ХАЛҚ ДАРДИНИ ЖОЙЛАДИМ ШЕЪРГА..♫

Муҳаммадсоли Улуғбек ўғли Исмоилов 1955 йили таваллуд топган. Ўш шаҳридаги Т.Г.Шевченко номли ўрта мактабни битирган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факултетида таҳсил олган.

1979 йилдан 2016 йилгача вилоят «Ўш садоси» («Ленин йўли») ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририятида фаолият кўрсатган.

Қирғизистон Республикаси маданияти аълочиси, Қирғизистон Миллий Ёзувчилар уюшмаси ва ҚР Журналистлар уюшмаси аъзоси

«Юракни тушунинг», «Дунёнинг кўзлари», «Райҳон иси», «Тонгга етсак…», «Ҳаёт фалсафаси», «Туюқдаги туйғулар» ҳамда икки жилддан иборат тарихий мавзудаги «Имомота қиссалари» каби ассарлар муаллифи.

****

БУРАКЎҲ ПОЙИДА…

Буракўҳ пойида бобом ётибди,

Шундадир бобомнинг бобосин хоки…

Кимдир хотирамга тош ҳам отибди –

“Ўтмаган, – деб, – бунда мирзолар зоти…”

Бу сўзларни уқиб, ўйим чувалар,

Дилим андишага бермайди изн.

Наҳот мен келгинди бўлдим, алҳазар?!

Наҳот унутибман аждодлар изин?!

Сабрли инсонман, тоғдай бардошли,

Кўп уқдим бундайин сафсаталарни.

Тақсимлаб бўлмаган каби Қуёшни,

Талашмоқ шаккоклик гўр-тепаларни!

Қўй, сўроқ қилмайлик ҳорғин тарихни,

Жунбушга келмасин Тахти Сулаймон.

Тупроқнинг қадрини, тупроқ фарқини

Англамоқ мушкул-у, сўйламоқ осон…

Гинани унутиб, қилмайин даъво,

Боболар мозорин бориб кўрайлик.

Ахир шаккок бўлсак, бўлсак бедаво,

Аждодлар қабрида турмоғи бор тик!

…Хотирани яқин айлабон бизга,

Буракўҳ пойида гуллар кўкарар.

Дуолар эм бўлиб, қабрлар узра

Гиёҳга айланган диллар кўкарар…

Аждодлар ўгитин шивирлар майса:

“Ўтмишни унутсанг, бўлолмассан гул: –

Илдиз отолмайсан, айланиб хасга…

Хотирага суян, тиниқлашар дил!”… 

ЮРАКНИ ТУШУНИНГ

Юрак деганлари – бир армон эмас,

Бу ахир – интилиш, ғайрат, ҳафсала.

Юрак деганлари – хаста жон эмас,

Бу ахир – яратиш, енгиш, тантана!

Юракни сен ҳазил фаҳмлама, инсон!

У ҳазил иш учун яралгани йўқ!

Йўлига тузоқлар тахлама, нодон,

Уни тўхтатолмас ҳатто қонҳўр ўқ!

Яхшиси, сен унга қулоқ тута қол,

У ахир ҳайқириқ, баёт дегани!

Яшашда, курашда ундан ибрат ол,

Дўстим, юрак – ахир ҳаёт дегани!

Ҳа, юрак аслида мағрур қудрат, куч,

У пасткаш назарга асло бўйсунмас.

Дўстим, сен юракни маҳкам суйиб, қуч,

Мавжларин қадрига ета олсанг, бас!

****

БУРАКЎҲ

«Қўрғонининг шарқи жанубида

бир мавзун тоғ тушубтур,

Буракўҳға мавсим»…

(«Бобурнома»дан).

Ўшнинг кўҳна, қадим маҳаллари

Буракўҳ пойига туташиб кетган.

Йўқ-е, йўқолмаган, ҳамон бор бари,

Фақат ўтмиш хаёллари элитган…

Хаёл оғушида турар тоғ мудраб,

Замин сийнасига босганича тўш.

Асрлар ўтмоқда карвонин судраб,

Бирин кутиб, бирин кузатади Ўш…

 

Сиғиниш нелигин билмаган илк зот

Тоғни паноҳ тутган бўлса не ажаб?

