Зуҳриддин Исомиддинов

2023 йилнинг декабрь ойида Чингиз Айтматовнинг 95 йиллиги Туркияда ҳам муносиб нишонланди. Илмий анжуманлар, учрашувлар… Аммо менинг ёдимга ўша сафарда бошқа бир лавҳа ҳам муҳрланиб қолди. Сўнгги кунда бир ресторанга бордик. Биз билан кўришиб суҳбатлашиш учун Анқара шаҳридаги энг катта туман (илмий анжуманлар ўша туманда бўлиб ўтганди) волийси ҳам ресторанга етиб келди, ҳар бир меҳмон билан кўришиб, самимий қутлаб, сўзининг охирида тўйхонадаги барчанинг олдида (у ерда бу юбилейга алоқаси йўқ одамлар биздан тўрт-беш марта кўп эди) туркларнинг “Арқанақун” достони ва қирғиз “Манас” эпоси орасидаги муштаракликларни бирон ўн дақиқа ичида теран таҳлил этиб, фикрига исбот тариқасида кўплаб далиллар келтириб ўтдики, бир туман раҳбарининг бу қадар кенг билим эгаси эканига ҳайрон қолдик. Ҳамма жим туриб эшитди. Ҳайронлар қолдик. Ахир бу одам адабиётшунос эмас, бир миллион нафардан ортиқ аҳоли яшайдиган, юзлаб ташкилоту корхоналар иш олиб борадиган катта бир иқтисодий ҳудуднинг раҳбари-ку?
Ана шунда, нафақат сиёсий-ижтимоий, балки фалсафа, биология, ё адабиёт бобида фикр юритганда ҳам олимларни қойил қила оладиган туман раҳбарлари бизда бормикин, деб ўйлаб қолдим. Бу Анқарадаги бир туман волийси эса азбаройи содиқ бўлгани учун эмас, балки кенг ва теран билимли бўлганлиги учун раҳбарликка қўйилган, албатта.
Бу ҳолатни шунинг учун эсладимки…
Одамларнинг ёдида, 1966 йил 26 апрелдаги Тошкентда зилзиласидан сўнг кўп жойларда “Тошкентга ёрдам” фондлари очилганди. Ўшлик Дилором исмли бир қизча шундай деб хат ёзади:

“Тошкент. Ўзбекистон раисига тегсин.
Мен бу йил тўртинчи синфни битирдим. Ёшим ўн бирда. Ер қимирлаш қанақа бўлишини билмайман. Бизнинг маҳаллада кеча Тошкентга ёрдам деб пул йиғишди. Мен атлас кўйлакка йиғиб юрган беш сўм пулимни юбораяпман. Болалар боғчаси қуришингизни сўрайман.

Дилором. Ўш шаҳридан

Эркин Воҳидов шу қизга атаб қуйидаги шеърини ёзган:

Дилором,
Дилором,
Жажжи сингилчам,
Дўмбоқ юзларингни қилдим тасаввур.
Мунисам,
Каттакон мададинг учун
Бош эгиб айтаман сенга ташаккур.

Жаҳон подшолари хазинасидан
Олтин юборганда ҳамки беадад,
Дилором,
Дилором,
Жажжи сингилчам,
Сенинг ёрдамингча бўлмасди мадад.

Биз бунга бир эмас, юзлаб ва минглаб
Боғчалар қурамиз,
Қўрқма, етади.
Сендек меҳрибони бор экан, демак,
Тошкент жароҳати битиб кетади.

Фақат сен омон бўл, яйрагин кулиб,
Қора қошларингга қўнмасин ғубор.
Сен саломат бўлсанг, меҳрибонгинам,
Бу оғир кунларда толмаймиз зинҳор.

Сен учун бир шаҳар қурайлик, дўмбоқ,
Киройи одамлар қилгудек ҳавас,
Осмондай кенг бўлур, денгиздай мовий,
Кўксингни тўлдириб олурсан нафас.

Хиёбонлар аро сени етаклаб,
Чароғон кечада ва ё кундузи
Бирма-бир Тошкентни кўрсатиб чиқар
У кун Ўзбекистон раиси ўзи.

Нақадар ажойиб,
Нақадар сулув,
Бунга сен сабабсан, сенинг ҳимматинг.
Ям-яшил шаҳарнинг энг ўртасига
Ўрнатиб қўямиз катта суратинг.

Токи узоқ-узоқ юртлардан келиб
Гўзал шаҳримизда олганда ором,
Дўстлар сўрасинлар:
Бу қандай шаҳар?
Биз жавоб берайлик:
Шаҳри Дилором.

