“БЕЖУРМ ГУРУҲ ҚОНИДИН КЕЧ!”

 

Ишқ йўлига кирган ошиқни фаолиятда, ҳаракатда кўрсатиш, нафсини енгиб комиллик сари, ҳақиқат сари бораётганлигини бадиий талқин этиш ёки Оллоҳ марҳаматига шукр қилмай, тубанлашиб бораётган нафс бандалари фожиасини бадиий тадқиқ этиш Алишер Навоий ижодий методининг бош хусусиятидир. Шоир асарларидаги Фарҳод, Мажнун, Ахий, Фаррух, Саъд, Муқбил, Суҳайл каби ошиқлар қиёфасида комил инсон тимсолини кўрсак, Хусрав, Шеруя, Мудбир, Жобир, Зайд Заҳҳоб, Ибн Салом, Шоҳ Баҳром кабилар қиёфасида эса ўз нафсига қул бўлган кишилар тимсолини кўрамиз.

Ошиқ камолоти фақат Оллоҳни ёд этиб тоат-ибодат билан машғул бўлиш, унинг ёди билан яшаш билангина кифояланмайди. Ўзни поклаш, маънавиятида хоксорлик, қаноат, ҳалоллик, ҳалимлик, саховат, жўмардлик каби гўзал инсоний фазилатларни шакллантириш, маърифатли бўлиш билан бирга Оллоҳ яратган ҳамма нарсаларни, энг аввало, инсонни, табиатни севиш, ардоқлаш, барча мавжудоту махлуқотларни асраб-авайлаш, ҳимоя қилишга интилиш ҳам ошиқ камолотини белгиловчи асосий сифатлар сирасига киради. Шу маънода Инсон ва унинг табиатга муносабати масаласининг бадиий тадқиқи Навоий ижодининг муҳим бир қиррасидир.

Шоирнинг “Лайли ва Мажнун” достонини варақлаймиз. Ишқ дардига мубтало бўлган Қайс “Мажнун” (жинни) номини олади. Унинг Лайлига бўлган покиза ва эҳтиросли ишқ туғёнлари атрофдаги оломонга жиннлик, телбалик бўлиб кўринади. Қавмдошлари орасидан Қайсга дардкаш, ҳасратдош топилмайди. Оқибат, у “ваҳшатлиғ элдин улфат риштасин узиб”, “биёбон ваҳшийлари” орасидан паноҳ топади. Унинг дардини биёбон оҳулари, йиртқичлари тушунади. Кийиклар ўртасидаги Мажнун чўпон, йиртқич бўрилар эса, унинг содиқ итлари каби…

Навфал бошлиқ овчилардан қўрққан оҳулар Мажнундан паноҳ истаб, унинг пинжига суқилишади. Ўзларини ўраб олган овчилар бошлиғи Навфалга қарата Мажнун шундай хитоб қилади:

 

Ким нафс нишотиға чекиб хайл,

Қон тўккали кўнглунг айлагай майл.

 

Не мазлима ёйин ўлди қурмоқ

Ўқ чекмаку жониворни урмоқ?

 

Ҳақ берди буларга доғи жони,

Ойини ҳаётидин нишони.

 

Бу неча рамида жонидин кеч,

Бежурм гуруҳ қонидин кеч!

 

Инсон ва махлуқот ўртасидаги бундай муносабат, Мажнуннинг таънали гаплари овчи Навфалга кучли таъсир қилади. Сабаби, Навфал ҳам бир пайтлар ишқ дардини бошидан кечирган ва ҳозир ўша дардлари янгиланаётган эди. Зеро, ишқ шундай зиёки, унинг нурлари зулм дарахти илдизларини қуритиб кул қилади, эзгулик дарахти илдизларига қувват беради. Навфал қалбида ошиқ Мажнунга нисбатан бир меҳр-муҳаббат уйғонади, унга дардкаш бўлгиси келади, нафс итини ҳайдаб солади, ҳамроҳларини ҳам шунга даъват этади:

 

Тарк айлади сайдға жафони,

Элга деди: “Ташланг ўқу ёни”.

 

Ҳам итлиғингизни ташлангиз чуст,

Ҳам итларингизни боғлангиз руст.