Илк гулхан ўрнида юрт бўлди бунёд,

Аждодларим шунда келмоқда яшаб…

Кўҳна юрт бағридан изларлар минор,

Гумбаз қидирарлар қилсак, деб, ардоқ…

Асли Ўшпиримга бўлгач пойдевор,

Энг улкан минора эмасми шу тоғ?

Шундаку кўпларнинг “Бешик онамиз”,

Аждодлар кашф этган манзил, маконлар.

Яхшиларга садо беради Ҳурқиз,

Қилкўприк, Ёрилтош сўйлар достонлар…

Шукур, Бобур Мирзо қурган Оқ уй бор,

Яна мақбаралар, Жомъе масжиди…

Оқбура сафарда, у толмас тулпор,

Ўш сари тоғлардан эпкин ташийди…

Яралгандан буён иймони бутун,

Элимни бугун ҳам уйғотар азон.

Соф ниятли халқнинг умри ҳам узун,

Иймонин қўриқлар Тахти Сулаймон…

****

ДУНЁНИНГ КЎЗЛАРИ

Майсалар мудрайди шабнам бағрида,

Бедор ҳаётини унутиб бир зум.

Майсалар кафтида чақнаган нурдан

Топиб олдим кўҳна дунёнинг кўзин…

У менга боқарди, боқарди элга,

Кўрмоқчи бўларми мурувватимни?

Шивирладими, оҳ, “Берма, – деб, – елга

Орзу-умидларинг, куч-қувватингни!”

 

Синагиси келиб оқибатимни,

Ўйларга берилар ҳазиндан-ҳазин.

Соғинганми содиқ дўст суҳбатини,

Кутар мендан меҳр, илиқ дил сўзим.

Ўксик туюлди, оҳ, дунё наздимда,

Фироқдан жигархун, ғамлардан зада.

Лекин ошкор этмай мунгин ҳеч кимга,

Олиб кетмоқ бўлар маҳшарга қадар.

Тугал билмоқ истаб дилда борини,

Теранроқ термулдим олам кўзига.

Бироқ, ичга ютиб оҳ-у зорини,

Бир сўз демади у мендай дўстига!

Бардошига таҳсин ўқиб дунёнинг,

Силай олдим фақат мағрур бошини.

У-чи, кўзга суртиб нурни-зиёни,

Майсаларга тўкди шаффоф ёшини…

****

ЎШ ТУПРОҒИ

Шошган сари бу шошқин ҳаёт,

Қайтгим келар ёшлик чоғимга.

Чиқмасамда ой-йилда бот-бот,

Суянгайман Бувра тоғимга.

 

Гар Тарихдан қилай десам сўз,

Хаёл учгай мойизга томон:

Тахти узра ҳамон тикиб кўз,

Ўтиргандай ҳазрат Сулаймон…

 

Кўп  қўмсади Ҳиндда шоҳ Бобур

Ўшнинг сув-у сафоларини…

Симирмоқлик нақадар ҳузур,

Бинафша ҳид ҳаволарини!..

Суйсак ҳамки Ўшни барчамиз

Суйгандайин онасин ўғлон,

Машҳурликни кўзлаб нечамиз,

Шошдик Тошкент ё Бишкек томон…

Кетган топди амал, шону бахт,

Кўплар нечун кетмади, деманг.

Қолганларни камситиб фақат,

Истеъдоди етмади, деманг!

Менимча, энг фидойилари

Ўшни ташлаб кетолмадилар.

Йўқ эмасди орзу-ўйлари,

Балки унга етолмадилар…

Ҳатто энг зўр алломаси ҳам

Эл ичра деб билди ўрнини.

Бир майизни кўришиб баҳам,

Бахш этдилар юрак қўрини…

Ўш муҳити энг холис шоҳид,

Кўпдир байту сўзи мумтозлар.

Усмон Темур, Қўлдош, Мирзоҳид,…

Яна қанча ҳассос устозлар…

 

Унвон олмай, талашмай нишон,

Саналса-да ўртамиёна,

Ўш бағрида яшадилар шод,

Устун эди чунки диёнат…

Ота-Онам фидо сенга, Ўш,

Аждодлардан қолган меросим!

Сендан юксак тахт йўқ менга, Ўш,

Замин узра топган меърожим!

Ўзим ҳолсиз, дардманд бўлсам-да,

Дардларингни олай, Ўшпирим!

