Ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари охирида Ўшда масжидларнинг деярли барчаси ёпиб ташланган, намоз ўқишга журъат қилганлар таъқиб этилган, илмли зотларнинг кўпи қамалиб, қолганлари ҳам азбаройи тирикчилик важидан, боғбонлик, дурадгорлик сингари бошқа касб-корларнинг этагини тутишга мажбур бўлган.
Фақат 1943 йилга келиб, II Жаҳон урушининг энг оғир паллаларида, чўкаётган одам чўпга бўлса ҳам ёпишганидай, одамлар қалбидаги нафрат ўтини ўчириш, хайрихоҳларни кўпайтириш учун ҳукумат динга, намоз-ниёзга бир қадар йўл беришга мажбур бўлди. Шу билан бирга, бунинг эвазига диндорларнинг фронтга ёрдам учун хайр-эҳсон кўпайиши ҳам кўзланган эди. Шунинг учун 1944 йил охирларида Ўшда тўртта намозгоҳ эшиклари яна очилди. Улардан бири машҳур Шаҳидтепа масжиди эди.
Шаҳидтепа – нафақат Ўш, балки бутун Қирғизистондаги энг йирик ибодатгоҳлардан бири. Маълумотномаларда ёзилишича, у Совет ҳокимияти йилларида диндорлардан тортиб олиниб, темирчилик устахонаси ва отхонага айлантирилган. Улуғ Ватан уруши йилларига келибгина яна мусулмонларга топширилган. Ҳозирда Саудия Арабистони кўмаги билан таъмирланган Шаҳидтепа масжиди беш минг намозхонни сиғдира олади. Бу масжид 1908-1910 йиллар оралиғида барпо этилган бўлиб, дастлаб ёғочдан тикланган.
Эҳтимол, шундайдир. Бироқ бу жойнинг Шаҳидтепа деб аталиши, Ўш ҳамиша ўз уламолари билан ифтихор этиб келганлигини ёдга олсак, аён бўладики, Шаҳидтепа масжиди ўрнида ундан аввал ҳам ибодатгоҳ бўлган. Ютимиз ўн тўрт асрдан бери мусулмонобод. Шундай экан, қадимий Ўшда ҳам кўплаб масжид-мусаллолар қурилган. Аммо уларнинг тарихи аён эмас.
Манбаларнинг шоҳидлик беришича, ХХ аср арафаси ва унинг бошларида Ўшда 154 масжид бўлган, чунки жоме масжидлардан ташқари, ҳар бир маҳалланинг ўз масжиди, ўз мозори ва ўз мактаби бўлган. Бояги 154 масжиднинг тўрттаси жомеъ масжиди ҳисобланган. Мадрасалар эса бешта бўлган. Уларда дини ислом, илоҳиёт асосларидан ташқари астрономия, география, тарих, математика, адабиёт фанлари ҳам ўқитилган. Асосан, бой ва ўртаҳол одамларнинг илмга иқтидорли фарзандлари таълим олишган.
Шу билан бирга, қорихона деб аталадиган таълим муассасалари ҳам бўлганки, уларда ҳифзи Қуръон, тажвид қоидалари ўргатилган. ХХ аср бошларида Ўшда саккизта қорихона фаолият юритган. Мактаб, қорихона, масжидлар асосан, вақфдан келган даромад, шунингдек, таълим учун белгиланган маблағни ўқувчи болаларнинг ота-оналари томонидан тўланиши ҳисобига иш юритган. Мадрасалар, бундан ташқари, маҳаллий ҳукумат томонидан ҳам таъмин этиб турилган.
Сулаймон тоғи этагидаги, Шайхлар гузари кўчасида жойлашган Жоме масжиди, шаҳарнинг шарқий томонидаги Ёнғоқли масжид, шунингдек, Имомота масжидлари мўъминлар билан тўлиб-тошар эди. То етмишинчи йилларга қадар намозхонлар бу масжидларга субҳи козибда бомдод ўқиш учун йўл олишса, қиш чиллаларининг қоп-қоронғи ялдо тунларида фонус кўтарганча шошиб жўнаб, хуфтон намозини адо этиб қайтишарди. У пайтларда масжидларда ҳозирги каби шароитлар йўқ, одамлар эътиқод туфайли ҳар қандай шароитда ҳам ибодатдан ҳушу ҳузу топар эдилар.