 

Демак, ҳақиқий ошиқ, Оллоҳни дўст билган киши ҳеч кимга, ҳеч нарсага озор етказмаслиги, лозим бўлса, ёрдам бериши, ҳимоя қилиши фарздир. Достондаги мазкур лавҳа ҳаммамиз учун ибратдир. Ушбу ибратли лавҳани таҳлил ва талқин қилар эканмиз, беихтиёр пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг қуйидаги ҳадислари ёдга тушади. Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллОллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деётганларини эшитдим: “Гуноҳ иш қилаётган кишини кўрган одам, аввало қўли билан, унга қодир бўлмаса, тили билан, унга ҳам қодир бўлмаса дили билан тўхтатсин. Охиргиси имони заиф кишидир”, дедилар”(Имом Муслим ривояти).

Кўринадики, Мажнун Навфал ва унинг шерикларини гуноҳ ишдан тили билан қайтарди ва мусулмонлик фарзини бажарди.

Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достонида инсон ва табиат муносабатлари масаласи янада кескинроқ қўйилади ва бадиий тадқиқ этилади. Достоннинг бош қаҳрамони – Шарқ адабиётида етти иқлим подшоҳи сифатида машҳур бўлган Баҳром Гўр. “Гўр” сўзи икки маънога – “кийик” ва “қабр” маъноларига эга. Ушбу лақабда сўз ўйини бор: биринчидан, Баҳром Гўр, яъни Баҳром кийик овловчи дегани, иккинчидан, шоҳ Баҳром гўр-кийик овлаб гўрга кирди, деган тушунча ҳам мавжуд. Бу ҳақда достонда ўқиймиз:

 

Гўрдур борча олам аҳлиға қисм,

Анга Баҳроми Гўр эди худ исм.

 

Мана шу қисматни шоир салафларидан фарқли ўлароқ (масалан, Низомийнинг “Ҳафт пайкар” достонида Баҳром оҳу кетидан ғорга кириб йўқ бўлиб кетади) ҳам Баҳром ва унинг лашкарлари, ҳам ов ҳайвонлари ва ҳам Дилором учун фожеали тугаган кенг ов манзараси тасвири орқали кўрсатади.

Достонда ҳикоя қилинишича, узоқ айрилиқдан сўнг қайта Дилором васлига етишган шоҳ Баҳром яна кайф-сафога берилади – нафс қулига айланади. У ҳамма ерда Дилором билан бирга бўлади, яна гўр-кийик овлашга ружу қўяди, давлат ишларидан узоқлашади. Оқибатда мамлакатда тартиб бузилади, ўғри-қароқчилар кўпаяди, адолатсизлик ҳукм сура бошлайди, халқнинг аҳволи оғирлашади.

Бир куни шоҳ Баҳром кўнгил очиш учун катта ов ташкил қилади. Севиклиси Дилоромни ёнига олиб, лашкарни бошлаб кийик-гўр овига чиқади. Лашкар ғоят кенг майдондаги марғзор – чангалзорни зич ўраб олади. Сайдгоҳга айланган чангалзорда хилма-хил жониворлар беҳисоб эди. Баҳром ва унинг лашкарлари бегуноҳ жониворларни шафқатсиз қира бошлайдилар. Мана, ов манзараси тасвири:

 

Сайдға ҳаддин ошти эл жаври,

Уч йиғач эрди чарганинг даври.

 

Шоҳ Баҳром Гўри беозарм,

Ўзни гўр ўлтурурға айлаб гарм.

 

Қон тўкардики, йўқ харос элга,

Бўлубон лолагун либос элга.

 

Кўриниб турибдики, ҳазрат Навоий бу қилмиши, жинояти учун шоҳ Баҳромни қораламоқда, уни уятсизликда, золимликда айбламоқда. Унинг аскарлари шу даражада кўп ҳайвонлар қонини тўкишадики, оқибатда уларнинг либослари лоларанг қонга беланади. Замин гўё қип-қизил гулистонга айланади, қон гўё ариқдаги сувдай оқади:

 

Қондин ул ерда гулистон бутти,

Гўйиёким ул элни қон тутти.