Афсуски, Тошкент бағрида “Дилором” деган шаҳарча бунёд этиш ташаббусини ўша вақтдаги “Ўзбекистон раиси” ижобат этмади. Орадан яна ўттиз йиллар ўтди. Тошкентдаги массив, микрорайон, маҳаллаларни санаб тугатиб бўлмайди, аммо “шаҳри Дилором”га сира навбат етмади.
“Қачон қадр топмиш шоирнинг сўзи?” – деб ёзганида Абдулла Орипов нақадар ҳақ эди! Эркин ака нима қилсин? Ўша қиз етишай деб турганида зилзила боис, тўплаган пулини Тошкентга юбориб, атлас кўйлак орзулигича қолиб кетганини эсга олиб, бир кийимлик хонатлас сотиб олиб, Ўшга жўнади. Кўп қидиришлардан сўнг Дилором қиз ахийри топилди ҳам. Мактаб ўқувчилари, адабий жамоатчилик, маҳалла аҳли жам бўлган анжуманда улуғ шоир шеърини ўқиб, бу олиҳиммат аёлга (бу пайтда Дилором ёши қирқдан ошган, бола-чақали аёл эди) унинг гўдакликдаги орзуси – ўша хонатласни ҳадя қилди – начора, унинг номида шаҳар барпо этиш адиблар эмас, амалдорларнинг чекига тушган экан, улар бу шеърни ўқишмаган шекилли.
Орадан яна кўп сувлар оқиб ўтди. Бу шеърни ёзганида ўттизни энди тўлдирган Эркин Воҳидов саксонни қоралаб оламдан ўтди. Сал кейин ўша зилзила чоғида ўн бир яшар қизалоқ бўлган Дилором опа ҳам олтмишларга яқинлашиб, дунёга хайр-хўш айтди. Шоирдан бир-биридан дилбар шеърлар, Дилором опадан эса бир олам эзгулик мерос бўлиб қолди.
Охирги йилларда Тошкентда массив, маҳалла ва микрорайонлар ҳам бир ёқда қолиб, ғалати-ғалати номдаги “сити”лар қад кўтара бошлади, ҳатто ном етишмаганидан, улардан бири “Миневра” (қадимги римликлар уруш худоси) деб аталибди, ҳатто шу ҳам бор, аммо шоир таклиф этган Дилором деган гўзал исмда бирон кўчаю гузар ва микрорайон йўқ (мен Интернетда бундай номдаги жойни топа олмадим, чамаси, Дилором номи ҳам бирон маъвога қўйилган эмас).
Дилором деган деган гўзал исмли майдон, кўча ё массивни қидириб, бирталай ажнабийча жой номларига дуч келдим. Мана, Тошкентдаги янги жой номларининг бир қисми (уларни аслидагидек бермасак айбдорга чиқарилишимиз мумкин): Akay City, Golden House, Regnum Plaza, Манхеттен, Sayram Village, Parkent Avenue, Silk Road, Goldhill, Ducat, Династия, Bodomzor Terrasa, Bouleavrd & Garden Residence, UTower, Real House, Dream House, Mirabad Avenue, Minor Towers, Star House, Ташкент Сити, Yunusabad Plaza, Оcean, Diamond City, Daco Residence, Apelsin, Wiston, Parkent Plaza, Yangiobod Residence, Yashnobod Plaza, Infinity, Neo House, Capital, Fortaleza, Luxury House, Art House, Mirabad Avenue, Greenwich, Nasl Dahasi, Sapphire Terrace, Skyline Towers, River Soy, Sapphire Corner, Olmazor British House, Aura, Uchtepa Garden, Zamin Great City…
“Sapphire Terrace” бор, “Greenwich”, “Neo House” ҳам бор, аммо Дилором йўқ. Шунақа ғалати номларни ўқий туриб, асосий гапинг ҳам эсдан чиқиб, ўйланиб қоласан киши – биз Ватанда яшаб туриб, шу ватанни йўқотиб қўяётганимиз йўқми, ишқилиб? Мана, Қирғизистонда автомобиль заводи қуриляпти, у биздагидай “Фалондақа моторс” эмас, “Тулпор” деб аталади. Бўлар экан-ку!
Бу кетишда нафақат “сити”ларга, ҳатто кўчаю хиёбонларимизга ҳам инглизча, хитойча ном қўя бошлайдиган кўринамиз. Шунга жуда оз қолди.
Кўп нарсаларга бепарвомиз. Қорнимиз тўқ, устимиз бут юрса, яхши тўйлар қилсак, бошпанамиз шинам бўлса, шу кифоя, бошқа орзу-мақсадимиз, ҳатто… бошқа маслагимиз ҳам йўқдай.
