Мамлакатда диний соҳага алоқадор масалалар бўйича қонун лойиҳаси чиққач, баҳсларнинг янги тўлқини кўтарилди.
Қирғизистонда Дин ишлари бўйича давлат комиссияси “Дин эркинлиги ва диний бирлашмалар тўғрисида”ги қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни таклиф қилди. 37 моддадан иборат бу ҳужжатда жамоат жойлари ва давлат муассасаларида шахснинг юзидан таниб олишга тўсқинлик қилувчи кийим кийишни тақиқлаш таклифи киритилган. Лойиҳа 30 август куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Бундан ташқари, қонун лойиҳаси диний асосда партиялар ва бошқа сиёсий бирлашмаларни ташкил этиш ва уларни молиялаштиришни, партиялар номида ёки сайловолди ташвиқот ишларида диний сўзлардан фойдаланишни, депутатларнинг диний фаолият билан шуғулланишини тақиқлаш ҳам назарда тутилган. Диний муассасаларда турли сиёсий тусдаги тадбирларни ўтказишга ҳам йўл қўйилмайди. Шунингдек, жамоат жойлари, уйлар ва хонадонларда диний адабиёт ва бошқа материалларни тарқатишни тақиқлаш таклиф қилинмоқда.
Қонуннинг кўрсатилган талабларини бузганлик учун жисмоний шахсларга 20 минг сўм, юридик шахсларга эса 60-65 минг сўм миқдорида жарима солиш кўзда тутилган.
Ушбу ташаббус жамоат орасида фақат исломий кўринишдаги, юзни ёпиб юрилувчи либосларни кийганларга нисбатан танқид ва турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Ижтимоий тармоқларда ўзини Асен Мирза тахаллуси билан танитган фуқаро: “Дин давлат сиёсатидан алоҳида бўлиши керак, лекин давлат идоралари томонидан қаттиқ назорат қилиниши керак”, – дейди. Бу фикрни қўллаб-қувватлайдиганлар сони оз эмас.
Амир Матисаев эса шариатнинг “ҳақиқий мусулмон одамнинг гапи-сўзидан, ҳаракатидан, қилган ишидан бирор кимса жабрланиб, ёки ҳақоратланиб қолмаслиги ёки бир инсон зарар кўрмаслиги кераклиги” ҳақидаги талабни эслатади.
“Давлат хизматидагилар, депутатлар аёллар ҳижоб, эркаклар узун соқол, шалвар иштон кийиши таъқиқлансин, қатъий “дресс код” сақлансин! Миллий кўринишдаги кийимлардан фойдаланиш таклиф этилсин”, – дейди Ўш шаҳрида яшовчи Шарипа Толегенова.
Диний таълим-тарбия олган ва исломий ҳаёт тарзи билан яшаб келаётган одамларнинг интернетдан камроқ қўлланиши туфайлими, ижтимоий тармоқларда асосан диний ишларга танқид кўзи билан қараш, динни ўзича тартибга солишга уриниш руҳидаги постлар кўпроқ чиқади. Уларнинг кўпчилиги турли диний кўриниш ва рамзларни тақиқлашга қаратилгани эътиборли.
“Дунёвий давлат эканлигимиз ҳақидаги конституциявий нормамизни тўлиқ бажариш, динни бир марта ўз ўрнига қўйиш керак! Ишини ташлаб, масжидга борадиган давлат хизматчиларининг жавобгарлигини ўйлаб кўриш керак. Бурқа кийганларни қонун билан тақиқлаш тўғри бўларди”, – дейди Саматбек Алиев.
Алиев ҳатто 18 ёшгача мадрасада таълим олишни ҳам ман қилиш тарафдори. Ўз навбатида диний қадриятдар тарафдорлари аҳолининг, айниқса ёшларнинг европача кийиниши ва ғарб қадриятларига кўпроқ мойил эканига урғу беришади.
Раҳматилло Қосимов исмли Фейсбук фойдаланувчиси калта кийим кийиб юрган қизларга, ўзини эркакларга ўхшатиб шим кийган аёлларга ҳеч ким фикр салбий билдирмаслиги, лекин юзини ёпиб юрганларга нисбатан танқидлар кўп эканини айтади. “Бу эса динсизликнинг белгиси”, дейди у.
Баҳслар кучайгач, Дин ишлари бўйича давлат комиссияси ўзи тавсия этган янги қонун лойиҳаси бўйича позициясини билдирди. Муассаса амалдаги “Диний эътиқод эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун 2008 йилда қабул қилингани сабабли бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги ва мамлакатда диний сиёсатни амалга оширишда тўсиқлар яратаётганини қайд этган.