Ҳозир бир Ўшнинг ўзида ўнлаб масжид ишлаб турибди. Уларнинг деярли ҳар бирида намозхонлар учун махсус таҳоратхоналар қурилган, ҳар бир масжидда кутубхона ва бошқа зарур иншоотлар бор.
Инсоният Ер юзида яшаб келаётганидан бери бу оламни ўрганиш, кашф этиш билан машғул. Демак, гарчи расман “мактаб” деб аталмаган бўлса ҳам, кишиларнинг бир-бирига ўргатиши, бир-биридан ўрганиши ҳамма замонларда бўлиб келган. Бу таълим-тарбия усули устоз-шогирд, пир-мурид тариқасида бўлган. Қирғизистондаги дастлабки расмий мактаблар исломий йўналишда бўлган.
ХХ аср бошларига келиб, айниқса, бу юз йилликнинг иккинчи чораги бошларида аҳолини ёппасига саводли қилиш шиори ўртага ташланган бир даврда юртимизда юзлаб мактаблар очилиб, иш бошлади. Ўша олис замонларда асосан, татар миллатига мансуб ўқитувчилар ўзбек ва қирғиз болаларига билим беришда фидойилик билан ишлаганлар. Маҳаллий миллат вакилларидан бўлган ўқитувчилар эса қирқинчи йилларга келиб кўпайди. Унгача асосан, ҳар бир болани мактабга жалб этиш, лоақал бошланғич таълим бериш муҳим деб ҳисобланган. Чунки ўлкада саноатни, тиббиётни, ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун оздир-кўпдир, билимли малакали кадрлар керак эди.
Ўша қирқинчи ва эллигинчи, олтмишинчи ва етмишинчи йилларда фидойи, жонкуяр муаллимларнинг бутун бир армияси ўз умрини мана шу энг савобли ишга бахшида қилди. Уларнинг ҳаётини ҳеч иккиланмасдан қаҳрамонлик деб аташ лозим. Чунки аксар мактаб ўқитувчилари нафақат мактабда болаларга таълим берган, балки кечқурунлари катталарни ҳам ўқитган, уйма-уй юриб, болаларни ўқишга жалб этган, бунинг устига, ўзлари ҳам сиртдан ўқишга кириб, билимини муттасил ошириб борган.
Биз бу ўринда уларнинг ҳар бири ҳақида ҳикоя қилиш имконига эга эмаслигимиз боис, таниқли педагог Саидаҳмад Холтўраевнинг Ўшлик муаллимлар ҳаётига бағишланган бир неча китоби билан танишиб чиқишни тавсия этган бўлардик.
Ҳозирги кунда Қирғизистонда 2227 та умумий ўрта таълим мактаби бор. Уларнинг 91 таси (4 фоиз)да ўзбек тилида таълим берилади. Бунга аралаш тилли 27 та мактабни ҳам қўшсак, саноқ 118 тага етиб, ўзбек мактаблари Республикадаги жами мактабнинг 5 фоизни ташкил этади. Ваҳолонки, Қирғизистоннинг 4-5 фоиз эмас, балки 14,5 фоиз аҳолиси ўзбек. Бундан, ўзбек болалари учун мактаблар эҳтиёжнинг 30-35 фоизини қоплайди, деган хулоса келиб чиқади (қиёс учун, Ўзбекистонда яшайдиган қирғиз аҳолиси бу миқдорнинг ярмига ҳам етмайди (275 минг киши), аммо қирғиз тилли мактаблар сони 91 та 64+27), уларда ўн тўрт минг бола таълим олади).
Шу билан бирга, ҳозирги дамда Қирғизистондаги ўзбек тили мактаблар учун ўқитувчи кадрлар тайёрлаш жуда катта муаммога айланди, ўрта мактабларда ўқитувчилар тобора камайиб боряпти, уларда асосан, кекса ва ўрта яшар муаллимлар – уларнинг бошқа тирикчилик манбаи йўқ – меҳнат қилишяпти. Бу кетишда Қирғизистондаги ўзбеклар (улар мустақил Исландия давлати фуқароларидан уч баравар кўп) яна ярим асрча вақт ўтиб-ўтмай миллийлигини буткул бой беришларига тўғри келади.