Фақат куним битиб, ўлганда –

Тупроғингда қолай, Ўшпирим!

****

УЛКАН ДАРС

Бизлар – илми толиб,

Ҳаёт – муаллим,

Бешикдан бошлангай ушбу улкан дарс!

Қабрга етгунча тинмагай таълим…

Сабоқларин мағзин чақа олсак, бас!..

Она – тарбиячи,

йўлбошчи Ота,

Оила-ҳовлида ҳар неки ибрат…

Қуш инда кўрганин қилгай, албатта,

Яхшидан юқар-да яхши фазилат!

Ўтармиз йўлларнинг баланд-пастидан,

Камдай туюлади ҳатто равони…

Баъзан бўғиламиз ғаним қасдидан,

Торлик қилиб кетар дунё айвони!

 

Кимки қила олса чиройли сабр,

Бошига балолар ёғилганда ҳам…

Оқибат, албатта, топгайдир ажр,

Икки дунёда ҳам бўлмагайдир кам!

Шукур, кўзлар очиқ,

лекин ғўр ёшда

Кўрганин англаш-чун етмас тафаккур.

Идрок тиниқлашгач қачонки бошда,

Ҳар ёруғ кунига айлагай шукур…

****

БАҒРИ КЕНГ ТОҒЛАР

Тоғлар салобатин тарк этмас ҳамон,

Мағрур тураверар виқор, қўр тўкиб.

Юдатолмас кифтин минг аср-у замон,

Буколмас қаддин қор, музликлар юки…

Тўғриликдан, дейман, тоғлар ҳайбатин,

Яна очиқликдан, бағрикенгликдан.

Пастак тоғ қилмагай тик тоғ ғийбатин,

Тоғлар улуғлиги — мангу тенгликда.

Ёш тоғ ич-ичини кемирмас ҳасад,

Юксак қояларга ҳавас-ла унар.

Ахир тошларни ҳам ёргувчи фасод—

Тоғни ҳам емириб, сўзсиз кукунлар!

Лек, тоғлар бундайин пастликдан йироқ,

Туртмас ё чалмайди ўз елкадошин.

Бир-бирига чоҳ ҳам қазмагай ҳеч чоқ,

Шунинг-чун юксакда, эгилмас боши!

Тоғлар тираганча елкага-елка,

Ўтар аҳиллик, дўст яшаш сабоғин.

Бас келар қуёшга, изғирин елга,

Мағрур тураверар улуғ тоғларим!

 

Билмадим, одамлар тоққа ўхшарми?

Ҳеч қурса, аҳиллик, барикенгликда?!

Қанийди, тоғлардай мангу яшаб у —

Яйраб даврон сурса аҳил, тенгликда!..

****

ОЛМА ТАЪРИФИ

Куз фасли томоша қилинг анорни,

Олтиндай товланар беҳи, нашват нок…

Лекин, олма ҳиди босар хуморни,

Ҳидлаган дардидан бўлади халос.

Ахир олмагина гуллар исини—

Асраб, жамлагандир мўъжаз жисмида.

Асраб, нақшин қилиб, безаб жисмини,

Оқлаб, мос иш қилган олма исмига.

Фикрингизни жамлаб,

яхшироқ қаранг,

Табиатнинг митти мўъжизаси у.

Бўй етган қиз каби жуссаси таранг,

Олмаки,

юракнинг нақд нусхаси у!

Энди сиз яшириб овора бўлманг,

Олмага аталган туйғуларингиз.

Ҳидлагингиз келиб садпора бўлманг,

Туш кўриб,

бузилиб уйқуларингиз!..

Шу ҳиддан бўласиз фикран файласуф,

Олма тушмаса ҳам тош бошингизга.

Кашфиётлар очиш қилади насиб,

Бир олма туфайли ёш бошингиз-ла!..

Асли у жаннатдан тортиқ неъматдир,

Овутмоқлик учун бани одамни.

Ундан мангу ҳаёт атри келадир,

Маст қилиб,

элитиб ёруғ оламни…

Олма ҳидин сира яшириб бўлмас,

Одамки,

интилар хушҳид олмага.

Олма хушламаган ҳаётга тўймас,

Ундай одам дилдан сева олмагай!..

 

Яндекс.Метрика