Аммо… ватанни ҳимоя қилиш дегани чегараларни қўриқлаш, холосми? Йўқ, албатта. Ватаннинг шаънини, қадр-қимматини, юртимиздаги ҳар бир шаҳар ва қишлоқ, унинг тарихини, номи-шонини, ўзига хослигини, табиий бойлигини, номус-орини асраш, аввайлаш ҳам уни қўриқлаш-ку!
Кимдан ҳимоя қиламиз уни?
Ташқи ёвдан, бошқа бировдан эмас, ўзимиздан!
Пул топишдан бошқани ўйламайдиган қоринбойлар дўкони эшигига, гўё фақат инглизларга савдо қиладигандай, “open” деб ёздирса, ошхонасини таъмирлатиб бўлгач, “Мы открылись!” деб баннер қўйса, улкан “дом”лар, бутун-бутун массивлар қурадиган каттароқ Қорунбойлар уларни боягидақа сити-пити қилиб номласа ва бу ишларни тергайдиган бирон маҳкама топилмаса… Катта-кичик ҳокимиятлар қошидаги тил комисиялари эса бундай ажнабийча номларнинг имлосини текшириб, тасдиқлаб ўтиради шекилли.
Эл-чи? Одамлар, қоракўз ўзбекларнинг ўзи эса, менга зиёни тегмаса бўлди қабилида лоқайд юра берса… бир кун келиб, ватан деганимиз жисми бору руҳи йўқ бир маъвога, халқ эса оломонга, оломон ҳам эмас, шунчаки аҳоли, “солиқ тўловчи”га айланиб қолади. Миллий ори барҳам топиб кетади.
Менимча, айб фақат жойларга чулчутча ном қўяётганларда эмас, балки аввало шунга ҳеч ажабланмай, асло ранжимай кўникаётган, кўникиш тугул, фарзандини она тилидаги мактабдан олиб, русча ё инглизча мактабга қўяётган одамларнинг ўзида, аввало. Ҳар бир одам сингари, ҳар бир халқнинг ҳам ори, ҳамияти, ғурури бўлсин. У етишмаса, бу эл ҳадемай бошқа халқлар бағрига сингиб кетади, унинг тили “ўлик тил” қатори саналадиган бўлади.
Ижоди гуриллаётган ўша олтмишинчи йилларда, Эркин Воҳидов, не умид билан Тошкентда “Дилором” деган гўзал шаҳристон қуришни таклиф қилган эди. Аммо ҳаммамизга теккан лоқайдлик дарди ўша даврдаги катталаримизга янаям қаттиқ ёпишган экан, бу даъват “адабий орзу”лигича қолди-кетди. Энди эътибор беринг, шоир умри охирида “Сўз латофати” деган китоб ёзди, унинг ҳар бир саҳифаси, она тилимиз баҳона, одамлар онгидаги уйқуни ўчириш, лоқайдликни ўлдириш шижоати ила битилган. Бежиз эмас.
Яна боягидай “адабий орзу”га бериламан: Тошкентдаги гўзал бир шаҳристон (сити)ни “Дилором” деб номласалар, унинг ўртасида эса Эркин ака Воҳидов айтганидай, Дилором отли жажжи қизнинг каттакон сурати, йўқ, чиройли ҳайкали тикланса ва бу ҳайкалда олижаноб бир ўзбек қизалоғининг бир қучоқ гул тутиб тургани, бутун оламга бахт, эзгулик улашаётгани акс этса. Сайрбон (гид)лар бу ҳайкалнинг ажиб тарихи ҳақида гурас-гурас сайёҳларга ҳикоя қилиб берсалар… Ахир биламиз, Чирчиқ шаҳри бўсағасида Расул Ҳамзатовнинг “Турналар” деган шеърига ажиб бир ҳайкал тикланган. Шу ёдгорликни эл-олам келиб кўришини истаймиз. Эркин Воҳидовнинг шеърига ўзимиз ҳайкал қўймасак, ким қўяди?
Дилбар ва дилкаш шоирнинг, беш сўмини – бор пулини юборган маъсума Дилором қизнинг руҳлари шод бўлармиди, дейман-да ана шунда?
Асли, камина ҳайкалга ишқибоз эмас. Сира ҳам. Аммо гоҳи ишларда истисно бўлади-ку. Менимча, асосий гап шундаки, шоирининг шеърига аввало қалбида ҳайкал тиклай олган эл халқ бўлади, барча эл-яктан бўлади, ана шунда унинг юрти ҳам шунчаки “турар жой” эмас, беқиёс ватан бўлади.