Асосий тамойил – имкон қадар мактабларни қирғизлаштириш, агар бунга тўла-тўкис эришиб бўлмаса, озроқ рус тилли мактаблар қолдиришга интилиш умуман намоён бўлмоқда ва бу борадаги интилишлар зўр бериб рағбатлантирилмоқда. Биргина мисол – 2017 йилда Ўш вилояти Қорасув тумани Чўлпон номли 79-мактаб математика ўқитувчиси Моҳирахон Абдукаримова «Манас» ордени билан тақдирланди. Бунга у, расман таърифланганидай, таълим жараёнидаги алоҳида маҳорати боис эмас, балки шу мактабда директор бўлиб ишлаган пайтларида ўзбек мактабларига қирғиз тилини жонлироқ киритиш, бора-бора барча ўзбек мактабларини қирғиз тилида таълим бериладиган мактабларга айлантириш борасидаги “ташаббус”и учун ҳам лойиқ кўрилган.
Ҳолбуки, бундан йигирма-ўттиз йиллар муқаддам бу масалада мажбурлаш ҳоллари йўқ эди, Қирғизистондаги ўзбек мактаблар Тошкентда, Ўзбекистондаги қирғиз мактаблар эса Фрунзеда чоп этилган дарсликларни ўқитар, бундан ташқари, барча турдаги бадиий, илмий ва маърифий адабиётлар бу икки республиканинг ҳатто энг олис туманларига қадар бир текисда етказиб берилар, ҳар бир эл ва элат ўз миллий-маданий ўзлигини сақлаб, ривожлантириши учун тўла имконият бор эди.
Мустақиликка эришилгач, афсуски, бир Қирғизистонда эмас, барча собиқ Шўро республикаларида миллий сиёсат тегирмони бошқача айлана бошлади – авваллари давлатнинг ифтихори саналган кўпмиллатлилик амалда инкор этилиб, мононационалликка интилиш кучайди. Бу тамойил аксар давлатларда сунъий йўл билан – бошқа миллат ва элатларни “титул миллат”га айлантириш, бунинг учун “титул миллат” вакили бўлмаганларни айрим соҳа ва хизматларга ишга олишни чеклаш, бошқа тилли мактабларни, бошқа тилли газета ва журналлар, радио ва телеканаллар сонини камайтириш каби чоралар орқали амалга оширилади. Аммо халқаро қоидаларга кўра, аҳолининг 5 фоиздан озроқ қисми бошқа элатлардан бўлиб, камида 95 фоиз халқ бир миллатга мансуб бўлсагина мамлакат мононационал деб ҳисобланади. Қолаверса, ҳеч бир давлат, азбаройи мононационал бўлгани сабабли бирон алоҳида ютуққа эришган эмас. Буюк Ипак йўли устида жойлашган ва азалдан кўпмиллатли бўлиб келган ҳозирги Қирғизистон эса (80 га яқин миллат ва элат яшайди), истиқболда ҳам шу ўлкадаги барча элларнинг умумий уйи сифатида аҳилликни таъминлаганида, турли халқлар вакилларининг миллий ўзига хосликлари сақланиб қолиши ва ривожланиши учун барча шароитларни муҳайё этганидагина муваффақиятга эришиши мумкин. Зеро мамлакат Конституциясида ҳам “Қирғиз Республикаси Қирғизистон халқини ташкил этадиган барча элатларнинг вакилларига она тилини сақлаш, уни ўрганиш ва ривожлантириш учун шарт-шароит яратилишини кафолатлайди”, деб кўрсатиб ўтилган (5-модда, 3-банд).
Ҳозир Марказий Осиё давлатларининг барчасида мамлакат ичидаги миллатларни бирхиллаштириб, аҳолини мононационаллаштириш сиёсати ўтказилмоқда. Бу аксар ҳолларда икки хил кўринишда – бир ёқдан, давлат ҳокимияти органларида деярли барча лавозимлар “титул миллат” вакиллари томонидан эгалланиши, иккинчи ёқдан эса, “титул миллат” тилидаги мактаблар сонини кўпайтириш, бошқа миллат фарзандларини ҳам “титул миллат” тилидаги мактабларда таълим олишга рағбатлантириш ва мажбурлаш орқали амалга ошириляпти. Моҳиятан, мононационализм прозелитизмдан – бир диндаги кишиларни бошқа динга ҳар турли воситалар билан ўтказишдан ҳам ёмонроқ, хавфлироқ ва мудҳишроқ бир ишдир. Чунки миллий туйғу аксар одамларда диний туйғуга қараганда ҳам кучлироқ ривожланган бўлади. Миллий туйғуси таҳқирланишига одамнинг кўникиши янада оғирроқ.