Давлат комиссияси Қирғизистонга хориждан олиб келинаётган диний адабиётни мамлакатга олиб кириш ва диний текширувдан ўтказиш тартиби ҳалигача белгиланмаганини эътироф этди. Шунингдек, ташкилот диний объектларни қуриш, диний таълим олиш учун хорижга кетаётганларни назорат қилиш ҳам тартибга солинмаганини қўшимча қилди.
Бундан ташқари, кўча ва хонадонларда, жамоат жойларида назоратсиз равишда диний китоблар тарқатилаётгани, турли диний гуруҳларнинг хонадонларга ташриф буюриши, ноанъанавий диний қадриятлар, чет элликларнинг қирғиз маданиятига тўғри келмайдиган кийимлари тарғиб қилинаётгани таъкидланди.
Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси бошлиғи Абдулазиз Закиров ҳам мунозараларга сабаб бўлаётган, мавжуд қонунга киритиш таклиф қилиаётган ўзгартиришлар ҳақида фикр билдирди. Муфтий мазкур лойиҳанинг диний олимлар ва ҳуқуқшунослар билан қизғин муҳокама қилинаётганини таъкидлади. Уламолар кенгаши ҳузурида ҳужжатнинг ҳуқуқий жиҳатлари билан шуғулланувчи комиссия тузилди.
Муфтийнинг таъкидлашича, интернетда ҳижоб ва даъватнинг тақиқланиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Унинг айтишича, қонун лойиҳасида аёлларнинг мактаб ва шифохона каби жамоат жойларида ҳижоб ёки рўмол ўраш ҳуқуқини чекловчи бандлар ҳам мавжуд эмас.
Абдулазиз Закиров, шунингдек, ҳижоб кийиш ва рўмол ўраш ҳуқуқи Қирғизистон Республикасида аёлларнинг конституциявий ҳуқуқи эканини эслатди.
Аввалроқ Таълим ва фан вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалаётган “айрим мактабларда ўқувчи қизларнинг рўмолини ечишга мажбурланаётгани” ҳақидаги маълумотни рад этган эди.
Вазирликнинг Facebook’даги саҳифасида Конституцияга кўра Қирғизистон – ҳуқуқий, дунёвий ва ижтимоий давлат экани, шу сабабли ҳеч ким бирор динга мансублиги, бошқа мавқеи ва шароитига кўра камситилиши мумкин эмаслиги қайд этилгани эслатилади.
Шунингдек, мактаб ўқувчилари ўзлари таълим олаётган таълим муассасасининг ички интизом қоидаларига риоя қилишлари шартлиги таъкидланади. Айнан мана шу ички интизом деган иборани ҳар ким ўзича тушуниши оқибатида ҳар йили янги ўқув йили бошлангач, рўмол масаласи кун тартибига чиқиб келади.
Бу йил ҳам Таълим вазирлигининг тушунтиришларига қарамай, 2-сентябрь куни нишонланган Таълим кунида қатор ижтимоий тармоқларда айрим мактабларда ўқувчи қизларнинг рўмолини мажбуран ечиш ҳолатлари бўлгани ҳақида маълумотлар тарқалди. Бу ҳол яна жамиятда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Қирғизистонда ўқувчи қизларнинг рўмол ўраши бўйича мунозаралар кўп йиллардан бери давом этиб келади ва албатта ҳар йили ўқув йили бошлангач кўтарилади. Бир неча бор турли даражада бу билан боғлиқ тадбирлар ҳам ўтказилган. Натижада ўқувчиларнинг рўмол ўраш ҳуқуқи тан олиниб, Таълим ва фан вазирлиги қизларни мактабда рўмол ўрашга рухсат бермаган директорларга нисбатан чора кўрган ҳолатлар кузатилган.
Бугун Қирғизистонда 3500 дан ортиқ диний ташкилот рўйхатга олинган. Мамлакатда 2,6 мингга яқин масжид, 100 га яқин мадраса, 10 та ислом институти мавжуд. Насронийликнинг турли оқим ва кўринишларига йўналтирилган ташкилотлар сони эса 399 та, қолганлари бошқа динларга тегишли. Мамлакат аҳолисининг 80 фоизидан кўпроғи мусулмон ҳисобланади.
Бунгача қўшни давлатлар Ўзбекистон, Тожикистон ҳамда Қозоғистонда юзни тўсувчи диний ниқобларга, узун ҳамда бетартиб соқол қўйганларга нисбатан қонунлар қабул қилиниб, фуқаролар орасида тушунтириш ишлари олиб борилган. Тожикистонда ҳатто аёлларнинг рўмолни миллий турда ўрашлари бўйича акциялар ўтказилган. Ўзбекистонда ички ишлар ходимлари томонидан рейдлар олиб борилиб, эркакларнинг ўта узун соқоллари қисқартирилиб, тартибга солинган ҳолатлар кузатилган.
Умида Мирзабоева