 

Ҳа, уларни бегуноҳ жониворларнинг қони тутти, яъни Табиат, Оллоҳ ўз ижодининг шу даражада ғорат қилинишига бефарқ томошабин бўлиб қараб тура олармиди? Йўқ, албатта. Табиат, Оллоҳ “ваҳшатлиғ эл”дан шафқатсиз ўч олади, аёвсиз жазолайди. Сайдгоҳга айланган чангалзор бир пайтлар ботқоқ ер бўлиб, кейинчалик устки қатлами қотиб майсалаб қолган экан. Ов пайти Оллоҳнинг қудрати билан очиқ ҳаво бирдан айниб, мусаффо осмонни қора булут қоплаб кучли жала қуяди. Осмондан тушган сув ерда ҳалқоб бўлиб ётган қон билан қўшилиб ботқоқнинг қотиб қолган устки қатламини юмшатиб юборади ва оқибатда қиёмат-қойим содир бўлади. Шоҳ Баҳром, Дилором, лашкарлар, ҳисобсиз ўлдирилган ва тирик қолган жониворлар – ҳаммаси бир зумда ботқоқ қаърига ботиб, ғойиб бўладилар. Балойи нафс Баҳром ва унинг ҳамроҳларини ўз домига тортиб кетади. Шоир буни қуйидагича бадиий шарҳлайди:

 

Мунча комники, берди чархи кабуд,

Ўйла бир дамда айлади нобуд.

 

Ки бўлиб даҳр ноумид андин,

Асаре қолмади падид андин.

 

Ҳа, Оллоҳ шоҳ Баҳромга ҳамма нарсани берди: етти иқлимга ҳукмдор қилди, етти иқлим подшоҳлари унга божу хирож тўлашди, Чин мамлакатининг бир йиллик хирожи эвазига ҳуснда ва ҳунарда тенгсиз Дилоромни қўлга киритди, сўнг йўқотди; йўқотган маъшуқасини яна оғушига қайтарди. Бироқ шоҳ Баҳром қаноат қилмади, меъёрни унутди, нафсини тия олмади. У табиатга беҳад зулм қилди ва зулмининг, хунрезлигининг жазосини – ажрини олди ва бу адолатли жазо, адолатли ажр эди. Лекин Дилором-чи? Унинг гуноҳи нима эди? Маъсума Дилором бундай қисматга лойиқ эмас эди-ку! Йўқ, кечирасиз, Дилором ҳам бегуноҳ эмас. Унда ҳам айб бор. Эсингиздами, шоҳ Баҳром илк бор Дилоромни олиб овга чиққанда, олдиларидан чиройли бир кийик чиқиб қоча бошлайди. Шунда шоҳ Баҳром ўзининг уста мерганлигини кўрсатиб қўйиш учун “Кийикни қандай қилиб ўқ билан уриб йиқитай?” деб сўраганида, Дилором “Бир ўқ билан тушовланг, бир ўқ билан бўғизланг”, дейди. Шоҳ Баҳром Дилором айтганидай қилиб, бир ўқ билан оҳунинг икки олдинги оёқларини бир-бирига ёпиштиради. Оҳу ерга қулаётганида иккинчи ўқ билан бўғзини тешиб бўғизлайди. Кўряпсизми, Дилором қўли билан ҳам, тили билан ҳам Баҳромни гуноҳ ишдан қайтармайди, демак, мусулмонлик фарзини бажармади, аксинча, уни қон тўкишга рағбатлантиради. Кейинги катта ов чоғида ҳам Дилором шоҳ Баҳромнинг жониворларни қирғинбарот қилишига қаршилик қилмайди. Шунинг учун бўлса керак, у ҳам Баҳром каби Оллоҳнинг қаҳрига учрайди.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, инсоннинг табиатга ва жамиятга, умуман, жонли ва жонсиз нарсаларга зулм қилиши, уларни қирғинбарот қилиши нафақат диёнатли бандаларга, балки ўн саккиз минг оламнинг ижодкори Оллоҳга ҳам хуш келмаслиги ва бунинг оқибати фожеа эканлиги ҳақидаги ҳазрат Алишер Навоийнинг бадиий ўгитлари бизни доимо эзгуликка, ҳушёрликка даъват қилаверади.

 

 

Саидакбар Махсумхонов,

филология фанлари номзоди.