Афтидан, мононационализм сиёсати Марказий Осиё давлатларидаги раҳбарлар онгида ўз-ўзидан пайдо бўлмаган, чунки уларнинг аксари Шўро даврида – мультинационализм сиёсати замонида тарбия топганлар. Аммо ўша муҳитнинг ўзида фақат рус миллати ва тарихи улуғланиб, бошқа барча эл ва элатлар “улуғ оға” ҳимоясига муҳтож аҳволда қилиб кўрсатилишининг ўзида ички норозилик, она халқининг улуғланишига истак шакллана борганлиги ҳам бор гап. Аммо шу билан бирга, Марказий Осиё давлатларининг ўзаро интегарциялашмай, ноаҳил бўлиб, доимо бир-бири билан рақобат муҳитида туришини истаган олисдаги “холис дўст”лар ана шундай интеграциянинг моддий замини бўлган воқелик – бу улкан ҳудуддаги барча миллат ва элатларнинг эмин-эркин, ўз миллий ва маданий муҳити бағрида яшашига қай тариқа чек қўйиш борасида “консалтинг” берганлари ҳам аниқ. Бунда миллий тарихнинг ўта идеаллаштирилиши, янги ва ёлғон тарих дарсликларининг ёздирилиши, ён-атрофдаги барча қўни-қўшниларнинг “иккинчи сорт” аҳоли қилиб тасвирланиши каби бўлмағур ҳаракатларнинг ҳар турли “проект”лар орқали рағбатлантирилиши катта роль ўйнади.
Хайриятки, охирги паллаларга келиб бу борада озгина силжиш бор. Ўзбекистон Ўш халқига совға тариқасида мактаб қуриб бериш ташаббуси билан чиқди ва бу хайрли иш ниҳояланди ҳам. Шу билан бирга, мустақилликнинг дастлабки йилларида, оғир иқтисодий шароит туфайли, қай бир халқаро ташкилот ва ажнабий ҳомийдан ёрдам бўлса, олиш – принцип даражасига кўтарилганди. Лекин ҳолбуки, барча эла хорижий давлат ва ташкилот фақат савоб ниятида мадад қўлини чўзмаганлиги ҳам, улардаги ҳар бир “саховат” ортида биз билиб-билмаган бир қанча мудҳиш, хатарли муддао ва илинжлар ётиши ҳам ҳақиқат. Ўйлаймизки, вақт ўтиб, иқтисодий ва ижтимоий қийинчиликлар бартараф бўлгани сари, миллий педагогика ютуқларини йўққа чиқаришга, болаларимизни миллий қадриятлар қадрига етмайдиган қилиб тарбиялашга қаратилган бундай номақбул экспериментлар ҳам бартараф бўла боради.
Азиз дўстлар!
Ўшлик ижодкор Зуҳриддин Исомиддиновнинг 2019 йилда чоп этилган “Она юртим – Қирғизистон, Ўш…” китоби ҳозирда тарқалиб тугаган.
Шунинг учун ҳам биз Сиз азизларнинг бу китобга, янада тўғрироғи – она юртимиз тарихи ва унда яшаб ўтган улуғ шахслар ҳаётномасига қизиқишингизни эътиборга олиб, бу китобнинг электрон шамойилини ҳафтама-ҳафта сайтимиз саҳифаларига қўйиб боришни режалаштирдик. Бунда, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандга таассуб қилиб, суҳбат йўлини танладикки, у зот “Бизнинг тариқимиз – суҳбатдир”, деган эди.
Барчангизга мароқли мулоқот дақиқаларини тилаб қоламиз. Ушбу китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар, саволлар туғилса, марҳамат, сайтимиз маъмурига мурожаат қилиб, биз билан баҳам кўринг.